Қурайза воқеаси якуни

Қурайза воқеаси якуни
28 views
23 August 2016 - 7:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 77

(давоми)

Ўртадаги элчи қайтиб бориб, Расулуллоҳнинг сўзини аларга етказди. Саҳобалар ичида Абу Лубоба деган бир киши бор эди. Қурайза яҳудлари билан ул киши илгаридан бери алоқалик эди. Яҳудлар шул кишини сўрашиб, Расулуллоҳга яна киши юбордилар.

Бу ишга Расулуллоҳ рухсат қилгандан сўнгра, уни (Абу Лубобани) кўришиб хотун-болалари овоз чиқариб йиғлай бошладилар. Аларға бек оғриниб раҳми келди. Сўнгра Абу Лубобадан яҳудлар маслаҳат сўрашиб айтдиларким:

— Эй Абу Лубоба, Муҳаммаднинг ҳукмига шартсиз тушиб борсак қандоқ бўлур экан?

— Ҳа, яхши бўлур, — деб у қўлини бўғзига қўйиб, ўлимга ишорат қилди. Яъни, Расулуллоҳнинг ҳукмига шартсиз таслим бўлиб, тушар бўлсангиз, барчангизни ўлимга ҳукм қилғай деган мазмунни англатди. Бу эса Худо ва анинг Расулига хиёнат қилмоқ эди. Бу ҳақда ўзи учун оят нозил бўлишидан қўрқиб, Расулуллоҳга кўринмай қочиб, Мадинага келди.

Масжид устунларидан бирига ўзини маҳкам боғлатиб, қўл-оёқларига занжир солдирди. Ёз мавсуми бўлиб, куннинг ниҳоят исиган вақти эди. Тавбаси қабул бўлгунчалик емасга, ичмасга ва шу азоб билан ўлишга деб қаттиқ қасам қилди.

Бу ишдан Расулуллоҳнинг хабарлари йўқ эди. Кейин хабар топиб айтдиларким: «Агар тўғри олдимга келган бўлса, Худодан тилаб гуноҳини кечирар эдим. Энди ўзича бу ишни қилмишдур, тавбаси қабул бўлиб, Худодан рухсат келмагунча унин қўл-оёғиниечмагайман».

Шундай бўлиб, Абу Лубоба олти кеча-кундуз масжид устунида боғланиб ётди. Ҳар намоз вақти кирди эрса, хотини келиб, қўл-оёғини бўшатур эди. Намоздан кейин яна бурунгидек боғлаб кетар эди. Куннинг иссиғлиги, ўзи боғланган бўлиб, очлик-чанқоқлик,уйқусизликдан охири эси оғиб, йиқилди. Шу чоғда оят нозил бўлди ва анинг тавбаси қабул бўлди.

«Асаллоҳу ан ятуба алайҳим, инналлоҳа ғафурур раҳийм», яъни: «Аллоҳ таоло аларнинг тавбаларини қабул қилар вақти етди, албатта, Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳларини Кечиргувчи ва аларга Меҳрибондур», демакдур.

Бу оят нозил бўлган чоғда, саҳар вақти эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам онамиз Умму Саламанинг уйида эдилар. Расулуллоҳ суюнганларидан кулдилар. Онамиз Умму Салама:

— Ё Расулаллоҳ, Худо сизни кулдирди, нимага кулурсиз?

Анда Расулуллоҳ:

— Абу Лубобанинг тавбаси қабул бўлди, шунга суюнганимдан кулурман, — дедилар.

Анда онамиз Умму Салама:

— Ё Расулаллоҳ, андоқ эрса, Абу Лубобага суюнчилик бу хабарни етказайлик, — дедилар.

— Ҳа, тезроқ еткизгил, мўминни суюнтирмак яхши ишдур, — дедилар Пайғамбаримиз. Суюнгудек ишлар бўлса, мўминлар бир-бирларини суюнтирмоқ, суюнчиламоқ мана шундан қолди.

Сўнгра онамиз Умму Салама:

— Эй Абу Лубоба, сенга муборак бўлсин, тавбанг қабул бўлди, — деб қичқирдилар. Буни англаган саҳобалар ҳар томондин югуришиб келиб, қўл-оёғини бўшатмоқчи бўлганларида, ул:

— Расулуллоҳдин бошқа киши мени ечмагай, — деб қасам қилди. Буни англаб, Пайғамбаримиз ўзлари келиб бўшатдилар.

Шундоқ бўлиб, Қурайза қалъасининг қамали бир ойча чўзилди. Қўрғон тагида биринчи сафда Ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом бошлиқ бир бўлук жонфидо мўминлар ҳужумга ҳозирланмоқда эдилар. Шу чоғда Ҳазрати Али қичқириб айтдиким:

— Эй мўминлар, олға юринглар. Аллоҳ ҳаққи, Уҳуд урушида Ҳамза ичган шаҳодат шарбатини ичгайман ёки бу кун шу қалъани олғайман.

Бу сўзни англашиб, яҳудларга бир ваҳима қўрқинч тушди. Нима қилишларини билмасдан, ночор шартсиз Расулуллоҳнинг ҳукмига таслим бўлдилар. Қурол кўтаришга ярашлик кишиларнинг сони буларнинг ичида олти юзга яқин бор эди. Булардан хотун-болаларни ажратиб, бошқа жойга чиқариб, буларнинг устига Абдуллоҳ ибн Саломни қоровул қўйдилар. Бу киши эрса, яҳудлар ичида энг буюк олимлардан ҳисобланар эди. Бу кишининг қандоқ иймон келтирганликлари юқорида ёзилиб ўтилгандир.

Мадиналик Ансор саҳобалари икки уруғ бўлиб, биринчиси Авс, иккинчиси Хазраж деб аталур эди. Исломиятдан илгари бу икки уруғ орасида юз йиллаб уруш-талаш, қон тўкишлар бўлиб ўтган эди. Ана шу чоғларда Мадина яҳудлари ҳам ҳар икки тарафга қўшилиб урушга қатнашур эдилар.

Бани Қайнуқў яҳудлари Хазраж иттифоқдошлари эди. Буларнинг воқеалари эса юқорида баён қилинди. Хазраж раиси Абдуллоҳ ибн Убай буларнинг гуноҳини Расулуллоҳдин тилаб енгиллаштирган эди.

Қурайза яҳудлари бўлса, Авс тарафдорлари эдилар. Булар ҳам ўз тарафдорларини ҳимоя қилмоқчи бўлиб, Расулуллоҳга арз қилишди.

Алар айтдиларким:

— Ё Расулаллоҳ, Хазраж биродарларимизнинг сўраганларини бердингиз. Биз ҳам буларнинг гуноҳларини сўраймиз.

Анда Расулуллоҳ:

— Агар шундоқ қилмоқчи бўлсангиз, ўз раисингиз Саъд ибн Муъозни ҳакам қилайлик, ул киши нимани ҳукм чиқарса, барчангиз рози бўлурсиз, — дедилар.

Бу ишга ҳаммалари розиликларини билдирдилар. Саъд ибн Муъоз Хандақ урушида илигидаги йўғон томиридан ўқ еб, қаттиқ ярадор бўлган эди. Ул кишини ётган еридан эшакка миндириб Расулуллоҳ олдиларига келтирдилар. Йўлда келаётганида унга: «Расулуллоҳ сени буларга ҳакам қилди. Булар устидан ҳукм чиқарур бўлсанг, яхшилик тарафини ўйлаб ҳукм чиқаргил. Хазраж раиси Абдуллоҳ ибн Убай ўз иттифоқдошлари Қайнуқў яҳудларига қандоқ ёрдам етказди. Шуни ёдингдан чиқарма. Бутун қавмингнинг талаблари ҳамшундоғдур, — дейишиб қулоғига қуйиб келдилар.

Муҳожиру ансор саҳобалар Расулуллоҳни ўрашиб ўлтиришган эдилар. Саъд ибн Муъозни эшак устида келаётганини кўриб: «Туринглар, мана, сайидингиз келди», дедилар. Барилари оёқ узра туришиб, ҳурмат билан уни қарши олишгандан сўнгра, тўғри Расулуллоҳ ёнларига ўлтирди. Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Эй Саъд, Аллоҳнинг амри шулдир, Қурая яҳудлари устидан бир ҳукм чиқаргайсан.

Саъд айтди:

— Ё Расулуллоҳ, ҳукм қилиш Аллоҳнинг ва пайғамбарнинг ҳаққи эрди, энди бу ишни менга буюрар бўлсангиз, меним чиқарган ҳукмимни бу ўлтирганлар қабул қилғайларму, ҳукмим ҳукм бўлғайми? — деб аларга қаради.

Ўлтирган одамлар ҳаммалари товуш бериб:

— Албатта, шундоқ бўлур. Сенинг ҳукминг тўхтовсиз ўтказилур, — дедилар.

Сўнгра Саъд:

— Андоқ эрса, булар ҳақида меним ҳукмим шулки, эркаклари қолдирилмай тамом ўлдирилсин! Мол-дунёлари аскарга тақсим бўлсин. Хотин ва болалари асир олинсин. Қўражойлари муҳожирларга берилсин. Меним ҳукмим шулдур», — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Саъд, сенинг бу ҳукминг етти қат осмон устида қилинган Аллоҳнинг ҳукмига тўғри келди, — дедилар.

Шу билан Қурайза яҳудларининг иши тамом бўлиб, қилғон хиёнатларининг жазосини тортдилар.

Қалъа ичида бир минг беш юз қилич, икки юз найза, беш юз қалқон, уч юз совут, шундан бошқа бир қанча уруш асбоблари бор эди.Жонлик-жонсиз бутун мол-дунёлари аскар ўрталарида тақсим қилинди. Эртаси куни асирларни олиб, Мадинага келдилар. Сўнгра шаҳардан ташқари жойда бир неча катта хандақлар қаздириб, шу ерда ҳукм юргизилди.

Агар бу яҳудлар тиллари билан бўлса ҳам иймон келтирганларида, албатта, моллари ўлжадан, ўзлари ўлимдан қутулур эдилар. Лекин уларнинг Пайғамбаримизга душманликларининг қаттиқлигидан, буни қилишни хоҳламадилар. Ҳукм юргизиш устида Расулуллоҳ ўзлари турдилар. Уларнинг раиси Каъб ибн Усайдни ўлимга келтирилди. Анда Расулуллоҳ унга қараб:

— Эй Каъб, сизларнинг энг улуғ олиминглар бўлган Ибн Ҳарошнинг қилган насиҳати сизларга нечук таъсир қилмади? Ул мени кўрмай туриб, иймон келтирмиш эди. Мени ҳақ пайғамбар деб танимиш эрди, ўлар вақтида айтган унинг саломини менга етказган эдинглар. Нега унинг сўзини қабул қилмадинглар? — дедилар.

Анда Каъб:

— Эй Абул Қосим, бу айтган сўзларинг бариси тўғридур. Қиличдан қўрқиб иймон келтирди, деган таъна сўздан сақланурман. Йўқ эса ҳозир иймон келтирур эдим. Мен учун ор, нордан (оловдан) қаттиқроқдир. Ордин қочиб нор бўлса ҳам, яҳуд динида ўлишни яхшироқ кўрдим, — деди.

Бу ҳукмни бажариш хизмати эса Ҳазрати Али билан Зубайр ибн Аввомга топширилган эди. Қурайз хотинларидан Баёна деган бир хотинни ҳам ўлдиришга буюрилди. Чунки бу хотин қамал кунларида қалъа остида турғон саҳобалардан Халлод ибн Сувайд деган бир киши устига ёрғучоқ тоши ташлаб, уни ўлдирганди. Шунинг ўрнига қасос қилиб ўлдирилди.

Йўқ эса, Ислом қонунида хотин ва болаларни, қари чол, кўр-шолларни урушда ўлдирмоқ ясоқ эрди. Бу хотин эрса чиройли, бек ҳуснли бўлганлигидан, эри қизғаниб ўзидан кейин тирик қолдирмаслик учун шу ишни унга қилдиртирган эди. Унинг деганидек бўлиб, эридан кейин тирик қолмади.

Саъд ибн Муъоз Аллоҳдан икки нарсани сўраб, дуо қилмиш эди. Ҳар иккови ҳам қабул бўлиб, мақсадига етди.

Биринчиси, Қурайза яҳудларининг қилган хиёнатларидан кўп ғазаблик бўлмиш эди. Аларга жазо кесиш анинг қўлига топширилди, Худо хоҳлагандек ҳукм чиқариб, бу тўғрида мақсади ҳосил бўлди.

Иккинчиси, шундоқ деб дуо қилмиш эрди: «Эй бор Худоё, Қурайш кофирлари билан яна ғазот қилишимизни тақдир қилган бўлсанг, бу жароҳатимга шифо бергил. Чунки менинг дунёда энг қизиқарлик ишим Худога ва анинг Пайғамбарига қарши бўлган кофирлар билан савашмоқдур. Агар сенинг тақдирингда алар билан иккинчи ғазот қилишимиз йўқ эрса, шу жароҳатимдан қолдирмай менга шаҳидлик насиб қилғайсан».

Қурайза иши тугагандан сўнгра Расулуллоҳ айтдилар:

— Энди Қурайш мушрикларининг кучлари синди, устимизга келиб аларнинг ғазот қилишлари йўқдур. Бундин сўнгра бизлар алар устига борғаймиз.

Шу орада Ҳазрати Саъднинг жароҳати қайтадан ёрилиб, қон оқа бошлади, тўхтатиш иложи бўлмай, ўзи тилагандек шу жароҳат билан шаҳодат топди. Бу киши эрса, Расулуллоҳ жаннатга кириши башорат берган ўн кишининг бириси эди. Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатга кирурсан, деб бу кишига ҳам башорат бермиш эдилар. Жанозага қўйилган вақтда, унинг онаси яхши сифатларини қўшиб йиғлаганда, Расулуллоҳ айтдилар:

— «Мундин бошқа ўлганлар ҳақида айтилган қўшиқлар кўпинча ёлғондур. Лекин бу Саъдга йиғлаб қўшиқ айтқон хотинлар сўзининг бариси тўғридур, разияллоҳу анҳу».

Шу билан Қурайза воқеаси ҳам тамом бўлиб, аларнинг шарридан мусулмонлар қутулдилар.

(давоми бор)