Фидокорлик қилинмаса, миллият ва динлар маҳв бўлуб кетар…

Фидокорлик қилинмаса, миллият ва динлар маҳв бўлуб кетар…
37 views
06 October 2016 - 6:00

214_001Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(7)

40-рақамдан мобаъд[1]

Манзарасидан тўймасдан чору ночор Султон Салим жомеъи шарифидан чиқдук. Бу жомеъи шариф мусулмонлар учун энг қадрлик ва азиз жомеълардандур. Чунки булғорлар Адрнани олганда бу жомеъни қўлга олиб ва эшикларига аскар қўюб, азону намозга рухсат бермай, «Аё Суфия» калисоси бадалиға калисо қилмоқчи эканлар. Бул арода Туркияни босган булғор, серб, қаратоғ ва юнон ҳукуматлари арасида ихтилоф воқеъ бўлди, шундайким, Адрнани олмоқға ялғуз булғорни кучи етмади. Анга ёрдам учун серб аскаридан 20 минг қадар келди. Ва охири очликдан Адрна суқут этди. Турк аскари очликдан дарахтлар пўстини ва гиёҳлар томурини ебдурларким, қобуғи очилган ва тикка турган юзлар ила[2] дарахтларни кўзум билан кўрдум. Аскарлар очликдан кўб ўлубдур. Қувватсизликдан бир тўп ўқини ўн қадар аскар зўрға тўпға қўяр эмишлар: Бовужуд, шул ўлганча ишдан қолган ва ё қочган аскар бўлинмайдур. Шу ҳолда бўлса ҳам шаҳарни душманға топшурулгани учун аскар норозилик қилибдур. Сербия аскари келгандан сўнгра Адрна қаҳрамони Шукри пошо яна аввалгидан зиёдароқ қаттиғлик ила Адрнани муҳофаза қилиб, ҳам душман ва ҳам очлик ила мубориза қилибдур. Дигар тарафдан Истанбулда Комил пошо «Буюк мажлис»ни жамлаб, Адрна аҳволи ва Туркиянинг қувватсизлиги ва Оврупо давлатларининг: «Адрнани булғорларға берингиз»,—деган таклифини музокара қилиб, охири сулҳан Адрнани булғорларға бермоқға қарор берилиб, ҳатто, қоғазлар ёзиладур.

Муни «Ёш турклар»нинг катталаридан ҳозирги Анвар пошо ва шаҳид бўлган Маҳмуд Шавкат пошо ва бошқалари эшитиб, ихтилол чиқариб, «Боби олий»ни босиб, ҳарбия вазири Нозим пошони ўлдуруб, Комил пошони банди этиб, Султонға маъқул қилиб, Маҳмуд Шавкат пошони садри аъзам қилдуриб ва Анварбек бош бўлуб, «Глибули» тарафидан Адрна устиға аскар чиқорди. Чатолча атрофида урушлар ҳам бўлди. Охири, лоиложона суратда очлик сабабидан Шукри пошо Адрнани таслим этмоқчи бўлди. Адрнани топшурди, аммо булғорға эмас, сербларға… Ва мунинг сабаби булғорлар ила серб орасида ихтилоф солмоқ эди. Ва ҳақиқатда Шукри пошонинг бу сиёсати душман аросида ихтилофға сабаб бўлди. Чунончи, Туркиядан олинган шаҳарлар устида Булғор, Серб ва Юнон орасида низоъ чиқди. Буларнинг орасида аввалдан ёзилган шартнома бор эди. Сербия у шартномадан зиёда ҳақни Булғордан талаб қилди.

Булғорлар деди: «Шартнома юзасидан тақсим қилармиз». Анга серб дедики: «Адрнаға аскар юбормоқим шартномада йўқ эди. Санинг илтимосинг бўйинча ман Адрнага аскар юбордим ва ҳам Адрнани маним аскарим таслим олди. Бинобарин, Қўсўва ва Маностир тарафидан манга кўпроқ жой бермоқинг лозимдур». Булғорлар мунга кўнмади ва охирда серб ила юнон бир бўлиб, булғорларни урдилар. Бул аснода Анварбек тўрт кунлик йўлни бир кунда юриб келиб, Адрнани босиб, булғорлардан қайтиб олди. Булғорлар муни билиб, Адрнанинг обод еру хонау аскархонау анборларига ўт қўюб эканларким, бу ўтларни ҳам вақтида турк аскарлари етиб, сўндуруб, булғорлардан бениҳоят озуқа, асбоб, милтиқ ва кўп адад тўпларни ўлжа олибдурлар. Ва Султон Салим жомеъи шарифини калисо бўлмоқдан қутқардилар. Агарда Комил пошо қарорномаси бўйинча Адрнани булғорларға сулҳан берсайдилар, балки муттафиқлар ўртасида уруш пайдо бўлмас ва Адрна шаҳри абадан кетган бўлур эди…

Хулоса, Адрнанинг қайтиб олингонлигининг шарафи ёш туркларға ва Анвар пошоға насиб бўлди.

Энди саёҳатимизға давом этайлук.

Адрна хорижида Сарой ичи аталган ва Тунча наҳрининг икки тарафида ёйилган энг ҳавондор* ва ниҳоят катта дарахтзор беша бордурки, қадима султонлардан қолган боргоҳларни(нг) харобалари мундадир. Бу бешанинг бир тарафи Адрна, дигари баландгина тоғлик ва бир тарафи ниҳоятсиз аскархона ва аскарий анборлар ва энг катта машқгоҳ, лашкаргоҳ ва майдонлардур. Мунинг аросидан Тунча наҳри ўтадурки, биз келганда аскарлар Тунча устида уруш вақтида ва ҳужум замонида ажала кўфрук солиб ўтмоқ машқини қилиб туруб эдилар.

Дигар тарафда пиёда ва отлиқ аскарлар машқи ва дигар бир тарафда янги ясалган кичкина оташ аробалар ила аскархоналар аросида уруш асбобларини ташир эдилар. Мунда ададсиз харобазор, ёқилган иморат, анбору аскархоналар кўбдур. Азбаски, бу ерни икки дафъа бўмбалар ила барҳаво этдилар. Бири усмонлилар тарафидан барҳаво қилиндики, мундаги асбобу аслаҳалар булғорға қолмасун, дигари ҳам шул матлаб учун булғорлар тарафидан ёндурилди. Бовужуд шул тошдан бўлган деворлариға таъсир қилмаган. Ниҳоят катта аскарий қишлов бутун турган истеҳком ва қалъалар кўпдур ва яна таъмир бўлуб турубдур. Мундаги майдон ва бешаларда юзлар ила катта чинор ва бошқа дарахтлар кўрулурки, қобуқлари, очилиб, оч аскарлар тарафидан ошалибдур. Ерларни қозиб, томурлар қобуғини ебдурлар. Ана, 20-асрнинг маданияти ва миллатчилиги.

Бу бўлмаса ва мундоқ фидокорлик қилинмаса, миллият ва динлар маҳв бўлуб кетар…

Бу катта саҳронниг ҳар тарафи кўз олгунча аскарлар чодиргоҳидур. Ер-ер аскар, тўп, милтиқ ва озуқа ҳамда тоғлардек пичан анборлари. Турклар-да энди кўзини очди. Кафанини бўйниға солиб, ўлумини кўзға олиб, маҳкам ерлашмоқдадур. Ҳақиқатан, Адрна Истанбулни(нг), бошқа тил ила Туркия давлати(нинг) дарвоза ва устунидур. Бу жонхарош* ва қон асри қиёмат намуналик манзаралардан ўтуб, тўплар ила хароб бўлган бир-икки маҳалладан ўтуб, Султон Боязид жомеъи шарафиға кирдук. Қатта бир майдон ва боғчалар, ундан сўнг атрофи мармар равоҳлар ила иҳота ҳилинган. Ўртаси фаввора — шодурвонлик*, ери мармар бир ҳовли ва онинг қибла тарафинда ниҳоят катта бир жомеъни бевосита орқасинда Тунча наҳри оқиюр. Ва устинда узун бир тош кўфрук бино қилиб, бу маҳаллаларни асл Адрна шаҳриға рабт* қилингандур. Жомеъ майдонининг бир тарафида 200 газ узунликда, 30 газ баландликда мармар бир иморат борки бир неча қитъаларға бўлунуб, жомеъ ва мадраса ва шифохонаси учун вақтинда ошхона эмиш. Муҳорабадан бери ош йўқ. Майдонни бошҳа тарафинда узунлиги 300 газ, эни 60 газдан зиёда ерларни босган кўп мармар иморатлар борки, мадраса ва шифохонадан иборатдур.

(Бақияси бор)

(Давоми бор)

*
Ҳавондор – қуюқ
Жонхарош – жон азоби, из тироб
Шодурвон – соябон
Рабт этилмоқ — боғланмоқ

[1] 40-соннинг давоми
[2] Юзларча