Бани Қурайза ғазоти

Бани Қурайза ғазоти
77 views
21 August 2016 - 7:32

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 76

(давоми)

БАНИ ҚУРАЙЗА ҒАЗОТИ

Бани Қурайза бўлса, Мадина атрофида ўрнашган яҳудлардан эдилар. Аҳзоб аскари бузилиб қайтқондан сўнгра аҳдларини бузиб, Расулуллоҳга қарши иш қилганларига қаттиқ қайғуришиб, булар ҳам ўз жойларига қайтдилар. Ўзаро бир-бирини маломат қилишур эдилар.

Аммо на чорадурки, иш вақтидин ўтган эди. Бошқа иложлари йўқлигидан бошларига келадирган қаттиқчиликлардан қўрқишиб, жон талвасасида ўзларини қўрғон ичига олдилар. Душман қайтгандан кейин Расулуллоҳ ҳам уруш жойидан қайтиб, Мадинага кирдилар.

Қуролларини қўяр-қўймас Бани Қурайза яҳудларининг устига юрмак учун Аллоҳдан ваҳий келди. Яқин бир ой Хандақ қамали остида энг оғир кунлар кечирган бўлсалар ҳам, бу ишни кечиктирмасликка Аллоҳдан амр бўлди. Ҳазрати Али бошлиқ бир тўп аскар тезлик билан йўлга тушдилар. Пешин намози Мадинада ўқилган эди. Расулуллоҳ: «Аср намозини Бани Қурайзада ўқинглар», деб буюрдилар.

Хандақ урушида ҳозир бўлғон кишилардин бу сафарга чиқмаган ҳеч ким қолмади. Чунки халқ ғазаби буларга қарши қўзғалган эди. Янги қурилаётган Ислом давлатининг маркази Мадина шаҳри ваъдасида вафо йўқ, сўзига ишонч йўқ, бундай ҳасадхўр душманлардан албатта тозаланмоғи лозим эди.

Ҳукамолар демишларким: «Уч нарса уч нарсага қўшилур эрса, унинг давоси йўқдур. Улар ушбулардир: қариликка касаллик қўшилса; душман ҳасадхўр бўлса; камбағал дангаса бўлса. Мана буларнинг иложи топилмагай».

Бу ғазотдаги Ислом аскарининг сони уч мингга яқин эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аскарига аср намозини Қурайзага бориб ўқинглар деганлари учун баъзи аскар намоз қазо бўлса ҳам, манзилга етиб ўқиди. Қолғонлари эса, намозни қазо қилмай йўлда ўқидилар. Расулуллоҳ буни англаган сўнгида, ҳеч қайсисини хато демадилар, чунки бу икки фирқанинг бириси Расулуллоҳ сўзларининг аслига тушунди, иккинчиси зоҳирига амал қилди. Ҳар икковининг ҳам нияти тўғри эди.

Шундоқ бўлиб, барчадан илгари Ҳазрати Али аскарлари билан душман устига етиб бордилар. Қарасалар, душман қалъа ичига қамалиб мудофаага ҳозирланмишдир. Сапил устига туғ тикиб, қамал қилишга киришдилар. Буни кўришиб яҳудларнинг ғазаблариқўзғалди. Расулуллоҳ шаъниларига адабдан ташқари беҳуда сўзлар айтқани туришди. Шу орада Расулуллоҳ ҳам қолмиш аскарлар билан етиб келдилар. Ҳазрати Али қарши олиб:

— Ё Расулаллоҳ, бу малъунлар яқинига бормаганингиз яхшироқдир. Чунки адабдан ташқари ёмон сўзларни айтқони турдилар, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Сизларга қилган адабсиз сўзларини менга айта олмаслар, — деб аларнинг яқинида туриб қичқириб:— Эй Худонинг ғазабига қолган тўнғизсифатлар! Эй пайғамбарларнинг аҳдини бузган маймунсийратлар! Бу қилган хиёнатларинг жазосини Аллоҳ энди сизларга кўрсатгай. Худонинг лаънат азоби устингларга тушгай,— дедилар.

Аммо уларнинг бунга қарши тиллари тутилиб, ҳеч қандай ёмон сўз айта олмадилар. Ансор саҳобаларнинг раисларидан Усайд ибн Ҳузайр қаттиқ товуш билан аларға қараб:

— Эй Худо душманлари, малъунлар! Қалъа ичига қамалиб, энди очликдан ўлдинглар, йўлбарсдан қочиб, инида қопланиб қолган тулкидек бўлдинглар, — дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буларни йигирма беш кун қаттиқ қамал остига олдилар. Ҳар икки томондин узилмай ўқлар отилиб турди. Қамал қаттиқлиғидан аларға қўрқинчлик тушди.

Қалъани олмасдан Расулуллоҳнинг қайтмаслигини аниқ билдилар. Буни кўриб яҳудлар раислари Каъб ибн Асад шундай сўз айтди:

— Эй яҳуд қавми, бошимизга келган катта бало мана кўз олдимизда турибдур. Ўзимиздин ўтди, эндиликдаги пушаймондин фойда йўқдир. Мен энди сизларга уч ишни келтириб қўярман, шулардан бирини албатта қабул қилишинглар керак. Биринчиси шулдирки, бу кишига иймон келтириб, тобеъ бўлмак. Аллоҳ ҳаққи айтурманким, бунинг охир замон пайғамбарлиги ҳаммамизга маълумдир. Таврот, Инжил китобларида сифати ёзилмиш одам шул киши бўлишида ҳеч шак йўқдур. Агар шундоқ қилсак, мол-жонимиз, хотун-болаларимиз омон топгай ва ўзимиз ҳам ҳақ ишни қабул қилган бўлурмиз. Бизни иймон келтиришдан тўсиб турган нарса ёлғизгина ҳасаддур. Бу киши ҳақида бошқа нима шакимиз бордур? Билур эдингиз, Муҳаммад билан ўртамизда тузилган аҳдномани бузмоққа менинг ҳеч розилигим йўқ эди. Бу даҳшатлик балони бошимизга келиши шу ўлтирган шум кишининг сабабидан бўлди, — деб яҳуд раисларидан бўлган Ҳай ибн Ахтабни кўрсатди.

— Таврот ўқиган олимимиз Ибн Ҳарош Мадинага келганда унинг айтган сўзлари ёдингларда бормидур? У айтган эрди: «Бу шаҳардан пайғамбар чиққай. Эй яҳуд қавми, сизлар ҳаммадан илгарироқ шул пайғамбарга иймон келтиринглар, унинг ҳақлигига ишониб, ҳар ишда унга ёрдамда бўлинглар, Агар шундоқ қилар экансизлар, икки китобга иймон келтирган бўлиб, икки диннинг савобини олурсизлар», деган эди. Агар иймон келтирсак, бизни қоплаган қоронғу жаҳон бирдамда ёруғ бўлгай, — деди. Анда яҳудлар айтди:

— Таврот ҳукмидан ҳеч ажралмаймиз, бошқа динни хоҳламаймиз!

Каъб айтди:

— Андоқ эрса, келинглар, бошлаб хотин-болаларимизни ўзимиз ўлдирайлик. Сўнгра жондан кечиб, яланғоч қилич билан Муҳаммад устига қаттиқ ҳужум қилайлик. Агар бу урушда қирилар эканмиз, қайғургудек ҳеч ишимиз йўқдур. Агар душманни енгар бўлсак, ҳар жойда хотин-бола топилур, — деди.

Анда яҳудлар:

— Ул бечораларни ўз қўлимиз билан қандай ўлдира оламиз, алар сўнгида қолиб, қандоқ тирикчилик қилурмиз? — дедилар.

Буни англагач, Каъб яна:

— Энди қолган бир иш шулдирки, бу кечаси шанба кунининг кечасидур. Шанбанинг куни тунида бизнинг ҳеч қандай иш қилмаслигимизни араблар яхши билурлар. Биз аларни ғафлатда қолдириб, тўсатдан устиларига бир ҳужум қилайлик. Агар олсак ёки олдирсак ҳам бир иш қилган бўлурмиз, — деди.

Қурол кўтариб шанба куни ҳурматини хор қилган бўлурмиз, дейишиб буни ҳам қабул қилмадилар. Яна раисларидан бири Амр ибн Саъдий:

— Муҳаммадга берган аҳдларингни бузиб, балони ўзинглар чиқардинглар. Энди унга иймон келтирмас бўлсанглар, ўз динингларда туриб, Муҳаммадга жизя тўланглар, лекин буни қабул қилурми, йўқми, билмасман, — деди.

Анда яҳудлар айтди:

— Арабга жизя бериб, хирож тўлаб юришлик, биз учун катта номусдир. Буни кўтаргандан ўлганимиз яхшироқдир.

Анда ул айтди:

— Илгари-кейин қилган хиёнатларингга мен қўшилган эмас эрдим. Сизларни бу ишинглардан энди ҳам безордурман, — деб шул кечаси қўрғондан чиқди.

Пайғамбаримизнинг қоровул бошлиғи Муҳаммад ибн Масламага йўлиқиб эди, уни тўсмасдан ўз йўлига қўя берди. Анинг иккинчи хабари чиқмади.

Расулуллоҳ келмасдан илгари бу киши:

— Эй Қурайза яҳудлари, билурсизким, биз учун ибрат олгудек олдимизда кўп ишлар ўтди, буларнинг ҳеч биридан ибрат олмадинглар. Муҳаммадга берган аҳдларингни ноҳақ буздинглар. Аҳд бузмоқ Таврот ҳукмида ҳаром эди-ку! Бу ҳаром ишни кўра билатурибқилдинглар, ҳали ҳам бўлса аскар устимизга етиб келмасдан, бунинг чорасини кўрайлик. Қариндошларимиз Бани Назир, Бани Қайнуқў яҳудларининг кўрган кунлари кўз олдимизда бизга ибратдур. Муҳаммаднинг охирзамон пайғамбарлиги ҳақдур, бунинг ҳақлиғига барча уламоларимиз, китобларимиз гувоҳдурлар. Келинглар, ҳаммаларимиз унга иймон келтириб, икки диннинг шарафини топайлик. Мусо пайғамбарга Тур тоғида Таврот туширган Худо ҳаққида қасам қилурманким, бу Муҳаммадга иймон келтириб, унга тобе бўлсак, дунё-охиратлик иззат-ҳурматимизни шунда топгаймиз, — деб насиҳат қилганида, яҳудлар қабул қилмаган эдилар.

Сўнгра қамалнинг қаттиқлиги, озиқ-овқат озлигидан яҳудлар қўрқинчликка тушдилар. Ночор Набош ибн Қайс деган кишини Расулуллоҳ олдига юборишди. Шундоқки, бутунлай қурол-жабдуқ, қўра-жойларини ташлаб, оилалари билан бир туя юк мол олиб, Мадина тупроғидан чиқиб кетмакка розиликларини билдирдилар. Расулуллоҳ буни қабул қилмадилар.

Чўриларидан, бола-чақаларидан бошқа ҳеч бир нарса олмасдан, бутун мол-дунёларини ташлаб, Расулуллоҳга қарашлик ердан чиқиб кетмакни сўрашиб, иккинчи марта элчи чиқаришди.

Анда Расулуллоҳ:

— Шартсиз ўз ҳукмимга тушиб, таслим бўлмоқдан бошқа ҳеч ишни қабул қилмасман, — дедилар.

(давоми бор)