Нафснинг йўлдоши шайтон, ростнинг душмани ёлғондир

Нафснинг йўлдоши шайтон, ростнинг душмани ёлғондир
119 views
03 October 2016 - 6:00

madina-nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 93

(давоми)

Хайбар қалъалари фатҳ бўлиб, душманлар завол топқонликдан мусулмонлар шод бўлишиб, шу жойда уч-тўрт кун дам олдилар. Шу орада Ҳазрати Алининг акалари Жаъфар ибн Абу Толиб, улуғ саҳобалардан бўлган Абу Мусо Ашъарий бошлиқ яманлик мусулмонлар билан ўн олти киши Ҳабашистондан келишди. Расулуллоҳ Маккада турғонларида саҳобалардин саксон тўрт киши Ҳабашистонга ҳижрат қилмиш эдилар. Ҳазрати Жаъфар шуларнинг раислари эди. Ул сўзга чечан, улуғ ҳимматлик, ботир юраклик киши бўлғонликдан Ҳабашистон подшоси Нажоший уни ўз олдига чақиртириб Ҳазрати Исо алайҳиссаломдан сўз сўраганида шу ҳақда келган Марям сурасини тиловат қилиб берди. Шунда Нажоший Ислом динининг ҳақлигини билгач, Расулуллоҳни кўрмай туриб, ғойибона иймон келтирмиш эди.

Бу муҳожирларнинг келганини англаб, Расулуллоҳ аларни қарши олдилар. Ҳазрати Жаъфарни қучоқлаб кўришиб, анинг пешонасидан ўпиб туриб айтдиларким:

— Аллоҳ таоло бугунги кунда менга икки улуғ неъмат ато қилмишдир. У неъматларнинг қайси бирига суюнгайман? Хайбар шаҳрининг фатҳ бўлганигами ёки Жаъфарнинг саломат келганигами? — деб шодлик билдирдилар.

Хайбарда тушган ғанимат моллардан уларга ҳам насиба чиқардилар. Мундоқ илтифот бошқаларга ҳеч бўлмаган эди. Яна шу куни Давс қабиласидан Ҳазрати Абу Ҳурайра бошлиқ саксон киши мусулмон бўлишиб ёрдамга келишган эди. Уларни ҳам қуруқ қўймадилар. Ҳар қандай сабабдан орага душманлик тушар экан, унинг дўстликка айланиши мумкиндур. Аммо ҳасаддан чиққан душманлик ўтининг ўчиши ҳеч мумкин эмасдир. Хайбар яҳудийларининг енгилиши эса, уларнинг Расулуллоҳга душманликларини яна ҳам орттирмиш эди.

Шунинг учун Расулуллоҳга очиқдан-очиқ зиён етказиш йўлини тополмай, яширинча зиён етказишга киришмиш эдилар. Мунинг мисоли: Хайбар яҳудлари раисларидан Салом ибн Мушкамнинг хотини Зайнаб заҳарлаб пиширган бир қўзини Расулуллоҳга ҳадя қилиб юборди. Одатлари эрса келган ҳадяни ҳар кимдан бўлса ҳам қабул қилур эдилар. Бу қўзи гўштини бир луқма олиб оғизларига солгач, уни ютмай дарҳол тупуриб ташладилар. Чунки Худо қудрати билан тавоқдаги гўштдан: «Ё, Расулаллоҳ, мени еманг, заҳарлик эрурман», деган товуш чиқмиш эди. Муни кўришиб бошқалар ҳам бу таомдан қўлларини тортдилар. Булар ичида Бишр ибн Баро деган саҳоба ул гўштдин бир луқма еб қўйган эди. Заҳар таъсир қилиб, шу онда вафот этди. Бу воқеани кўргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар яҳудларини бир ерга йиғилишга буюрдилар. Барчалари йиғилишгач:

— Эй Яхуд қавми, сизлардан сўрайдиган бир сўзим бордур, унга рости билан жавоб айтасизларми? — дедилар эрса, тўғрисини айтурмиз, деб барчалари ваъда бердилар.

— Андоқ эрса, сизларнинг энг катта отанглар кимдур? — дедилар.

Ўз боболарини яширишиб, бошқа бировни кўрсатишди.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй ёлғончилар, бобонгиз ул эмас, балки фалонийдур, — дедилар.

Яҳудлар ёлғон айтганларига ўзлари иқрор бўлишди.

— Иккинчи эрса, бу таомга нечук заҳар солдинглар? — деб сўрадилар.

Анда яҳудлар:

— Агар бу аниқ Пайғамбар бўлса, унга заҳар зиён қилмагай, агар ёлғончи бўлса, унинг ўлгани яхшидур. Баримиз ундан қутулайлик, дедик. Заҳар таъсир қилмагач, энди билдик, сиз Пайғамбар экансиз, — дедилар.

Аммо ўзлари иймон келтирмадилар. Юқорида айтилган киши шу гўштни еб ўлганликдан, унинг ўрнига ўшал яҳудий хотунни қасос қилмоққа буюриб, бошларини кечирдилар. Нафснинг йўлдоши шайтон, ростнинг душмани ёлғондир. Хайбар воқеаси устида Мадина мунофиқлари анчагина ёлғон хабарларни тарқатмиш эдилар. Айниқса бу хабарлар Маккага етганида улар учун байрам ойлари янгидан туғилмиш эди. Мусулмонлар яҳудлардан енгилибдурлар, аларнинг улуғлари ўлдирилиб, Муҳаммад ўзи эрса яҳудлар қўлига асир тушибдур. Бу яқин орада уни Макка шаҳрига келтириб ўлдирур эмишлар. Мана шу ёлғон сўзлар тарқалиб, Абу Суфён бошлиқ бутун Қурайш мушриклари бек суюнишмоқда эди. Шундоқ кўнгилсиз хабарларни эшитиб, Макка мусулмонлари мотамга қолдилар. Айниқса, ҳазрати Аббос бошлиқ пайғамбаримизнинг уруғлари Бани Ҳошим эркак, хотун-қизлари билан қаттиқ қайғуришди.

Бу хабарни тарқатувчи эрса, Ҳажжож ибн Аллот деган маккалик бир савдогар киши эрди. Уруш кунлари тижорат учун Хайбарга келмиш эди. Расулуллоҳга йўлиқиб қолиб иймон келтирди. Бу одамнинг уй-жойи Маккада бўлиб, мол-дунёси кўп бойлардан эди. Агар меним мусулмон бўлганлигимни Макка халқи билиб қолсалар, мол дунёларимни босиб олишиб, тижорат муомаласидан қарз олган пулларимни бермагайлар, деб қўрқди. Шунинг учун ишларини битириб, пулларини улардан йиғиб олгунча мусулмончилигини яширишга, ҳожат тушганда ёлғон гапиришга Расулуллоҳдан рухсат сўраб олган эди.

Шу билан бу киши Маккага борди. Қурайш раислари Хайбардан хабар сўрадилар, аларга хуш келгудек ёлғон сўзларни гапирди. Мунинг суюнчисига сенга ёрдам қилайлик дейишиб, халқ устидаги унинг қарз ақчаларини Қурайш раислари унга ундиришиб бердилар.

Аммо унгачалик дўстлар йиғлашиб, душманлар кулдилар. Бирор ҳафта ўтиб, ишлари битгандан сўнгра у киши секингина ҳазрати Аббос олдига келиб бўлган воқеаларни баён қилиб, уни қаноатлантирди. Бу тўғрида ёлғон сўзлагани учун узр кўрсатди. У киши ишини битириб, бир кечада ғойиб бўлгач, сўзлар ўзгариб, шод бўлганлар яна ғамга тушиб, ғамликлар шод бўлдилар.

Яна бир воқеа шул эрдиким, Хайбар фатҳ бўлган кунларида насоро роҳибларидан етмиштача одам Расулуллоҳга йўлиққани келдилар. Буларнинг олтмиш иккитаси Ҳабашистондан, саккизи эса Рум насороларидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Ёсин сурасини охиригача ўқиб бердилар. Тиловат тамом бўлгунча сукут қилиб йиғлашиб ўлтиришди. Ҳабаш вилоятидан келган саҳобалар билан онамиз Умму Ҳабиба ҳам бирга келган эдилар. Бу эрса Қурайш раиси Абу Суфённинг қизи эди. Бир куни туш кўрса, бир киши уни «Эй, мўминлар онаси» деб, тушида чақирди. Киши экан деб қараса, туши экандур. Мундоқ туш кўргач: «Расулуллоҳ никоҳига кириб мўминларға она бўлур эканман» деб кўрган тушига ўзи таъбир берди.

Бу хотин илгари Убайдуллоҳ ибн Жаҳш никоҳида бўлиб, Маккадан Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетмиш эдилар. Бу ерда ўн йил туришгандан сўнгра унинг эри Убайдуллоҳ Ислом динидан қайтиб, муртад бўлиб, насоро динига кирмиш эди. Шу динда ўлиб, хотини Умму Ҳабиба тул қолди. Расулуллоҳ муни англаб, Амр ибн Умайя деган кишини Ҳабаш подшоси Нажошийга юбориб: «Агар тул хотин ризолик берса, ўзи вакил бўлиб менга никоҳ қилсин», дедилар.

Нажошийга бу хабар келгандан кейин, ўзининг хос канизагини Умму Ҳабибага юбориб, бу сўзни англатди. Умму Ҳабиба ҳам мунга ризолик бериб, муҳожир саҳобалардин Холид ибн Саъдга ваколат топширди. Подшоҳ амри билан муҳожир саҳобалардин ҳеч ким қолмай йиғилдилар. Бу томондан давлат арбоблари билан подшоҳнинг ўзи ҳозир бўлди. Расулуллоҳ тарафидан Умму Ҳабибага тўрт юз мисқол олтин маҳр боғлади. Хутба ўқиб подшоҳнинг ўзи никоҳ қилди. Ўқилган хутбанинг арабчаси тарих китобларида ёзилмишдир. «Никоҳ ўтгандан сўнгра таом ейиш пайғамбарлар суннатидур», деб таом келтирмакка буюрди. Шу билан никоҳ мажлиси ўтиб, эртаси куни подшоҳ канизаги Ҳабашистон тансиқлари билан зебу зийнат хушбўйларидан Умму Ҳабибага келтириб топширди. Сўнгра ул жория айтди:

— Меним саломимни Расулуллоҳга етказгил, унинг пайғамбарлигига мен ишониб, Ислом динига кирдим, умрим борича мен шу динда тургайман. Расулуллоҳ олдида менинг иймонимга сен гувоҳлик бергил, — деб йиғлади.

Кейин онамиз Умму Ҳабибани муҳожир саҳобалардан Шураҳбил ибн Ҳасана деган кишига қўшиб Расулуллоҳга юбордилар. Мадинага келгач, Расулуллоҳнинг сафарга чиққанларини эшитиб, тўғри Хайбарга келиб Пайғамбаримиз билан кўришдилар. У кунларда эса Хайбар қалъалари бутунлай фатҳ бўлмиш эди. Бунинг устига булар келиб, кўп хурсандлик бўлди.

(давоми бор)