Хунта

Хунта
55 views
24 August 2016 - 5:11

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(63)

ХУНТА

1991  йил  19  август  куни  Совет  Империяси  фанатиклари  бу давлатни  сақлаб  қолиш  учун  сўнгги  марта  чирпиниб  кўрди.

Қудратли  Совет  Армияси  ва  КГБси  бирлашиб,  давлат тўнтариши эълон  қилишди.  Аммо  тўнтарувчилар  тўнтарар  эканлар, кутилмаганда  қўллари  қалтирай  бошлади.  Совет  Империясининг жонини  олишга  келган  ўша  Руҳ  тўнтарувчиларнинг  қўлларини қалтиратаётганди.  Москва  кўчаларига  чиққан танклар ҳам, фалаж бўлган қўнғизлар каби, буюрилган жойга юра олмадилар. Бу фалаж қўнғизлар устига чиқиб, хунтага қарши нутқ сўйлаганлар кейин рус халқининг  миллий  қаҳрамонига айланишди.

Мен  19  август  куни  эрталаб  Ёзувчилар  Уюшмасига келганимда  фавқулодда  ҳаракатлиликни  кўриб,  бир  оз  ҳайрон бўлдим.  Янгиликни  биринчи  дуч  келган  кутубхоначи  Лола  опадан эшитдим:

— Москвада «переворот» бўлибди, — деди у.

Қайта  қуриш  даврида  попуги  пасайиб  қолган  коммунист-ёзувчилардан  бири  ёнимдан  ўтиб  кетаётиб,  «ниҳоят  тартиб ўрнатиладиган бўлди,» деди баланд овоз билан.

Тез  «Эрк»  партияси  Ҳайъатини  чақирдик.  Ҳайъат аъзоларининг  ҳаммаси  Хунтага  қарши  норозилик  билдириш тарафдори бўлди. Йўқотадиган нарсамиз йўқ, аллақачон КГБ бизни таъқибга  олди,  деди  Ҳайъат  аъзолари.  Ётиб  қолгунча  отиб қолишимиз  керак, дедилар.

Тушга  яқин  Хунтага  қарши  манифест  матни  тайёр  бўлди. Ўша  заҳотиёқ  «Озодлик»  ва  «Озод  Европа»  радиоларига  ўқиб берилди.  Айни  пайтда,  «Эрк»  газетасининг  тайёрланаётган  сони биринчи  саҳифасига  материаллар  ўрнига  партиянинг  Хунтага қарши  баёноти  ва  халққа  мурожаатини  қўйиб,  тез  чоп  қилдик.

19 август  куни  кечқурун  «Эрк»чилар,  одатдагидек,  Ёзувчилар Уюшмасида  тўпланмади.  Ҳамма  уй-уйига  тарқади.  Ғалати  бир кутиш  бошланди.  Москвадаги  демократларни  ҳибсга  олиш бошланса,  бизда  ҳам  айни  ҳаракат  такрорланиши  муқаррар  эди. Буни  ҳеч  ким  бир-бирига  айтмаганди,  аммо  ҳар  ким  ичида  бунга тайёргарлик кўраётганди.

Бу  ваҳима  эмасди.  Вазиятнинг  қалтислиги  шундоқ  кўриниб турарди.  Москвада  асаби  нозик  баъзи  таниқли  демократлар  19 август  синовига  дош  беролмай,  Америкага  қочишганини  бир неча кундан  кейин  эшитдик.  Бизнинг  «Бирлик»нинг  баъзи  раҳбарлари ҳам  19  август  куни  Қирғизистонга  «шошилинч  сафарга»  кетгани кейин  маълум бўлди.

Ўша  куни  оқшом  «Эрк»  ҳайъати  аъзоси  бухоролик  йигит Тошпўлат  Йўлдошев  менга  телефон  қилди.  Хунтанинг  келажаги борми-йўқми,  телемуҳокама  қилдик.  Йўлдошевнинг  фикрича, Хунтанинг  келажаги йўқ эди. Йўлдошев, совет системасини ичдан танирди.  Бир  неча  йил  дипломатик  вазифаларда  чет  элларда ишлаган  тажрибали  маъмур  эди.  Унинг  башороти  тўғри  чиқди, Хунта уч кунга бормади.

Аммо шу уч кун Ўзбекистон тепасида турган раҳбарларнинг нақадар  принсипсиз  шахслар  эканини  фош  қилишга  етди.  Хунта тўнтариш  эълон  қилган  куни  Деҳли  сафаридан  қайтаётган Ўзбекистон Компартиясининг биринчи секретари Каримов самолёт бортидан  Хунта  бошлиғи  Янаевга  табрик  телеграммаси  жўнатди.

Ўзбекистонда  Каримовнинг  ўрнига  қолган  Бош  вазир  Мирсаидов Хунта  фармойишларини  ўзбек  газеталарида  бажонидил  чоп  қилиб берди. Чоп қилибгина қолмай, бу фармойишларни амалда ижро эта бошлади.  Бу  фармойишлар  республика  Прокурори,  шаҳар  ва вилоят  Прокурорларига  жўнатилиб,  бу  асосда  ҳаракат  қилишга, тўғрироғи,  амр  келган  заҳоти  репрессия  машинасини  юргизиб юборишга тайёр туриш буюрилди.

«Эрк»  партиясининг  аввалдан  режалаштирилган  Қурултойи 21  август  куни  ўтиши  керак  эди.  Тошкент  шаҳар  Ижроқўми  бу Қурултойни ўтказиш ГКЧП (Хунта) фармойишларига кўра мумкин эмаслигини  бизга расмий хат билан билдиргани эсимда. 20  август  куни  Хунтага  қарши  баёнотимиз  босилган  «Эрк» газетасидан  бир  нечта  нусхасини  олиб,  Олий  Кенгашга  бордим. Бир  неча  депутатга  тарқатдим.  Кейин  Олий  Кенгаш  Раиси Йўлдошев қабулхонасига кирдим. У ерда ҳам саросима ҳоким эди.

Йўлдошев  кабинетида  йўқ  эди.  Бу  кабинет  тўрида  осилиб турадиган  Горбачев  портрети  ҳам  худди  Йўлдошевнинг  ўзидай ғойиб  бўлганди.  «Эрк»нинг  бир  нусхасини  Йўлдошевга  шахсан беринг,  деб  унинг  секретарига  узатдим.  Аслида, фақат Йўлдошев эмас,  Ўзбекистоннинг  бутун  раҳбарлари  ўз  кабинетларидаги Горбачевнинг  портретини  19  август  куни  олиб  ташлашган  эдилар.

Бу  халқ  «йўлбошчилари»  Брежнев  замонидаги  қуллик бўйнтуруғини  такрор  киймоқ  учун  бўйинларини  эгиб,  кутиб туришарди.  Шу  куни  кечқурун,  яъни,  20  августда Ислом Каримов Компартия  активи  билан  Олий  Кенгаш  Президиуми  аъзоларини тўплаб, мажлис ўтказди. Бу мажлисда Ўзбекистонда ГКЧП ташкил қилишга  эҳтиёж  йўқ,  чунки,  биз  шундоқ  ҳам  фавқулодда  ҳолатда яшаяпмиз, тартиб-интизом бизда кучли, деган қарорга келишди. Бу Совет  Иттифоқида  Хунтага  бўлган  энг  «оригинал» муносабат деб топилди. Бу очиқчасига мунофиқона  муносабат эди.

Хунта  фармойишларини  Қирғизистон  ўз  газеталарида  чоп этмади.  Қирғизистон  раҳбари  Акаев,  Хунтага  расмий  норозилик билдирди.  Биз  унинг  жасоратидан  фахр  туйдик.  Чунки,  у ўзимизнинг  туркистонлик  лидер  эди.  Ўзбекистон  раҳбарлари  ҳам тарихнинг  бурилиш  нуқталарида  шундай  матонатли  бўлишни  орзу қилардик.  Биз  мухолифат  бўлиб,  Каримовни қаттиқ танқид қилсак ҳам,  у  бизнинг  ўлкамизнинг  раҳбари  эди.  Унинг  дунё  миқёсида обрўсизланишини  бир ватанпарвар сифатида ҳеч истамасдик.

19  август,  афсуски,  бизнинг  раҳбарларга  обрў  келтирмади. Хунтанинг  мағлубияти  эса,  уларни  ўз  ореинтацияларини  яна  бир марта  180  даражага  ўзгартиришга  мажбур  қилди.  Бу  янада аянчлироқ манзара эди.

(давоми бор)