Қўлларига кишан солинг!

Қўлларига кишан солинг!
71 views
09 October 2016 - 8:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(26-қисм)

Ўн еттинчи боб

11 май. Эрталаб соат тўққиз. Бошқарма ҳовлисидаги йўлчи машиналар кечаги олиб келинган маҳбусларни сўроқ беришлари учун бирин-кетин туманларга тарқатишга чоғландилар. Махсус маҳбусларга мўлжалланган каталакчада безовта бўлиб ўтирган Азиз Баҳромни кўриши билан:

– Нари томонга ўтиб кетманг, яқин ўтиринг! – деди.

Баҳром шундоқ ҳам панжара оғзини мўлжаллаб турганди. Ичкари иссиқдан дим бўлишини у энди яхши биларди.

Қўриқчилар маҳбусларнинг қўлларидаги кишанларни ечиб, уларни бирпасда машинага ортдилар. Баҳром панжара оғзидан барчасини кузатиб турди. Улар сони кеча олиб келинганига нисбатан икки баравар кўпайганди. Танишлар орасида биргина кўкраги нақшли маҳбус йўқ эди. Афт-ангорлари бир ҳолатда бечоралар бир кечадаёқ таниб бўлмас даражада ўзгариб қолган, уларнинг шакл-шамойилларидан нохушликлари сезилиб турарди. Бўлинмаларнинг панжараларига қулф солган қўриқчи зарур қоғозларни расмийлаштираётган шериги ёнига тушди.

Вазиятдан фойдаланган Азиз шунда:

– Баҳром, сизнинг фамилиянгиз Қурбонов эмасми? – дея сўради шошиб.

– Ҳа, Қурбонов! Нима эди? – деди хавотирга тушган Баҳром.

Улар ораларида тўсиқ борлиги учун бир-бирларини кўра олмасдилар.

– Сизни Тангри бир асради! – деди у. – Юқорига олиб чиқиб, қийнашмоқчи бўлиб турганларида, туманларга тарқатишга команда бўлди, улгурмадилар. Бугун қайтиб келсангиз, ёмон қиладилар аммо.

Юраги орқасига тортган Баҳром:

– Қаердан билдингиз? – дея сўради ундан.

– Тонги соат тўртларда мени юқорига олиб чиқиб, ичимни эзиб ташлади ифлослар! – деди Азиз. – Ўша жойда сиз тўғрингизда гаплашганларини қулоғим чалди. Ҳаракатингизни қилмасангиз, оқибати ёмон бўлади, сизга ўчакишиб, тиш қайраб туриптилар. Уларнинг ваҳшийликларига сизнинг дош беришингиз қийин, ўлдиришади ёки бир умрга майиб қилиб қўйишади.

Азизнинг узилиб-узилиб чиқаётган нафаси унинг қаттиқ қийналганидан дарак берарди. Ваҳима босган Баҳром манзилга етгунча чурқ этиб оғиз очмади.

Тундаги руҳий азоблар, устига-устак Абдулланинг ўлими уни хазондай чалиб, аросат билан мавжуд ҳаёт чорраҳасида совуқ бир ҳайкалга айлантирганди. Азизни гапидан кейин у бутунлай ўзини йўқотиб қўйди. Миршабларки ўзларининг собиқ касбдошини аямадиларми, Баҳромга ўхшаганларнинг қонини ичишлари тайин эди. Унинг қора қон боғлаган бағрини турфа шубҳа-гумонлар қоплади. Барча содир бўлаётган нарсалар хаёлида ҳийлага ўхшаб туюлди. Чунки ҳозиргина қулоқларига чалинган гаплар Жалолнинг ваъдаларига тескари эди.

У туман ҳибсхонасида ҳам ўз ёғига ўзи қовирилиб ўтирди. Бу ишларнинг охири нима билан тугашини билолмай, ўйлайвериб боши ғувиллаб кетди. Мусурмоннинг кечаги тепкиларидан зирқираб оғриётган қовурғалари аламларини баттар алангалантирарди. Жалол шунчаки, тиш уриб кўриш учун суҳбатлашган бўлса, энди унинг ҳолига маймунлар йиғларди. Дамонгирнинг уни онасидан туғилганига пушаймонлар едириши аниқ эди. Иш тескарисига айланса, бу ерлардан чиқиши нари турсин, жонини омон сақлаб қолиши ҳам даргумон эди.

Қўлларига кишан солинган Баҳром бошқарма биносининг иккинчи қаватидаги узун даҳлиз бўйлаб тергов хонаси томон борарди. Унинг хаёлларини тунда тортажак қийноқ азоблари чулғаб олганди.

Нигоҳи тергов хонаси рўпарасида турган хотини билан ўғлига тушиб, кўз косасини тўлдирган ёшлари томоғини “хиппа” бўғгач, бир нима “йилт” этиб ёниб-ўчгандай бўлди. Юз йиллар чироқ ёнмаган ташландиқ ва қоронғи уйда бирваракайига бир неча чироқ бирдан ёниб-ўчгани каби руҳиятида аллақандай бир тўфон турдию, шу он тинди. Ногоҳ бир сапчиб тушди. Қўриқчи, маҳбус қочмоқчи, шекилли деган ўйда унинг устига отилиб, ерга босди. Баҳромнинг бутун гавдаси бошидан жудо бўлган шаҳиднинг лошидай қалтирарди. Сесканиб кетган қўриқчи ўрнидан ирғиб туриб, уни ҳам суяб турғазиб қўйди.

Бирпасда қўриқчи билан тутқунни миршаблар ўраб олдилар. Улар дўқ-пўписа қила бошлаганларида, қўриқчи:

– Секинроқ, секинроқ! – дея ҳамкасбларини тинчлантиришга уринди. – Бу киши депсиниб йиқилиб тушди. Ҳеч қанақа ёмон иш содир бўлгани йўқ. Шошганимдан “ёрдам” деб бақириб юборипман. Қани, ўтиб кетишга йўл беринглар!

Кўз ёшларини ўғлига кўрсатишни истамаган Баҳром кишанланган қўлларини орқаси билан юзларини артди. Аммо унинг кўзларида на ёш, на томоғига қадалаётган тош бор эди энди. У ҳеч нарсага тушунмади. Ақлдан озяпманми ёки дея ўйлай бошлади. Борлиғини исканжага олаётган ваҳима ўрнини ҳаётбахш туйғулари эгаллай бошлаган эди. Ўғли кўз ёшларини кўрмаган дақиқаларни бор дунёсига алмаштирмоқчи бўлган бандаси ноласини Тангри эшитди, чоғи.

У хотинининг ўзига безовта қарашини ўкираётган арслонни кузатаётган маролга менгзатди. Аёл ўғлининг билагидан маҳкам ушлаб олганча чуқур бир ҳаяжонда эрига термуларди. Яқинлашганда, эрининг қонталаш кўзи билан ёрилган бурнини кўриб, икки қўли билан икки чаккасини ушлаган бечоранинг кўзларини пардадай қоплаб турган ёшлари ёноқларига узилиб тушди. Буни кўрган Баҳромнинг кўнгли қанчалар бузилмасин, ўзини бахтиёр кўрсатиш мақсадида, мийиғида сохта бир кулгу билан:

– Ҳа, бормисизлар, қаерларда йўқолиб қолдиларингиз? – деди.

Ичдан бўзлаётган боёқиш хотини жавоб қайтаришга ожиз эди. Ўғли отаси товушини эшитиб ўзига келди, шекилли:

– Ассалому алайкум, дада! – деди.

Ўғлининг маҳзунлигидан юраги зирқираган Баҳром, сир бой бермаслик мақсадида, товушини атайлаб кўтариб, хушчақчақ бир тарзда:

– Валайкум ассалом! – дея жавоб қайтарди кулимсираб. – Укаларинг яхшими, буванг билан момонгдан хабар бўлса, соғ-омон эканларми?

– Ҳаммалари яхшилар. Бувам бугун-эрта келиб қолсалар керак!

Қўриқчи тутқуннинг тўхтаганини кўриб:

– Хонага киринг, рухсат беришса, ичкарида гаплашасизлар, – дея уни тезлатди.

Хотини ёпилган эшикдан кўзларини узолмай, турган жойида қотиб қолганди. У эрининг феълини яхши билгани учун ясама ҳаракатлар ортида унча-мунча нохушликлар содир бўлганини илғамаслиги мумкин эмасди. Отасининг ҳазил-ҳузул аралаш хушчақчақлик қилганидан руҳланган ўғилнинг эса кўнгли равшан тортди.

 У курсига бориб ўтиргач, деразадан ҳовлига боқди. Кўзлари олдида кечаги манзара намоён бўлди. Унинг ўйича, тариқча ўзгаришни кутиб яна йигирма йил мана шу деразалардан термулса ҳам бу жойларда ҳеч бир нарса ўзгармасди. Ҳафсаласи пир бўлгач, у деразадан юз буриб, қўлларидаги кишан солган чизиқларга назар ташлади. Қўриқчи бу гал у курсига ўтириши билан қўлларидан кишанни ечганди. У бошини тиклаб, ёпиқ эшикка кўз тутди. Тикилган қозон қайнамас, деганларидек, эшикнинг очилиши қийин бўлиб кетди. Бир пайт фуқаро кийимидаги ходим кириб, сейфдан қоғозларни олиб чиқиб кетди. Қисқа фурсатда шунга ўхшаш ҳолат тўрт марта такрорланди. У ҳар сафар эшик очилганда бир қўзғолиб қўярди.

Буни кузатиб турган қўриқчи:

– Озроқ сабр қилинг. Терговчи ҳозир келиб қолади, учрашасизлар! – деди.

      Худди шу гапни кутиб тургандай, эшик очилиб, хонага терговчи кирди. Қўриқчи ўз ўрнини унга бўшатаркан, тутқунни яқинлари билан учраштираверайми дегандай унга боқди.

Терговчи:

– Киришсин, фақат тезроқ! – деди.

Баҳромнинг рўпарасида ўтирган хотини юзларидан оқиб тушаётган кўз ёшларни артиб, “аҳволингиз тузукми” дегандай эрига сўзсиз термуларди.

– Ҳаммаси жойида, нимага йиғлайсан? – деди у. – Машинадан тушаётганда депсиниб йиқилиб тушдим…

 У аҳволни яширишга урингани билан тутқунлар оғир қийноқларга дучор этилишини етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма яхши биларди. Баҳром хотини шуни ўйлайвериб адойи тамом бўлишидан ҳадиксираётгани учун, ўзини қийнамаганларига ишонтирмоқчи бўларди. Аҳволни кўрган терговчи эса йўлига бўлсаям, “нима бўлди”, деб сўрашни ўзига эп кўрмади. У шу топда  алланималарни ёзаётган бўлса-да, қулоқларини динг этиб, кўзининг қири билан уларни кузатар, икки орада мушук-сичқон ўйини бошланганди.

Бироз хотири жам бўлгач, Баҳром ўғлига пичирлаб:

– Менинг масалам бўйича бирор жойга мурожаат қилманглар, фойдасиз! – деди. У нима бўлганда ҳам, Жалолнинг маслаҳатига юриб, воқеалар оқимини кузатишга аҳд этганди. – Мелис сўзини устидан чиқса чиқар, чиқмаса ҳам энди қўлимиздан ҳеч бир иш келмайди. Ҳар ёққа бош ураверсангизлар, булар ишни мураккаблаштираверади.

Баҳром “булар” деганда терговчига қараб қўйди.

Суҳбатга зимдан қулоқ тутиб турган терговчи ҳеч нимани англамагач, ғаши келди, шекилли, соқчига:

– Етар, олиб чиқинг! – деди.

У оғир-босиқ гапирган бўлсаям, заъфарон юзига тепчиган қон унинг жаҳли чиққанини ифодалаб турарди.

Қўриқчи унинг хотини билан ўғлини шошилтираркан, Баҳром ўғлига тиш пастаси ва чўтка олиб келишни унутмасликни зўрға тайинлаб улгурди. Куни кеча айтилганларнинг барини олиб келиб берган ўғил отасининг бу сўзларидан ажабланган бўлсаям:

– Тушундим, дада. Ҳозир сотиб олиб ташлаб кетаман! – деди.

Хотинининг эса гўё кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлиб қолганди. Унинг кўзларига чўкиб қолган эридан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Унинг ортидан қараб қолган Баҳром ҳам, бир кунда хотинининг етмиш яшар кампирлардай мункиллаб қолганини кўриб, ич-ичидан эзилиб қолаверди.

 У адвокатни кутавериб тоқати тоқ бўлиб, охири хаёлан унинг қиёфаси билан жангга киришди ва қўққисдан ўзи сезмаган ҳолда жаҳд билан шотахтага мушт солди. Бундан бир газ учиб қўнган терговчининг овози чийиллаб кетди:

– Қўлларига кишан солинг!

Қўриқчи унинг қўлларига кишан урди.

Баҳром бу ножўя ҳаракати билан ўзининг ожиз жиҳатлари жуда кўплигини англаб етди ва эриётган қордек чўкиб қолди. Четдан кузатиб турган одам унинг ичида жони борлигига ишонмасди. Бўлиш-туриши музхонадан олиб чиқиб курсига ўтқазиб қўйилган ўликни эслатарди.

Бу орада хонага адвокат кирди. Эгасига дум ликиллатган итдай жилпанглаб келиб терговчи билан қуюқ саломлашди.

Хаёлларга ғарқ бўлиб ўтирган Баҳром уни кўрмай, сезмай қолди. Адвокат ҳам Баҳром борлигини энди сезгандай, ниҳоят у томон ўгирилди. Шишиб кетган бурнига кўзи тушиб анграйиб қолди. Курсига бориб ўтираркан, гўё ҳеч нарсадан хабарсиздай:

– Сизни ким урди? – деб сўради.

Адвокатнинг сўрови ҳам, оҳанги ҳам Баҳромга эриш эшитилди.

У гўё кўзи очиқ туш кўриб ўтирган одамга ўхшарди. Қаршисида ўтирган адвокатни боятдан буён ўз хаёлида айланаётган тасвир деб ўйлади. Икки қўлини олдинга чўзиб, уни бармоқлари учлари билан пайпаслашга тушди. Бармоқлари ёғли бир нарсага текканда, тасвир телевизор экрани каби липиллаб ҳар томонга бошини олиб қоча бошлади. Чиқаётган саслар тушунарсиз эди. Бармоқлар аввал қандайдир ёғлиқ нарсага, кейин жунга теккандек бўлди. У ўзига ёқмаётган тасвирни йиртиб ташлаш учун ўтирган ўрнидан ирғиб турди. Сўнгра адвокатнинг:

– Ҳов инсон, жинни-пинни бўлмаганмисиз! – деган бақириғи янгради. – Одамнинг ҳар бало бўлгани яхши. Шунақа ҳам ҳазил бўладими?

Шунда тажрибали қўриқчи қўлидаги бакалашканинг сувини Баҳромнинг бошидан қуйиб юборди. У ёмон туш кўрган одамдай бир сесканиб тушди.

Кечадан буён бир кўришга зор бўлиб кутиб турган одами қора дипломат тутганча унинг қаршисида ўтирарди. Баҳром унинг қаердан пайдо бўлиб қолганини тушунмай алангларкан, ўзига ғазабнок боқиб турган терговчи билан қўриқчини кўрди. У ўзини жуда ёмон ҳис қилаётганди. Аммо  тезда ўзини қўлга олди ва:

– Сиз билан жиддий гаплашиб олишимиз зарур, Шамшод ака! – деди ҳалиям анқайиб ўтирган адвокатга.

Унинг эндиликда ўта ҳушёр бўлиб қолганлиги боисини тушунмаган терговчи, фирибгарлар билан эҳтиёт муамола қилиш фойдадан холи эмас дегандай, қўриқчига назар солди. Қўриқчи елка қисиб қўйди. Ҳалигача бирон-бир хулоса чиқара олмаётган адвокат кўзларини пирпиратиб, “мен нима айб иш қилдим”, дегандек терговчига боқарди.

– Тезроқ! Қурбонов прокурорга бориши керак! – деди терговчи ва шотахта устидаги қоғозларни бир даста қилиб тахлаб, хонадан чиқди. Қўриқчи унинг ўрнига ўтириб Баҳромни кузата бошлади. Унинг феъли айнишидан чўчиётган адвокат эҳтиёткорлик билан қайтиб курсига ўтирди. Уч дақиқача илгариги воқеа унинг юрагини олиб қўйганди. У терговчининг гумонларига зид ўлароқ, Баҳромнинг жинни бўлиб қолганига ишонарди. Шундай бўлмаганда ҳам, тезроқ жинни бўлишини жуда-жуда хоҳларди. Вазият шунчалар чигал эдики, у бошини йўқотиб қўймаганда, адвакотнинг жинни бўлиб қолиши ҳеч гапмасди. Ишни ёпиш учун берилган ўн беш минг доллар вақти келиб кимларнидир сафдан чиқариши мумкин эди. Воқеалар оқими бу ишлар яхшилик билан тугамаслигидан дарак бераётгандек эди. Бош терговчи билан Мелиснинг ўйинлари туфайли “ёмон мижоз”га дуч бўлган адвокатнинг ҳалқадан бошини чиқариб олиши осон кечмаслиги ўзига ҳам аён эди. Хавфсизлик идоралари ишни силлиқ олиб бориш учун хўжакўрсинга ёлланадиган ҳар бир адвокат каби, Шамшод ҳам бу гал сезмай қолиб бошини ғалвага тиққанди.

(давоми бор)