Ўзбекистонлик сенатор-ҳокимлар Осиё тараққиёт банкини чув туширишди

Ўзбекистонлик сенатор-ҳокимлар Осиё тараққиёт банкини чув туширишди
57 views
06 October 2016 - 11:30
Улуғбек Ашур

Улуғбек Ашур

Яна бир эски мақоламни топиб олдим. 2007 йилда ёзган эканман. Ўқиб кўрдим. Унчалик эскига ҳам ўхшамайди. Худди ҳозиргина тандирдан чиққандек. 🙂

Ўзбекистонлик сенатор-ҳокимлар Осиё тараққиёт банкини чув туширишди.

Жиззах вилоятининг қайси туманига борманг, араваларда, велосипед-у, автомобилларда хамда яёв холда сув ташиётган одамларга дуч келасиз. Бу холатни айникса Дўстлик, Пахтакор, Жиззах, Зомин ва Ғаллаорол туманларида кўплаб кузатиш мумкин.

Уларнинг ҳеч бири сизга арзини айтмайди. Микрофон тутсангиз, пақирини ҳам ташлаб қочиб қолади. «Оч қорним, тинч қулоғим» мақоли ўзбекларнинг хаётий шиорига айланган.

Айнан ичимлик сувининг танқислиги туфайли, Жиззах вилоятининг ҳали у, ҳали бу туманида турли юқумли касалликларнинг тарқалиши оддий ҳолга айланган.

Ўтган 2006 йил давомида Жиззахнинг Бахмал, Пахтакор ва Дўстлик туманларида юқумли касалликларнинг ҳуружи кўпрок кузатилди.

50-йилларнинг охиридаёқ тугатилган дея ҳисобланаётган тиф, вабо, куйдирги каби касалликлар, Жиззах вилоятида яна қайта дунёга келаяпти.

Вилоят юқумли касалликлари шифохонаси ходимининг айтишича, бундай касалликларнинг «уйғониши» ичимлик сувининг танқислиги билан боғлиқ.

Масалан, Пахтакор туманидаги Акмал Икромов хўжалигида истиқомат қилаётган 40 мингдан ортиқ аҳоли, мана 1991 йилдан буён, тоза ичимлик сувисиз яшаб келаяпти.

– Юртимиз мустақил бўлди-ю, сувимиз қуриди, – дейди хўжалик фуқароси Аҳмад ака, – қувурларни кавлаб чиқариб олишди ва қаёққадир сотиб юборишди. Мана, 15 йилдан буён каналдан сув ичиб келаяпмиз.

Аҳмад бобо айтган канал қирғоғи кун ботгунича одамлар, моллар ва қўйлар, кир юваётган қиз-жувонлар билан гавжум. Ҳатто ўтган йили шу туманда тарқалган ва 3 нафар ўсмирнинг ҳаётига зомин бўлган тиф касаллигининг ўчоғи хам айнан шу каналдан топилганлиги, қирғоқдаги одамлар ва бошқа жонзотларнинг сонини камайтирмади.

Йўқ ичимлик сувига аҳолидан пул йиғиш эса камайгани йўқ.

Жиззах шаҳридаги аҳвол ҳам туманлардагидан яхши эмас. Кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар учун, 1995 йилдан бошланган «Юқорига сув ташиб чиқиш бўйича мусобақа» деб номланган ўйин ҳали бери тугайдиганга ўхшамайди.

Кўринишидан, вилоятдаги ичимлик суви танқислиги, вилоят раҳбариятидан кўра, кўпрок, ҳорижий ташкилотларни ташвишга солди шекилли, улар 1999 йили Жиззах шаҳрининг сув таъминоти учун 11 миллион 200 минг АҚШ доллари миқёсида грант ажратишди.

Грант, сувга тушган игнадек ғойиб бўлганини айтиб ўтириш шарт эмас. Вилоят раҳбари ўша пайтда Шавкат Мирзиёев бўлганлигини ҳисобга олсак, бу ҳолатга изоҳ бериб ўтириш ҳам шарт эмас.

Бу орада Мирзиёев Самарқанд вилоятига ҳоким бўлиб кетди, Жиззахликлар эса тамшаниб қолаверишди. Ўша йили Баҳмал ва Пахтакор туманларида тиф касаллиги тарқади ва учта қишлокда карантин ҳолати эълон қилиниб, ташқи дунёдан узиб қўйилди. Шу қишлоқларнинг 8 нафар фуқароси тиф касаллигидан жон берди.

Бу ҳакда ҳеч қаерда ҳеч қандай ҳабар берилмади: ҳукуматнинг расмий ОАВлари бу воқеани кўриб кўрмасликка олишди. Фақат, ўша пайтдаги «Интерньюс-Ўзбекистон” ташкилотининг кўмагида тайёрланувчи «Замон» ва «Очиқ Осиё» ахборот дастурлари воқеа ҳақида видеолавҳалар тайёрлаб эфирга узатишди. Кейинчалик ўша журналистларнинг ишдан қувилганликлари сабабларини ҳам айтиб ўтиш шарт эмас.

Вақт эса ўтиб борарди. Ўзбекистон ҳукумати Европа билан алокаларни чигаллаштирди. Гуманитар ёрдамлар ва турли грантларнинг салмоғи пасайди. Жиззах, Қашкадарё ва Сирдарёда эса ичимлик суви муаммосининг кўлами ортиб бораверди.

Ва ниҳоят, Вазирлар маҳкамасининг раиси Шавкат Мирзиёев уччала вилоятнинг ҳокимларини чақириб, зудлик билан ичимлик суви муаммосини ҳал этиш бўйича лойиҳа ўйлаб топишларини талаб қилади.

Зудлик билан бир биридан ажойиб лойиҳалар тайёрланди. Уларни дархол умумлаштиришди ва «Проект по обеспечению питьевой водой малообеспеченных жителей многоквартирных домов трех городов – Гулистана, Карши и Джизака» деб номлашиб, Осиё Тараққиёт банкига топширишди.

Осиё тараққиёт банкида узоқ ўйлаб ўтиришмади. 2005 йилда ушбу лойиҳа учун нақд 65 миллион АҚШ доллари ажратишди қўйишди. Ушбу маблағнинг 20 миллион доллари Жиззах вилояти ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.

Лойиҳада кўзда тутилган ишлар жорий 2007 йилда якунланиши керак. Жиззахликлар эса ҳайрон: Бошланмаган иш қандай қилиб якунланиши мумкин?

Ажратилган маблағларини ўз ҳисоб рақамига тантана билан қабул қилиб олган “Ўзкоммунҳизмат” агентлиги раҳбари ўринбосари Анвар Муҳаммадалиевнинг таъкидлашича, лойиҳа бўйича барча ишлар 2006 йилнинг феврал ойида бошланиб, 2007 йилнинг июн ойида ниҳоясига етиши керак.

Тўғри, Жиззах шаҳрида у ёқ бу ёқни кавлашди, чекка туманлардаги эски қувурларни кавлаб чиқариб, келтириб шаҳар кўчаларига кўмишди. Шу билан иш тўхтади. Аҳоли эса, кўп қаватли уйларга ҳамон сув ташиб чиқмоқда.

Тез орада кунлар исийди. Жиззахликлар буни ҳавотир билан кутишмоқда, чунки, иссиқда ичимлик сувига бўлган талаб кучаяди. Талаб эса одамларни яна, турли инфекциялар қайнаб тошаётган канал ва сойларнинг қирғокларига етаклайди.

Осиё тараққиёт банкининг молиявий ёрдами вилоят ҳокими Убайдулла Ямонқулов ва унинг маънавий устози Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида талон тарож қилинганлигини Жиззахда бугун ҳамма билади.

Ўзбекистоннинг яна бир «камгап» молиявий донори – Япония мамлакати томонидан яна бир грант маблағи ажратилганлигидан эса кўпчиликнинг хабари йўқ. «Кам таъминланган шаҳар аҳолиси учун ичимлик сув таъминотини йўлга қўйиш» деб номланган лойиҳа учун кунчиқар мамлакатнинг кўнгли бўш банкирлари аллақачон бир ярим миллион доллар ажратишган.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, Ўзбекистон Осиё Тараққиёт банкига 1995 йилда аъзоликка қабул қилинган. Ҳозиргача ушбу банк томонидан Ўзбекистонга берилган молиявий ёрдамнинг ҳажми 915 миллион АҚШ долларидан ортиб кетган.

Осиёдаги йирик молиявий ташкилотнинг Ўзбекистондаги бўлими бошлиғи Шон О’Салливаннинг матбуот орқали эътироф этишича, юқоридаги маблағнинг 100 миллион доллари Ўзбекистондаги ичимлик сув таъминоти учун сарфланади.

Улуғбек Ашур

Муаллифнинг Facebook.com ижтимоий тарсоғидаги саҳифасидан олинди