Атоқлик уч киши иймонга мушарраф бўлдилар…

Атоқлик уч киши иймонга мушарраф бўлдилар…
74 views
09 October 2016 - 5:00

madina-nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 96

(давоми)

ҚУРАЙШ БАҲОДИРЛАРИДАН УЧ КИШИНИНГ ИЙМОН КЕЛТИРИШЛАРИ

Яна шу йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғазотидан келганларидан кейин кўп вақт ўтмай Қурайш ичида атоқлик уч киши келиб иймонга мушарраф бўлдилар. Булар Холид ибн Валид, Амр ибн Ос, Усмон ибн Талҳа эдилар.

Холид ибн Валид бутун дунё тарихида танилган, инсон оламида атоқли моҳир қўмондонларнинг энг биринчиси бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу Ислом қаҳрамони ҳақида баҳо бериб: «Холид Аллоҳнинг қиличидур», деган эдилар. Ислом оламида бундай улуғ шарафга эга бўлган ундан бошқа ҳеч киши йўқдур.

Аллоҳ бир ишни қилмоқчи бўлур экан, энг аввал унинг сабабларини тайёрлайди. Ҳазрати Холиднинг иймон келтиришига сабаб бул эрдиким, акаси Валид бундан илгарироқда Расулуллоҳга келиб иймон келтирмиш эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам андин Холид ибн Валидни сўраб:

— Унга ўхшаш оқил кишилар Исломнинг ҳақлигини яхши билгайлар, ақли бор одамларга бу иш яширин эмасдур. Мўминлар сафида туриб, Худо душмани кофирлар билан жиҳод қилмоқ ундай одамнинг энг улуғ вазифасидур. Агар у иймон келтириб, Исломга хизмат қилар экан, бошқалардан уни илгари тутгаймиз, — дедилар.

Расулуллоҳдан бу сўзни Валид англагач, укаси Холидга хат ёзди. Расулуллоҳнинг унга қилган илтифотларини айтиб қаноатлантирган эди. Хатни ўқиб кўргач, ундаги Расулуллоҳнинг сўзларидан илҳомланиб, Ислом муҳаббати кўнглига тушди. Чунки Расулуллоҳ Холид ҳақида бунчалик илтифот қилишларини гумон қилмаган ҳам эди. Бунинг устига бир куни туш кўрса, ҳеч бир кўкарган нарса йўқ, тор бир жойда сиқилиб ўтирмиш эди. У ердан туриб олға қараб юрди эрса, бир кенглик, яшнаб турган шаҳарга келиб кирди. Уйғониб қараса туши экан. Бу ердан кетсам торчиликдан қутилиб кенгчиликка чиқар эканман деб, кўрган тушини ўзи мулоҳаза қилди. Шу билан кундан-кунга Ислом муҳаббати кўнглига тушиб, бу ердан ҳижрат қилиб кетмоқчи бўлди. Шу орада бир куни Қурайш раисларидан Сафвон ибн Умайя билан кўришиб қолиб, анга:

— Эй Сафвон, ўзинг кўриб турурсан, Муҳаммаднинг бу иши кун сайин ривожланиб арабажам устига ғалаба қозонмоқдадур. Ростини айтганда, анинг давлати бизнинг давлатимиздур. Кел энди ўртадан адоватни кўтарайлик. Муҳаммадга бўйсуниб Ислом динини қабул қилайлик, — деди.

Анда ул:

— Бутун дунё, халқи анинг динига киришиб, ёлғиз қолур бўлсам ҳам, унга иймон келтирмагайман, — деб юз ўгириб кетди.

Сўнгра Икрима ибн Абу Жаҳлга учраб, унга ҳам шу сўзни айтган эди, бу ҳам Сафвон жавобини берди.

Учинчисида Усмон ибн Талҳага бориб шу сўзни унга ҳам айтмоқчи бўлиб эди, яна кўнглига келди. Бу кишининг отаси, амакиси, бир туғишган қариндошларидан тўрт киши Уҳуд урушида ўлдирилган эдилар. Чунки бу одам Қурайш ичида Абдарий уруғидан бўлиб, уруш кунлари аскар сафи олдида туғ тутиб турмоқ буларнинг хос вазифалари эди. Уҳуд уруши бошланиши билан туғ кўтарганлардан олти киши кетма-кет ўққа учирилмиш эдилар.

Аларнинг барчалари бир уруғдан эди.

Бу воқеа Холиднинг ёдига келиб, сўз айтишга журъат қилмади. Шундай бўлса ҳам, у нима дер экан деб:

— Эй Усмон, бизнинг ҳолимиз Муҳаммад олдида, овчидан қочиб инига кирган тулкига ўхшаб қолди. Агар унга бир меш сув тўксалар, чиқмасликка чорамиз йўқдур, — деди.

У ҳам бу сўзни англагач, қараганича тўхтаб қолди. Бундан умидланиб Сафвон, Икримага айтган сўзини унга айтиб эрди, ул:

— Рост айтурсан, шундай қилайлик, — деб, шу кеча кўришур жойларини ваъдалашдилар.

Тонг отиб қолганда шул жойда иккови топишиб, эрталаб йўлга чиқдилар. Ҳудда деган манзилга келган чоғда қарасалар, Амр ибн Ос шу жойда ўлтирибдур. «Марҳабо, хуш кўрдик» дейишганидан кейин Амр ибн Ос бу икковларининг қаёққа боришларини, нима ниятда Маккадан чиққанлари сўради, алар эса ростини айтиб:

— Исломга кириш нияти билан чиқдик, —дедилар.

Сўнгра Холид:

— Эй Амр, Аллоҳ ҳаққи, ҳар қанча яширганимиз билан ҳақиқат ошкора бўлди. Тўғри йўл очиқ кўриниб Муҳаммаднинг пайғамбарлигида менинг ҳеч гумоним қолмади.

Шундай бўлгач, энди қачонгача йўқ баҳоналарни қилиб, ҳақиқат йўлидан четлаб юрамиз. Биз учун яхшиси шул бўлгайким, Муҳаммад олдига бориб, иймон келтирайлик, — деди.

Анда Амр:

— Мен ҳам шул ният билан бу жойга келдим, — деб, учовлари биргалашдилар.

Аларнинг иймон келтиришига сабаб шул эди.

(давоми бор)