Хайбар ғазоти

Хайбар ғазоти
107 views
24 September 2016 - 7:00

madina-nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 89

(давоми)

ХАЙБАР ҒАЗОТИ

Хайбар шаҳри эрса, Мадинанинг шимолий ғарб тарафига тўғри келур. Карвон юришида Мадинадан тўрт кунлик йўлдир. Ерлари кенг, боғу бўстонлик, оқар сувлик, экинзорлик бўлиб, кўп келишган жой эди. Бу ерда яҳудийлар яшамоқда эдилар. Бу урушнинг сабаби эса, Расулуллоҳга душманлиги энг қаттиқ бўлган яҳудлар ҳар ёқдан қочишиб келиб, шу жойда тўпланишдилар.

Бутун кучлари билан Ислом динига қаршилик кўрсатувчи яҳуд фитначиларининг туғи шу жойда кўтарилмиш эди. Буларнинг раислари эса Расулуллоҳга қарши бошқа қабилалар ичида ташвиқот юргизиб, ундан Хандақ уруши келиб чиқишига сабаб бўлган эдилар. Ўзлари кутган мақсадлари эса мундан чиқмагач, чанқоқлари қонмай халқ ичига тарқалиб, яна бузғунчилик қила бошладилар. Бу ҳолда аларга қаттиқроқ зарба етказиб, бошқаларга сиёсат кўрсатиш лозим эди.

Мана шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия сафаридан қайтиб келгач, бир ой ўтар-ўтмас Хайбар сафарига чиқдилар. Ҳижратнинг еттинчи йили эди. Хайбар сафарига чиқмиш аскарлар саноғи бир минг олти юз бўлиб, бундан икки юзтаси отлиқ, қолганлари яёв эдилар. Хайбарда яҳудларнинг ўн битта уруш қалъалари бор эди. Уруш кунларида бу қалъаларда ўн минглаб аскар сақланур эди. Қўрғонларининг эгизлиги (катталиги), аскарларнинг кўплигига ишониб, устиларига аскар етиб келгунча хабарсиз ёта бердилар.

Расулуллоҳ келмасларидан бир неча кун илгарироқ бутун қалъа аскарини ташқари чиқариб, кўрик ўтказишган эди. Қарасалар, бу кўрикка ўн мингдан ортиқ аскар йиғилибдур. Муни кўргач, алар мағрурланиб: «Ҳайҳот, Муҳаммад келиб биз билан нечук уруша олур?! Биз билан сўқишмоққа унинг тоқати йўқдур», дейишиб, мақтанчоқлилик билан тарқашган эдилар.

Расулуллоҳ Мадинадан чиққач, кечалаб юришиб тўртинчи куни тонг отар Хайбарга келдилар. Яҳудлар эса бу ишдан хабарсиз ўз одатларича кетмон-куракларини кўтаришиб қўрғон сиртига чиқишаётганда, келган аскарларни кўришлари билан қочишиб, қайта қалъага киришдилар. Хайбар қалъалари ичида энг каттароғи эса Аннуто деган қалъа эди.

Расулуллоҳ шунинг қаршисида, мундан ўқ отиш йироқроқ ерга келишиб тушдилар. Бу қўрғон ичида ҳар қайсиси ўз олдига бўлинган яна уч қўрғон бор эди. Биринчисини Нўим, иккинчисини Саъб, учинчисини Қулла дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи қалъадан бошлаб қамал қилишга буюрдилар. Дастлабки куни уруш туғини муҳожир саҳобаларидан бирига бердилар. Икки орада қаттиқ ўқ отишлар бўлиб турди. У куни эса ҳар икки тарафдан ҳам ортиқча иш кўрилмади. Расулуллоҳ тушган жойнинг орқа ёғи қалин хурмозор эди. Тун қоронғулигидан фойдаланиб анинг далдасида душман келиб ҳужум қилиб қолмасун деб, андин сақланиш учун хурмоларни кесмоққа буюрдилар. Шу куни тўрт юз туп хурмо кесилди. Эртаси куни кесишдан тўхтадилар.

Шу куни саҳобалардан Муҳаммад ибн Маслама шаҳид бўлди. Бу киши эрса атоғлиқ баҳодирлардан эди. Темир совут кийиб кун иссиғида қилган уруш ҳаракатларидан чарчаб, бир озгина дам олиш учун қалъа деворининг соясига келиб ўлтирмиш эди. Муни пайқаб турган бир яҳудий йўғон тош билан бошига урди. Мусулмонлар кўтариб, Расулуллоҳ қошига келтурдилар. Боши янчилган, кўзлари ўйнаб чиққан эди. Мундай ачинарли ҳолни кўргач, унга кўп оғриндилар. Бир оз вақт ўтгандан сўнгра у вафот топди, разияллоҳу анҳу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам етти кунгача бу ҳужум устида ўзлари бошчилик қилдилар. Бошларида темир дубулға, эгниларига совут кийган, ўнг қўлда найза, сўл қўлда қалқон тутган эдилар. Мана шу сифатда бўлиб, аскарга бошчилик қилдилар. Мундай қилишлари бутун умматга жиҳод йўлларини кўрсатиб, ҳаёт оламидаги ҳақиқатни англатиш эди. Чунки ҳаёт олами демак, асбоб олами демакдур.

Аллоҳ тарафидан тузилган ҳақ динни, олам халқига ўргатиш учун Аллоҳ берган улуғ мўжизалик пайғамбарлар ҳам қурол кучига муҳтождурлар. Мундин ташқари, асбоб оламида ҳеч бир иш ўзича юзага чиқмайдур. Пайғамбарларнинг барчалари бу қонунга бўйсунгайлар. Агар сабабдан ташқари халқ кўзига бирор нарса кўрсатар эканлар, у эса асбоб оламидан эмас, қудрат оламининг ишидур. Пайғамбарларга мўжиза, авлиёларга каромат учун бўлур. Дунёдаги борлиқ нарсалар эса, барчаси сабабга боғлиқ бўлганликдан, унинг сабабларини тўлиғи билан ким топа олар экан, уларнинг юзага чиқишида ҳеч шак йўқдур. Чунки дунёда ҳар ишнинг асбоби тўлиқлангач, кимнинг қўлида бўлсин у нарсани тебратиб, вужудга чиқариш Аллоҳга одат  ўлмишдур.

Бандага агар имконият бўлар экан, ҳар нарсанинг асбобини тўлиғи билан тайёрламай туриб, Худо қилди деб қараб туриш, ҳаёт оламига қўйган Аллоҳ қонунига қаршилик қилишдур. Қуръонда буни «суннатуллоҳ» деб айтилур «Ва лан тажида лисуннатиллоҳи тадбило».

Бу оят эса бизнинг шу айтган сўзимизга очиқ далилдур. Маъноси: «Эй Муҳаммад, Аллоҳ одати ҳеч вақт ўзгармайди».

(давоми бор)