Хайбар қалъалари кетма-кет мусулмонлар қўлига ўта бошлади…

Хайбар қалъалари кетма-кет мусулмонлар қўлига ўта бошлади…
113 views
01 October 2016 - 7:00

madina-nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 92

(давоми)

Яҳудлар бундан хабар топгач: «Сувсизликдан ўлгандан кўра, урушиб юриб қирилганимиз яхшироқдур», дейишиб, сел қоплагандек ҳужумга чиқдилар. Мужоҳидлар тарафидин қаттиқ қаршиликка учрашиб, жон ширинлик қилиб, олға босолмай, яна орқага қайтдилар. Мана шу чоғда ансор баҳодири Абу Дужона бошлиқ бир неча жонфидолар «Аллоҳу акбар» садоси билан орқаларидан ҳужум қилганларича қувишиб қалъага кирдилар.

Душман жон талвасасида қочиб ўнг ёнидаги қалъага тиқилишди. Бу янги олинмиш қалъада ўлжага қолдирилган жонлик-жонсиз мол-дунёнинг ҳисоби йўқ эди. Яҳудлар бу қалъага фақат нишончи, мерган кишилардан сайлаб қўймиш эдилар. Ислом аскарини яқин келтирмай, алар устларига ёмғирдек ўқ ёғдиргали туришди. Шу чоғдаги отилмиш ўқлардан биттаси Расулуллоҳнинг этакларига келиб тегди. Муни кўрдилар эрса дарҳол ердан бир чангал майда тош олиб «Аллоҳу акбар» деб қалъага отдилар. Отишлари биланоқ қалъада бир зилзила пайдо бўлди, бутун аскарлари билан қалъа ерга чўкиб, барчаларини ер ютди.

Бу эса Худо қудрати билан Пайғамбаримизнинг ҳақлиги учун кўрсатилган мўжизалари эди. Бу қудратни кўриб туришса ҳам қолган яҳуд аскари иймон келтирмадилар. Шундоқ бўлиб, Хайбар қалъалари кетма-кет мусулмонлар қўлига ўта бошлади. Бироқ булар ичида фатҳ бўлмаган яна уч қалъа қолди. Аларнинг энг кучлик, ишончлик қалъалари эрса Алқамус номли бўлиб, бу қалъада яҳуд раисларининг оилалари, яна ҳар турли қимматбаҳо моллари сақланмиш эди.

Расулуллоҳ бу қалъа устида йигирма кун қаттиқ қамал қилиб турдилар. Охири Ҳазрати Али қўлидан бу ҳам фатҳ бўлди. Онамиз Сафия шу қалъадан асир олинган эди. Бу қалъа олингандан кейин яҳудларнинг руҳлари тушганликдан, қалъа ичида туриб мудофаага киришдилар. Қолган икки қалъани ҳам ўн тўрт кун қамал қилдилар. Лекин яҳудлар ташқари чиқишга ботинолмай, қалъа ичидан мудофаа қилиб туришди. Қурол ташлаб берилишга келмагач, ўзларидан олинган қалъабузар яроқларни келтириб, қалъага отмоқчи бўлдилар.

Муни кўриб яҳудларга қаттиқ қўрқинч тушди. Агар ўзлари таслим бўлмас эканлар, ё очликдан ҳалок бўлиш, ё куч билан босиб олинишни билдилар. Шу билан бошқа чора топилмай ўртага орачи қўйиб келишгандан сўнгра тубандаги шартлар ёзилиб, бир сулҳнома тузилди.

Биринчи, ўз жонларига, хотин-болаларига омонлик олишиб, бир қават кийган кийимлари билан Хайбар тупроғидан чиқиб кетгайлар. Мундин бошқа бутун мол-дунёлари, тамом асбоб-ускуна, яроқ-жабдуқларини мусулмонларга топшириб бергайлар. Кўмган-яширган моллари бўлса, уларни кўрсатгайлар. Бу тўғрида ҳеч қандай хиёнат бўлмаслиги шартдур. Бу ишлар бажарилгандан сўнгра, хоҳлаган жойга кетишга рухсат бердилар. Ўртада битим бўлиб, сулҳнома ёзилгач, уруш тўхтади. Шу билан Хайбар қалъалари бутунлай мусулмонлар қўлига ўтди. Бу кейинги сулҳ билан олинган икки қалъадан чиққан асбоблари эрса шулар эди:

юзта темир совут;
тўрт юз дона қилич;
мингдан ортиқ найза;
беш юз дона ўқ-ёй.

Бир неча жилд ёзилган Таврот китоблари ҳам бор эди. «Буларга бизнинг ҳожатимиз йўқ», деб Расулуллоҳ Тавротни сўраган яҳудларга бердилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар раисларидан Кинона ибн Рабеъ деган яҳудийни чақириб:

— Бани Назар яҳудларининг хазинасини қайга қўйдинг? — деб ундан сўрадилар.

Шунда ул:

— Хазина кўмилган жойдан менинг хабарим йўқдур», — деб баҳона топди.

Ҳақиқатда эса бу хазинани юқорида воқеаси ўтган Бани Назир яҳудлари Мадина тупроғидан чиқарилганда Хайбар яҳудларига омонат қўйиб кетмиш эдилар. Бу эса Исломга душманлигининг қаттиқлигидан, булар олгунча чириб кетсин деб, кўмилган ерини кўрсатишга рози бўлмади.

Анда Расулуллоҳ:

— Ўзимиз излаб топамиз, унда сен ўлимга розимисан? — дедилар.

Ул:

— Розидурман, — деди.

Расулуллоҳ буюрдилар эрса, гумонлик жойларни қазишиб топиб олишди. Хиёнат қилиб аҳдни бузғонлиги учун ўлим жазосига буюриб, Муҳаммад ибн Саламага ижро этишга топширдилар. Ул ҳам укаси Муҳаммад ибн Маслама қасосига уни ўлдирди.

Сўнгра Хайбарда тушган ўлжа молларини йиғишга буюрдилар. Саҳобалардан Каъб ибн Амр келиб ҳаммасини бир жойга йиғди. Булар ичида Хайбар раиси Ҳуяй ибн Ахтаб қизи Сафия ҳам бор эди. Бу қиз эса ҳазрати Ҳорун алайҳиссалом наслидан бўлиб, хасаб-насаблик, ҳусн-жамоллик эди. Буни олмоққа қизиққан киши кўп эди. Шунинг учун кўпчилик муни Расулуллоҳга лойиқ кўришиб, ўртадан чиқазиб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни озод қилгандан кейин:

— Агар Ислом динига кирар бўлсанг, сени ўз никоҳимга олурман. Мунга йўқ дер эрсанг, сени ўз ерингга юборурман, бу ишда ўзинг ихтиёрлик эрурсан, — дедилар.

Анда Сафия иймон келтириб, Расулуллоҳнинг никоҳларига киришни ихтиёр қилди. Чунки Сафия, мундан илгари туш кўрди эрса, осмондан ой тушиб анинг қўйнига кирди. Тушини онасига айтиб эрди, юзига бир шапалоқ уриб: «Ҳай, бети қалин, бу янги чиқмиш пайғамбар никоҳидан сенинг умидинг борми?» деди. Унинг деганидек, бу тушнинг таъбири ҳам шунга тўғри келди. Никоҳ кечасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарасалар Сафия кўзида кўкарган бир доғ кўринади. Сабабини сўрадилар эрса, ул ўтган воқеани айтди. Шу никоҳ кечаси саҳобалардин Абу Айюб Ансорий қилич тақиниб Расулуллоҳ ётган чодирни айланиб, тонг отгунча кузатиб чиқди.

— Нега бундай қилдинг? — деб Айюбдан сўрадилар.

Анда ул:

— Ё Расулаллоҳ, бу хотин эрса янгидан мусулмон бўлди. Мунинг отаси, эри, қавми қариндошлари бу урушда ўлдирилдилар. Уйқу ичида сизга бир ёмон қасд қилиб қўймагай деб, кўнглим тинчимай кузатиб чиқдим, — деди.

Анда Расулуллоҳга бу сўзи хуш келиб: — Эй бор Худоё, Абу Айюбни офатлардан асрагин, шу кеча ухламасдан у мени сақламишдур, — деб дуо қилдилар.

Расулуллоҳ дуолари қабул бўлиб, умри борича бу киши офатлардин омон бўлди. Энг охирги умрида Ислом мужоҳидлари билан жиҳод учун Румга келди. Рум пойтахти Истамбул шаҳрини Ислом аскари қамал қилиб турганларида, ўз ажали билан вафот топиб, шу ерга кўмилдилар Разияллоҳу анҳу. Бу шаҳар фатҳ бўлгунча қабрлари узун замон кофирлар ичида қолган бўлса ҳам, Расулуллоҳнинг нафаслари кетганликдан оёқ ости бўлмай, шу кунгача сақланиб келди. Туркия пойтахти Истамбул шаҳридан четроқ бир жойда мозорлари машҳурдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Абу Айюб Ансорийнинг уйига қўнган эдилар. Чунки минган туялари Худо буйруғи билан шу кишининг эшиги олдига келиб тўхтаган эди.

Яна ўз сўзимизга келайлик.

(давоми бор)