Ёруғ юз билан киргим келар Она Ватанга…

Ёруғ юз билан киргим келар Она Ватанга…
31 views
28 September 2016 - 22:38
Улуғбек Ашур

Улуғбек Ашур

4 декабрдан кейин Ўзбекистоннинг мутлоқ ҳокимига айланадиган Шавкат Мирзиёевни танқид қилишни ҳозирдан бошлаш керакми, ёки ҳозирча унинг ғашига тегмасдан, қўлимизни кўксимизга қўйиб туришимиз керакми?

8 сентябр куни у Конституцияни бузди. Буни жимгина ютиб кетдик.

Фуқаролик ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритдики, буни ортидан ҳорижда бир неча йиллардан бери яшаб келаётган ўзбеклар олдига ғалати тўсиқлар қўйилди. Бунисигаям сукут билан жавоб бердик.

Бундан кейин ҳам унинг яхши томонга ўзгаришини кутамиз деётганлар янглишади. Диктаторларни яхши, халқпарвар сиёсатчига айлантириш – бу менимча амалга ошмайдиган иш.

Ватанга қайтиш учун, уни ҳозир қаттиқ танқид қилмай, “Яхшисини ошириб, ёмонини вақтинчалик яшириб”, турганлар, Ватанга қайтиб бориб ҳам Шавкат Мирзиёевни авра-асратини ағдара оладиган шахсга айлана оладиларми? Йўқ албатда. Улар эл қатори жимгина яшаб юришга маҳкум бўлишади. Шавкатга тик қараганлар эса, унинг биргина имоси билан, қаёққадир ғойиб бўлишади, ёки келган жойига чиқариб юборилади.

Ж. Муҳаммад, “Шавкат Мирзиёевнинг юрагидаги аждаҳони уйғотиб юбормайлик” дейди.

Лекин унинг юрагидаги аждаҳо ухлагани йўқ. Шавкат ўз аждаҳосини тахтга чиққунича кишанлаб қўйди холос.

Баъзилар айтдики, “Ватангача етиб олишимиз керак ва бунинг учун стратег бўлишимиз керак”…

Стратегия, яъни мақсадга эришиш йўлида турли айланма йўлларни топиш, сиёсатчиларга хос. Мен эса оддий журналистман. Менинг стратегиям – вазиятни ёритишдаги Холислик ва Самимият.

Бутун бошли мамлакатни бошқариш, ўтмишда катта бир вилоятнинг иқтисодини синдириб, одамларни уриб, сўкиб, тепиб ишлатган одамни қўлига қоляптими – уни билганлар жим турмаслиги керак хозир.

Албатда, менинг хам Ватанга қайтгим келади. Лекин, аждаҳони уйғотиб юбормаслик ва унга ем бўлмаслик учун оёқ учида юриб, шивирлаб, висирлаб эмас, дадил қадамлар ва ёруғ юз билан киргим келади Она Ватанга…

Улуғбек Ашур

Facebook.com  ижтимоий тармоғидан олинди