«Исломнинг ўзида ҳеч айб йўқ, нима бўлса бизнинг мусулмончилигимизда»

«Исломнинг ўзида ҳеч айб йўқ, нима бўлса бизнинг мусулмончилигимизда»
75 views
14 September 2016 - 7:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 84

(давоми)

Ансор-Муҳожир саҳобалардан бу байъатга кирмаган киши қолмади. Фақат Жадда ибн Қайс деган одам туялар орасига яшириниб, бу улуғ неъматдан қуруқ қолди. Бу киши эрса, Бани Салама қабиласининг раиси эди. Булардан Расулуллоҳга элчи бўлиб кишилар келганида:

«Сизларнинг сайидларингиз кимдур?» деб сўраган эдилар, алар: «Ё Расулаллоҳ, Жадда ибн Қайсдур, лекин у бахил бўлса ҳам, уни раис сайламиш эдик», дедилар.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бахилликдан ёмонроқ айб бўлмас, бахил одам сайидликка ярамас, балки сизларнинг раисларинг Амр ибн Жамуҳдур».

Шу сўз билан бурунги раис қолиб, бу киши раис бўлди. Охири эса Расулуллоҳ назарларидан тушиб, шундай улуғ неъматдан ҳам қуруқ қолди. Бу муборак байъатга саҳобалардан бир минг тўрт юзга яқин киши қатнашди. Бу байъат бўлган чоғда Ҳазрати Усмонни элчиликка юборган вақтлари эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг тарафидан ўзлари байъат ўтказдилар. Шундоқки, Расулуллоҳ ўнг қўлларини сўл қўллари устига қўйиб туриб айтдилар:

— Банданг Усмон сенинг хизматингда, меним ҳожатим учун элчиликка кетди, унинг томонидан ўзим байъат қилдим. Шу қилган байъатимни қабул қилгайсан. Бу қутлуғ байъатга дастлаб қўл кўтарган киши Ҳазрати Уккошанинг оғаси Абу Синон эди. Баъзи олимлар: Бунинг ўғли Синон ибн Абу Сифон эрур, дейдилар. Қандоқ бўлса ҳам, бу улуғ шарафга биринчи қадам қўйган киши муҳожирлардан эди. Байъат бермакка қўл сунар чоғда бу киши айтди:

— Ё Расулаллоҳ, сенинг кўнглингдаги ишни тўлуқ қилмоққа байъат қилурман.

— Кўнглимдаги иш нимадур? — деб Расулуллоҳ сўрадилар.

Анда ул:

— Олдингда жонфидолик билан душманга ғалаба қилғунча қилич чопайин ёки шу йўлда шаҳодат топарман, — деди.

Буни англашган саҳобаларнинг бариси шу сўзни айтишиб, Расулуллоҳга байъат топширдилар. Тариқат пирларининг муридларидан қўл тутиб, байъат олишлари эса, шундан қолди. Шариат байъати кофирлар билан урушганда қочмасликка, ўлимдан қўрқмасликка берилган байъатдур.

Тариқат байъати эрса, шайтонга бўйсунмасликка, нафс-ҳаво йўлига кирмасликка пир қўлини тутиб туриб қилинган ваъдадур. Ҳақиқатда эса бу икки байъат банданинг Аллоҳ таолога берган ваъдаси бўлур. Баъзи олимлар бидъат баҳонаси билан тариқат байъатига инкор қилдилар.

Бу эса, Расулуллоҳнинг таржимаи ҳолларидан, Ислом қурилишининг тарихларидан хабарсиз қолмиш кишиларнинг сўзларидур. Балки шариат, тариқат сирларига тушунмасликдур. Йўқ эса, Расулуллоҳнинг сифат ва сийратларини ҳадис китобларидан, Ислом динининг қандоқ қурилғонлигини тарих саҳифаларидан ўқиб тушунган олимлар, бу икки байъатнинг суннатлигига албатта ишонадурлар.

Лекин бизнинг бу сўзимиз ҳақиқатни киши билан топиш эмас, балки кишини ҳақлик билан топиш керак деган асосга қурилмишдур. Ислом динининг ҳақлигида ва ҳар бир камчиликлардан унинг поклигига ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Лекин бу ҳақиқатни истар эканлар, биринчи, Аллоҳнинг сўзи Ислом динининг асоси Қуръондан, иккинчи, Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари Расулуллоҳнинг суннатларидангина топарлар. Чунки бир дин ёки бир маслакнинг ҳақиқатини шу динни тутган ёки шу маслакка кирган кишиларга қарабгина билиб олиш мумкин эмасдур. Бидъат ботқоғига бўйинларигача ботган, одат балчиғи билан юз-кўзлари булғанган мусулмонларни кўриб ҳақ йўлдан адашган кишилар кўпдур, деса бўлур.

Байт:

Ислом дар зот хўрандорад айбий.
Ҳар айбки, хаст дар мусулмони мост.

Маъноси: «Исломнинг ўзида ҳеч айб йўқ, нима бўлса бизнинг мусулмончилигимизда».

Яна ўз сўзимизга келайлик. Бу жойдаги байъатнинг «Ризвон байъати» демакнинг сабаби эса, Расулуллоҳ байъат берган шу кишилардин Аллоҳ рози бўлганлигини юқориги оят биланўзи билдирди. Шунинг учун Ризвон байъати деб атадилар. Муниси Худо рози бўлган байъатдемакдур. Яна ҳадисда келмишдур:

«Ла ядҳулуннаро аҳадун бояъа тахташ-шажароти».

Яъни: «Шу дарахт тагида байъат берган кишилардан ҳеч кимарса тамуққа тушмайдур», демакдур. Тағин бир ҳадисда айтдилар:

«Ё айюҳаннасу, инналлоҳа қод ғафаро лиаҳли Бадрин вал Ҳудайбия».

Яъни: «Эй одамлар, огоҳ бўлинглар, Аллоҳ таоло Бадр урушига қатнашган, Ҳудайбияда  байъат берган кишилар гуноҳини афв қилди», демакдур.

Шунинг билан бу муборак байъат тамом бўлди. Шу орада Қурайш раислари Микраз ибн Ҳафс деган одамни бошлиқ қилиб қирқ-эллик кишилик бир бўлик аскар юборишди. Буларнинг мақсадлари эса, Ислом аскарининг куч-қуввати, сон-саноқларини аниқлаш, чамалаб билиш эди. Агар пайтини топа билсалар, тўсатдан ҳужум қилиб беш-ўн кишини ўлдириб ёки қўлга тушириб олмоқчи эдилар. Шу ғараз билан кечалаб келаётганларида Расулуллоҳнинг кузатувчи аскарларига йўлиқиб қолиб, алар томонидан барчалари асир олинди.

Ёлғизгина бошлиқлари қочиб қутулди. Бошқалари эса бутунлай қўлга тушдилар. Расулуллоҳнинг қоровул аскарлари бошлиғи ансор саҳобалардан Муҳаммад ибн Маслама эрди.

Бу асирлар Расулуллоҳ олдиларига келтирилгач, уларни қамоққа буюрдилар. Қурайш халқи бу хабарни эшитиб, кўп ғамгин бўлдилар. Бунинг қасосини қайтариш учун яна бир тўп аскар юбориб эрдилар. Булар кўп яқинлаша олмай, икки орада отишувлар бўлди.

Мусулмонлардан Ибн Заним деган кишига ўқ тегиб, шаҳодат топди. Мушриқлардан ўн икки кишини мусулмонлар асир олдилар. Мундан илгари байъат воқеаси аларга англаниб, кўнгилларига қўрқинч тушиб турган эди. Бунинг устига эллик-олтмиш одамлари асирга тушиб қолди. Улар учун шундоқ кўнгилсиз ишлар бўлиб қолгандан кейин ўзаро ихтилоф чиқиб қолишидан қўрқишиб, ярашмоқ орзусига киришдилар. Шу сабаб бўлиб Қурайш раислари ўз ичларида атоғлиқ Суҳайл ибн Амрни бошчи қилиб, бир жамоат кишини элчиликка юбордилар. Йироқдин уни кўриб: «Саҳила амрукум», яъни «Ишинглар осонлашди», деб Расулуллоҳ башорат бердилар. Бундай вақтда келган элчилар бошлиғи яхши исмлик эрса, андин яхшиликка фол очиш Расулуллоҳнинг одатлари эди.

Суҳайл лафзидан «саҳила» чиқди. Мунинг маъноси «осонлашди» демакдур. Шундай қилиб, элчилар Расулуллоҳ билан кўришиб бўлгандан сўнгра уларнинг бошлиғи Суҳайл Пайғамбаримизга қараб:

— Эй Муҳаммад! Ҳозирча ўртамизда бўлиб ўтган озми-кўпми урушлар, Усмон бошлиқ сенинг кишиларинг шаҳарда қамалиб туришлари, мана бу ишларни бўлса, бизнинг эслик бошлиқ кишиларимиз қилмадилар. Балки муни қилгувчилар ёш-яланг тентак кишиларимиздир. Буларнинг мундоқ ўринсиз қилган ишларини эшитиб ўзимиз ҳам хижолатдамиз. Бу айб бебош кишиларнинг қилган ишларидур. Булардан бир неча кишиларни сенинг аскарларинг асир олишибдур, аввал шу асирларни бўшатиб юборишингни сўраймиз,— деди.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Агар бизнинг тарафдор кишиларимиз саломат келсалар, бу асирларни бўшатурман, йўқ эрса, улар келгунча булар ҳам тутқунликда тургайлар.

Расулуллоҳдан бу сўзни англагач, Суҳайл Қурайш раисларига киши юборди. Улар ҳам саҳобаларни дарров қайтардилар.

(давоми бор)