Одамхўр итлар

Одамхўр итлар
160 views
21 August 2016 - 7:58

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(20-қисм)

– Энди ёзиб берасанми? – деди озғин маҳбус.

– Ҳеч қачон ёлғон нарсани ёзмайман, Тангридан қўрқаман! – дедим. – Менинг оғиз-бурнимдан оққан қондан пол қизариб ётарди.

– Сен Тангридан қўрқма, бизлардан қўрқ! – деди озғин маҳбус. – Тангри йўқ нарса. Йўқнинг қўлидан нима иш келади? Биз бормиз, айтганимизни қилмасанг, кетингни йиртамиз!

– Сизларни Тангрига топширдим, жазойингизни ўзи берсин! – дедим мен.

– Қани кўрайликчи, Тангринг бизни нима қила оларкан! – деб мушакдор маҳбус орқамга ёпишди. – Хуллас, ўша кун икки махлуқ мени зўрлади!..

Шу гапни айтаркан, Абдулла ҳўнграб йиғлаб юборди.

 Унга далда беришга ҳеч кимнинг юраги бетламади. Зулм ва қўрқув олдида ожизликларини ҳис этган маҳбуслар топталган иффат ва номус, адолат ва ҳақсизлик ҳаққи, лол ва гунг эдилар. Кўр ва кар эдилар…

– Нима гап? – деди Абдулланинг йиғисини эшитган соқчи туйнукни очиб.

– Ҳеч гап йўқ, командир, тинчлик! – деди Ардашер. – Абдулла ака ёмон туш кўрди шекилли, алаҳсиради.

Соқчи туйникни ёпиб, эшик олдидан узоқлашди.

– Шунда ҳам бировга туҳмат қилмадим! – деди Абдулла томоғи шамоллаган боланинг хирилдоғига ўхшаш товушда. – Менга бунақа тирикликдан ўлим афзал эди. Ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим, лекин Тангри ғазабидан қўрқдим. Миршаблар бирор натижага эриша олмагач, тағин бир кишилик каталакчага тиқиб қўйдилар. Икки кун оч-наҳор, карахт бўлиб ётдим. Захдан томирларим тортишадиган бўлди. Икки кундан сўнгра яна терговга олиб чиқишди. Ҳибсхонада хотиним билан қизим ўтирарди. Кўзларимга ишонмасдан, қовоқларимни чимчилаб кўрдим.

Олдимга бир парча оқ қоғоз қўйган терговчи:

– Ваҳҳобий шерикларингни ёз! – деди.

Бир чеккада ҳалиги икки маҳбус ҳам менга истеҳзо билан термулардилар.

Мен хотинимга:

– Илтимос, менга туҳмат қилганингни буларга айт. Ёлғиз қизимиз ҳурмати, шу жойлардан соғ-омон қутулиб чиқсам, ҳаммасини унутаман. Тағин бирга яшаймиз. Ҳар қандай истагингга монелик кўрсатмайман! – дедим.

– Сен ваҳҳобийсан, мен сўзимдан қайтмайман, ёлғон гапирмайман, сенга ўхшаб, ватанимга, миллатимга хиёнат қилмайман! – деди у.

Хотинимнинг муносабатидан далда олган терговчи:

– Шерикларингни ёз, уларнинг исми-шарифларини яхши биласан! – деди.

У икки маҳбус ёздирган номларни назарда тутаётгани менга кундай равшан эди.

– Тағин айтаман, ўлсам ҳам айбсиз кимсаларга туҳмат қилмайман! – дедим мен.

Терговчи шунда бир чеккада одамхўр итларга ўхшаб турган икки маҳбусга имо қилганди, улар туриб қизимга ёпиша кетишди. Шундай ҳам қон йиғлаб ўтирган қизимнинг ўшандаги чинқириғи ҳали-ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турипди. Кутилмаган тажовуздан мен ўзимни йўқота бошладим. Хотиним сапчиб туриб, итларга ташланганда қувватини йўқотган ўлик танамга қон югуриб, кўзларим очилиб кетди. Ўлжасига отилган арслондек шиддат билан қўзғолганимни ҳалигача тасаввур эта олмайман. Мушакдор маҳбусни қўлим билан уриб қўзғата олмагач, билагига оғиз солдим. Тергов хонасига бостириб кирган соқчилар ҳар кимни ҳар томонга сочиб ташладилар. Бироқ мурдорни оғзимдан ажратиб олишнинг ўзи бўлмади. У жон аччиғида оловга тушган илон сингари чийилларди. Тишларим орасидан оқаётган қон иккаламизнинг устимизни алвон рангга бўяганди. Ажратиб ололмаганларидан сўнгра кимдир бошимга қаттиқ урди. Кўзимни очганимда, билдимки, ҳушимдан кетган эканман. Хонада хотиним билан қизим йўқ эди. Икки соқчи икки қўлтиғимдан кўтариб терговчи рўпарасидаги курсига ўтқазиб қўйди.

Оёқларини чалиштириб, бармоқлари билан шотахтани чертиб ўтирган терговчи:

– Шерикларингни ёзиб бер! – деди.

– Туҳмат қилмайман! – дегандим, у мийиғида кулиб, соқчиларга:

– Олиб боринглар, кўрсин! – деди.

Соқчилар икки маҳбус камераси эшигигача мени судраб олиб бордилар-да:

– Тешикдан мўралагин! – дейишди.

Ўзимни ортга олмоқчи бўлганимда, соқчилардан бири энсамдан ушлаб, пешонамни эшикка урди. Эшикнинг гумбурлагани тиниши билан қулоғимга аёл кишининг қийналиб, ғингшиётган нолиши чалинди. Соқчи пешонамни совуқ темирга босиб турган бўлса ҳам, тешикдан мўраламаётган эдим. Қулоғимга чалинган изтиробли товушлар юрагимга тиғ сингари ботгач, кўзларимни очиб, назорадан мўраладим. Не кўз билан кўрайки, ҳалиги икки ит хотиним билан қизимни зўрлаётган эдилар…

Кўзларимни чирт юмиб, соқчиларга:

– Терговчининг олдига олиб боринглар! – дедим.

Оиламнинг таҳқирланишида бош айбдор ўзим эканлигимни билганим боис, курсида ўтирганимда, қалбимни кемираётган айбдорлик ҳисси туфайли, терговчининг кўзларига қарашдан илкинчи марта изза бўлаётгандим. Энди мен бошқа одамга айлангандим. Лаънатга учраган бу жойлардан қутулиб чиққанимда ҳам, мен маънан ўлган одам эдим. Яқиндагина ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчи бўлганимизда, биздан юз ўгирган диндорларнинг аянчли аҳволи кўз олдимга келди. Ўн минглаган айбсиз кишиларнинг қайси йўл билан синдирилганини ўз бошимда синаб кўриб, уларнинг аҳволини тушунгандек бўлдим. Дунё жамоатчилиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилотлар  қамоқхоналардаги қийноқларнинг ўндан бирини ҳам билмаслигини англадим. Ер юзидаги энг даҳшатли ўлим машинасининг йигирма йилга яқин доимий ҳаракатда эканлигига заррача гумоним қолмади. Қийноқ усуллари бир-икки йилда ўйлаб топилиб, бу қадар мукаммаллашиши мумкин эмасди. Ходимларнинг бу қадар ваҳшийлашиб, пасткашлашиб кетиши учун икки-уч йил жуда камлик этарди. Шакллантирилган тизим – қўрқитиш, қийноқларга солиш, аросатда ушлашга мўлжалланган советча тизимнинг узвий давоми эди. Кўравериб, қўллайвериб кўзи пишиб кетган ходимлар учун бу ҳол ички эҳтиёжга айланиб улгурганди. Хасталанган руҳий ҳолатлари улардан муттасил жиноятлар содир этишни тақозо этарди.

Бармоқлари билан шотахтани чертиб ўйнаётган терговчидан садо чиқавермагач, мен бошимни кўтариб, унинг кўзларига боқдим. У рақиби устидан ғалаба қозонган мақтанчоқ лашкарбошидай масрур ҳолда мени томоша қилаётганди. Ғолиблик нашидаси қаҳр-ғазаб тўла кўзларига қувонч шуълаларини ҳайдаб кирганди. Унинг беҳаёларча боқаётган нигоҳига бардош беролмасдан бошимни хам қилдим. У фуқарога марҳамат қилаётган шоҳ сингари сўзларини салмоқлаб:

– Нима демоқчисан? – деди.

– Барчасини ёзиб бераман! Сиздан ўтинаман, қизим билан хотинимни бу жойлардан дарҳол чиқариб юборинг! – дедим.

– Муддоанг шу эдими, ифлос! – деди у. – Қилмишингни бўйнингга олишинг учун хотининг билан қизингни булғашинг шартмиди? – Бу билан терговчи ўзича айбни ўз бўйнидан соқит этиб, менинг зиммамга юклаётганди. – Ҳуқуқ ҳимоячисиман деб гердаясан, миллат тақдири учун жон куйдирасан! Аввал оилангни ҳимоя қила олишингни исботлаб бер, қани, қўлингдан келармикан? Сўнгра ватанфурушларга, дин ниқоби остидаги юрт бузғунчиларга қалқон бўласан. Сенинг қийшиқ босган қадаминг учун оловингга гулдек хотининг билан ўн гулидан бир гули очилмаган қизинг ёнди. Сенингдек эр, сенингдек ота бўлганимда, мен аллақачонлар бир қулоч ипни шифтни тўсинига боғлаб ўзимни осардим. Палакат, юртфуруш, хоин! Ватан, оила нималигини билмаган ҳезалак…

Терговчи нимани айтган бўлса, оқизмай-томизмай қоғозга туширдим.

Эртаси кун тўртта ҳамкасбимни ваҳҳобийликда айблаб, мен билан юзлаштирдилар. Уларнинг кўзларига бақрайиб туриб, кўрсатмамда ёзганларим тўғри эканини таъкидладим. Мен исми шарифини аризада келтиришни истамаган икки нотаниш кимса сўзларимнинг ростлигини тасдиқладилар. Намоз ўқиш нари турсин, умрида пешонасини ерга теккизмаган тўрт ҳуқуқ ҳимоячиси ашаддий диндор, бузғунчи ваҳҳобийчи сифатида муқаррар қамаладиган бўлди. Ота-оналари, хотинлари, болалари уларнинг орқасида йиллар бўйи қақшаб қоладиган бўлди. Мени энди улар ўғиллари,  садоқатли эрлари, суюкли оталари учун бир умр қарғайдилар. Мен энди  ҳақиқий жиноятчига айландим!..

(давоми бор)