“Хайбар шаҳри сенинг қўлингда фатҳ бўлсун”

“Хайбар шаҳри сенинг қўлингда фатҳ бўлсун”
47 views
26 September 2016 - 7:00

madina-nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 90

(давоми)

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундоғ бўлиб, етти кунгача Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар каби улуғ саҳобаларга туғ топшириб, қалъа ҳужумига буюриб турдилар. Лекин ҳеч бировларидан фатҳ аломати бўлмади, балки яҳудийлардан бир бўлук фидоий аскарлари тўсатдан ҳужум қилишиб, қамалда турган ансор аскарларини орқага чекинтирдилар. Бу чекинишнинг охири Расулуллоҳ чодирларига бориб етган эди.

Муни кўриб, Расулуллоҳ ғамгин бўлдилар. Чунки бу ҳужумда ўлим бўлмаса ҳам, ярадорлар кўпайди. Расулуллоҳнинг буйруқларича аскар улуғлари навбати билан ҳар кеча душманни кузатиб, қоровуллик қилишур эди. Еттинчи кеча навбат Ҳазрати Умарга келиб экан, қоровул аскарлари ярим тунда бир яҳудийни тутиб анинг олдиға олиб келдилар. Ани ўлдиришга буюриб эдилар, у:

— Ҳой, мени ўлдирманглар, мени пайғамбарингиз қошига элтинг, сиз учун фойдалик сўзим бор, унга айтурман, — дегач, Ҳазрати Умар уни Расулуллоҳ ҳузурларига келтирди.

Ундан сўз сўрадилар эрса:

— Эй Муҳаммад, жонимга омонлик берурмисан, агар қалъа ичидаги сир сўзларни айтиб берсам? — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Омонлик берурман, ул сўзларингни айтгил, — дедилар.

Яҳудий айтди:

— Бу қалъа ичидаги аскарлар эса, беш-ўн кун ўтмай турибоқ урушдан зерикиб қолишди.Мунинг устига аскарларда қўрқинчлик бор. Қўрққан қўшиндан яхшилик умид қилиб бўлмас. Шу кеча хотин-болаларини иккинчи қалъага кўчирдилар. Эрталаб қалъадан чиқиб, устингларга ҳужум қилмоқчидурлар. Агар шу қалъани қўлга киритур бўлсангиз, унинг ичида ишланган ер остида бир уй бор. Мендан бошқа уни ҳеч ким билмайди. Мана шу ер остидаги уйда манжаниқ даббоба деган қалъа бузар уруш қуроллари бордир. Агар шу асбоблар қўлга келар экан, у чоғда бари қалъаларни тезлик билан олгали бўлур. Мундан бошқа, ул уйда юзлаб, минглаб ҳар хил қуроллар топилғусидир. Шу эрталабки ҳужумда зафар топиб, қалъани олсангизлар, ул уйга сизни ўзим бошлаб киргайман. Эй Абул Қосим, хотинимга ҳам омонлик сўрайман.

— Унга ҳам омонлик бердим, энди эса иймон келтиргил, — дедилар.

Яҳудий бир неча кун муҳлат сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужум кунлари аскарга ташвиқот қилиб, улардан ажрамас эдилар. Туғ олган аскар бошлиқлари навбатлашиб қилган ҳужумларидан натижа кўрилмагач, Расулуллоҳ айтдилар:

— Энди шу эрталабки ҳужумда Ислом туғини шундайин бир кишига берурманки, у Аллоҳни ва анинг пайғамбарини севади. Аллоҳ ва анинг пайғамбари уни севадилар. Шунинг қўли билан бу қалъалар очилади. Бу сўзни англашиб саҳоба улуғларининг ҳар бирлари: «Кошки эди, шу одам мен бўлсам эдим», деб ўйлашар эдилар. Расулуллоҳ ҳужум туғини топширур чоғида аскар бошлиқлари кўкрак керишиб: «Менга берармикан?» деб жавдирашиб турдилар. Туғ талабида Ҳазрати Саъд ибн Аби Ваққос қаршиларига келиб тиз чўкиб ўлтирди. «Мундоғ улуғ неъмат қандоқ улуғ давлатлик кишига насиб бўлмиш экан», деб саҳобаларнинг катталари кечаси билан ўйлашиб чиқдилар. Шунда, Ҳазрати Умар:

— Исломга кирганимдан буён ҳеч бир вақт амалдор бўлишни талаб қилмаган эдим. Қачон Расулуллоҳдан Хайбар урушида шу сўзни англадим эрса, шу куни аскар бошлиғи бўлиб, туғ кўтаришни орзу қилдим, — деб айтди.

Шунга ўхшаш барча саҳобалар ҳам бу давлатдан умид этдилар. Лекин Аллоҳ таоло ўзи суйган қулига бу неъматни ато қилди. Шу билан еттинчи кеча ўтиб, тонг отиши билан улуғ саҳобалар бирортамизга бу илтифот бўлғайму деб, ҳар қайсилари Расулуллоҳга тўғри бўлдилар. Ҳеч бировларига гапирмай: «Али қайда?» деб сўрадилар. Чунки у кунлари Ҳазрати Али аскар ичида йўқ эди. Кўзи қаттиқ оғриб қолгани учун Расулуллоҳ бу сафарга рухсат қилмаган эдилар. Расулуллоҳдан ажраб Мадинада қолганига чидаёлмай, кўз оғриғига қарамай, уч-тўрт кун кейин аскар орқасидан етиб келмиш эди. Лекин кун иссиғи, сафар машаққати билан кўз оғриғи кучайиб, бир чодирда ётар эди, Расулуллоҳ уни йўқлаб қолдилар.

— Ё Расулаллоҳ, унинг кўзи қаттиқ оғрибдур. Кўз очмоққа дағи қудрати йўқдур, —десалар ҳам, йўқ, уни келтуринг деб, Салама ибн Акваъни юбордилар. Ул киши бориб етаклаганича Алини Расулуллоҳ олдиларига келтирди. Ани кўришлари билан:

— Мен айтган киши шу, мен айтган киши шу, — дедилар.

Сўнгра ўз қўллари билан туғ боғлаб, уни Ҳазрати Алига топширмоқчи бўлдилар. Анда Ҳазрати Али:

— Ё Расулаллоҳ, бир неча кунлардан бери кўзим қаттиқ оғрийдур. Шунинг аламидан ўз оёқ остларимни ҳам яхши кўролмай қолдим, — деди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Алининг бошини тиззалари устига қўйиб, муборак тупурикларидан кўзларига суриб эдилар, шу онда оғриқ кўрмагандек бўлиб, кўзлари чироғдек очилди. Ҳазрати Али кўз оғриқ, тиш оғриқ деган нарсани умрларининг охиригача кўрмадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Калимаи таййиба» ёзилган оқ туғни Ҳазрати Алига тутқазиб туриб:

— Ё Али, олға қараб интил, Аллоҳ сенга ёр бўлғай, ҳеч ёққа боқмагил, бу қалъалар қопқаси сенинг қўлингдан очилгай, — дедилар.

Расулуллоҳ буйруқларини англаши билан Ҳазрати Али ўттиз-қирқ қадам олға босиб, сўнгра тўхтади. Қайрилиб қарамасдан, олға қараб турганича қичқириб:

— Ё Расулаллоҳ, нимага урушурман, ким учун қон тўкурман? — деди. Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Оламни яратгувчи ёлғиз Аллоҳ деб инонгунчалик урушурсан. Мени чин пайғамбарлигимга иқрор қилгунча қон тўкарсан. «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ» калимасини оғзаки бўлса ҳам айтар эканлар, биздан мол-жонларини қутқара олади. Тилида бўлса ҳам шу сўзни айтган кишининг мол-жонига омонлик бергаймиз. Биз уларнинг зоҳирига боққаймиз.  Ботинларини Тангрига топиштиргаймиз. Агар шу калимани айтиб иқрор бўлсалар, Аллоҳ буюрган диний ҳуқуқни уларга билдир. Намоз, рўза, закот, фарз, вожиб амалларини ўргатгил. Худо ҳаққи, агар бир кишини ҳақ йўлига келтурсанг, бир қабила халқининг қизил туяларини Худо учун садақа қилгандин анинг савоби ортиқроқдур. Ўнг ёғингда Жаброил, қўлида қилич, сенинг учун ёрдамга келмишдир. Эй Али, сен Араб халқининг сайиди, мен одам наслининг сайидидурман, — дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ ўз белларига боғланган зулфиқорни, эгниларига кийган темир совутни бериб:

— Бор энди, Аллоҳ ёрдамингда бўлсин, Хайбар шаҳри сенинг қўлингда фатҳ бўлсун, — деб ҳужумга буюрдилар.

(давоми бор)