Ўш воқеалари

Ўш воқеалари
75 views
16 August 2016 - 9:38

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(56)

 ЎШ ВОҚЕАЛАРИ

Фарғонадиги турк-масхатларга қарши зўравонликдан роппа — роса  бир  йил  ўтгач,  1990  йил  июн  ойининг  бошида,  Қирғизистон ҳудудида  жойлашган  ўзбекларнинг  вилояти  Ўшда  бу  жанжалнинг қирғиз  варианти  айнан  такрорланди.  Фитнанинг  КГБ  тарафидан Фарғона  воқеаларининг  бир  йиллигига  махсус  тўёна  сифатида тайёрланганлигига  ҳеч  шубҳам  йўқ.  Албатта,  яна  ўша  маҳаллий мафия ва маҳаллий жаллодлар ёрдамида тайёрланди.

Қирғиз  каллакесарлари  ўзбек  каллакесарларидан  ҳам шафқатсизроқ чиқди… Ўшда, Ўзганда ёш-қари, хотин-халаж демай зўрлади, ўлдирди, ўт қўйди. Бу хусусда «Бирлик» ҳаракати аъзоси, киноопрератор  Абдулазиз  Маҳмудов  олган  видеокўринишлар одамни  даҳшатга  солади.  Ташкилотимиз  Ўш,  Ўзгандаги  қирғинни тўхтатишни  талаб  қилиб  бир  гуруҳ  фаолини  Қирғизистонга, иккинчисини  Москвага  жўнатди.

Тошкентда  Ўш-Ўзгандан  қочиб келган  қочқинларга  бошпана,  кийим-кечак  ва  ҳакозо  билан  ёрдам уюштиришда  иштирок  этди.  Фарғона  бўлими  фаоллари  Андижон ва Ўш чегарасида тўпланган мингларча дарғазаб ўзбекларни Ўшга бостириб боришининг  олдини  олишда ёрдамлашдилар.

Muhammad_Salih_fotomajmua_61Жанжалнинг  учунчи  куни  Тошкентга  махсус  учоқда  Чингиз Айтматов  келди.  Биз  билан  маслаҳатлашмоқчи  экан,  аэрапортда, ҳукумат  салонида  учрашдик.  Бош  министр  Мирсаидов,  ёзувчи Одил  Ёқубов  бор  эди.  Суҳбат  қовушмади.  Чингиз  Айтматов қирғизларнинг  қилаётган  ишларидан  қаттиқ  уялаётгани  кўриниб турарди.  Ёзувчилар  Уюшмаси  Раиси  Одил  Ёқубов  билан биргаликда  қирғиз  телевидениесидан  чиқиб,  иккала  халққа мурожаат  қилишадиган  бўлишди.  Бундан  ҳам  яхшироқ  маслаҳат
топилмади.

Ўш-Ўзган  фожеаси  ўзбеклар  ва  қирғизлар  ўртасидаги қардошликка катта футур етказди. КГБнинг СССРни сақлаб қолиш учун  қилган  бу  иғволари  билан  мақсадига  етолмаган  бўлса-да, бизнинг  халқларимизга  мустақил  давлат  қуриш  даврида  зарур бўлган  дўстликнинг заифлашувида бу иғвонинг катта таъсири бор.

Бугун  Қирғизистонда  ўзбек  минтақаларида  қирғиз  раҳбарларини тайинлашга  интилиш,  қирғиз  бўлгаларида  ўзбекларни  ишга олмаслик тамойиллари совет даври иғволарининг  мевасидир.

(давоми бор)