Конституциявий ёлғон ҳукмронлиги шароитида уюштирилаётган навбатдаги сайлов ҳам танловсиз ва соҳта бўлиши муқаррардир

Конституциявий ёлғон ҳукмронлиги шароитида уюштирилаётган навбатдаги сайлов ҳам танловсиз ва соҳта бўлиши муқаррардир
34 views
08 October 2016 - 19:48

atanazar_%d0%b0%d1%80%d0%b8%d1%84%d0%be%d0%b2

Конституцияда келтирилган қонун мақомидаги қоидалардан иборат ёлғон ҳукмронлик қилиб келган сиёсий шароитдан қутилмоқ учун 1990-йилнинг 20-июн куни Давлат Мустақиллиги тантанали эълон қилинганди. Давлат ҳокимиятининг барча тизилмалари устидан ўз назоратини ўрнатган Компартия қаршилигини енгиб қабул қилинган Мустақиллик Декларацияси, унинг совет конституцияси ёлғонларидан озод бўлган янги конституцияга асос сифатидаги талаб ва қоидалардан иборат 12-та банди, қонун мақомини олган эди.

Мустақиллик Декларациясига руҳан ва ҳарфан мос келадиган янги конституция лойиҳаси 1992 – йилнинг 19-июн куни муқобил лойиҳа сифатида парламентга топширилди ва уни бошқа лойиҳалар билан биргаликда умумхалқ овозига (референдумга) қўйиш сўралди.

Аммо, 1992-йилнинг 8-декабрида ўзида совет конституцияси ёлғонларини сақлаб қолган янги конституция референдумсиз ва муқобил лойиҳасиз қабул қилинди. Ундан олдин “конституциянинг муқобил лойиҳаси”, “конституцияни референдумда қабул қилиш” тушунчалари қатағон қилинди, уларни матбуотда босиш ман қилинди. Мустақиллик Декларацияси руҳан ва ҳарфан инкор қилинди, унинг қонун мақомидаги қоида ва талабларига риоя қилинмади.

Сиёсатда муқобиллик тамойилининг инкоридан иборат иллат давлат мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошланиб, янги конституция қабул қилиш тадбирида аниқ юзага чиқди ва бу иллат ҳозирги кунгача ўтган барча турдаги сиёсий тадбирларда ўз аксини топиб келмоқда. Натижада сайловлар танловсиз ҳолатга келтирилди, сайловчиларнинг танлаш ихтиёри кишанланди ва жамият ҳаётида кўплаб соҳталиклар илдиз отди.

Сиёсатдаги муқобиллик инкоридан иборат иллат кўплаб бошқа иллатларни келтириб чиқарди. Совет давридаги бошқарув услуби ҳисобланган маъмурий-буйруқбозлик ҳозирги кунга келиб Мустақил Ўзбекистонда маъмурий-калтакбозлик сифатида намоён бўлаётгани муқобиллик инкори ҳосиласидир. Ҳосила иллатлар ҳам турли-туман, ҳаётнинг турли соҳаларида илдиз отмоқда.

Шу ерда таъкидлаб ўтиш лозимки, иқтисодда муқобиллик тамойилининг инкоридан иборат иллат чин маънодаги озод тадбиркорликнинг, озод бозорнинг юртимизга кириб келишига асос тўсиқ бўлиб турибди. Бу иллат амалдаги конституциянинг 55-моддасида ўз ифодасини топган ва айнан шу модда кўплаб иллатлар манбаъидир.

АТАНАЗАР АРИФ
08.10.2016й, Тошкент