Туркистон мотами

Туркистон мотами
134 views
11 September 2016 - 7:00
Маҳмудхўжа Беҳбудий

Маҳмудхўжа Беҳбудий

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

КАРВОНБОШИ
(9)

Ҳалим Сайиднинг аниқлашича, Беҳбудийнинг «ғойиб бўлиши» ҳақида дастлабки хабар воқеадан бир ой ўтар-ўтмас, яъни 1919 йилнинг 23 апрелида «Меҳнаткашлар товуши» газетасида босилиб чиққан.

Сўнг у «Иштирокиюн»га кўчириб босилган. Мақола муаллифи Ҳожи Муин бўлиб, у халқ орасида тарқаган мишмишларни йиғади ва уларнинг тагига етишга уринмаётган ёшлардан зорланади.

Унда келтирилишича, шу йил март ойининг охирларида самарқандлик ёшлардан 4 киши «Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода, Муҳаммадқул Ўроқбой ўғли ва турк муаллим Наим афанди «Москвага ёки бир ерга бормоқ қасдила йўлга чиқғон»лар, «от билан Бухоро тупроғидан ўтаётганларида Қарши шаҳрида» қўлга олинганлар, айрим маълумотларга қараганда ваҳшиёна ўлдирилганлар. Чамаси, бу миш-мишлар яна кўпайиб боради ва ушбу «Меҳнаткашлар товуши» 1919 йил 30 ноябр сонида Истанбулда ўқиётган самарқандлик Темурхон деган кишининг маълумотларини ва унга Ҳожи Муин шарҳини эълон қилади.

«Темурхон афандининг маълумотига кўра, — деб ёзади Ҳожи Муин, —Беҳбудий афанди Самарқанддан чиқиб Бухоро музофотида ҳибс қилинғони ҳамон бу хабар Бокуда шойеъ бўлғон. Бокуда тургувчи Туркистонли Сайид Носир исмли бир зот бир восита топиб, Бухородан Беҳбудий ҳақинда маълумот сўраб, тахлиси ун кўшиш қилғон. Лекин бу ҳақда Бухородан ҳеч бир хабар ола олмағон.

Бу мансуқ хабардан маълум бўлурки, мундин бурунроқ Москвадан келиб, “Иштирокиюн” газетаси идорасида “Беҳбудий афанди Қофқозда экан”, — деб хабар берган И. М. афандининг сўзи ҳам хорижия комиссариати воситасила мусулмон ўлка бюросининг Беҳбудий ҳақида сўрағон саволиға Бухоро ҳукуматининг: “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳибсдан чиқориб узатиб эдик”, — деб берган жавоби шубҳали хабарлар қисминдандур».

Кўриняптики, Ҳ. Сайид қайд қилганидек, Беҳбудийни орадан кўтариш масаласига унча-мунча ташкилотлар, расмий идоралар аралашганлар.

Унинг биографиясида муҳим ўрин тутувчи 1919 йилнинг 25 март санаси айрим манбаларда Беҳбудийнинг Самарқанд сарҳадидан чиққан куни, баъзиларида эса қатл куни сифатида берилад. Ҳ. Сайиднинг қаёққа кетаётганлиги ҳақида тахминларни ўзаро солиштириб Парижга, Антанта давлатлари йиғилишига бораётганини тасдиқ этади. Проф. Н. Каримов факт ва материалларни қиёслар экан, буни янада конкретроқ кўрсатишга ҳаракат қилади. Унингча, Беҳбудий Шўролар Россиясида большевизмга қарши кураш олиб бораётган мухолиф гуруҳларнинг раҳбарлари қаторида Шаҳзода оролида АҚШ президенти Вильсоннинг таклифи билан уюштириладиган кенгашга бормоқда эди. Режага кўра Беҳбудий, Бокуда Саидносир Миржалолов билан учрашиши ва Истанбул орқали Шаҳзода оролларига етиб бориши лозим эди. Улар бахтга қарши учраша олмадилар. Тўғрироғи, собиқ «Туркистон мухторияти» ҳукумати вакилларининг жаҳон афкор оммаси олдига чиқиб, Русия большевизмининг ғайрирус мусулмонларни қатлиом қилиб, миллат сифатида йўқ қилишга қаратилган ваҳшиёна сиёсатини ошкор этишга имкон берилмади. Шўролар ҳукумати амир қўли билан миллатнинг фидойи фарзандини қатл қилди. Сўнг эса ёшлар ёнида туриб, Беҳбудийга кўз ёш тўкди. Ва ўз мақсадига эришди. Биринчидан, Амир ва унинг салтанатига ёшларда ғазаб, нафрат уйғотишга муваффақ бўлди. Бу эса, ўз навбатида, Бухоронинг шўролашувини тезлаштирди. Иккинчидан, Шўролар ҳукумати ўзининг ақлли, жасур ва ғоят эътиборли душманидан қутулди. Хуллас, бизга ҳозирча барча тахминларимизга асос бўлиб келаётган Ҳожи Муин Шукрулло ўғлининг «Меҳнаткашлар товуши» газетасининг 1921 йил 29 март сонида босилган ва сўнгроқ «Инқилоб» журналининг 1922 йил 7 январ сонида қайта эълон этилган «Муфти Маҳмудхўжа ҳазратларининг қандай шаҳид бўлғонлиғи ва онинг томонидан ёзилғон васиятнома»да қайд қилинишича, Шаҳрисабзда қўлга олинган адиб тахминан икки ой ўтгач, шериклари Муҳаммадқул ва Мардонқул билан биргаликда Қаршиға келтирилиб зиндонга ташланади. У ерда ҳам бир неча кун ётиб, сўнг Қарши беги Тоғайбекнинг буйруғи билан зиндон яқинидаги «подшолик» чорбоғида ўлдирилган. Бу тахминан ёз ойларига тўғри келади.

Унинг қатли ҳақидаги хабар ўша пайтдаги пойтахтимиз Самарқандга роса бир йилдан кейин маълум бўлади. 1920 йилнинг апрелида бутун Туркистон мотам тутади. Унлаб марсиялар ёзилади. «Беҳбудийнинг сағанасини изладим» деб аталар эди Фитратнинг бир шеъри.

Айнийда бир эмас, уч шеър бор.

Сани мундин буён Турон. Кўролурму, кўролмасму?
Санинг мислингни Туркистон тополурму, тополмасму
?

деб бошланарди унинг шеърларидан бири.

Машҳур Чўлпон ҳам Беҳбудийнинг фожиали ўлдирилганига бағишлаб шеърлар ёзди.

Қайғурингиз, кишанларни ясовчи усталар,
Бошқаларни тубанлар деб атовчи хўжалар!
Сизлар учун ёз бошининг қоридек
Эрур кунлар келадур!
Сизлар учун алвастининг зоридек
Йиғлар кунлар келадур! —

деб ёзган эди.

Қарши шаҳри 1926-37 иилларда 11 йил Беҳбудий номи билан юритилди. Бироқ унинг асл қиёфаси халқдан сир сақланди. Адиб номининг абадийлаштирили ши шунчаки бир ниқоб эди. Қарши шаҳрига унинг номи қўйилган ўша 1926 йилдаёқ, у мансуб бўлган жадидчиликни аксилинқилобий, аксилшўравий ҳаракат сифатида қоралаш кампанияси бошлаб юборилган эди. Аслида ҳам шундоқ бўлган. Жадидлар зулм ва зўравонликни, синфий курашни, миллатни қоқ иккига ажратиб, орасига нифоқ ва душманлик солишни рад этдилар ва ҳақ бўлиб чиқдилар. Бугун улар муқаддас тутган юрт озод ва мустақил бўлди. Улар жон фидо этган истиқлол авлодларига насиб этди. Миллат ва Ватан мустақиллиги йўлида фидо бўлганлар эса шу Миллат ва Ватан умри қадар боқийдурлар.

Гап сўнгида яна театрчи Беҳбудийга қайтамиз, чунки унинг бу соҳадаги хизмати энг буюк хизматларидан бўлиб, миллий онг ва маданиятимиз тарихида ғоят катта рол ўйнади. Буни фақат диндошлари, миллатдошлари эмас, бошқалар ҳам эътироф этганлар. Машҳур турколог А. Н. Самойлович 1916 йилда, «Падаркуш»ни Тошкентнинг «Колизей»ида Авлоний труппаси ижросида томоша қилар экан, Тошмуроднинг ўз уйига ўғирликка кириб отасини ўлдиришидан халқнинг жунбушга келганини ёзади.

Б. А. Пестовский 1922 йилдагй «Инқилоб» журнали саҳифаларида эълон қилган «Ўзбек театри тарихи» мақоласида унинг майдонга келиш тарихи ҳақида фикр юритар экан, «Ўзбек театрининг асосини қўйиб берувчи самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудийдир», деб ёза ди. Таниҳли археолог Вяткиннинг далолатига суяниб, «Падаркуш»ни ёзишда Фонвизиннинг «Фаҳмсиз» («Недоросль»)идан таъсирланганини, қайд этади. Адиб номида Тошкентда маориф клуби, Самарқандда кутубхона ва драмтруппа, Туркистоннинг деярли ҳамма шаҳарларида унинг номига очилган мактаблар, Бухорода эса марказий босмахона борлигини таъкидлайди.

1929 йилда Қозонда босилиб чиққан «Ўзбек адабиёти» китобида эса: «Ўзбек миллий адабиётининг негиз тошини Беҳбудий билан Фитрат қўйиб берди» (8-бет),— деган эътирофга дуч келамиз.

Беҳбудийдан уч ўғил ва бир қиз қолган эди. «Саёҳат хотиралари»да номи тилга олинган 1897—1898 йилларда туғилган Масъудхўжа гимназияда ўқиган, рус тили мугахассиси бўлган. Таржимонлик билан шуғулланган. 1953 йилда вафот этган. Унинг фарзандлари Шавкат (1919—1990), Мидҳат (1922 й. туғ., Душанбеда яшайди), Надимхон (1929—1995, СамДУ профессори эди). Назирхон (тижоратчи) ва уларнинг авлодлари турли соҳаларда хизмат қиладилар. Мидҳат Беҳбудийнинг Тошкентда 1945 йилда туғилган ўғли Сарват Беҳбудий — машҳур цирк артисти.

Қолган икки ўғилнинг бири Мақсудхон (1910—1931) география илмига иқтидорли ва қобилиятли бўлиб, эрта вафот этган. 1914—16 йилларда туғилган Матлубхон урушда бедарак кетган. Қизи Парвин (Сурайё) 82 ёшда 1984 йилда вафот этди.

Беҳбудийнинг ушбу сайланмаси 1997 йилда чоп этилган эди, қисқа муддатда тарқаб кетди. Эҳтиёжни кўзда тутиб, тузатилган ва тўлдирилган мазкур нашрини ҳозирладик. Адиб асарларини тўплаш, саралаш, нашрга тайёрлаш энди бошланмоқда. Олдинда иш кўп.

1997 йилги нашрда уни мукаммаллаштириш борасида ёрдам беришларини сўраб ҳамкасабаларимизга мурожаат қилган эдик. Мусиқашунос ва тарихчи олимамиз Д. Рашидова («Хайрул умури авсатуҳо»), ёш беҳбудийшунослар Ҳалим Сайид («Миллатлар қандай тараққий этарлар?», «Муҳтарам самарқандийларға холисона арз», «Ғалла, аскарлик, ер ва танзимоти ҳарбия», «Қозоқ қариндошларимизға очиқ хат»), Н. Очилов («Эҳтиёжи миллат») акс-садо бериб, адибнинг олти мақоласини нашриётга тайёрлаб етказдилар. Имкондан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Бегали ҚОСИМОВ

(Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Танланган асарлари китобидан олинди. 5-38 бет.)