Катта ғалаба

Катта ғалаба
252 views
22 September 2016 - 7:00

madina-nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 88

(давоми)

Шунинг билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб бир неча кун ўтгандан сўнгра Абу Басир деган киши Маккадан қочиб Мадинага келди. Мусулмон бўлғони учун Макка мушриклари ани қамоққа олмиш эдилар. Бунинг қочганини англаб, Қурайш раислари хат ёзиб, Бани Омр қабиласидан Хунайс деган бир кишини Пайғамбаримизга юбориб, унинг ёнига йўлбошчи қилиб, яна бир киши қўшдилар. Бу икковлари тўғри Расулуллоҳ олдиларига келиб, хатни топширди. Хат мазмуни шундай эди:

«Эй Муҳаммад, ўртамизда қилинган аҳдномага биноан, биздан қочиб борган кишиларни қайтармоқчи эдинг. Шу кунларда Абу Басир деган киши биздан қочиб, сенга бормишдур, қайтариб келмоқ учун икки одам юбордик. Энди ул қочоқ кишимизни бу икки одамга топшириб бергайсан».

Бу хат ўқилгандан сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

— Эй Абу Басир, уруш ўтига тутантириқ бўлмишсан. Ўзингга маълумдир, биз Қурайш раисларига қочиб келувчиларни қайтариб бериш учун ҳужжат хати берганмиз. Бизнинг динимизда аҳднома шартларини бузмоқлик йўқдур. Ваъдасини бузғувчилар, ёлғон сўзловчилар, ишда хиёнат қилувчилар биздан эмасдурлар. Бор энди, ўз қавмингга қўшил, ўз юртингга қайтгил, албатта, Аллоҳ таоло томонидан сен учун ва сенга ўхшаш Маккада кофирлардан зулм кўраётганлар учун яхшилик кунлар бўлғусидур.

Анда Абу Басир:

— Ё Расулаллоҳ, агар мени кофирларга қайтарур эрсанг, улар мени қаттиқ қийнаб динимдан чиқарурлар ёки мени ўлдирурлар, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Абу Басир, Аллоҳдан умидим шулдур, сенга бир яхшилик еткурур, — дедилар.

Расулуллоҳдан бу сўзни англагач икки душманга таслим бўлиб, уччовлари йўлга тушди. Шу билан Абу Басир кетаётганда, ортидан қарашиб қолган саҳобалар: «Бу эса минг кишига татигудек одам кўринур, йўлда бораётганда бирор иш қилиб, ўзини қутқара олмагайму?» дедилар. Бу билан ёнингдагини ўлдириб бўлса ҳам, ўзингни қутқар, деган сўзга ишорат қилдилар.

Сўнгра бу кишилар Мадинадан бир қўнолғу — Зулхулайфа деган манзилга етишди. Абу Басирни кечаси боғлаб, кундузи бўш қўйишар эди. Бир ерда ўлтиришган чоғда Абу Басирни элтиб бораётган Омрий қиличини қинидан суғурди, сўлқиллатиб туриб шундай деди:

«Бир кун келур, Муҳаммаднинг ёрдамчиси Авс, Хазражни шу қиличим билан бошларини кесиб қиргайман».

Анда Абу Басир: «Сенинг бу қиличинг бек кескир бўлиши керак, бундай қилични кўрганим йўқ эди, қани кўрайин, берчи», деб қўл узатди. «Ажал тақдири етар бўлса, киши кўзи кўр бўлғай» дейилгандек, кўр бўлиб қиличини унинг қўлига берди. Бериши билан шундоқ урдиким, боши олмадек узилиб ерга тушди. Буни кўриб анинг йўлдоши қўрққанидан, жон қутқариш учун Мадина томонга қараб қочди.

Абу Басир бўлса, душманни ўлдирганидан сўнг қурол-жабдуқларини тақиниб, туясига миниб, анинг ортидан қувганича Мадинага қараб юрди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда саҳобалар билан ўлтиришган эдилар. Қарасалар бир киши яёв чопганича келаётибдур. Қаттиқ югурганидан оёқ остидаги майда тошлар париллаб учиб чиқмоқда эди.

Расулуллоҳ буни кўриб:

— Бу киши эрса қаттиқ бир қўрққудек ишдин қочганга ўхшайдур, — дедилар.

Унгачалик бу киши ҳам етиб келди.

Саҳобалар:

— Ҳой, сенга нима бўлди? — деб сўрадилар.

Бўлғон ишни айтиб:

— Мана кетимдан келиб қолди, мени ҳам ўлдирмоқчи эрур, эй Муҳаммад, сенга сиғиндим, омон тиларман, — деди.

Расулуллоҳ:

— Қўрқма, омон бердим, — дедилар. Хиёл ўтмай Абу Басир ҳам келиб, туяни масжид олдиға боғлади. Қилич осилған, яроқ тақинганича Расулуллоҳга тўғри келиб:

— Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ таоло сизнинг аҳдингизни адо қилди. Чунки сиз қўлингиз билан мени уларга топшириб бердингиз, динимни, жонимни сақламоқ учун бу ишни қилдим. Кофирлар қўлидан мени Худо қутқарди. Нима ҳукм қилсангиз, бўйним қилчалик, ўз олдингизга келдим, — деб қараб турди.

Анда Расулуллоҳ:

— Мадинадан бошқа қайси жойни тиласанг бор, сенга рухсат, — дедилар.

Мундан сўнгра Абу Басир ўйлаб туриб, Шом йўлига чиқди. Маккадан чиқадирган Қурайш карвонларининг йўлини тўсмоққа бошлаб, тоғ ичидан мустаҳкам бир жойга ўрнашиб олди. Атрофдаги яшириниб юрганлар бу хабарни англашиб, анга қўшулдилар. Ҳудайбия сулҳида кофирларга қайтарилиб берилган Абу Жандал Макка зиндонидан қочиб чиқди. Унинг атрофига мусулмонлардан етмишга яқин киши тўпландилар. Мадинага келишдан қўрқишиб, тўғри Абу Басир олдига келишди. Турлик араб қабиласидаги мусулмонлар секинлик билан шу жойга йиғилишдилар. Буларнинг сонлари уч юзга етди, йўл тўсиб Қурайш карвонин ўтказмас бўлди. Душманлардан қўлга тушганларини эрса қўймасдан ўлдирар эдилар. Бу ишдан Макка йўли тўсилиб, Қурайш халқи қийинчиликка учради.

Булардан қутулишга илож топишолмай, Қурайш раислари Расулуллоҳга: — «Эй Муҳаммад, биздин сизларга ким қочиб борур бўлса, иккинчи уни бизларга қайтарманглар. Аҳдномадаги шу шартни бекор қилдик, ундай одамнинг бизга кераги йўқдур. Бундан сўнгра унинг учун биз томондан ҳеч ким бормайдур. Биздин қочганлар Мадинага бормасдан, карвон йўлини тўсгали ва босмачилик қилгали турдилар. Атрофдин олиб турган овқатларимиз келмас бўлди» — деган мазмунда хат ёздилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Басир ва Абу Жандални Мадинага чақариб, қолганлари эса қайси қабиладан келган бўлса, қайтсин, бу жамият тарқалсин, деб буйруқ қилдилар.

Расулуллоҳнинг хатлари келган чоғда Абу Басир бетоб ҳолда ётган эди. Хатни қўлига олгач, ўқиб туриб жон берди. Разияллоҳу анҳу. Шу ўринда дафн қилиб устига бир масжид бино қилдилар.

Сўнгра Абу Жандал ўзига қарашлик кишилар билан Мадинага келди. Қолганлари эса ўз жойларига қайтишди. Шу билан карвон йўли омон топиб, Қурайш халқи ҳам бу ишга рози бўлдилар.

Бу сулҳ қилингандан сўнгра йўллар очилди, ўртада алоқа бошланиб, мусулмонлар ва мушриклар аралашдилар. Ислом ахлоқини кўзлари кўрди. Ўз ихтиёрича динга кирувчилар кундан-кунга кўпайгани турди. Ислом бошлангандан бери дин қабул қилувчиларнинг сони қанчага етган бўлса, ушбу сулҳ кунлари ичида унга ўн баробар ортиқ киши динга кирмиш эдилар.

Мана шу чоғда барча саҳобалар билдиларким, Расулуллоҳ айтганларидек, бу Ҳудайбия сулҳи мусулмонлар учун улуғ неъмат бўлди. Улар зиёнлик кўриб, рози бўлишмаган бир неча шартлар охири фойдалик бўлиб чиқди. Йўқ эрса, бу сулҳномага қаршилик кўрсатиб, бир неча кишилар ҳалок бўлишга яқинлашган эдилар. Шу учун Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ айтдилар:

— Ислом дини бошлангандан бери ҳеч жойда Ҳудайбия сулҳидек катта ғалабага эга бўлган эмасмиз. Лекин халқнинг ақли бу ишнинг аслига етишмай, Расулуллоҳга бу ишда кўп тўсқинлик қилдилар. Аллоҳнинг шошилиши йўқдур. Бандалар шошилдилар. Охири эса Худо хоҳлагандек Расулуллоҳ айтганлари бўлди. Бу ишга кейин тушуниб, барчалари рози бўлдилар.

(давоми бор)