Янги конституция хаёли

Янги конституция хаёли
97 views
19 August 2016 - 5:28

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(58)

ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯ ХАЁЛИ

Ўзлари  тайёрлаган  Мустақиллик  Декларациясининг  Олий Кенгашда  қабул  қилиниши  «Эрк»чиларни  қанчалик  севинтирган бўлса,  унинг  бузилган  ҳолда  эълон  қилиниши  шунчалик қайғулантирди.  Ҳукумат  жамоатчилик  тазйиқидан  қўрқиб,  бу сиёсий  ҳужжатни  эълон  қилган  бўлса-да,  унинг  халқ  орасидаги тарғиботини  қатъиян  таъқиқлади.  Олий  Кенгашнинг  20  июн сессиясидан  кейин  биронта  расмий  йиғилишда  бу  ҳужжат  тилга олинмади.

Бизнинг  Мустақиллик  Декларацияси  асосида  Янги Конституция  тайёрлаш  ва  қабул  қилиш  ҳақидаги  таклифимизни Каримов  ҳукумати  жавобсиз  қолдирди.  Шунга  қарамай,  «Эрк» партияси  Ўзбекистоннинг  Янги  Конституцияси  лойиҳасини ишлашда давом этди.

Ўзбекистон  Компартияси  секретари  Каримов  эса,  Янги Конституция  эмас,  ўз  партиясининг  халқ  ичида  таъсирини кучайтириш  орзулари  билан  яшарди.  «Правда  Востока» газетасининг  16.  08.  1990  йил  сонида  босилган  ЎзКП  Пленуми резолюциясида  шундай  дейилади:  «Пленумнинг  асосий  вазифаси халқ  оммаси  орасида  сиёсий  ва  мафкуравий  таъсирни  ошириш  ва халқ  онгига  марксча-ленинча  таълимотнинг  ижодий интерпретацияси  шаклини  беришдир.»

Каримов  20  июн  куни  Олий  Кенгаш  залидан  қочган  пайтда, унинг  иккинчи  секретари  Ефимов  Москвага  шикоят  телефони қилаётганди.  Бу  манзара  «марксча-ленинча  таълимот»нинг Ўзбекистондан  даф  бўлиши  учун  фақат  Ефимовлар  эмас, Каримовлар  ҳам,  унинг  атрофидаги  бутун  коммунист  ялоқхўрлар ҳам даф бўлиши кераклигини  кўрсатиб турарди.  Аммо  биз  бу  манзаранинг  маъносини  йиллар  сўнгра англадик.  Биз,  коммунистлар  ўзгариши  мумкин,  деб  умид қилгандик.  Мана,  Москвада  ўзгараяпти-ку,  деб  ўйлардик.  Аммо ўйлагандек  бўлмади.  Бизникилар  Москвадагиларга  ўхшамас эканлар,  лойи  пишиқ  жойдан  олинган  экан,  ҳеч  ўзгаришмади, аксинча  яна-да  коммунистроқ  бўлдилар.  Коммунистликни Сталиндан ҳам ўтказдилар.

Декларация можаросидан кейин баъзи «Эрк»чилар ҳукуматга тазйиқ  воситаси  бўлган  намойиш  ва  митингларни  янгидан жонлантириш  заруратини  сўйлай бошладилар.  Оммавий  йиғинлар  босими  билан  Олий  Кенгашда  биз истаган  ҳужжатларнинг  қабул  қилинишига  эришиш  фикрини  олға сурдилар.  Аммо  намойишчилар  бир  марта  калтаклангандан  сўнг, иккинчи  йиғинга  биринчи  йиғинга  чиққан  одамнинг  ярми  ҳам келмасди. Буни «Бирлик» даврида тажриба қилиб кўргандик.

Muhammad_Salih_fotomajmua_63Одамлар  митингга  байрам  ва  шанликка  келгандай  келишни истардилар.  Одамлар  митингга  келиб,  калтак  ейишни,  ҳақорат эшитишни  истамасдилар.  Буни  истамаслик  уларнинг  фуқаровий ҳақлари  эди.  Аммо  уларнинг  кўнглидагидек  митингларни Оврупода ўтказиш мумкин эди. Бу ер эса, Ўзбекистон эди. Бу ерда намойишчи  калтак  ва  ҳақоратга  тайёр  бўлиб  келиши  лозим  эди.

Ҳатто бу намойишчи аёл бўлса-да, ҳатто бола бўлса ҳам.  Дунёнинг ҳеч бир ерида намойишлар Тошкентда ўтгани каби осойишта  ва  маданий  ўтмаган,  аммо  ҳеч  бир  ерда  бу  маданий намойишчилар  Тошкентдаги каби ваҳшиёна калтакланмаганди. Бу  вазият  «Эрк»чиларни  шундай  хулосага  олиб  келди:  агар намойишчилар  сони  ҳокимиятнинг  калтагидан  кейин  янада кўпайса, намойиш ташкил қилишда давом этиш керак. Аксинча, бу сон  озайса,  намойишни  тўхтатиш  керак,  чунки,  одамлар  у  пайтда фақат  намойиш  эмас,  миллий  ҳаракатнинг  бошқа  тадбирларидан ҳам  ҳуркадиган  бўлиб  қолишади.  Масала  —  ҳокимият  урса-да, қирса-да  майдонда  туроладиган,  урган  сари  озайиб  эмас,  кўпайиб борадиган динамик оломон масаласи эди.

Шу  мулоҳазалар  асосида  митинг  ва  намойишлар  вақтинча ўтказилмаслигига  келишилди.  Олий  Кенгашнинг  октябр  ойига мўлжалланган  сессиясига  баъзи  қонун  лойиҳаларининг алтернативларини  тайёрлаш  ва  энг  муҳими,  Конституция лойиҳасини  тезроқ  битириб,  бирор  бир  матбуот  органига  бериш ҳақида партия қарор қабул қилди.

(давоми бор)