«Уруш ишлари ҳийла билан бўлур»

«Уруш ишлари ҳийла билан бўлур»
24 views
19 August 2016 - 8:17

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 75

(давоми)

Душман қўшини ичида Ашжаъ қабиласининг раисларидан Нуайм ибн Масъуд деган киши тун ярмида яширинча келиб мусулмон бўлди. Сўнгра айтдиким: «Ё Расулаллоҳ, қайси йўл билан сизга ёрдам етказа олғайман. Агар ҳийла ишлатмоққа рухсат қилсангиз эрди, душманни ўз ичидан бузмоққа киришур эдим. Лекин ёлғон айтмоқ Исломда йўқдур деб англадик», деди. Анда Расулуллоҳ: «Ал-ҳарбу ҳадиъатун». Яъни «Уруш ишлари ҳийла билан бўлур» дедилар. Бу тўғрида ҳар қандай ҳийла ишлатмакка рухсат қилдилар. 

Шунда у яна: «Зарурат тушганда ёлғон сўзласам қандоқ бўлур, ё Расулаллоҳ?» деб сўради.

Ҳожат тушганда ёлғон айтмоққа, изн бердилар. Шу билан бу киши Расулуллоҳнинг олдидан чиқиб тўғри Бани Қурайза яҳудийларининг қўшларига келди. Илгаридан улар билан дўстлиги бор эди. Бу кишини кўриб, яхши кутиб олдилар, таом дастурхони келтирдилар. Ебичиб бўлгач, аларга айтдиким:

— Эй Қурайза халқи, илгаридан бери сизлар билан ўртамизда алоқамиз узилган эмасдур. Мана шу кунги вақтда ҳам Муҳаммадга қарши бир иттифоқда турибмиз. Агар биримизга зиён бўлур эрса, барчамизга бўлур. Бундай бўлгач, ҳар ишнинг охирини ўйлаб қилмоқ керакдур. Йўқ эса, улуғ зиёнга учрагаймиз. Қардошларингиз Бани Қайнуқў, Бани Назир яҳудлари кўрган мусибатлари сизлар учун етарлик ибратдур. Муҳаммад уларнинг молларини бутунлай олиб, ўзларини араб тупроғидан ҳайдаб чиқазди. Аларга у чоғда ҳеч кимдан ёрдам етмади. Қурайш, Ғатафон ва бошқа қабилаларга келсак, уларнинг иши сизлардек эмасдур. Чунки улар тоғ-тош, йироқ ерлардан келмиш кишилардур, сизлар эса Муҳаммад билан ватандош эрурсизлар. Бола-чақа, мол-дунёларингиз шул жойдадур. Муҳаммад билан қилғон тинчлик аҳдини аларға ишониб бузиб қўйдингиз. Бу урушнинг охири қандоқ бўлишини ҳеч ким билолмайди. Уруш бошланганидан бери чиққан натижа кўп яхши кўринмайди. Муҳаммад бўлса, араблар билмаган бир иш чиқариб, ўзини сақлагудек ҳолда бизга қарши турмоқдадур. Энди Қурайш бошлиқ бу ҳамма қабилалар бу яқин орада Муҳаммадни енгишга чора топар бўлсалар, уни қилғайлар. Йўқ эса, бу ўринни узоқ қамал қилмоқдин зерикишиб, ўз юртларига тарқалиб кетсалар, ана ул чоғда сизнинг ҳолингиз не бўлур? Шунчалик кўп қўшинга тенглашиб турғон Муҳаммадга ёлғиз ўзингиз қандоқ қарши туролгайсиз? Мен мана шу ҳолларни ўйлаб, сизларга ачинганимдан бир тадбир топиб келдим. У ҳам бўлса шулдирки, Қурайш, Ғатафон — ҳар икки қабила ишонимлик кишиларидан етмиш кишини сизларга гаров берсинлар. Бу гаровга олинган кишилар сиз билан уруш тамом бўлгунча биргаликда душманга қарши уришиб турсинлар. Мана шундоқ қилган тадбирда аларға ишонсак бўладур. Йўқ эса, бу ишнинг охири сизлар учун бек хавфлидир. Лекин бу сўзимни бошқалар эшитиб қолмасинлар, — деди.

Буни англагач, барчаларига бу маслаҳат маъқул тушди. Мундоқ хайрихоҳлик қилгани учун у кишига кўп ташаккур қилдилар Шу билан булар ичига шундоқ қўзғолон солиб қўйиб, секингина яширинча Абу Суфён қошига келди. Қараса, бир қанча аскар бошлиқлари билан ўлтирибдур экан. Ҳаммалари хуш келдинг, деб қарши олдилар. Сўнгра аларга қараб:

— Эй Қурайш халқи, сизларга меним қандоқ дўстлигим борлигини яхши билурсиз, ёмонликдин Худо сақласин, яхшиликка тилакдошдурмиз. Бир шум хабар англаб, сизларга дўстлик юзасидан эшиттириб қўйгали келдим. Ўзингизга маълумдурки, яҳуд қавмининг қилғон ваъдасида вафо йўқдур. Алар ўз қилғон ишлари — Муҳаммад билан ўрталарида тузилган аҳдларини бузғонларига энди ўкинишибдур. Бу тўғрида ораға киши қўйиб Муҳаммад билан қайтадан келишибдурлар. Уни ўзларидин рози қилмоқ учун Қурайш ва Ғатафон раисларидан етмиш кишини Муҳаммадга тутиб бермоқчи бўлишибдур. Бунинг эвазига Муҳаммад ҳам ўтган йиллар ҳайдалган яҳуд қабилаларини ўз жойларига қайтармоқчи бўлубдир. Мана иш шу ҳолга етибдур. Эндиги маслаҳат шулдурки, агар яҳудлар бирор турлик баҳона билан сизлардин киши сўраб қолур бўлсалар, зинҳор берувчи бўлманглар. Меним билишимча, энди аларға ишониб бўлмайдур. Ҳар ҳолда қаттиқ сақланиш керак, бу сирни бошқалар англашиб қолмасун, — деди.

Шунинг билан Қурайш қабиласи ичига ҳам ғул-ғула тушди. Сўнгра булардин чиқиб, Ғатафон қабиласига келди. Ва:

— Эй Ғатафон қавми, бошқа қабилалардин сизларнинг қариндошчилигингиз менга яқиндур, бошқалардин кўра сўзим сизларга ишончли бўлур, деб ўйлайман, — деди.

Алар ҳам:

— Тўғри айтурсан, сен айтғон сўздан ҳеч вақт хилоф чиқмаган, ишончлик киши эрурсан, — дедилар.

Буларга ҳам юқоридаги сўзларни айтиб, кўнгилларига ташвиш солди. Унинг бу қилган тадбири билан душман ичи ола-була бўлди.

Шундоқки, эртаси шанба оқшоми Қурайш раиси Абу Суфён Ғатфон қабиласининг бошлиқлари билан кенгашгандан сўнгра Абу Жаҳл ўғли Икримани Бани Қурайза яҳудларига юбориб:

— Уруш майдони эса, туриш жойи эмасдур. Бу ишимиз бўлса узоққа чўзилгани турди, от-ҳайвонларимиз озиб-ориқлаб, озиқ-овқатимиз ҳам камайиб қолди. Энди бу жойда шундин узунроқ туришни вақтимиз кўтармас, тайёрлик кўриб туринглар, шанба куни эрта билан ҳужум бошлаймиз, — деди.

Буни англагач, алар:

— Биз яҳуд халқи шанба куни ҳар қандоқ зарур бўлса ҳам иш қилмағаймиз, бу куннинг ҳурматини сақламоқ бизларга фарздир. Мунинг ҳурматини бузғон кишилар қаттиқ азобга қоладилар. Бу бўлса сизларга ҳам маълумдир. Яна шулки, бу урушда мақсадга етиш учун энг сўнги ғалабани қозонгунчалик барчамиз бирликда бўлишимиз керак.

Агар бу урушимиз узоққа чўзилар экан, Муҳаммадга бизни ёлғиз қолдириб кетиб қолишларингиздан қўрқамиз. Шунинг учун етмиш киши келиб, бизнинг ичимизда турсинлар, кўнглимиз тўқ бўлсин, биз урушга тайёрмиз, — деди.

Абу Суфён бошлиқ кенгаш бу сўзни англагач:

— Нуайм ибн Масъуд айтқон сўз тўғри экан. Улар Муҳаммад билан ўзаро келишганга ўхшайди, — деб бир-бирларига ишонишмай, иттифоқлари бўшашди.

Бунинг устига Аллоҳ таоло тарафидан ёрдам етиб, кун чиқиш томонидан қаттиқ шамол туриб, бўрон бошланди. Бўрон ўтларни ўчириб, чодирларни учириб кетди, қайнаб турган қозонларни ағдариб ташлади, тош-кесакларни учириб, идиш-товоқларни синдирди. Бўрон бошланиши билан сув музлайдиган даражада совуқ ҳам бошланди. Кечаси шундай қоронғулик бўлдиким, ҳеч ким ёнидаги йўлдоши ким эканини билолмас эди. Ўт ёқиб ёруғ қилиш, қозон қайнатиб ош қилишнинг иложи йўқ эди. Ҳеч қачон шундоқ қаттиқ тўполон кўрмаган аскарлар бундай аҳволни кўриб ақлдан адашдилар. «Муҳаммад сеҳр қилиб бўрон чиқазди, энди устимизга ҳужум қилур», деб аскарга қўрқинч тушганликдан ҳар киши жон ваҳимасида қолди. Расулуллоҳга қўшилган Мадина мунофиқларига бу баҳона бўлиб, рухсатсиз уйларига қайтгали туришди. Ҳавонинг совуқлиги, қориннинг очлиги, кийимнинг йўқлиги, кечанинг қоронғулиги бўлиб мусулмонлар ҳам бек ғам едилар. Шу кеча ҳар икки тараф аскарлари юқориги сабаблардан ўзлари билан ўзлари овора бўлиб қолдилар.

Расулуллоҳ бу ҳолни кўргач саҳобаларга қараб: «Бир киши бормидурмиким, душман қўшинига бориб, алардин бизга хабар келтира олғай?» деб уч марта қайта айтдилар. Ҳар бир айтганларида Ҳазрати Зубайр ўрнидан туриб: «Ё Расулаллоҳ, бу ишга мен борайин», дедилар.

Анда Расулуллоҳ айтдилар: «Ҳар бир пайғамбарнинг ўзига махсус ёрдамчиси бўлур, менинг ҳам ўзимга хос ёрдамчим Зубайр», деб илтифот қилдилар. Аммо у кишини бу хизматга буюрмадилар.

Чунки у кишида баҳодирлик, ўткирлик бор эди. Душмандин хабар олиш устига яна бир иш қилиб қўймасин деб, уни юборишни лойиқ топмадилар. Чунки ҳар ишни ўз аҳлига топшириш лозимдур.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ҳузайфа, бу хизматга сен борғил», деб буюрдилар.

Анда Ҳазрати Ҳузайфа: «Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ ҳаққи бу хизматни бажариб келишга кучим етмайдур. Очликдан, совуқдан юришга қувватим йўқдур. Ўлимдан қўрқмасман. Лекин кофирлар қўлига асир тушиб қолишдан қўрқаман», деди. Анда Расулуллоҳ айтдилар:

«Аллоҳ таоло сени тўрт томонингдан сақлайди, боргил, бу хизматга сени буюрдим». Буни англаб Ҳазрати Ҳузайфа сакраб ўрнидан турди. Қараса, аввал ўзида сезилмаган бир қувват пайдо бўлибдур. Вужудидаги борлиқ оғирчиликлар андин кўтарилибдур. Аввалда совқотиб турган бўлса ҳам, Расулуллоҳ бу хизматга буюрганларидан сўнгра, ўзини ҳаммом ичида ўлтурғон одамдек сезди.

Сўнгра хандақдин ўтиб, қоронғулик ичида душманнинг қалин аскарига бориб қўшилди. У чоғда «йилт» этган ёруғ, душман аскари ичида йўқ эди. Юрган-турганларнинг шарпасидан бошқа майдон ичида ҳеч бир жон кўринмас эди. Тимискиланиб юриб-ўлтириб,аскар бошлиғи Абу Суфён тўпига келиб етди. Шу чоғда Абу Суфён ўз аскарига қараб айтдиким:

— Эй Қурайш халқи, бутун жаҳонни қоронғулик босди. Ҳар киши ўз йўлдошини яхши таниб, соқлик билан турсун, кеча қоронғулигидан фойдаланиб, яна Муҳаммад жосуслари келган бўлмасун. Бу чиққан бўрон — шамолнинг қачон тўхташини билмаймиз. Қурайза яҳудлари бўлса, ваъдаларини бузганликдан орамизда ишонмаслик туғилди. Ўзимиз от-улоқларимиз учун озиқ-овқатдин сиқилдик. Шунинг учун ҳозирги бу урушни қўйиб, уйга қайтишни тўғри топдик. Бир турлик бошқа кўнгилсиз иш келиб чиқмасдин илгарироқ кетганимиз яхшироқдур. Мен буйруқ қилдим, қани энди кўчинглар, — деб сакраб туясига минди.

Туя юрмагани учун, нима бўлди деб қараса, тушовини ечмаган экан. Абу Жаҳл ўғли Икрима буни кўриб:

— Эй Абу Суфён, сен халқ бошлиғи, аскар қўмондони эрурсан, ҳаммадин илгари туяга миниб, ҳаммадин олдин қаёққа қочмоқчидурсан? — деди.

Унинг бу сўзидан уялиб, дарҳол ўзини туядан ташлади. Туясини етаклаганича аскар оралаб «кўчинглар, кўчинглар» деб қичқирур эди. Яна шу тўполончиликда орқа ҳужумидан сақланиш учун Холид ибн Валид қўмондасида икки юз отлиқ аскар чиқариб, аларни чиндовулликка, яъни орқа сафга қўйди. Шундоқ бўлса ҳам қаттиқ қўрқинчилик қоплоғон душман қўшини бош-оёғига қарамай, тартибсиз равишда қайтдилар.

Душман ичида оралаб юрган Расулуллоҳ тингчиси Абу Ҳузайфа айтур:

— Хабар билишдин бошқа ҳеч иш қилмасга Расулуллоҳ мендин аҳд олғон эдилар. Йўқ эса Абу Суфённи ўлдириш пайти келган эди. Лекин Расулуллоҳ буйруғини ушлаб, у ишдин ўзимни сақладим.

Мана шундоқ бўлиб, ўн мингдан ортиқ душман қўшини ўзаро бузулишиб, Мадина устидан кўтарилдилар. Аларнинг зиён-заҳматидан мусулмонлар қутулдилар.

«Саҳиҳ Бухорий» китобида айтубдирким, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ урушида ушбу дуони ўқур эдилар: «Аллоҳумма мунзилал китаби, сариъал ҳисаби ихзимил аҳзоба. Аллоҳумма иҳзимҳум ва залзилҳум». Яъни «Эй бор Худоё, барча пайғамбарларга китоб туширгувчи Ўзингсан, охират кунида ҳаммадан тезлик билан Ҳисоб олувчидурсан. Қудратинг улуғдир. Бу келган кўпчилик душманларни Ўзинг тарқатгил», демакдир.

«Уруш кунларида алар чидамсиз бўлсинлар», деб дуо қилдилар. Шу ҳолда дуолари қабул бўлди. Қаттиқ шамол — бўрон туриб, уларға қўрқинчлик солди. Шу орқалиқ мўминларга Аллоҳдин ёрдам етди. Кофирларнинг барча қилғон ишлари фойдасиз бўлиб чиқди. Бу эрса Худо тарафидин шундоқ оғирчилик кунларда эришган бир улуғ неъмат эрди.

Шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларга бу неъматни эслатиб, Аҳзоб сурасида бу оятни эндирди: «Ё, айюҳаллазина амануз-курув неъматаллоҳи алайкум изжоаткум жунудун, фаарсално алайҳим рийҳан ва жунудан лам таравҳо ва каналлоҳу бима таъмалуна басиро. Из жоувкум мин фавқикум ва мин асфала минкум ва из зоғатил абсору ва балағатил қулубул ҳанажира ва тазуннуна биллаҳиз зунуна».

Маъноси: «Эй мўминлар, Аллоҳнинг сизларга берган улуғ неъматини эсланглар, душман аскари устингларга келган чоғда аларга қаттиқ совуқ бўрон юбордик ва сизларга ёрдам учун кўзга кўринмаган фаришталардин аскар туширдик, ҳамма қилган ишларингизни Аллоҳ кўриб турадур. Устинглардин, остинглардин душманлар ўраб келишди, шу чоғда қўрққинчликдан (қўрқувдан) кўзлар ағдарилди, ўпка-юраклар бўғизга тиқилди. Аллоҳ ҳақида ҳар турлик гумонга тушдинглар. Шу ўринда мўминлар синалди. Чин мусулмонлар ёлғон мусулмонлардан ажради», демакдир.

Шундоқ бўлиб Қурайш, Ғатафон бошлиқ бир қанча қабиладан тузилган кўпчилик душманлар ҳужуми Аллоҳнинг ёрдами билан мусулмонлар фойдасига ҳал бўлиб чиқди.

(давоми бор)