Ватандан чиқмоқ нақадар мушкул!

Ватандан чиқмоқ нақадар мушкул!
180 views
23 September 2016 - 7:00

1841Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(1)

29 май 1914 сана 17 ражабул муражжаб1 1332 санаи ҳижрия панжшанба куни кеч соат 7, қатори*миз маҳбуб ватаним Самарқанддан ҳаракат этди.

Ўғлум Масъудхўжа манглайидан шафқат бўсаси олиб айрилдук. Оҳ, видои оила, Ватандан чиқмоқ нақадар мушкул! Бу мушкулотдан қутулмоқ учун инсонни ўлуб ватандан чиқмоғи келур.

«Дили аз санги бояд бар сард аҳ видоъ
То таҳаммул, кунад он рўзки, маҳмил беравад».

(Айрилиш вақтинда тошдан. кўнгул керак, токи қофила* кетсун).

Вагонда бир уйчаға2 бир ўзум. Сафарнинг аввали ҳам танҳолик таваҳҳуш* келтурар. Абёт ўқуйман, фоида этмас. Қуръони-карим ўқумоқға шуруъ* этдим, фараҳ* келтурди. Оқшомни ним уйқу ҳолиға ўткарилди. Кун чиқар. Байрамали мухтасиға* яқинлашармиз. Ҳар тараф қум денгизи. Байрамали шаҳри обод эди. Бухоро амирларидан Шоҳмурод оталиқ (ҳозирги Бухоро амирлари силсилаи манғитиянинг муассиси) замонида Бухоро ва Самарқанд ўзбеклари келиб, Марв ҳам Байрамалини сувбандини бузуб, истило этиб, халқидан қандға нақл* қиладурлар. Бу муҳожирлардан бир қисмини Самарқанд шаҳарини шарқиға, дигар қисмини ғарбиға ўтқузадурлар. Шаҳрни атроф ўзбекларини босқунидан сақламоқ учун (ва) алар бугунғача мазкур ўрунларидадурлар.

Бухоро амирлари боргоҳ ва сарой ишларини ва таҳсиллик ва хазина ишларини муҳожирларға топшурарлар. Азбаски, булар муҳожир ва амирларға молан ва жонан тобедурлар. Ҳатто, амирлар буларни ўзлариға асир билур эдилар. Ва буларни ортдурғон моли гўё амирларники эди. Бошқа ерни халқи ўзлариға ўзларини хожа биларди ва бу қоидани асари бугунғача Бухоро ҳукуматиға жорийдур. Бу муҳожирлар шиъа мазҳабиға бўлуб, Самарқандда ўн минг қадар бордўр. Ва алар ўзларини эроний атайдурлар. Ҳолбуки, аларни аксари турк қабилаларидан бўлуб, ичларинда балки юзда бир эрон форси ва эронлашган араб ва саййидлар бордур.

Марв тарафини истило этган бухорийларни сардори сариғ ва кўк кўзли бир киши эканки, шоир деюр:

Бубрид сари мурғ беҳишти сак зард

(жаннат қуши бошини сариғ ит кесди). Мурғни боши ташланилса3, «РҒ» қолиб 1200 сана учун таърих чиқар, яъни Байрамалини бухорийлар ҳалок этганларига 132 сана бўлур. Ғолиблар шоири ҳам «Сари Байрамали шуд халқаи дор…»4 шеър айтганлар. Ал-он Русия ҳукумати эски бандни тузатиб, Байрамали ва Марв тарафларини обод этиб турубдур. Байрамали ерлари ҳазрат императўрға мансуб бўлуб, халқға ижораға берилур. Бевосита Байрамали Марв шаҳри бўлуб, қадимда «Марви Шоҳжаҳон» аталарди.

Марвда аҳоли аксарият ила рус, арман ва эрон табъаларидур. Атроф халқи туркман бўлуб, шаҳарий (шаҳарли) бўлганлари йўқ. Ҳануз қора уй-чодирлариға тирикчилик қиладурлар. Марвда узоқдан рус калисосининг қуббаси кўрулур. Атрофдаги юз минглар ила «мусулмон»(!)ни масжиди кўринмайдур. Аҳоли шариатдан зиёда одатға тобеъ ва асири жаҳолатдур. Марвда тижорат аксарият ила Эрон табъалари5 қўлиғадур. Русия ҳукумати буларға ер олмоқға изн бермаса-да, ҳавли ва дўкон олмоқға рухсат берар. Мундаги эронийлар уч қисм бўлуб, бири шиъа, дигари баҳойи бобий6, бошқаси Эрон яҳудийсидан мусулмон бўлган жадидийлардур. Бир эронийни сўзиға қараганда, ялғуз баҳойиларни мактаби бўлуб, бошқалари учун ва ерли туркманлар учун мунда мактаб йўқ. Иссиқ биёбонларни наъраси-ла тўлдуруб, қаторимиз илгари кетмоқдадур. Ҳаво иссиғ, вагон ичинда 33 даража ҳарорат бор. Энди Самарқандни ҳаво ва латофати ёдга келур. Вагондаги руслар: «Оҳ, Самарқанд. Вой, беҳишт», — дер.

Том 24 соатда Ишқободға етдукки, Самарқанддан 895 чақиримдур. Бу шаҳар кундан-кун ободлашиюр.

Рус ва арманлар жамъияти орта борадур. Бироз эроний-да бор. Фақат атрофдаги бечора туркман қариндошларимиз ҳануз нимваҳший ҳолатда кулфат ила умр сурарлар. Дунёдан, ҳатто, ўзларидан хабарлари йўқ. Шу қадари борки, шаҳарға муттасил ерларда боғу токистон(токзор)лар этиб, туфроқ иморатларға ўлтургонлари-да кўрулур. Яна бир оз туруб машҳур Кўктепаға етдук. Туркман — рус уруши ёдгарисиға мунда кичкина бир муза(музей) бино этилган ва ичинда туркман-рус мухораболарини ясалган суратлари ва қўлларинда милтиқ ва шамширлари бўлуб, ҳамда туркман ва рус тўпу уруш асбоблари намунаси бордур. Муза мухта муқобилиға 40—50 қадам бўлуб, кечау кундуз халқ учун очуқ ва туркман шижоатини далилидур.

Йўл устиндаги туркманларни бошиндаги узунлиги уч ярим қариш, эни икки қаришдан зиёда телпагидан бошқа кўргу ери йўқ, фақат ҳануз белида аксарият ила ханжари бордур. Аммо алар ханжар ўрниға қалам тутуш замони келганини билмайдурлар. Кўз олдидаги маданият асари бўлган шаҳар ва оташ аробадан ибрат олмайдурлар.

31 май эрта бирлан Қизил Арвотдан нари қазоқлар жавлонгоҳидамиз. Мундали бечора қазоқ қариндошларимизни фаҳру зарурати* шаклларидан билиниб турубдурки, туркманлардан кўра буларни яна йўқсулликларидан билгуликдур. Ер-қум. Бир тараф ўтсиз тоғ, беш-ўн тева, бир-икки эски олачиқ ҳар ерда оз-оз кўрунур. Мунинг муқобилинда ғурурлиқ маданият аждаҳоси ва устинда маданий инсонлар. Бу қазоқларға лозим эдики, ўзлариға яқин шаҳарлар атрофинда йиғилиб турғун бўлинсалар, валлоҳ, бу кетишни охири йўқ бўлмоқдур. Муҳтарам қазоқ талабалари, қазоқ уламо ва зиёлилари муни талқин этсалар керакдур.

Энди Жабал мухтасиғамиз. Мунда шимолдаги тоғдан келатурғон сув ҳам ҳаво бор. Мухтанинг жануби тарафида тўрт чақирим масофатда аъзо оғруғи учун киратурғон туз кони борки, конғача бошқа темур йўл ила борилур. Дўқтур, уй, нўмра ва қара уй, хулоса, ҳар шай мавжуддур. Дўқтурсиз ва уйсиз кирмоқ-да мумкиндур. Самарқанддан чиқғон киши 2-кунда соати 12 (да) келиб конға тушар. Мавсуми — биринчи саратондан асад охириғичадур.

Билик мухтасиғамиз. Баҳри Ҳазар ҳайбат ва виқори ила намоён ўлур. Насим ила бизларға руҳ берар. Иссиглигидан қутулдук. Кундуз соат бир яримға Красноводскиға етдук. Тотор ва эроний биродарлар масжидини зиёрат этдим. Шул кун парахўдға кирдук. Кеч соат 6 ға ҳаракат этар. Эрта — биринчи июн. Иншооллоҳ, бодгўяға* чиқармиз.

31 май. Баҳри Ҳазар.

«Ойна» ж., 1914 йил,
34-сон, 809-813-бетлар.

(Давоми бор)

1.Ардоқлик ражаб ойи
2.Муаллиф Самарқанд шевасида ёзади ва ўрин-пайт келишиги қўшимчаси ўрнига жўналиш келишиги қўшимчасини ишлатади.
3.Муаллиф муаммо қоидасини тушунтиряпти. «Мурғ» (куш) сўзи араб имлосида уч ҳарф («мим», «ре», «ғайн») дан иборат. Унинг боши (бош ҳарфи—«мим») кетса, «ре», «ғайн» қолади ва иккаласи абжад ҳисоби билан кўшилганда 1200 сана чиқади.
4.Байрамалининг боши дор ҳалқаси бўлди.
5.Фуқаролари.
6. Шиъа, баҳойи, бобий — Эронда XIX асрда кенг тарқалган мазҳаблар.

Қатор — поезд
Қофила — карвон
Таваҳҳуш келтирмоқ—ёввойилашмоқ
Шуруъ этмоқ — кириншоқ
Фараҳ роҳат
Муҳтавий — ўз ичига олган
Нақл қилдирмоқ — олиб келмоқ
Фақру зарурат фақиру муҳтожлик
Бодгўя шамолгоҳ