Сулҳнома

Сулҳнома
121 views
16 September 2016 - 7:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 85

(давоми)

Шу билан Суҳайл ҳам асирларни олиб жойига қайтди. Сўнгра Қурайш раислари ўзаро кенгашиб, охири Расулуллоҳ билан сулҳ қилмоққа тўхталдилар. Бу тўғрида шу Суҳайл ибн Амрни вакил қилиб юборишди. Унинг келаётганини Расулуллоҳ узоқдан кўришлари билан:

«Бу киши эрса сулҳ учун келур бўлғай», дедилар. Сўнгра у ҳам тўғри келиб Расулуллоҳ олдиларига тиз чўкиб ўлтирди. Саҳоба улуғлари атрофларини ўрашиб турдилар. Икки томондан битим устида сўзга киришиб, мажлис анчагина узайди. Сўнгра Расулуллоҳ:

— Бу келишимиздан бизнинг мақсадимиз эса, Байтуллоҳни зиёрат қилмоқдур. Мундан бошқа ҳеч қандай ғаразимиз йўқдур. Агар бу ишдан бизни тўсмас экансиз, Байтуллоҳни зиёрат қилиб қайтамиз, — дедилар.

Анда Суҳайл:

— Эй Муҳаммад, Байтуллоҳни зиёрат қилмоқдан биз сизларни тўсмайлик, лекин бу иш келаси йилда бўлсин, чунки бутун араблар бу ишдан хабардор бўлиб қолдилар. Агар шу йили шаҳарга кириб, Байтуллоҳни зиёрат қилур бўлсангиз, араблар олдида биз хижолат бўлгаймиз. «Муҳаммад куч билан Қурайшни босиб кириб, Байтуллоҳни зиёрат қилди», дегайлар. Мана бу сўз бўлса, биз учун улуғ номусдир. Агар бу йили қайтиб, келаси йили келур бўлсангиз, йўлингиз очиқдир ва икки ёқнинг обрўлари сақланур, — деди.

Бу сўз Расулуллоҳга ҳам маъқул тушди. Чунки шундай бўлмаса, уруш бошланиб кўп қонлар тўкилур эди. Расулуллоҳ эрсалар Ҳарам ичида қон тўкилишидан сақланур эдилар.

Бунинг сўзи Расулуллоҳга тўғри келгач, бошқа сўзга ўтишмай, ўртада бир сулҳнома ёзишга қарор қилишдилар. Мана шу чоқда Ҳазрати Умар бу ишга чидаёлмай ўрнидан сапчиб туриб, Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ олдига келиб:

— Эй Абу Бакр Сиддиқ, Муҳаммадни Худо тарафидан юборилган ҳақ пайғамбар деб унга ишондик, Ислом динини Аллоҳдан келган ҳақ дин деб, уни қабул қилдик. Энди бизлар ҳақ йўлни тутмоқ бўлсак, кофирлар эса ботил ишда турган бўлсалар, бу хорликни бизлар нечук қабул қилғаймиз. Мундоқ сулҳнома тузиш тўғри эмасдур, муни қабул қилмағаймиз. Бу иш эса биз учун ҳақорат келтирур, — деб бундай сулҳга рози бўлмаганини билдирди.

Анда Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ:

— Расулуллоҳ эрса, аниқ билдик, Аллоҳнинг пайғамбаридур. Анинг келтирган дини барҳақдур. Бу ишда меним заррачалик гумоним йўқдур. Нима иш қилур эрса, Расулуллоҳ Аллоҳ амри ила қилғай, Аллоҳдин изнсиз ҳеч иш қилмагай. Эй Умар, ўлгунимизча унга итоатда бўлайлик, бутун буйруқларига бўйсунайлик. Чин кўнглимдан гувоҳлик берурман, ул Аллоҳнинг ҳақ пайғамбаридур. Аллоҳ уни ёрдамсиз ташлаб қўймагай,— деди.

Анда Ҳазрати Умар айтди:

— Мен ҳам шундай деб гувоҳлик берурман. Билурман, албатта, ул Аллоҳнинг пайғамбаридур, лекин сенинг сўзингга менинг кўнглим қонмади, — деб у ердин чиқиб тўғри Расулуллоҳ қошига келди. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиққа нима сўз қилган бўлса, Пайғамбаримизга ҳам шу сўзни қилди.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Умар, мен эрсам Аллоҳнинг қули ва ҳам унинг пайғамбаридурман, унинг амрига бўйсунмоқдан ўзга чорам йўқдур. Аллоҳ таоло ҳеч вақт мени зойе қилмагай, — дедилар.

Шундоқ бўлса ҳам, Ҳазрати Умар бу сулҳномада ёзилган оғир шартларга рози бўлғуси келмай, бу тўғрида кўп тортишувлар қилди. Охири бу сулҳномани ёзмоққа тўхталиб, нома ёзишни Авс ибн Ҳавла деган кишига буюрдилар. Анда Қурайш вакили Суҳайл:

— Қариндошинг Али ёки Усмон ёзсин, — деб бошқа кишининг ёзишига розилик бермаганликдан Ҳазрати Алини сулҳнома ёзишга буюрдилар.

— Сулҳнома бошига «Бисмиллоҳ»ни ёзғил, — дедилар.

Анда Суҳайл айтди:

— Эй Муҳаммад, биз сенинг бу сўзингни ҳалигача таниганимиз йўқдур. Отабоболаримиздан қолган «Бисмикаллоҳумма» сўзини ёзсин», — деди.

Бу ёқдан мусулмонлар туриб: «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм»дан ўзга сўз ёзилмасин», деб қичқиришдилар. У томондин: «Биз «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм»ни танимаймиз», деган сўзлар бўлиб, ҳар икки томондан бу сўзлар устида қичқиришлар бўлди. Бу икки сўзнинг қайсиси билан бошланишида талашғудек иш бўлмағанликдан, аларнинг айтганидек, «Бисмикаллоҳумма» деб сўз бошлашга буюрдилар. Бунинг маъноси «Эй Аллоҳ, сенинг отинг билан бошлайман», деган бўлур, чунки араблар Аллоҳга иқрор қилиб, оламни Яратгувчидир деб билур эдилар. Бироқ бутларини улуғ санаб, қудрат эгаси деб, улардин ҳожатларини талаб қилганликдан мушрик деб аталдилар.

«Мушрик» деб Худога шерик қотқонни (қўшқонни) айтилур. Мунинг акси эса «Муваҳҳид»дур. Аллоҳнинг зоти сифотида ёлғиз билиб ишонган киши «муваҳҳид» бўлур. Мўмин, муваҳҳид — бу иккиси бир маънода келур. Мушрик кофир демакдур. Расулуллоҳ замонидаги араблар эрса ҳаммалари мушрик эдилар. Шундоқ қилиб, мушриклар айтган сўз билан нома бошланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Алига: «Бу ёзилмиш нарса Аллоҳ пайғамбари Муҳаммаднинг Қурайш вакили Суҳайл ибн Амр билан қилган сулҳномасидур» — дедилар.

Бу сўзни англаб Суҳайл:

— Эй Муҳаммад, биз сени Расулуллоҳ деб ишонган эрсак, сенга қарши чиқмас эрдик. Расулуллоҳ деган сўзни қолдириб, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ деб ёзсин, — деди.

Анда пайғамбаримиз:

— «Расулуллоҳ» сўзини ўчир, ўрнига «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ» ёзғил, деб Ҳазрати Алига буюрдилар.

Анда Ҳазрати Али айтди:

— Ё, Расулаллоҳ, бу ҳақ сўзни қандоқ ўчиргали бўлғай? Мен ҳеч қачон буни ўчирмагайман, — деб қасамёд қилди.

Сўнгра Расулуллоҳ уни ўзлари ўчириб ўрнига шулар деганидек ёздилар. Буни кўргач мусулмонлардан чувқон (шовқин) чиқиб кетди: — «Агар Муҳаммад Расулуллоҳ деб ёзилмас экан, бу аҳдномага бизнинг ризолиғимиз йўқдур, ўртамиздаги ишни қиличимиз билан ҳал қилгаймиз», деб атрофдагилар қичқиргали турдилар.

Расулуллоҳ уларни сўз ва ишорат билан босдилар.

Сулҳнома тамом бўлиб, унда тубандагича шартлар қўйилди:

Биринчиси, ўн йилгача ўртадан уруш кўтарилсин;

Иккинчиси, шу муддат ичида мусулмонлар ва мушриклар аралаш алоқада бўлсинлар;

Учинчиси, кофирлардан кимарса мусулмон бўлиб Маккадан Мадинага қочиб келса, агар уни талаб қилсалар, қайтарилсин;

Тўртинчиси, мусулмонлардан муртад бўлиб қочқон кишилар қайтарилмасин;

Бешинчиси, араблардин кимарса ким билан иттифоқ тузмакка ихтиёрлик бўлсин;

Олтинчиси, келаси йили мусулмонлар Маккага келгайлар. Анда Қурайш халқи Макка шаҳрини бўшатиб, ташқари чиқиб кетгайлар. Мусулмонлар уч кунгача Маккада турмоққа ихтиёрлик бўлғайлар.

Мана шу шартлар қўйилиб, сулҳнома ёзилди. Бунинг асл нусхаси Расулуллоҳда қолиб, иккинчи нусхаси Суҳайл ибн Амрга топширилди.

(давоми бор)