Саёҳат хотиралари

Саёҳат хотиралари
27 views
25 September 2016 - 7:00

1841Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(2)

Денгиз тинч бўлганда Красноводскдан Бокуғача 14 соатлик йўлдур. Аммо толеъда бор эканким, парахўд юрганидан бир соат сўнгра қаттиғ бир фўртана бошланди. 2-даражадаги қирқ қадар кишидан ялғуз тўртбешиға таъсир этмасдан, бошқа ҳамма аёлу эркак ва болалар Бокуға икки соатлик йўл қолгунча оҳу нола ила ўткардилар.

Ман ҳам аларнинг энг кулфат кўрганларидан бўлиб, 9 сўм 20 тийин бериб, эни уч, бўйи етти қаришлик осилган ва ўлтурганда шифтиға бош тегадургон бир қути ичида 16 соат комил қимирлолмай ва тушолмай қолдим. Мунинг устида бош айланиб, қон қусмоқ ортуқча кулфат эди. Парахўддаги Здаража йўлчиларнинг устиға 16 соат муттасил денгиз сув отарди. «Ё Олло!», «Ё Ҳусайн!» фарёдлари осмонға юксалирди. Минбаъд Баҳри Ҳазар ила юрмасға аҳд этдим.

2-июнда якшанба куни Бокуға чиқдик. Шаҳарнинг рус ва мусулмон қисмидаги мусулмон дўконлари, катта корхона ва мағозалари, матбаалари тамоман очуқ, чунки мусулмонлар жўмъа куни дўкон ва корхоналарни беркитиб, ийд ҳилар эканларким, бул жой ибрат ва таҳсиндур.

Боку(ни) кўргонимға 15 сана бўлур. Ондан бери хийла вусъат топиб, иморатлари бешолти табақағача юксалибдур. Денгиз канорида янги беш табақалик катта бир иморат бор экан. Сўрадимки, бу мусулмон бой ўзи ўлтурмоқ учун бино этиб, 23 юз минг сўм харж қўйган экан. Муҳтарам бир кишидан сўрадим: «Охират учун ҳам бирон уй ва буқъа* бино этдими?»

«Хайр1, дунёу охирати ҳоло ушбудур», жавобини берди.

Боку шаҳри Русиянинг ободонлик жиҳатидан бешинчи шаҳри бўлиб, аммо мусулмон давлатлигининг кўплиги ила Русияда иккинчи шаҳардур. Чунончи мунда юз милйўн сўмлик мулку сармояға доро* бир неча мусулмонлар бўлиб, милйўн соҳиби мусулмонлар юздан зиёда, ярим милйўнлик мусулмон яна ортуқроқ, юз минг сарватлик мусулмон минглар ила бордур. 2030 минг сўмлик сармоядор мусулмон эса, ўн минглар ила бўлиб, шаҳарнинг аксари мулки мусулмонлар қўлидадур. Оллоҳ зиёда этсун!..

Бул шаҳарнинг еридан нафт (керосин), бошқа тил ила, олтун чиқар. Бу кун меҳнаткаш бир кишининг еридан нафт чиқса, эртаға милйўнчи оға бўлур. Бу бойлардан дин ва миллат йўлида, қўлларидаги сармояға нисбатан эҳсон қилатурғонлардан жаридаларда тўртбеш исм ёзилиб, бошқалари ҳануз майдони саховатға зоҳир бўлғонлари жаридаларда кўрулмайдур. Мўътабар «Садо» ва «Иқбол» жаридалари идораларини ҳамда мудири муҳтарамлари Ҳошимбек Вазируф ила Содиқийни зиёрат этдим. Идораларининг аҳволи зоҳириясини ниҳоятда танг ва машаққатда кўрдим. Боку аҳли хайроти армани, рус ва бошқа ҳамшаҳарларининг матбуотидан ибрат олиб, моддатан* бу жаридаларнинг тараққий этмоқиға ва «мусулмон жаридасининг идораси» демоқға лойиқ бир манзара ташкил этмоқиға ҳаракат қилмоқлари керак эди. Бечора мудир ва муҳаррирларнинг бири қоронғу бир ертўлада, дигари тор ва иссиғ бир дўконда мураттаблари ила умр ўткарурлар эканким, манга кўб таъсир этди.

Бу нимадан? Йўқликдан ва миллатнинг эътиносизлигидан*, муҳарриру мудирларнинг чорасизлигидан бўлиб, айби мусулмонларға тушар.

Боку тўғрисида яна бошқа вақт ёзармиз. Эмди йўлимизға давом этайлук. 2 июнда Бокудан чиқиб, Минерални вўда (Маъдан сувлари) мухтасиға мутаважжиҳ бўлдикким, ораси 755 чақирим бўлуб, бир кечакундуз юрулди. Мунинг олти юз чақирими комилан мусулмон ерлари ҳам ниҳоятда манбит* ва аъло ерлардурким, арпадан шолиғача экилган ва аксариятан баҳорикори ва ерлари қарағасадур*. Дарахтлари у қадар кўпким, Самарқанднинг Қарадарахту Миёнколи анга нисбатан ҳечдур. Халқи бизнинг пирсиён, лазги, доғистоний деган халқлар бўлиб, яна дохилаи чечен, қумуқ ва бошқа исмлар ила аталадур. Таажжуби шулки, мавқуфлар (истансалар) атрофида алардан савдо қилатургон эркак, аёл ва бола кўрунмайдур. Қишлоқлари йўлдан узоқдур. Шу қадар узоқ йўлда ялғуз иккигина масжид кўринди. Аммо рус муҳожирларининг қишлоқ ва калисолари йўлға яқиндур.

Мусулмонларнинг ерлари ҳосилхиз*, қўй, пода ва илқиларида кўп ва аларнинг жунидан яхши матоълар тўқуйдурлар. Заргарлик, мисгарлик ва чармгарлик ва бошқа ишларда аёлу эркакларнинг маҳорати кўп, фақат замонча илмлари йўқдур.

Биз, туркистонийлар топганимизни тўй, ўлук ва кўпкариға сарф қилгандек, бу мусулмон қариндошларимизнинг аксари ўз молини қиз олиб қочиб, жанжолиға сарф этмоқ, бирбировларини ўлдуруб, яна қасоси номашруъ тариқида тарафайндан бир нечалаб ўлдуруб, сўнгра бор пулларини суду синод йўлиға ва умрларини Сибириё чўллариға сарф қилиб, нобуд бўлар эканлар. Ароларида мадраса номида бир шай* йўқ эмиш. Аммо ўзлари ниҳоятда имонлик ва амалсиз мусулмонлардур!..

Бокудан Маъдан суйи мухаттасиғача* тарафаин бутун кўклик ва аксариятан кўз олганиғача экинжой бўлиб, бўш ер йўқдур. Ҳавонинг мухталифлиги важҳидан бир тарафининг буғдойи ўрулур экан, дигар тарафи ҳануз майса ва баъзан янги бош тортгандур. Хусусан, Маъдан суйи тарафи ҳануз бизнинг охир ҳамал кунларидек салқиндур.

Букун 3 июн Минерални вўда (Маъдан суйи) мухаттасидан маъдан сувлари тарафиға азимат этдим. Қаторларға тўла Русиянинг ҳар тарафидан аҳли давлат ва шавқ ҳужум эткандурлар. Зотан, ҳар сана ўн бир ой кечау кундуз ишлаб, биргина ойни мумкин бўлса шунда ўткармоқ керак экан.

4 июн. Кисловодск.
«Ойна» ж., 1914 й., 35-сон,833836-бетлар.

(Давоми бор)

 1.Йўқ

 *
Буқъа – масжид, ибодатгоҳ; мақбара; ҳужра
Доро эга
Моддатан аслида
Эътиносизлик —беғамлик, эътиборсизлик
Манбит кўкаламзор
Қарағаса қора тупроқ
Ҳосилхиз – серҳосил
Шай – нарса
Мухаттасиғача – бекат