Улуғ фатҳ

Улуғ фатҳ
122 views
20 September 2016 - 7:00

madina-nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 87

(давоми)

Икки Ҳарам ўртаси — Куроул ғанам деган манзилга етганларида «Инно Фатаҳно» сураси нозил бўлди.

Анда Расулуллоҳ Ҳазрати Умарга қараб:

— Ё Умар, Аллоҳ таоло ваҳий юбориб, менга бир сура туширди, бу сура эса, мен учун бутун дунёдан яхшироқдир», дедилар.

Бу қайтишларида бутун аскарни очарчилик қоплағон эди. Кишилар арз қилиб, «ё Расулаллоҳ, очликдан баримиз қаттиқ қийналдик, минган туяларимизни сўйиб емакка рухсат қилинг. Аларнинг гўштидан овқат қилиб, очликни қайтарайлик, чарвиларидан (ёғларидан) танларимизга суртиб ёғланайлик. Ичимизда яланг оёқ қолганларимиз кўпдур. Териларидан оёқларимизга чориқ ясаб кияйлик», — дедилар.

Анда Ҳазрати Умар:

— «Ё Расулаллоҳ, бу ишга рухсат берманг, чунки душманга ишонч йўқдур. Олдиорқамиздан бирор иш бўлиб душманлар келиб қолсалар, у ҳолда очлик устига яёв қолур бўлсак, нима қилурмиз? Андин кўра аскардаги борлиқ овқатларни бир жойга йиғайлик, устига келиб, анинг баракасига сиз дуо қилинг. Сиз Худонинг ҳақ пайғамбари эрурсиз, дуоингиз шарофатидан ул таомга баракот киргай, аскар очлик балосидан қутулғай, — дедилар.

Бу сўз Расулуллоҳга маъқул келиб, ўртага бир супра ёздилар. Сўнгра аскардаги борлиқ овқат, егулик нарсаларни шу супрага тўкишни буюрдилар. Аскарнинг барча овқатлари шул жойга тўпланди. Сўнгра Расулуллоҳ анинг устига келиб баракасига дуо қилдилар. «Саҳиҳ Муслим» китобида шундоқ келибдур:

«Яқин бир ярим минг аскардан йиғилган овқатни келтириб супра устига тўкдилар, анинг кўплиги ётган эчкидек бўлди. Расулуллоҳ анинг баракасига дуо қилганларидан сўнгра шунча кўп аскар бир супрадан тўйганларича таом едилар. Аскар еб тўхтагандан кейин Расулуллоҳ айтдилар: «Қани хуржун халталарни келтиринглар. Сафаримиз тугагунча йўлга етгудек қилиб озиқ-овқат олинглар», дедилар. Барчалари келтирган идишларини тўлдириб озиқ-овқат олдилар, яна ўз баробарича шунча кишидан овқат ортиб қолди. Буни кўриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб айтдиларким: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва анний расулуллоҳ», яъни: «Гувоҳлик бераман шунгаким, Аллоҳдан ўзга ҳеч бир Яратгувчи йўқдур, яна гувоҳлик берурман, мен Аллоҳнинг барҳақ Пайғамбаридурман». Ҳар киши шу калимани тилида айтиб, дилида ишониб дунёдин ўтса, дўзах ўтидан омон топқай, дедилар. Яна шу куни аскар ичида ичишга сув қолмаган эди. Буни кўриб Расулуллоҳ: «Бир таҳоратга етгудек сув келтиринглар», деб буюрдилар. Бир киши идиш тагида қолган бир қошиқча сув келтирди. Муборак қўлларини шу сувга солдилар. Бармоқ ораларидан сув қайнаб чиқиб тўкилишга бошлади. Бир минг тўрт юз киши шу сувдан ичиб, яна таҳорат қилишдилар».

Расулуллоҳнинг кўрсатган мўжизалари тавотур ҳукмида бўлиб, уни инкор қилиш ақлдан йироқдур. Чунки ҳамма мўжизалари кўпчилик халқ ичида бўлмишдур. Бу сафарда кўрилган мўжизаларнинг машҳурроғи шулдур.

Шундин сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча кун йўл юриб саломат Мадинага келдилар. Мадинага келгач, бир муддат ўтгач, Умму Гулсум деган бир хотин Маккадан қочиб, Мадинага Худо йўлида ҳижрат қилиб келди. Бу хотин эрса, Ҳазрати Усмоннинг она қариндоши эди. Тўғри келиб онамиз Умму Салама уйига кирди. Макка ила Мадина оралиғи беш юз чақиримлик йўлдур. Бу йўлни бутунлай пиёда юриб, кўп машаққатлар тортиб келган эди.

Онамиз Умму Салама бу хотиннинг дин йўлида жонфидолик билан ҳижрат қилиб келганини Расулуллоҳга билдирди. Уни кўриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Марҳабо, хуш келдинг», деб кўнглини кўтардилар.

Анда Умму Гулсум:

— Ё Расулаллоҳ, Худо учун, Пайғамбар учун ҳижрат қилиб келдим. Мен эрсам хотин кишидурман, ўзингиз билурсиз хотинларда бўшлик, чидамсизлик бўлғай. Агар мени Маккага қайтарур эрсангиз, аларнинг қийновларига чидай олмайман. Унда мени динимдан ажратгайларму, деб қўрқиб келдим, — деб айтди.

Бу сўздан кўп вақт ўтмай, бу хотиннинг Аммора, Валид деган икки қариндоши ортидан қувлаб келдилар.

Алар Расулуллоҳга йўлиқишиб, кўришгандин сўнгра:

— Эй Муҳаммад, ўртамиздаги ёзилмиш аҳднома шартлари бўйича қариндошимизни қайтариб беришинг керакдур, — дейишди.

Расулуллоҳ шартномада хотин кишининг сўзи йўқдур, деб қабул қилмадилар. Шу орада Аллоҳдан оят нозил бўлди:

«Ё айюҳаллазина аману иза жаъакумул муминату муҳожиротин фамтаҳинув ҳунна».

Маъноси: «Эй мўминлар, агар хотинлар ҳижрат қилиб Маккадан Мадинага келсалар, аларни синаб кўринглар. Агар аниқ Худо учун, дин учун ҳижрат қилиб келган бўлсалар, ундай хотинларни қайтарманглар».

Кофирлар билан мусулмон орасида никоҳ юрмаслиги учун бу оят нозил бўлди: — «Ла хунна ҳиллун лаҳум ва лаҳум яҳиллуна лаҳунна».

Маъноси: «Мўмин хотинлар кофирларга ҳалол бўлмагайлар. Мўмин хотинларни кофирларга никоҳ қилманглар ва мўмин кишилар кофир хотинларга ҳалол эмасдурлар», демакдур.

Мана бу оятлар нозил бўлгандан сўнгра ҳижрат қилиб келган хотинларни ҳеч нарса қайтара олмас бўлди. Ва мусулмонлар никоҳида бўлган кофир хотинлар, кофирлар қўлида қолган мусулмон хотинлар эрларидан ажрашдилар. Шу билан бу хотинни сўраб келган оғаинилари ҳам Маккага қайтиб кетишди. Бу воқеа Қурайшга эшитилгач, ночор бўлиб сукут қилдилар.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бу сафардан қайтиб Макка ва Мадина оралиғида Курў (ул-ғанам) деган жойга келганларида Фатҳ сураси нозил бўлган эди. Бу сура тушиши билан ҳаммадан илгари Жаброил алайҳиссалом келиб, Пайғамбаримизни табриклади. Сўнгра барча саҳобалар табрикладилар. Суюнгудек бир яхши иш бўлганида мусулмонлар бирбирларини табриклаш расми шундан қолмишдур.

Анда саҳобалардан бировлари айтди:

— Бу сафаримизда ҳеч қандоқ фатҳ бўлмади. Чунки Макка шаҳрига кира олмадик. Байтуллоҳни зиёрат, тавоф қилишдин бизни тўсиб қўйдилар. Қочиб келган мўминлар кофирларга қайтарилди. Иш бундоқ бўлгач, қандоқ фатҳ бўлур эди?

Бу сўз Расулуллоҳга етди эрса айтдилар:

— Бу сафарда қилган сулҳимиз улуғ фатҳдир. Чунки кофирлар сизларни уруш-талашсиз Маккадин чиқаришга рози бўлдилар. Биз билан сулҳ қилишни улар талаб қилдилар, эллик-олтмиш кишилари қўлимизга асир тушиб, бизнинг обрўйимиз ошди. Уларнинг руҳлари тушиб, кўнгиллари чўкди, биз эса эсон-омон, саломат ўз юртимизга қайтдик. Бу сулҳдан илгари биздан улар қаттиқ нафрат қилишиб, орамиз йироқлашган эди. Исломнинг қандоқ эканлигини билмас, анинг яхшилигини тушунмас эдилар. Энди эрса бу келишув сабабидан орамиз алоқалик бўлғай. Муни билингким, бутун дунёнинг давлати ва анинг ноз-неъматлари урушда тўкилган бир киши қонига арзимас. На чорадурким, билмаган-тушунмаганлар ҳисобига дунёда кўплаб қонлар тўкилур. Ҳаммадан ортиғи шулдурким, бу сафардан Худо олдида ажрлик, савоблик бўлиб ёндинглар. Ўтган Уҳуд кунининг воқеаси ёдинглардан чиқдими? У кунда қандоқ оғир воқеалар ўтди. Киши-кишига қайрилиша олмай қолди, у куни энг ортингларда туриб сизларга қичқирур эдим. Иккинчи, Аҳзоб кунини ҳам эсланглар. У кунда эрса, бизнинг устимиздан қандоқ оғирчиликлар ўтди. Ҳижоз ўлкасидаги бутун араб қабилалари бир ёйдан отилган ўқдек бизга ҳужум қилдилар. Атрофимиздан ўраб-чулғаб келганларида сизларни қаттиқ қўрқинч босиб, улар қўлидан қутулиш умиди узилмиш эди. Душман қўрқинчларидан кўзлар қоронғилашиб, юрак ўйнаб, ҳар кимнинг бўғзига тиқилмиш эди. Ишлар шул ҳолга келганда, яна Аллоҳ таоло улуғ қудратини кўрсатиб, бу келган бало селидан сизларни омон сақлади. Бу ишларни эрса, ҳали ёдингиздан чиқармагандурсиз?

Анда мусулмонлар:

— Аллоҳнинг ва пайғамбарнинг айтган сўзлари ҳақдур. Бу қилган сулҳимиз эрса ҳақиқатда улуғ футуҳот экандур. Сиз ўйлаган жойга бизнинг фикримиз етмабдур. Аллоҳ амрининг сирларини албатта сиз билурсиз, ё Расулаллоҳ, — дедилар.

(давоми бор)