Карвонбоши

Карвонбоши
29 views
18 August 2016 - 8:22

Ҳурматли Uzxalqharakati.com сайтимиз ўқувчилари эътиборига бугундан бошлаб ўзбек жадид адабиётининг асосчиси, Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси бўлмиш Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Танланган асарлар»идан парчаларни ҳавола қилиб борамиз. Ушбу китоб  Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» пъесасини, Шарқ мамлакатлари бўйлаб қилган сафар хотираларини, маориф ва маданиятимнзнинг хилма-хил муаммоларига бағишланган мақолалари ҳамда унинг ўлими муносабати билан замондошлари томонидан яратилган марсияларини ўз ичига олган.

* * * * *

Behbudij-700x336

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

(1)

КАРВОНБОШИ

Сиёсий, ижтимоий фаолияти ва билимининг кенглиги жиҳатидан Туркистоннинг ўша вақтидаги жадидларидан унга тенг келадигани йўқ деб ўйлайман.
Файзулла Хўжаев

Маҳмудхўжа Беҳбудий уйғониш даври ўзбек адабиётида биринчи ўринни олурга лойиқ зотдур.
Ҳожи Муин ибн Шукрулло

Маҳмудхўжа Беҳбудий XX аср бўсағасидаги Туркистоннинг орзу-армонларидан бири сифатида майдонга келди. У ўз даврининг ижтимоий-сиёсий ҳаракатларида фаол қатнашган энг йирик намояндаси, янги замон ўзбек маданиятининг асосчиси эди. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, мустақил жумҳурият ғоясининг яловбардори, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драмачилигини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист эди.

У тарихимизнииг ғоят оғир ва мураккаб бир даврида яшади. XVI асрдан бошланган инқироз ва турғунлик, жаҳолат ва мутаассиблик авж пардасига чиққан, ўзаро жанжал, маҳаллий уруғчилик низолари миллатни беҳад ҳолдан тойдирган эди-ки, бу имкондан фойдаланиб ўлкани забт этган Россия зўр бериб, уни турғун ва тутқун сақлашга уринар эди. Мана шундай ,бир шароитда миллатни бутунлай маҳв бўлиш ва Ватанни буткул ғорат этилиш хавфидан асраб қолиш, авлодларни эрк ва озодлик, мустақиллик руҳида тарбиялаш, маърифат ва тараққиётга бошлаш жадидлар номи билан тарихга кирган Беҳбудий бошлиқ фидойилар зиммасига тушди.

Тарихимизнинг сўнгги юз йилдан ортиқроқ даврида халқимизнинг энг катта армони бўлиб келган бугунги истиқлол куртаги дастлаб мана шу жадидлар кўксида ниш уриб етилган эди.

XX аср ўзбек маорифи ва маданияти, қолаверса, бугунги мустақиллик тафаккуримиз, эҳтимолки, шу жадидлар олдида бурчлидир. «Усули жадид», «усули савтия» номлари билан шуҳрат топган янги мактабни Туркистонда шулар ташкил қилдилар. Шулар биринчи бўлиб замонавий олий мактаб ғоясини илгари сурдилар, ўнлаб жамиятлар, ширкатлар уюштириб, улар ёрдамида қанчадан-қанча ёшларни тараққий қилган Оврупо мамлакатларига ўқишга юборишга муваффақ бўлдилар. Ўзбек театрининг биринчи ғиштини қўйган, нашру матбуотини бошлаб берган ҳам шулардир.

Жадидлар ўз ҳисобларидан мактаблар очиб, ёш авлодни истиқлолга тайёрладилар, шеър ва мақолалар, саҳна асарлари орқали миллий онгни шакллантиришга, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришга уриндилар (Русия қонунлари имкон берган даражада Туркистон мусулмонларининг шаъну шарафини ҳимоя қилдилар), инқилоб йилларида эса мустақиллик байроғини баланд кўтардилар.

Маҳмудхўжа Беҳбудий мана шу фидойилар орасида мумтоз бир ўринни эгаллайди. У мана шу Туркистон жадидчилик ҳаракатининг бонийсидир. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида 20-йилларда маҳаллий матбуотда Садриддин Айний, Ҳожи Муин ибн Шукрулло, Лазиз Азиззода каби замондошлари томонидан бир қатор мақола, хотиралар эълон қилинган. Кейинги йилларда, хусусан, мустақилликка эришилгандан сўнг жадидлар фаолиятини ўрганишга ҳаракат кучайди. Беҳбудий ҳам қайта нашр этила бошланди. Шу муносабат билан 20-йиллар адабиётшунослиги материалларига эҳтиёж ўсиб борди. Жумладан, Беҳбудий таржимаи ҳолини ёритишда Ҳожи Муиннинг 1922—23 йилларда ўзи муҳаррирлик қилган «Меҳнаткашлар товуши» (1922), «Зарафшон» (1923) газеталарида чоп этган мақолалари муҳим аҳамиятга эга.

Унинг келтиришича, Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилнинг 19 январида (ҳижрий 1291, 10-зулҳижжа) Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида руҳоний оиласида дунёга келган. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли Туркистонлик, Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томондан бобоси Ниёзхўжа Урганчлик бўлиб, амир Шоҳмурод замонида (1785—1880) Самарқандга келиб қолган.

1894 йилда отаси, имом-хатиблик билан шуғулланиб келган Беҳбудхўжа вафот этади. Ёш Маҳмудхўжа тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқнинг тарбия ва қарамоғида ўсиб вояга етади. Араб сарфу наҳвини кичик тоғаси Одилдан ўрганади. 18 ёшидан қозихонада мирзолик қила бошлайди. Дарвоқеъ, Беҳбудийнинг мактаб-мадраса ҳаёти ҳақида ҳам маълумотлар ниҳоятда кам. Унинг замондошлари билан бўлган суҳбатларидан аён бўладики, Беҳбудий дастлаб Самарқанд мадрасасида, сўнгроқ Бухорода яхшигина таҳсил кўрган. Анъанавий мадраса илмини пухта эгаллаган Беҳбудий 1915 йилда этнограф Г. Андреев саволларига жавоб берар экан, мадраса таҳсилини алоҳида тилга олгани маълум. Хуллас, анъанавий таҳсил, сўнг эса ўз устида қунт ва сабот билан ишлаш орқали у шариатнинг юксак мақомлари — қози, муфти даражасигача кўтарилади.

Исмоилбек Гаспрали

Исмоилбек Гаспрали

Тахмин қилиш мумкинки, ёш Маҳмудхўжа дунёқарашининг шаклланишида Русия жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоилбек Гаспралининг хизмати катта бўлганл Шарқу Ғарбнинг тарих ва маданиятини чуқур билган, араб, форс тиллари билан бир қаторда инглиз, немис, француз тилларида ҳам эркин сўзлаша олган бу киши 1881 йилда рус тилида «Русия мусулмонлиги» китобини ёзади. Бу китобда у, Русияда яшовчи барча мусулмонларнинг ўзлигини сақлаб қолиш йўли битта, у ҳам бўлса, маърифат ва у орқали мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий, маданий ҳаётига тенгма-тенг аралашишга эришмоқдир, деган фикрни илгари суради. Бу йўлдаги биринчи қадам «усули жадид», «усули савтия» номлари билан тарихга кирган янги мактабларни ташкил қилиш бўлди. «Ал-он Русиядаги минглар ила низомлик мактаблар ва собиқ нашр бўлган ва ҳозир фаълан нашр бўлуб тургон юзлар ила исломий мажалла ва жаридаларнинг барча муҳаррир ва муридлари ул зоти сутуда сифотни шогирдларидурлар», деб ёзган эди Беҳбудий 1914 йилда.

1884 йилда Исмоилбекнинг машҳур «Таржумон» газетасига обуна бўлган 1000 кишининг 200 таси Туркистондан эди.

Исмоилбек 1892 йилда Туркистондаги мактабларни ислоҳ ҳилиш, «усули савтия»ни жорий этиш таклифи билан генерал-губернатор Н. О. Розенбахга мурожаат этди. Жавоб ололмагач, 1893 йилда Тошкентга келади, Самарҳанд, Бухорода бўлади. Маҳаллий халқ билан гаплашиб, дастлабки янги усул мактабларини очишга муваффақ бўлади. Сўнг 1897 йилда яна Туркистонга келади…

Барча нарсага қизиқувчан Маҳмудҳўжанинг Яқин ва Ўрта Шарқда номи танилган Исмоилбек Гаспралининг Туркистон сафарларидан бехабар қолиши қийиш эди. Тўғри, Исмоилбек келиб Туркистонда очиб кетган янги мактаблар узоқ давом этмади, ғайришаръий сифатида мутаассиблар томонидан ёпилди. Лекин «Таржумон»нинг муштарийлари кўпайиб борди. Устоз-шогирд муносабатлари самимий дўстликка айланди. Беҳбудий ўз хотираларида устоз билан учрашувларини ихлос ва муҳаббат билан тилга олади.

(давоми бор)