Саёҳат хотиралари

Саёҳат хотиралари
38 views
21 September 2016 - 7:00

1841Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ
ҚАСДИ САФАР

13181 санаи ҳижрияси тавофи Байтуллоҳға Кафказ йўли ила Истанбул ва Миср ал-Қоҳира воситаси-ла бориб эдим, муддати сафарим саккиз ойдан зиёда сўзуб2 эди.

13253 санаи ҳижриясинда Русия мусулмонларининг муҳтарам зиёли ва акобирларининг Нижний ёрминкасинда миллий ишлар тўғрисинда машварат қилинатурган мажлисға мушарраф бўлмоқ учун Ўрунбург йўли ила Маскўв, Петербург, Қазон воситаси-ла Нижний Новағўрўд бориб эдим.

Сафар 25 кун сўзулуб, 7 санадан бери икки дафъа Бухоро ва бир дафъа Фарғонани зиёратидан бошқа сафарға чиқганим йўқ эди. Азбаски, «тириклик» касалиға мубталолик, рўзғор қайдиға гирифторлик саёҳат неъматидан маҳрум этар. Етти йиллик хонанишинлик, дигар тарафдан алойиқи рўзгор, тижорат ва 7—8 рисолалар таҳрир ва нашри, дорулқазо* ишлари, хусусан, бир санадан бери собиқ «Самарқанд» жаридаси ва ҳозирги «Ойна» идорасининг ишлари руҳан ва жисман заиф этди. Аъзо ва ҳавос*ларға касолат* пайдо бўлди. Сингир (асаб)… ғайри мунтазам ишлайдур. Атиббо* истироҳат ва сайёҳатға машварат берарлар. Табиат у қадар ноқобил ва бузуқки, саёҳатдан ҳам нафрат этар. Истамаз. Дигар тарафдан, «Қутубхонаи Беҳбудия» исминда «Ойна» идорасинда китоб савдоси очмоқ учун рухсат олинган. Истанбул, Миср, Қирим, Қафказ, Қозон, Урунбург, Ҳиндистон китобларидан келтурмоқ керак. «Ойна»да қўймоқ учун Русия ва хорижиянинг машҳур иморат ва манзара акобирларининг расм ва суратлари, илмий ва фанний мақолалар учун фанний ва тарихий нақшларни қолиби-клишеси лозим яна… керак. Оқибат қарор берилдики, Қафказ ва Қирим воситаси-ла Истанбулға, андин Юнонистонға кириб, сўнгра Байрут тарийқи-ла Миср ал-Қоҳирағача бориб, яна қайтишга Истанбулға кириб, Рум эли темур йўли ила Булғористон, Австрия ва Берлин тарийқи-ла ватани азизимиз Русия ва Туркистонға авдат этилса, икки-уч ойдан бери ушбу сафарнинг таҳийя*сида эдук.

Бул аснода Петербургда бўлгучи Миллий мажлис машваратиға бормоқ учун Дума вакили жаноби Тафкилуфдан таклиф тилигрофи ва саволномалар келди. Саволномалариға кераклик жавоблар юборилиб, маатаассуф, боришға сафар монеъ бўлди. Энди сафарға азм этдук. Биринчи июнғача чиқсак керак. Афсуски, рафиқимиз йўқ. Ўғлум Масъудхўжани бирга олмоқчи эдим. Аммо гимназиянинг учунчи синфиға ўтмоқи учун ҳисоб, жуғрофия, тарих, илми ашё, расм, ахлоқ, немисча, франсузча дарслари дуруст ва кофий даражада бўлур. Фақат русчани ёз ўқуб, кузга яна имтиҳон бермоқлиги лозим бўлган учун бирга ололмадук. Ва бизча ушбу узун ва машаққатлик сафарға якка ва танҳо чиқмоқ лозим бўлди.

Бир санадан бери идора ишиға ошино бўлган Саййид Ризо афанди Ализода4 жанобларининг «Ойна»ға масъул мудирлиги учун ҳукуматдан рухсат олинди. Муваққат муҳаррирлиги муаллим Ҳожи Муин5 жанобларига ҳавола қилинди. Китобат ва тартибиға Мулло Фахриддин Рожий6 жаноблари мутасаддидур. Оллоҳ таолонинг инояти ва қориларнинг таважжуҳлари ила камина бўлмаса-да, «Ойна» эскича чиқиб турар ва саёҳатимиздан мухтасар суратда ҳар ҳафта ёзиб турармиз. Агарда саёҳатдан эсон қайтсак, саёҳатномамиз муттасил ва мусаввар* босилиб чиқса керак.

Муддати саёҳат тахминан икки ой сўзар. Бир санадан бери ҳар на ёздук, ҳар на дедук. Кўб сўйлаган кўб хато этар. «Ойна»нинг хато ва номулойим сўзлари тикон ва дилгир бўлган муҳтарам кишиларға узр айтиб, афуларини тилаймиз.

Бизға маънан ва моддатан ёрдам этканларға ва барча хонандаларға чин кўнгулдан ташаккур айтиб, хайр дуоларини истаб видоъ этармиз. Боқий салом ва эҳтиром.

«Ойна» ж., 1914 йил, 31-сон, 598-—600-бетлар.

(Давоми бор)

1.1899-1900 милодий.
2.Чўзилиб.
3.1906-1907 милодий.
4, 5, 6.Беҳбудий замондошлари, самарқандлик таниқли зиёлилар: С.Ализода (18871945)—педагог, таржимон, публицист; Ҳожи Муин (18831942)—шоир, драматург; Ф. Рожий шоир.

дорулқазо*- суд маҳкамаси, қозихона
ҳавос*- ҳислар
касолат*- ялқовлик
Атиббо*- табиблар
таҳийя*- дуо, салом
мусаввар*- суратли