Ғатафон қабиласининг воқеаси

Ғатафон қабиласининг воқеаси
117 views
05 October 2016 - 6:00

madina-nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 94

(давоми)

ҒАТАФОН ҚАБИЛАСИНИНГ ВОҚЕАСИ

Кўчманчи араблардан бўлган Ғатафон қабиласи Хайбар атрофида яшар эдилар. Булар эса илгаридан бери Хайбар яҳудларининг иттифоқдошлари эдилар.

Расулуллоҳ келмасларидан илгарироқ яҳудлар ўз раисларидан бир неча кишиларни юбориб, улардан ёрдамга аскар сўрадилар. Агар биз Муҳаммадни енга олсак, Хайбар ҳосилотининг тенг ярмини берамиз, деб ваъда қилдилар.

У чоғда Ғатафон қабиласига Ислом дини кирмаган эди. Уларнинг раиси Уяйна ибн Ҳиснни Расулуллоҳ «аҳмақул мутў» демиш эдилар. Яъни, халқ эргашган обрўйлик аҳмоқ демакдур. Уруш кунлари тўрт-беш минг аскар чиқаришга кучлари етар эди.

Яҳудларга тўрт минг аскар юбориб, ёрдам қилмоқчи бўлдилар. Уларнинг раислари Уяйна ибн Ҳисн бу ишга қаттиқ ваъда бериб ишонтирди. Бу хабарни Расулуллоҳ эшитдилар эрса, Ғатафонга киши юбориб, агар яҳудларга қўшилмай турсалар Ҳайбар ўлжасидан аларга ҳам насиба чиқарурмиз, дедилар. Бу сўзга қулоқ солмасдан тўрт минг аскарлик қўшин тузиб Уяйна йўлга чиқди. Бир оз йўл юргандан сўнгра Муҳаммад алайҳиссалом орқа томондан ҳужум қилмоққа келур эмиш, деб англадилар.

Бу сўздан аскар ичига ғовур тушиб, ўзаро иттифоқлари бузилди. Ночор бўлиб йўлдан қайтишиб келдилар. Иккинчи бир ривоятда айтибдур, ёрдамга чиққан аскарлар келаётганда: «Эй одамлар, ортингларда қолган бола-чақаларингни босдилар», — деган товуш эшитилиб, уларга қўрқинч тушди. Лекин бу овоз қайдан чиққанлигини ҳеч ким билмади. Шунинг билан ҳайрон бўлишиб, орқага қайтдилар. Келиб қарасалар бу сўз ёлғон экандур. Шундай бўлса ҳам бу баҳона билан тарқалган аскарлар ўз оилаларини қўриқлаб, Ҳайбар ёрдамига боришмадилар.

Бу ишнинг ҳақиқати эса, буларни йўлдан қайтариш учун мусулмон жинларининг мўминларга қилган ёрдамлари эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсу жинларнинг ҳам пайғамбаридурлар. Булар ичида ҳам кофир, — мусулмонлари бордур.

Инсонларга ўхшаш кофир ва мусулмон бўлиб, ўзаро уруш қилгайлар. Аларнинг ҳам мусулмонлари мусулмонларга, кофирлари кофирларга доим тарафдордурлар. Шунинг учун Расулуллоҳ айтдилар:

— Киши йўқ кенг далада бир кимарса намоз ўқимоқчи бўлиб азон айтса, секин айтмасин, балки қичқириб айтсин. Чунки азон товушини эшитган жин умматларим келишиб, унга иқтидо қилғайлар. Агар шундай жойда бир мўминнинг минган оти ҳуркиб қочди эрса, уни тўсқали ҳеч ким бўлмаса, «Эй мўминлар, отим қочди, тўсинглар!» деб қичқирсин. Мўмин жинлар уни тўсиб тўхтатгай, дедилар. Агар шундай бўлмай тўрт минг аскар яҳудларга ёрдамга етишур эрсалар, ташқаридан булар, ичкаридан яҳудлар бўлиб, мусулмонлар учун иш анчагина оғирлашар эди. Чунки бу ҳолда ўн тўрт минг душманга мусулмонлардан бир минг олти юз киши қарши туриши лозим келурди.

Асбоб оламига қараганда, бу иш имкониятдан ташқаридир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғаниматларидан буларга ҳисса чиқариб бўлса ҳам, бу ишдан тўхтатмоқчи бўлган эдилар. Улар унамагач, Аллоҳ таолодан мўминларга ғайбий ёрдам етиб, буларни тўхтатишга мажбур қилди. Сўнгра Хайбар шаҳри Ҳазрати Али қўлида фатҳ бўлгач, Ғатафон раислари суқлик қилишиб, ўлжа мол умидида Расулуллоҳ олдиларига келдилар. Буларнинг раислари Уяйна айтди:

— Эй Муҳаммад, Хайбардан олмиш ўлжа моллардан бизларга ҳам беришинг лозимдур. Чунки яҳудларга ёрдам беришдан бош тортиб, сен билан урушмоққа рози бўлмадик.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Ҳой ёлғончи, бу сўзинг ёлғондур. Аларга ёрдам бериш учун қўл тортиб йўлга чиққан эдинг, лекин орқангдан эшитилган сўз сени йўлдан қайтарди. Йўқ эса сен бизни аяб турмас эдинг. Энди сенга Руқайбани берурман.

Анда Уяйна:

— Руқайба нимадур? — деб сўради.

— Тушингда Руқайба тоғини кўрмиш эдинг, энди шуни олурсан, — дедилар.

Бу сўзнинг асли эрса шундоқ эрди. Уяйна Хайбар яҳудларига ёрдам учун тўрт минг аскар олиб йўлга чиқмиш эди, юқорида айтилмиш сўз баҳона бўлиб, йўлдан қайтмиш эдилар. Келгандан сўнгра ўз жойларида беш-ўн кун туриб, ҳеч қандай қўрқинчлик иш борлиги сезилмагач, қайтганларига пушаймон бўлдилар. Бу ерда чидаб туролмай, Уяйна бошлиқ бир неча раислар ҳар қандай бўлса ҳам Хайбаргача бориб кўрайлик-чи, дейишиб йўлга чиқишди. Кечалаб юришиб, Хайбар яқинига келиб етишдилар эрса, раислари Уяйна туш кўрмиш эди. У тунги тушида ўрмон кўргандек ўрнидан сапчиб туриб: «Бу кеча ажаб яхши бир туш кўрибдурман. Тушимда Руқайба тоғини қучоғимга олдим («Руқайба» араб тилида «бўйинча» демакдир). Мунинг таъбири шулки, Муҳаммаднинг бўйнидан тутиб, ўзимга бўйсундирурман. Бу кўрган тушим барчамизга башоратдур», деди.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳга муни аллақачон билдирмиш эди. Бу кўрган шайтоний тушдан яна умид қилиб Хайбарга келди эрса, Расулуллоҳ Хайбарни фатҳ қилибдилар. Муни кўриб ҳайронликда қолди. Яна қараб турмасдан очкўзлик қилиб Расулуллоҳдан ўлжа сўради. Ана шу чоғда Пайғамбаримиз мўжиза кўрсатиб: «Ўша тушингда кўрган Руқайба тоғи сенгадир, шуни олғил», дедилар. Бу мўжизани кўриб турса дағи дили уйғониб иймон келтирмади.

Хайбарни фатҳ қилган кунларида хурмолар пишмаган думбуллик вақти эди. Ундан кўпроқ ейишганликдан аскар ичида безгак касали кўпайгани турди. Муни Расулуллоҳ билгач, буюрдилар, эрта намозининг азони билан такбири орасида совуқ сувга ғусл қилғайлар. Шу билан барчалари шифо топиб, безгакдин қутулишди.

Хайбар урушида саҳобалардан ўн беш киши шаҳодат топмиш эди. Яҳудлардан эрса тўқсон уч киши ўлдирилди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарнинг ерларидан қанчалик ҳосил чиқди эрса, шунинг тенг ярмини хазинага топшириш шарти билан ҳар қайси ерни яна ўз эгасига қайтариб бердилар.

Ҳазрати Умар даврларигача яҳудлар шу шарт узра туришиб, Хайбар ерларидан фойдаланиб келдилар. Бу неъматга ҳам қаноат қилмасдан Исломга қарши баъзи бир хиёнат қилганликлари учун араб тупроғидан ҳайдаб чиқарилди. Йўқ эрса, Ҳазрати Умар даврларигача ўз ер-сувларида эркинлик билан яшаб турдилар. Кейин булардан катта бир хиёнат содир бўлди. Шундоқки, Шом муҳожирларидан Митҳар ибн Нофеъ деган бир киши бор эди. У одам Шом фатҳ бўлгандан кейин, урушда асир олинган насоролардан ўн кишини бирга олиб, Мадинага келди. Мунинг Хайбарда боғлари, ер-сувлари бор эди. Аларни ишлатмоқ учун шу жойга келтирди. Бу ерга келгач, ерлик яҳудлардан бири қулларга иғво қилиб:

— Сизлар насоро, бизлар эса яҳудий эрурмиз. Сизлар ва бизларга араблар қилич кучи билан бўйнимизга миниб ҳукмрон бўлдилар. Ёлғиз араб сизлардан қул қилиб ишлатишга ўн кишини келтирмиш, бу нечук хорликдур. Энди кундан-кунга меҳнатингиз ошгай, ҳайвон ўрнида ишлайвериб, азобга қолғайсизлар. Сизларга менинг маслаҳатим шулки, ишдан қайтиб, қачон бу қишлоқдан ташқари чиқдингиз эрса, уни ўлдириб ўз юртингизга қочиб кетсангиз, шундагина ундан қутулғайсиз. Йўқ эрса ўлгунча умрингиз қуллик билан ўтгай,— деди.

Улар ҳам:

— Айтқонинг тўғридур. Лекин бу ишга қуролимиз йўқ, — деган эдилар, яширинча уларга икки-уч дона пичоқ ҳам келтириб берди. Алар ишдан қайтгач, Хайбар ташқарисига чиқиб ёнроқ жойда Митҳар ибн Нофеъга ҳужум қилдилар. Қуроли қўлида бўлмагач, ёлғиз ўзини мудофаа қилолмади. Беш-ўн жойига пичоқ уришиб, ани шаҳид қилишдилар. Мундан бошқа Расулуллоҳ замонларида ҳам бир неча мартаба бу яҳудлардан яширинча хиёнатлар бўлган эди. Мана шу сабаблар бўлиб, Ҳазрати Умар халифалик даврларида бари яҳудларни араб тупроғидан чиқармоққа қарор қилди.

Барча Ансор, Муҳожир саҳобаларнинг фикрлари ҳам шул эди. Хайбар яҳудлари бу хабарни эшитдилар эрса, раисларидан бири Ҳазрати Умар олдига келиб:

— Ё, амирал мўминин, бизларни Хайбар тупроғидан қандоқ чиқара олурсиз?

Пайғамбарингиз Муҳаммад алайҳиссалом Хайбар ерининг ярми ҳосилотини бериш шарти билан бу ерни бизга топширган эди. Энди сиз бу жойдан бизларни чиқарур бўлсангиз, Пайғамбарингиз Муҳаммад йўлини бузғон бўлурсиз, — деди.

Анда Ҳазрати Умар:

— Агар сенларни араб тупроғидан чиқарур эрсам, Расулуллоҳ амрини бажарган бўлурман. Сенинг ҳақингда айтган сўзлари ҳали меним ёдимдан чиққани йўқ. У сўз эрса, сенинг ҳам ёдингда бор бўлғай. Расулуллоҳ сенга: «Эй фалоний, бир кун келур, Хайбардан чиқарилғайсан, юклик туянгни етаклаб Шом саҳросида кунлаб-тунлаб юрган чоғингда ҳолинг нечук бўлғай?» деган эдилар. Мана Расулуллоҳ айтган ўшал сўзнинг вақти энди келди, — деб бутун яҳудларни Хайбардан ҳайдаб чиқаришга буюрди.

Алардан қолган мол-дунёларни бўлса, холис баҳолаб қийматини бердилар. Аларнинг баъзилари Таймога, қолганлари Шом тупроғидаги Ариҳо деган ерга кетдилар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудлар ҳақида айтган эдилар: «Араб тупроғида икки дин биргалашиб туролмайди». Бундин мақсад, ёлғиз Ислом дини яшайди, демакдир.

Мана бу ҳадис мазмунича араб тупроғида борлиқ яҳуд ва насороларни қолган жойлардан ҳам чиқармоққа ҳукм қилди. У замондан бошлаб араб ўлкасида Ислом динидан ўзга дин қолмади. Бу Хайбар ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар бир неча мўжиза кўрдилар. Шу урушда саҳоба баҳодирларидан Салама ибн Акваъга каттиқ зарба етди. Унинг ҳаётидан барчалари умид уздилар. Ул эрса жон аччиғи билан ўзини Расулуллоҳга етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам анинг жароҳатига уч қайта тупурдилар. Муборак нафаслари тегиши билан жароҳат кўрмагандек бўлиб, у соғлом бўлиб кетди.

(давоми бор)