Биз, мусулмонлар нима учун Қуръондан, санъат ва ғайратдан узоқ кетдик?

Биз, мусулмонлар нима учун Қуръондан, санъат ва ғайратдан узоқ кетдик?
278 views
02 October 2016 - 7:00

1841Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(5)

7 июнда Одисға кирилди. Бу шаҳар Русиянинг 3-шаҳри бўлуб, аммо тижоратда Қора денгиз соҳилида бўлгани учун ниҳоятда тараққий этгандур. Русиядан чиқатурғон ғалла ва хом нимарсалар Оврупоға шул аскаладан чиқар.

Аҳолиси: рус, яҳудий, рум ва бошқалардур. (Мундаги мусулмонларнинг аҳволи сўнгра ёзилур.)

Нарсаларимни бир ерда қўюб, тазкира(белат)ни қўл қўйдурмоқ учун Туркия қунсулхонасиға бордим. Узунлиги бир газ, эни ондан озроқ, тўлони бир унвон эшигини устида осилган. Унвон, ким билур, неча сана муҳаддам ясалгандур. Алон ранги ўқулмас даражаға келиб, унвоннинг темур ва тунукаси чуруб тешилибдурким, мундан қўнсулбекларнинг қайдсиз ва бепарволиги маълум бўлур.

Соат 10. Аммо қўнсулхонада киши йўқ… Андан Одис шаҳри жомеъ шарифиға келдим. Имом афанди Собиржон ҳазратларининг ёрдами ила кундуз соат 12 да парахўдға кирдук. 2-мавқега 16 сўм, 3-сиға 5 сўм бериб бир белат олдук. Оқшом икки сўм бериб, 2-даражанинг салўнидан ётар жой олдим. Ана, 9 сўм фойда!

2-даража золиға яхши либоссиз киши қўюлмайдур. Парахўдга тезлик ила кирдук. Одисда турушимиз фақат 2 соат, авқот олмаган эдук, 2-даражанинг салўниға 2 дафъа таом ва икки дафъа нон ва сут учун 4 сўм оқча тўладим. Эй, зарари йўқ, яна 5 сўм фойдамиз бордур.

Соат 12 кундуз парахўдимиз денгизни кўпуртуруб ҳаракатға кирди. Ва андак муддатда шаҳар ва ер кўздан ниҳон бўлди. Денгиз ойнадек шаффоф ва сокин, ҳаво латиф, ялғуз остимизда суву устимизда бохаридур*. Денгизнинг барроқлик* ва латофати сўнг фишфиши, парахўднинг гумбиргумбури табиатга жило берар. Дигар тарафдан мўътадил ва фором бир шамол эсар ва неча кундан бери сафар машаққати тортган жисмға ниҳоятда ёқишар. Сатҳий бир назар ила боқилса, бутун ер қуруқлик ва дунёлар йўқ. Ҳар кимарса, яъни шаҳарлар, чўл, тоғлар ва мамлакатда қолган оила ва аҳбоблар хаёл оламидадур. Энди денгиз ила парахўд фикрни ўзиға жалб этар...

«Ердагиларни Сизға мусаххар қилдим Оллоҳнинг амри ила марокиби баҳрия* денгизға жорий бўлур» мазмунидаги оятлар мулоҳаза қилинур. Оҳ! Биз, мусулмонлар на учун Қуръондан, санъат ва ғайратдан узоқ кетдук? Остимиздаги парахўднинг тўли 150 газ зиёда, ичидаги ёлғуз ҳайвон нотиқ 300 дан зиёда ва ғайри нотиқида бордур. Ғалат ва бошқа юки ҳам кўп. Бу жонсиз ҳайвон биздек жонли ҳайвонларнинг асари санъатидур. Ўтайлук, бу уч юз сўйлағучиларнинг ярмидан зиёдаси 12-даражада бўлиб, мусулмондан маним ила фақат уч нафардур. 3-синфдагининг аксари мусулмон бўлиб, фақру заруратдан оёқ остида ва ҳожатхоналар ҳамсоялигида ўлтуруб ва оқшом анда ётарлар.

Парахўдда аксарият яҳудийларгинадур ва бироз рус фуқаросидан ҳам борким, бир неча кашиш (иўп)лари ҳам бордур. Аларнинг аксари 3-синфла ва анбордадурлар. Бу яҳудий ва руслар аввалан Истанбулға кириб, «Аё Суфия» ва «Қаърия» жомеъи ва бошқа азиз калисоларни ва яҳудийлар «Хохом» бошини зиёрат этуб, сўнгра Қуддуси шарифға кетарлар, яъни рус ва яҳудий ҳожиларидурлар. Яҳудий ҳожиларининг аҳволи рус ҳожиларидан яхши ва аммо бизнинг мусулмон ҳожиларининг аҳволи оғирдур. Тил билмаслик, пулсиз ҳажға қасд қилмоқ ва пулликларнинг хайсу* чиркинлиги яна машаққатини зиёда этар.

2-даража золиға оқшом мандан бошқа яна учтўрт нафар яҳудий ва рус бор эди. Демоқким, алар ҳам 3-даража йўлчилари экан. Азбаски, 1—2-синфнинг ётатургон жойи бошқадур. Яҳудий ва руслар ила суҳбат этдук. Яҳудийдан бири дерки, «Туркистон эски дунёнинг Амрикосидур. Пахта, маъдан, ғалла, хулоса, ҳар нимарса бор. Туркистон олтундур. Агарда Русия ҳукумати монеъ бўлмаса, барча мулкимни сотиб, пулиға Туркистондан ер олиб, деҳқонлик этардим. Олтун бериб, ер олиб, сўнгра олмос кўтарар эдим. Аммо, на чора, Русия қонуни биз, яхудийларни қисар»

Мен, ичимда дедим: «Ташаккур Рус ҳукуматиғаким, сизни қўймайдур, валлоҳ, сиз яҳудийлар, биз аҳмақларни дарбадар ва беватан этарсиз»

Яна бир яҳудий Турк ҳукуматини таъриф ва анга ташаккур этар. Ман дедим:

— Қуддус атрофидаги янги шаҳарларингиз қандай?

Деди:

Алҳамдулиллоҳ, кундан кун тараққий этмоқдадур. Дўқтур Хретсил бу шаҳарни кўп меҳнатлар ила халойиқдан оқча жамлаб бино этди ва биз, яҳудийлар ҳам дунёда бир шаҳарлик бўлдук. Энди анда яҳуд банки ҳам бино қилинди. Дорулмуаллиминлар, гимнозиёлар, …лар бордур. Дўқтурнинг таклифи ила ҳаммамиз эски яҳуд тили (иброний) ўқуймиз. Ман ўзим русчадан бошқани билмас эдим. Бир йилдан бери ҳафтада икки соат ибронийча ўқудим. Энди ибронийча сўйлайман, ўқубёзаман

Ушбуларни деб суҳбатимиздаги бир Фаластин яҳудийси ила ибронийча сўйлайдур ва суюнадурким, дунёдаги бутун яҳудийларнинг энди тили бирлашур. (Арабийни тилларидан чиқаратургон мусулмонларға ибрат.)

Бир яҳудий бироз иброний билар экан, русчадан бошқа тилни билмайдургон хотун олгон. Хотуниға ибронийдан бошқа сўз демас экан. Хотуни йиғламиш, сихтамиш, чора йўқ. Эри ибронийдан бошқа қас(д)дан сўйламас. Хотун икки йилда ибронийчани яхши билибдур.

Энди мазкур хотун иброний жаридаларға мақола ёзармиш. Аммо биз 20 йил ўқуб, араби сўйлаб, ёзолмаймиз

Парахўдимиз соатда 18 чақирим юрадур. Оқшом фўртанасиз ўтди. 2-кун ҳам денгиз сокин, бирикки олчин бўйидаги балиғлар узоқдан парахўдға қараб сакрайдур. Сувдан чиқиб, 34 газ ердан отилиб, парахўдға яқин келур. Зоҳирий, парахўд ташландиларидан еб одат қилибдурлар. 2-кун соат иккида Бўсфўр бўғозига кирдук. Бўғоз оғзида парахўд турди. Туркия маъмурлари кичик парахўд ила келиб, кўруб, бўғозға кирмоқға жавоб берди. Бироз юргандан сўнгра рус қўнсулхонасидан маъмурлар келиб, почта коғазлари таоти қилинди. Бўғозға кирилгандан икки тарафи катта иморатлар ва бўғоз тишида ҳарбий қалъа ва тарафайнда аскархона ва тўплар, каттакичик ҳарбий парахўдлар бордур.

Бўғознинг оғзидан Истанбулғача 2 соат қадар масофат бўлиб, кичик шаҳардек қишлоқ ва маҳаллалар бино қилингандур. Давлатлик кишилар, қўнсуллар бўғозни чаҳорбоғ ва иморат ила тўлдурубдурлар. Бир неча сана сўнгра бўғоз бошиғача Истанбул шаҳрининг иморати етишар. Ҳозирда очиқ ер оздур. Денгиз бўйларининг мурабба* сажини* 20 сўмдан 300 сўмғача эмиш. Денгиз лабидан юқорироғи арзонроқ бўлиб, қишлоқ ва экин ҳам обчакорликдур*.

Бироз юругондан кейин Истанбулнинг катта сарой ва боргоҳлари, ҳаммадан аввал жомеълари ва бошқа иморати кўрунди. Ўрта барроқ су(в), тарафайнда катта иморатлар. Орасира чаҳорбоғлар, сўнгра тоғу тош ва бутун ер яшиллик ва ул зумрадин* ер устида оқ ва мармар, муқаддас жомеъ миноралари ва сарв оғочлари осмонға узалгандур. Хулоса, тўёлмас бир манзара ўртасидамиз. Эмди Истанбулға яқинлашурмиз. Атроф бутун парахўд, қайиқ. Бир тарафдан муқаддас жомеъларнинг олтун ҳилол(ой) қўюлгон ва қубба ва миноралари. Дигар тарафдан мармар кўшклар, подшоҳлик боргоҳлари бутун назарни ўзиға тортар. Қараган ила тўймайсан. Хулоса, Истанбулда Бўғозичи* латофати фавқулодда бир манзара бўлиб. Оврупо ва амрикойиларда мунинг ошиқидур. Биз, албатта!..

Қайиқчилар парахўдни сориб* олди. Парахўд турмасидан* тирмашиб чиқдилар. Биз 3 киши 24 гуруш (2 сўма савдо этиб, бир қайиқ олдук. 15 дақиқа су(в) юзиға солланиб, Истанбул божхонасиға чиқдук. Денгиз ичида пўлислар ҳар қайиқдаги одамни санаб, қайиқчи нўмрини ёзиб, санад* берадурлар. Ана биз энди Истанбулдамиз.

Истанбул, 8 июн.
«Ойна» ж., 1914 йил,
39-сон, 927-932-бетлар.

(Давоми бор)

*
Бохари – буғ
Барроқлик – ялтироқлик
Марокиби баҳрия – денгиз отлари денгиз улови, яъни кема
Хайсу – мумсик
Мурабба – тўрт бурчак
Сажин – 3 газ ёки 2,13 м.ли узунлик ўлчови
Обчакорликдур – суғориладиган экинзор
Зумрадин – шу жумладан
Бўғозичи – Босфорнинг иккинчи туркча номи
Сориб олмоқ — ўраб олмоқ
Турмасидан – трюм (кеманинг юк ортадиган пастки қисми)
Санад – рақам (номер), ҳужжат