Мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказишга уринган Урлаева калтакланди, француз журналистлари ҳибс этилди

Мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказишга уринган Урлаева калтакланди, француз журналистлари ҳибс этилди
20 views
06 October 2016 - 18:43
Елена Урлаева  ва Малоҳат Эшонқулова

Елена Урлаева ва Малоҳат Эшонқулова

Пахта йиғим-теримида Ўзбекистон далаларини айланишни ихтиёр этган Франциялик журналистлар кутилмаган кўнгилсизликка дуч келишди.

-Бугун, 2016 йил 6 октябрь куни Франциялик журналистлар билан бирга Тошкент вилоятининг Бўка туман пахта далаларида бўлгандик, – дейди ҳорижликларга ҳамроҳлик қилган “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева, – Аввалига бизга ҳужум  уюштиришди. Сўнгра ортимиздан номаълум машина анча ерга қадар таъқиб қилиб юрди. Кейинчалик уларнинг Бўка туман ИИБ ходимлари эканлиги аниқ бўлди. Орган ходимлари чет эллик журналист ва унинг таржимони Темурни, мени ушлаб, мажбурий тарзда Бўка туман ИИБ бўлими биносига келтиришди. Франциялик  журналитсларни алоҳида хонага, таржимон Темур Карповга куч ишлатиб, уриб-суриб бошқа бир хонага олиб кириб кетишди. Барчани алоҳида-алоҳида хоналарда сақлашди. Мени ҳозиргина қўйиб юборишди. Тошкент шаҳрига, уйга қайтаяпман. Мени калтаклашди, пулларимни, фотоаппаратларимни, жамики нарсаларимни тортиб олишди, – Ҳуқуқ фаолининг овозида хорғинлик бор эди, – Ёлғиз ўзим қайтмоқдаман. Ҳамроҳларимнинг, яъни Франциялик журналистларнинг, шунингдек Темурнинг тақдиридан бехабарман. Билмадим, уларнинг ҳоли нима кечган экан, уларнинг айни дамда қаерда ва қай аҳволда эканлигидан бехабарман, – сўзини якунлайди Елена Михайловна.

Ҳаётий кузатув ва тажрибаларимиздан маълумки, пикет, норозилик намойиши, мониторинг каби тадбирларни ўтказиш йўлидаги урунишларида инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистларга халал бериш мақсадида уларга махсус ёлланган “безори”лар тўдасидан иборат  “десант” ташланиши Ўзбекистондаги куч ишлатар тизимларининг асосий зарба усулларидан бири ҳисобланади. Бу анчайин эскирган услуб.

Провардида куч ишлатар тизими ходимлари ўзлари уюштирган театр саҳнасида – “жанжал” майдонида ҳозир бўлишади ва “жамоат тартибини бузган” фуқароларни, журналист, ҳуқуқбонларни тутиб, идораларига олиб кетишади. Аслида, махсус ёлланган безорилар орқали ҳуқуқбонларга ҳужумлар уюштириш куч ишлатар тизимлари ходимлари учун уларни ИИБ идораларига ушлаб кетиш ва ўзлари истаган муддатга қадар тутиб туришлари учун асос бўлиб хизмат қилади.

Бугун Бўка туман пахта далаларида ҳам куч ишлатар тизимларининг синалган азалий ўзига хос “тузоқ” услуби иш берган бўлса, ажаб эмас.

Натижада, Елена Урлаевага кўра, ҳуқуқбон Бўка туман ИИБходимлари томонидан калтакланган, ҳорижлик журналистлар ва таржимон йигитнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу 2016 йилги пахта йиғим-терим мавсумида, ўтган 2015 йилдаги пахта компаниясига таққослаганда, Бош вазир Шавкат Миромонович вақтинчалик президентлик постини эгаллаганидан сўнг,  мониторинг ўтказишга уринган журналист ва ҳуқуқбонларнинг Бўка туман мисолида  илк бор куч ишлатар тизимлари билан тўқнаш келиши ва биринчи бор азият чекиши.

Малоҳат Эшонқулова
Мустақил журналист