Саёҳат хотиралари. Истанбул

Саёҳат хотиралари. Истанбул
85 views
04 October 2016 - 6:00

old_eski_istanbulМаҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(6)

8-июнда Истанбулда кирганимиз қориларға маълумдур. Ёзилатургон матлаблар ҳар нимарсадан кўп. Қайси ва нимадан бошламоқни билмайман. Бинобарин, Истанбул ҳиссиётимни сўнгға қолдуруб, ҳозир бошқаларни ёзарман.

16 июн кеч Истанбулдан оташароба қаториға кирдук. Наманганлик муҳтарам бир мударрисда рафиқимиздур. Истанбул ила Адрна ароси қатор ила ўн соатлик йўл бўлуб, Австриё насоролари темур йўлнинг соҳиби ва 2-синф белати ўн сўмдур. Бечора мусулмонлар беш юз йилдан бери Оврупода ўлтуруб, Овпупо одати, либоси ва ямон ишларини одат қилиб, аммо илм ва ҳунаринан керагинча ҳисса олмабдурлар. Бул ҳар ерда шундайдур. Бу кунғача бир чақирим темур йўли бино қилмоқға бутун мусулмонларнинг илм ва иқтидори йўқдур. Аммо попирус, ичкулик ва бузуқлик тарафиға бор кучимиз ила аъло ҳолда тармашармиз.

Темур йўл бир соатдан зиёда шаҳар ичидан ўтар. Андан сунгра тарафайн боғчалар, обчакорликлар, аскархона, сарбозлар чодиргоҳи, корхона ва фабрикалардур. Баъзан қатор денгиз каноридан ўтар. Эски «Бизанс»ликлар* тарафидан бино қилинган қалъаларнинг хароба деворлари ҳануз боқийдур.

Шаҳардан чиқиб, бир соатда Миср кўйиға* етдук. Мунда Истанбул кибор ва давлатликларининг боғистон ва сайфияси* бўлуб, аъло ва бир неча ошёналик иморатлар бино қилинган ва ҳар тараф кўклик ва хуррам* ва бир тарафи денгиздур. Мунда Турк давлатинииг фишанг (ўқ) корхонаси бор. Яна бир неча кўйларни ўтар эдук, офтоб ётиб, ҳар нимарса кўздан ғойиб бўлди. Оврупо қаторлариға ётиб бўлмас. Икки киши ётадургон ўринға саккиз кишининг ўтурмоғи лозимдур. Ётмоқ йўқ.

Қаторға турк офисарлари кўп. Истанбулдан Адрна ва ондан охир ҳудудғача ҳар тараф аскар чодиргоҳидур. Офисарлардан баъзиси намоз ўқуйдур. Баъзиси юрмоқда. Оқшомни ўлтуруб ўткардук. Ходимкўй ва Чатолчани ўтдук. Тонг отар, ҳар тараф чаманлик. Буғдой, арпа ҳануз пишгани йўқ. Атроф чоқир-чуқур ва оризаликдур. Ҳануз Адрнаға икки соатлик йўл бор. Калисо бўлмоқдан қутулгон машҳури жаҳон Салимия жомеъи шарифининг миноралари кўрунур. Булғорлар тарафидан ёндирилган қишлоқ ва иморатларнинг хок тўдалари ҳар ерда намоёндур.

Мухаттаға етдук. Адрна мавқифи ҳам булғорлар тарафидан ёндирилуб эканким, энди янгидан бино қилинадур. Мухатта атрофидаги кўп иморатларни ёндуруб эканлар ва Адрнани ташлаб қочиш вақтларида булғорлар ҳар тарафға оташ бериб эканларким, турк аскарлари етиб, сўндуруб ва булғорларни, ниҳоят, кўп озуқа ва асбоблари ва йигирмадан зиёда энг катта тўп, ададсиз милтиқ ва асбоби ҳарбияларини ўлжа олиб эканлар. Тўплардан бир нечаси Истанбулдаги Гулхона майдонидадур. Мухатта атрофида турклар тарафидан овруповорий янги бир шаҳар бино қилинибдур.

Адрна шаҳри мухаттадан 5 чақирим қадар бўлуб, мармар тош фарш қилингон яхши бир йўл ила марбутдур. Тарафайн боғчалар ва ери ниҳоятда ўтлик ва бир тарафи подшоҳлик катта бир беша (ўрмонлук)дур. Қамов вақтида бу ўрмондан кўп кесилиб ўтун қилинибдур. Йўл канорида, ўрмонни бир тарафида мусулмон қаҳрамон шаҳидлари учун мазор ва оқ тошдан ёдгорий бино қилиб турубдурлар.

Эмди Мерич наҳрини ўтармиз, Самарқанднинг Зарафшон наҳридан етти-саккиз дафъа катта ва сокит* бир наҳр. Ва устида юз газдан зиёда бир неча равоқлик турклар бино этган ғиштин, муҳташам ва васиъ бир кўпрук. Ва икки тарафи мармар девор. Ўрта ерида икки тарафға нозир икки кўшк бордур.

Адрнаға кирдук. Барча йўллари тош фарш қилинган ва ҳар тараф олий қубба ва минораси булутларға узайган жомеълардур. Ҳар кўча ва ҳар ерда бузулган ва ёнилган ҳавлиларға учралур. Шаҳарнинг энг обод ер (ида) энг харобазорлар учраладурки, муҳорабанинг зараридур. Муҳорабадан аввал бу шаҳарда юз мингдан зиёда киши бор экаи. Энди 40 минг қолубдур. Мундаги рум ва яҳудийларға ҳам булғорлар жабр қилибдурлар. Румлардан бир нечасини ўтундек бирга боғлаб, Мерич наҳриға отиб, йўқ қилибдурлар. Мусулмонларни тириклай қудуқға солиб тўлдурубдурлар. Энди бу жойларда мазор ва ёдгорийлар бино қилинур.

Энди Султон Салим жомеъи шарифидамиз. Тўрт тарафи кунгиралик тошлар илан айлантурнлгон 8-10 таноблик бир майдон ва ҳар тарафида дарвозалар. Бу майдон ўртасида жомеъи шариф бино қилинган. Чунончи, қиблаға муқобил тарафға бир таноб қадар катта бир саҳн, 3 тарафи 21 равоқ ила айлантурилиб, равоқ қуббаллари якпора мармар, ранго-ранг устунлар устидадур.

Равоқ ичкарисидан оят ва ҳадис ёзилгандур. Бу саҳннинг кириш дарвозасиға садаф ва бошқа тошлар ўтқурилган ўймакорлик ҳалқа ва занжирлари мутталодур*. Дарвозанинг тоқидаги мармар устида олтун ила кабартма (манбит) шу байт ёзилгандур:

«Қад бана ҳаза-л-мақом ул-мужаббати ал амир ул- ҳақ султон ул-аном, аъно султон ус-салотин шоҳ Салим муслиҳу ябна лаҳу дор ус-салома баракаллоҳи таоло хайраҳу даафуллоҳи ажра явм ул-қиём сори фазлуллоҳ таърих ул-асос 976—982 фазлу бандаҳу кона тарих ал- итмом»[1].

Саҳн юзи мармар ила фарш этилиб, ўрта ниҳоятда санъатлик шашсу, мармар қубба ва остида катта бир ҳавз бўлуб, атрофи темир тўр ила иҳота қилингон ва мармар ҳавзнниг ҳар тарафидан миллар ила сув олинур. Мунинг муқобилида жомеъи шарифнинг тилло ва садафкорлик катта дарвозаси бордурким, андан кириб, бу муқаддас жомеъи шарифнинг ичидаги осор ва санъатларким, аввалги мусулмонларнинг асаридур, кўрган кишиларни баҳс ва ҳайратларға ғарқ этар. Муни ман сўйламайман. Оврупонинг мудаққиқ муҳандис ва олимлари сўйлайдур.

Мундаги осори нафисаи саноъиянинг баён этмоқға маним қаламим ожиз бўлиб, сатҳий баъзи нимарсалар ёзарман.

Жомеънинг ичи эшикдан меҳробғача 80 газ; 66 газ саккиз дона қизил, қаро, кўк ва облиқ мармар якпора устунлар устида катта бир қубба турар. Қуббанинг атрофи икки табақалик бўлуб яна тўрт қубба, 8 ним қубба ила давр этар*. Масжиднинг ўрта еридан ўн мураббаъ газлик мармар ва мақсура* ва анинг устида минг қадар шамъ ёқилатургон бир қандил бордур. Остида мудаввар* садаф ва мармарлардан бино этилган бир фаввораким, ичидан аъло бир сув набъон* этмакдадур. Меҳроб қуббасинниг бир тарафида қимматлик тошлардан бино этилган 20 қадар зариналик* бир минбар борким, минбари шарифнинг аъло гилем ва китоб ва эски асарларини ва олтунлик пўшишини* булғорлар олибдурлар. Жомеъи шарифнинг ич деворлари 4-5 газ иртифоъғача* хитойи табоқ чиннисидан ҳам аъло бир чинни ила рангоранг ҳам оят ва ҳадислик чиннилар ила қопланганким, дарзлари маълум йўқдур. Андан юқориси асл ранглар ила исломий ва гиреҳмў* зоиқ* ва ранглар ила нақшланиб, қуббаларнинг сақфи бутун оят ва ҳадис музойиқи* ва чиний кошини ила зийнат берилгандур.

Меҳроби шарифни иртиоиф 8 қадар бўлуб, муқарнас* мунаббаткори* ўймалик аъло мармардан бино қилинган. Ва мундаги морпеч ва занжира ва ўймакорлик ва олтун мунбат хат ва торларни латофати кўрулгон сайин тўюлмайдур.

Меҳробнинг ўнг тарафидаги кунжда* саккиз газ юқорида бир сандуқча ичида «Мўйи муборак» бор эканким, булғорлар тарафидан тушурулубдур.

Масжиднинг ҳар тарафида девори ашкоф ва темур сандуқлар ичида эски китоб ва Қуръони каримлар, эски осори исломия бор эканким, булғорлар синдуруб, ўлжа қилибдурлар. Алардан Султон Муродхоннинг тилло ила Қуръони карим ёзилган кўйлагини Туркия давлати бир неча минг сўмга қайтадан ўлжа этган кишидан сотиб олгони маълумдур.

Жомеънинг ичида 1800 қандил, кирилатурган 9 дарвоза темур баъзан ҳаллик ва баъзан мармар ўйма шабака*лик 900 дан зиёда равшанлик панжараси бордур. Тўрт минораси бўлуб, ҳар бири 3 шарафалик* ва ҳар бир минора ичидан 3 йўл ила ҳар бир шарафаға алоҳида зиналар ила чиқилиб, минораларнинг учи 80 газдур. Ийд ва рамазон оқшомлари бу минораларга 1200 зайтун чироғлари ёқилур.

Муҳосара* асносидаги булғор тўпларидан жомеънинг уст тарафлари зарар кўруб эканки, энди тузатмоқдадурлар. Шарқий тарафидан етти панжара ўқлардан синибдур. Яна шарқ ва хориждаги сим устунлардан бирига тўп гулласи* тегиб, барчасини учурубдурким, ҳануз маълумдур. Жомеъ майдонининг бир тарафида катта иморатлар бор эканким, ал-он аскар озуқалари ила тўладур.

(Бақияси* бор)

«Ойна» ж., 1914 йил,
40-сон, 957962-бетлар.

(Давоми бор)

*
Бизанс – Византия
Кўй – кўча
Сайфияси – экинзор, ёзги жой
Хуррам – тозалик, яхшилик
Сокит – тинч, сокин
Муттало – қуйма
Давр этмоқ – доира ясамоқ
Мақсура – меҳвар
Мудаввар – юмалоқ, айлана
Набъон этмоқ – чиқмоқ
Зарина – олтин
Пўшиш – ёшгачиқ
Иртифоъ – баландлик
Гиреҳмў – мураккаб тугунли, жимжимадор
Зоиқ – завқбахш
Музойиқ – зич, сиқиқ, тор
Муқарнас – қуббали нақшлар
Мунаббат – ёғочга ўйиб ишланган нақш
Кунжда – бурчак
Шабака – жимжимадор панжара
Шарафа – карниз
Муҳосара – қамал
Гулла – замбарак ўқи, снаряд
Бақия – давом

[1] Маъноси: Бу улуғ мақомни ҳаҳиқат амири, инсоният султони, султонлар султони шоҳ Салим мислсиз бир суратда меҳр билан бино қилгандирки, Аллоҳ таоло унинг бу эзгу ишига барака бергай ва мукофотини қиёмат кунида ўз фазли билан насиби рўзи этгай.
Асос ва битишнинг сана тарихи: 976—982.