“Ризвон байъати”

“Ризвон байъати”
108 views
12 September 2016 - 7:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 83

(давоми)

Шунинг билан Урва Расулуллоҳ ҳузурларига элчи бўлиб келди. Ўз одатларича кўришгандан сўнгра, Урва сўз бошлаб айтди:

— Эй Муҳаммад, ҳар турлик йиғинда кишилар сенинг атрофингга тўпланмишдур, шуларга ишониб ўз қавм-қариндошингни қирмоққа келмишдурсан. Қурайш халқи бўлса, янги туққан сутлик туяларига хотин-болаларини туяб (ортиб) чиқдилар. Аларни чеб (тўсиқ) қилиб, аскар ортиға келтируб қўйдилар. (Араблар одатича, соғин туяларига бола-чақаларини ортиб, аскар ортига қўймоқ, энг қаттиқ уруш бўлишининг аломати эди). Байтуллоҳни зиёрат қилмоққа Муҳаммадни киргазмаймиз дейишиб, қаттиқ қасам қилдилар. Мен аниқ билурман, бу кўринган кишиларинг эрта-индин уруш майдони очилур эрса, сени душман қўлиға қолдириб қочгайлар. Чунки бу кўринган юзларда ўлим номусини сақлагудек кишилар кўринмайдур. Йигитлик шарафини ташлаб, майдондан юз ўгириб қочишга тайёр тургандек кўрарман — деди.

Бу сўз устида Абу Бакр Сиддиқ ҳозир эдилар. Мунинг айтган сўзига қаттиқ ғазабланиб, чидаёлмай:

— Эй Урва, шу сўзингга сен Лот бутингнинг тиллиғини тишлабсан. Бизлар Расулуллоҳни душманга қолдириб қочмаймиз, дедилар.

Бу сўз эрса араблар ичида энг оғир сўкишдир. Чунки Тойиф аҳли Сақиф қабиласи хотин суратидаги Лот номлик бутга топинур эди. Шул бутни хотин ўрнида кўриб, анинг андомини тишлатиб қўйди.

Шунинг билан ўз динида қандоқ қаттиқ турганини ва ўлимдан қочиш мўминларга мумкин эмаслигини билдирди. Расулуллоҳ олдиларида бу каби уят бўлғудек сўз ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ каби улуғ зот оғзидан чиқиши тўғри эмас эди. Шундай бўлса ҳам, душманни синдиришда қондурғудек сўз бўлганликдан Расулуллоҳ бу сўзни оғир олмадилар. Йўқ эса, одатларича шундай сўзни айтган кишига танбеҳ берур эдилар.

Қурайш элчиси Урва Сақиф қабиласининг раиси бўлгани учун юқориги сўз унга қаттиқ тегди. Анда Урва:

— Ё, Муҳаммад, менга шундоқ оғир сўз айтгувчи кимдур? — деб сўради.

— Абу Қаҳофа ўғли Абу Бакрдур, — дедилар.

Анда Урва айтди:

— Эй Абу Бакр, меним ҳаққимда сенинг бир яхшилик қилганинг бор эди. Шу кунгача мен уни қайтаролмаган эдим, у қилган яхшилигинг ҳозир ёдимга тушди. Шунинг учун ғазабимни ютдим. Йўқ эса, сенинг бу ёмон сўзингга ундан ҳам ёмонроқ сўз топиб қайтармоқчи эдим. Ўшал қилган яхшилигингга бу айтган оғир сўзингни кўтардим, — деди.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг унга қилган яхшиликлари эрса, Исломдан илгари, жоҳилият замонида Урва бўйнига хун тўлаш тушган эди. У замон одатича бир киши хунига юз туя тўламак лозим эди. Урва эса муни тўламакдин ожиз эди. Қурайш катталаридан ёрдам сўраб келди. Уларнинг ҳар қайсилари ёрдамга битта-иккитадан туя бердилар.

Аммо Абу Бакр Сиддиқ унга ўнта катта туя ёрдам қилган эди. Шу яхшиликни эсига олиб қарши сўз қайтармаганини айтди.

Сўнгра Расулуллоҳ айтдилар:

— Эй Урва, бизлар бу жойга урушмоқ учун келмадик, балки умра нияти билан Байтуллоҳнинг зиёрат қилгани келдик. Эндиги сўзимиз, Қурайш халқи бизни бу ишдан тўсмасинлар. Умра ибодатини ўтаб, Каъбатуллоҳни зиёрат қилганимиздан кейин ўз еримизга қайтамиз. Мундин бошқа ҳеч қандай мақсадимиз йўқдур.

Урва бу сўзни англагач, Расулуллоҳнинг ўзга ғаразлари йўқлигини билди. Шу билан бошқа сўзга ўтмай, Қурайш қавми олдига келиб:

— Эй Қурайш халқи, мен эрсам ўз вазифамни адо қилиб, топшириқларингизни Муҳаммадга етказдим. Эрон шоҳи Кисрони, Рум подшоҳи Қайсарни, Ҳабаш подшоси Нажошийни шон-шавкатлик ҳолларида ҳам кўрган эдим. Лекин улардан ҳеч бировининг қадрини халқ олдида Муҳаммаднинг қадридек улуғ кўрмадим. Унинг атрофини ўраган жонфидолари эрса, Муҳаммад ўзи бу ёқда турсин, бир тола тукини душманга бермасларига кўзим етди. Шундоқки, унинг олдида улар қаттиқ қичқирмагайлар, сўзларин эрса, кўз тикиб қулоқ солгайлар. Таҳорат чоғида оёқ-қўлига сув қуймоқни улуғ шараф билгайлар. Андин ошган сувни юз-қўлларига суртишиб талашгайлар, тупурди эрса, анинг тупуригини ҳам ерга туширмагайлар. Эй Қурайш халқи, мен сизларга тилакдошдирман. Муҳаммад сўраган ишини берайлик, мундоқ кишиларга уруш очмоқдан сақланайлик, чунки бу урушда енгилиб қолишдан қўрқадурман, — деди.

Мунинг сўзини Қурайш қавми дағи қабул қилмай:

— «Муҳаммад бу йилча қайтсин, келаси йил келур эрса, ани тўсмағаймиз», дедилар.

Урва кўрдиким, анинг сўзи қабул бўлмади. Шундан кўнгли олиниб, ўзига қарашлик бир неча кишиларни олиб, Тойифга қайтди. Булардин хабар бўлмагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хузўа қабиласининг раисларидан Харрош ибн Умайя деган кишини яна юбордилар. Бу кишини Расулуллоҳ ўз туяларига миндирдилар. Қурайш олдига боргач, элчилик хизматини адо қилиб, Расулуллоҳ сўзларини аларга еткурди. Унинг сўзини ҳам қабул қилмадилар. Балки Абу Жаҳл ўғли Икрима ғазаб билан ўрнидан туриб, элчи миниб келган Расулуллоҳ туяларини оёғига қилич урди, элчини ҳам ўлдиришга қасд қилган эдилар.

Аҳобиш қабиласи, элчи ўлдириш яна одат бўлиб қолгай, деб аларни қайтардилар. Элчи ўлимдан қутилиб Расулуллоҳ олдиларига келди, кўрган-билганларини гапириб берди. Мунинг сўзини англагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Умарни яна юбормоқчи бўлдилар. Анда Ҳазрати Умар:

— Ё Расулуллоҳ, агар мен борур бўлсам, улар мени ўлдирмаққа қасд қилгайлар. У чоғда мени ҳимоя қилгудек қавму қариндошларимдан Макка шаҳри ичида ҳеч ким йўқдир. Қурайш халқига меним қўлимдан, тилимдан зиён етганлигини улар яхши билурлар. Шунинг учун менга кўзлари тушиши билан жонимга қасд қилишлари шубҳасиздир. Мендан кўра бу хизматга Ҳазрати Усмонни юборур бўлсангиз, балки яхшироқ бўлур, чунки анинг туққанлари Бани Умайя Макка шаҳрида кўпдурлар. Агар душманлар томонидан бирор турлик кўнгилсиз иш бўлиши сезилар экан, у ердаги қариндошлари уни ҳимоя қилгайлар, ё Расулаллоҳ, — деди.

Анинг бу сўзини барча саҳобалар маслаҳат кўришиб, Ҳазрати Усмонни элчиликка юбордилар. Ҳазрати Усмон Маккага кирмасдан илгари қабила раисларидан Иббон ибн Саъд олдига кириб, ундан ўзига ҳимоя сўради. У ҳам ани ўз ҳимоясига олиб, душманлар зараридан сақламоққа ваъда берди. Бу ишни эрса, араб раислари ўзлари учун улуғ шараф билур эдилар. Ҳимоя сўрагувчи киши анинг душманларидан бўлса ҳам, уни ўз ҳимоясига олмоқ каби олижаноблик ишлари ўшал замон араблари ичида бор эди.

Шундоқ бўлиб, Ҳазрати Усмон Абу Суфён бошлиқ барча Қурайш раисларига Расулуллоҳ сўзларини еткузди. Уруш учун эмас, балки Байтуллоҳга таъзим қилиб, зиёрат учун келганликларини уларга англатди. Бу тўғрида бир қанча сўз айтилди, ҳаммасини бекор қилдилар. Ҳазрати Усмон ҳам алардан умид узиб қайтмоқчи бўлди. Лекин тездан қайтишга рухсат қилмасдан уч кун таъхирга солдилар. Яна саҳобалардан ўн одам Ҳазрати Усмон Маккага кирганларида бирга кирган эдилар. Булар эса Мадинага ҳижрат қилиб кетганларида оилалари Маккада қолган кишилар эди. Ҳар қайсилари шаҳарга киришиб, ўз оилалари билан кўришиб олдилар. Яна Қурайш раислари Ҳазрати Усмонга Каъбани зиёрат қилиб олишга рухсат қилурмиз, дедилар. Анда Ҳазрати Усмон айтдиларким:

— Расулуллоҳ зиёрат қилмагунча, мен Каъбани зиёрат қилмагайман. Шу сабабли уларнинг қайтишлари уч-тўрт кун кечикиб қолди. Бундан ташвишланиб турган чоғларида «Ҳазрат Усмон бошлиқ Маккага киришган ўн кишини ўлдирибдурлар», деган ёлғон хабар Расулуллоҳга етди. Мунинг бўлиши ҳам гумон қилинмоқда эди.

Анда Расулуллоҳ:

— Агар бу хабар рост бўлар экан, у чоғда уруш қилмагунча бу жойдан кетмаймиз. Эй мўминлар, Аллоҳ таоло сизлардан байъат олишни буюрди. Келинглар, ўлимдан қўрқмасга, душмандан қочмасга, туғ тутиб аҳд-паймон беринг, душманни енгиб, Маккани олгаймиз ёки барчамиз шаҳодат топқаймиз, — дедилар.

Мана шу байъатни Қуръон ва бошқа ҳадис китобларида Ризвон байъати деб атайдилар. «Инна Фатаҳна» сурасида Аллоҳ таоло шу оятларни тушириб, бу байъат воқеасини баён қилди:

«Лақад разияллоҳу анил муминийна из юбойиъунака тахта-шажарати фаалима му фий қулубиҳим фаанзалас-сакийната алайҳим фаасобаҳум фатҳан қорибан ва мағонима касиратан яъхузунаҳо ва каналлоҳу азийзан ҳакима».

Маъноси: «Аллоҳ таоло шу мўминлардан рози бўлди, чунки улар Самура дарахтининг тагида Аллоҳ йўлида жон қурбон қилмоқ учун сенга (Муҳаммадга) байъат бердилар. Шу байъат беришлари аларнинг дилларида чин эътиқод, ихлос билан бўлганини Аллоҳ билди, шунинг учун бу мўминлар Худо ризолигини топдилар. Шу сабабдан ўлимдан қўрқинч кўнгилларидан кўтарилиб, диллари ором олди. Яқин кунларда Аллоҳ таоло уларга фатҳ — нусрат бергай, душманларини енгиб, кўп ўлжага эга бўлгайлар. Ҳар ишда Аллоҳ ғолибдур, хоҳлаганидек барча халққа ўз ҳукмини юргиза олур. Анинг ҳеч бир ҳукми ҳикматдан ҳоли эмасдур», демак бўлур.

(давоми бор)