Исмоилбек Ҳазратлари ила суҳбат

Исмоилбек Ҳазратлари ила суҳбат
24 views
10 October 2016 - 6:00
Исмоилбек Гаспирали

Исмоилбек Гаспирали

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(9)

Исмоилбек Ҳазратлари ила суҳбат[1]

…20 июн, аср вақти эди. Марғилонлик бир мударрис жаноблари ила Истанбулнинг Гулхона паркининг соядор йўлагинда юрар эдук. Олдимизда тоторча барра қаракўли телпаклик бир тотор ила фаслик бир турк оҳисталик ила кетарлар эди. Биз тез юруб ўтдук. Иккиси-да ошинодек кўрунди. Бир қўлумни кўксумға қўюб салом ишорати бериб, ўтдум. Кўнглумға келдики, бу тотор Исмоилбекға ўхшайдур. Балки онга ўхшаш бир кишидур, Фаслик турк бўлса муҳаррир Ҳамдуллоҳ Субҳибек жаноблари эди. Ҳануз ўн қадам кетмаб эдук, «Ай, хожа», деб орқамдан ошино бир садо эшиттим. Қалбим уруб, ман бу зотни Исмоилбек ҳазратлари эканлигиға шубҳам қолмай, қайтиб масофға этдук.

Ҳамдуллоҳ Субҳибек ҳувийятимизни* баён қилиб экан. Мулоқот асносинда дердилар: «На ичун буқадар кўчаланмоқ?» (яъни на учун мунча тез мўйсафид бўлмоқ?) Ман ҳам билоихтиёр*: «Афандим на учун бу қадар ориқланмоқ?»

Устод ҳазратлари буюрдилар: «На чора, ҳиссамиз бўйла…»

Эртаға Шом ва Мисрға азимат этишимни арз этдим. Ундай бўлса суҳбат этайлук, дедилар. Ташаккур айтдим. Ҳамдуллоҳ Субҳибек афандина жавоб бердилар. Ман ҳам мударрис афандидан айрилдим.

Паркдан чиқиб, арбаға миниб, устод ҳазратларининг манзили Шоҳин пошо ўтелиға келдук. Таом буюрдилар. Аммо иштаҳалари йўҳ. Садолари хаста ва ҳар 3—4 дақиқада ҳафифгина* йўталиб, балғам ташлайдурлар. Ҳужрада манга Русиядан, Туркистондан, умум олами исломдан, дунёдан сўйлайдурлар. Мусулмонларни кундан-кун тараққий этишини сўйлаб хурсанд бўлурлар. Яна дерларки, Маҳмудхўжа, энди сиз сўйланг, боқолим.

Самарқанд, Бухоро, Тошканд, Хива, Фарғона, хулоса, ҳар биридан сўйлайман.

— Оллоҳга шукур. Ҳукумат мактабларинда Туркистонли қардошлар бола бермоқға бошламишлар. Бугун 2 жарида ва бир мажаллангиз вор, мактабларингизда бироз тараққийда. Албатта мустаид* тараққийсиз ҳукумат мактабларинда зиёдароқ бола берингиз. Рус маданиятидан қочмангиз… Оҳ, билмийм, шу Бухоро на ўлур, — дерлар.

Ман дерман: «Афандим, Бухорони ҳукуматимиз, яъни Русия тарбият этмагунча Бухородан бир шайъи умид этиб бўлмас».

Чунончи… устод дерлар:

— Эвет*, охири шўйла ўлмоғи лозим келур.

Яна сўз бошқа тарафға кетар. Ман бир неча дафъа талаби рухсат этдим: «Балки зотингиз истироҳат этарсиз?»

Устод ҳазратлари дер: «Хожа афанди, сиз бурада бўлинсангиз, баним роҳатим зиёда бўлур. Агарда кетсангиз, мактуб ёзмоқға тутинарман».

Устод ҳазратлари феврал ойинда Петрўғрадға бориб мусулмон фраксиясини Муҳаммад Фотиҳ афанди ва бошқалар ила эм этиб келганда, иттифоқан совуқ олиб, андан бери нохуш бўлиб эканларки, Петрўғраддаги мажлис машваратға хасталикдан боролмаганлари учун ниҳоятда таассуф этарлар эди. Агарда Истанбул ҳавоси ёқса, бир неча муддат турмоқчи эдилар. Олдимиздаги қишни, Оллоҳ қўйса, Миср ал-Қоҳираға ўтказиб, анда ҳам баъзи ишлар ишламоқчи эдилар. Қайтишда мани Боғчасаройда даъват ва Қримни афтомобил ила бирга юруб манга кўрсатмоқни ваъда этдилар. Мен ҳам қайтишда Боғчасаройға кирмоқни ваъда бердим, аммо бу манхус* муҳораба монеъ бўлди. Муҳтарам устод ориқлаган, йўтал ва балғам ҳар замон машғул қилар. Ҳар замон рухсат хоҳлайман, жавоб бермайдурлар. Изн сўраб, каравот-қорбўлаға чўзулуб, соатлар илан сўзлайдурлар. Бир замон қарасак, ярим оқшомдан бир соат ўтубдур. Яъни том 7 соат суҳбат этибмиз. Зўрға жавоб бериб зина бошиғача узатиб, қайтишга Боғчасаройға киришимға қайта-қайта сўз олдилар.

7 сана муқаддам устод ҳазратлари Самарқандға келиб, муаллим Шакурий ва бизға меҳмон бўлуб эдилар. У замонгидан кўра энди кўп ориғлаб эканлар. Устод ҳазратларини Истанбулда кўрмоқ ва суҳбат этмоқ ҳеч хаёлимға ўтмаган эди. Оллоҳнинг лутфи ила устод ҳазратларининг танҳои 7 соат суҳбатларидан у қадар файз топиб мамнун қолдимки, айтган ила адо этолмайман ва ул суҳбатнинг лаззати асло мандан кетмайдур. Кошки эртаси Шомға кетмай устод ҳазратлари ила зиёдароқ суҳбат этса эдим. Оҳ! Ул устоди комилни энди қўлдан бердук ва олами руҳонийға учди. Балки уйқуларда, ҳулёларда* ул зоти сотуда* сифатнинг руҳи ила суҳбат этармиз.

Он айш гузашта, ки дигар бор нагардад…[2]

«Ойна» ж., 1914 йил,
49-сон, 11621164-бетлар.

(Давоми бор)

*
Ҳувийят – шахсият
Билоихтиёр – ихтиёрсиз
Ҳафиф – енгил
Мустаид – истеъдодли
Эвет – ҳа, тўғри
Манхус – наҳсда қолган

Ҳулё – хаёл
Зоти сотуда – зоти шарифи

[1] Журналда шу сарлавҳа билая берилган. Муаллифнинг мазкур саёҳати хотиралари билан боғлиқлиги учун киритилди
[2] Таржимаси: у ишрат ўтди, бошқа қайтиб келмайди.