«Агар киши бир нарсадан қўрқар экан, у нарса қўрққан киши бошига бало бўлгай»

«Агар киши бир нарсадан қўрқар экан, у нарса қўрққан киши бошига бало бўлгай»
128 views
11 October 2016 - 5:00

madina-nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 97

(давоми)

Ҳижратнинг бешинчи йили Қурайш қўшини Хандақ урушидан руҳлари тушиб қайтдилар. Чунки бу урушда аскарларининг сонлари тўрт баробар ортиқ эрса-да, ўзлари учун фойдалик ҳеч қандай иш кўришолмай қайтган эдилар. Бу ишдан аларнинг кўнгиллари чўкиб, руҳлари тушган эди. Сафардан қайтишиб Маккага келгандан сўнгра, Амр ибн Ос Қурайш катталарининг мажлисларига келиб:

— Барчамиз кўриб турибмиз, Муҳаммад иши кундан-кунга ривож топиб кўтарилгали турди. Кўзинг кўриб тургач, бу ишга чидаб туриш мумкин эмас. Шунинг учун мен Ҳабашистонга ҳижрат қилмоқни ихтиёр қилдим, — деди.

Ҳабаш подшоси Нажоший қошига бориб, замонга қараб вақт кутиб тургайман. Агар бу ишда Муҳаммад енгиб чиқар экан, унинг қўл остида туриб яшагандан Нажошийнинг қўл остида туришимиз яхшироқдур. Бизларга тарафдор қавмимиз агар енгар бўлсалар, у чоғда биз қайтиб келсак, яхшиликдан бошқани алардан кўрмагаймиз, — деди.

Бунинг сўзини барчалари тўғри дедилар. Андоқ бўлса, Нажошийга яхши кўрган нарсаларидан тортиқ йиғайлик, дейишиб қўй-эчки терисидан ишланган бир мунча яхши рахт йиғишиб бердилар. Шунинг билан Амр ибн Ос Ҳабашистонга етгач, тўғри бориб Нажоший саройига тушди. Худди шу чоғда Амр ибн Умайя Расулуллоҳ томонидан элчи бўлиб, бу ҳам бориб қолган эди. Ҳазрати Жаъфар бошлиқ Нажоший ҳимоясида ўн йилдан бери туришган муҳожир саҳобаларни Мадинага олиб қайтмоқ учун Нажошийга нома ёзиб юбормиш эдилар. Буни кўриб Амир ибн Ос ўз йўлдошларига:

— Мен Нажошийга кириб, бу кишини бизга беринг, деб сўраб кўргайман. Агар бизга берди эрса, тўхтовсиз ўлдирайлик, чунки у Муҳаммаднинг энг яқин кишиларидандир. Агар уни ўлдирур бўлсак, Қурайшни рози қилган бўламиз, — деб, шу мақсад билан тўғри Нажошийнинг олдига кирди.

Ҳабашлар одатича Нажошийга қараб бош қўйди, буни кўриб, Нажоший:

— Хуш келдинг дўстим, у ёқнинг тансиқ нарсаларидан бизга нима келтирдинг? — деб сўради.

Келтирган тортиқларини анинг олдига етказдилар. Бу ҳам қизиқиб, у нарсаларни қабул қилди.

Буни кўргач, кўнгли кўтарилиб:

— Сиз подшодан бизнинг бир талабимиз бордур, бу ҳам бўлса душманимиз Муҳаммаднинг элчиси сизга келмишдур. Ўтган урушларда Муҳаммад бизларнинг бир неча раисларимизни ўлдирган эди. Агар шу келган кишини бизга берур бўлсангиз, Муҳаммад ўлдирган кишиларимизнинг бири ўрнига қасос қилиб ўлдирур эдик, — деди.

Бу сўзни англаши билан Нажошийнинг қаттиқ ғазаби келди. Олдига чақириб олиб, Амрнинг бурнига бир мушт урди. Бунинг зарбидан бурун тарнови сингудек бўлди. Бу ишнинг хижолатидан ер ёрилган эрса, анга кириб қутулғай эди.

Сўнгра Амр ҳушига келгач:

— Агар подшоҳ бу сўзни ёқтирмаслигини билсам, ҳеч қачон бундай сўзни гапирмас эрдим. Унинг тутган дини барча динларга қарши бўлганлигидан бу сўз сизга хуш келгайму деб ўйлаган эрдим, — деди.

Анда Нажоший айтди:

— Эй Амр! Мусо пайғамбарга Аллоҳдин ваҳий келтирган Жаброил алайҳиссалом ул кишига ҳам ваҳий келтириб тургай. Энди шундай улуғ Аллоҳнинг пайғамбари юбормиш элчисини меним олдимда қандай ўлдира олурсан? Қасам билан айтурман, унинг келтирган дини албатта ҳақ диндур. Миср подшоси Фиръавн пайғамбар Мусо олдида қандай енгилди, унга қаршилик қилиб охири бутун лашкарлари билан сувда ғарқ бўлдилар. Шунга ўхшаш Муҳаммаднинг душманлари ҳам бир куни ундан албатта енгилгайлар.

Нажошийнинг сўзидан таъсирланиб Амр:

— Агар сизнинг қўлингизда иймон келтириб, Исломга байъат берсам бўлғайму? — деди.

Анда Нажоший:

— Яхши бўлғай, — деб қўлини суниб андин байъат олди.

Амр ибн Ос Нажошийга шу ерда байъат бериб, анинг қўлида мусулмон бўлди. Сўнгра у ердан чиқиб Мадинага бормоқчи бўлиб, Ҳудда деган манзилга келиб турганида Холид ибн Валид ва анинг йўлдоши Усмон ибн Талҳа келишиб қолди. Улар билан кўришиб, учовлари бир-бириларининг мақсадларини англашгандан сўнгра Мадинага қараб йўлга тушдилар.

Лекин буларда: «Расулуллоҳ билан қандай кўришамиз?» деган қаттиқ хижолатлари бор эди. Мадина шаҳрининг ичига кирмай туриб, Ҳарра деган жойга келганларида тўхташиб, шу ерда туяларини боғладилар. Булар кўришмай туриб, буларнинг келаётган хабарлари Расулуллоҳга етган эди. Буни англагач, Расулуллоҳ суюнганларидан саҳобаларга қараб: «Макка шаҳри ўз жигарпораларини юбормишдур», дедилар.

Буларнинг келишлари эрса барча мусулмонларга кўп қувончлик бўлди. Холиднинг акаси Валид буларни тўсиб чиқмиш эди. Кўришгандан сўнгра аларга: «Илдамроқ юринглар, чунки Расулуллоҳ келганларингни англаб, суюнганларидан сизларни кутиб ўтирибдурлар», деди.

Шундай бўлса ҳам ўтмишдаги Расулуллоҳга қилган қаршилик ишларидан қаттиқ ҳижолатда эдилар.

Ҳаммадан илгари ҳазрати Холид хижолатлик билан келиб Расулуллоҳга салом берди. Суюнганларидан муборак юзлари нурланиб ярақлаб, табассум билан анинг саломига жавоб қайтардилар. Ҳазрати Холид ҳам дарҳол калима айтиб, иймон келтирди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холиднинг ҳидоят топиб Исломга киргани учун Аллоҳга ҳамду сано айтгандан сўнгра дедилар:

— Эй Холид, мен бурундан билур эдим, Аллоҳ таоло сенга ақл гавҳаридан насиба бермиш эди. Охири ўшал ақл сени етаклаб ҳақ йўлга келтирмишдур. Исломнинг ҳақлиги сенга яширин қолмас деб ўйлар эдим.

Анда ҳазрати Холид:

— Ё Расулаллоҳ, мен кўп ўринларда сизга душманчилик қилиб, кўп жойларда қаршилик кўрсатдим. Душманингиз олға сафида туриб мусулмонларга зиён бўлғудек ишлар ўтказдим. Ё Расулаллоҳ бу гуноҳларимни Худо кечирармикан, Аллоҳдан сўраб, мен учун дуо қилинг, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Ислом ўзидан илгари ўтган барча гуноҳларни йўқ қилгай. Иймон ёмғирида ювилиб, бутун гуноҳдан энди пок бўлдинг, — дедилар.

Қолган иккови ҳам шу сўзларни айтиб Исломга кирдилар. Бутун саҳобалар ичида шу учовларидек уруш илмига моҳир киши йўқ эди. Айниқса, Ҳазрати Холид шу кундан бошлаб вафот бўлганларича Ислом аскарининг бошлиғи бўлиб, кўп мамлакатлар анинг қўлида фатҳ бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Холид Аллоҳнинг қиличи», деб унга лақаб қўйдилар. Холид ибн Валид ёлғиз Ислом тарихида эмас, балки бутун инсон тарихида қилган хизматлари тақдирланиб мангулик ўроз (бахт) эгаси бўлмишдур. Бу зотнинг Ислом йўлида жон аямай қилган хизматларига қаралса, бутун дунё мусулмонлари уни ҳурматлаб руҳига раҳмат дейишлари лозимдур.

Холид ибн Валид ҳижратнинг йигирма биринчи йилида Шом ўлкаси Ҳимс шаҳрида вабо касали билан вафот топдилар, разияллоҳу анҳу. Ёши қирқ бирга тўлмаган эди. Вафот бўлиши олдироғида шул сўзларни айтиб, бутун дунё мусулмонларига ибрат дарси бериб кетмишдир:

— Қўрқоқ кишилар яхшилик кўрмагайлар. Бошдан-оёқ бутун танамда ўқ қадалмаган, қилич кесмаган, найза кирмаган тирноқ юзидек соғ жойим йўқдур. Ажалим етмаган экан, шунча кўп урушларда ўлмадим. Ажал ўқлари ёмғирдек ёғилиб турган мингларча уруш майдонларининг олға сафларида шаҳодат ўлимини кутдим, у менга тақдир бўлмаган экан, топмадим. Мана энди эшак ўлимидек ётган еримда ўлаётибман, — деди.

Эшак ўлгандек, дегани эрса, шаҳодат даражасини топмай қолганига қаттиқ ачинганидан айтган сўзидур. Худо йўлида мингларча жиҳод майдонларида жавлон урган бир ғозийнинг мақоми шаҳидлик мартабасидан албатта кам эмасдур.

Яна қўрқоқ кишиларнинг яхшилик кўрмаслари аниқдур. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар киши бир нимарсадан қўрқар экан, у нарса қўрққан киши бошига бало бўлгай».

Бу сўзнинг ҳақлигида ҳеч шак йўқдур. «Қўрққанга қўша кўринур», дегандек, қўрқоқлар ит ҳужумидан ҳам қутила олмагайлар, баҳодирлар эрса арслон бўйнига қилич солгайлар. Қўрққанлар ҳар яхшиликдан қуруқ қолиб, ўз ватанларида ғариб бўлғайлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу тўрт нарсадан паноҳ тиладилар: қўрқоқлик, ялқовлик, бахиллик, душмандан енгилишлик. Мана бу тўрт нарсадан умматларини сақланишга буюрдилар. Биликликдур (маълумки), бу тўртининг сўнгиси олдинги учининг ажралмас натижасидур. Яъни, ботирлик ўрнида қўрқоқлик, ишчанлик жойида ялқовлик, сахийлик вақтида бахиллик қилур эканлар, мана мундоғ миллатлар бошқалардан енгилиб, душманлари оёғи остига тушиб депсанди бўлғайлар. Исломият ҳуқуқлари бу ён турсин, бундай одамлар инсоният ҳуқуқларидан ҳам бутун ажрагайлар.

Худо Қуръонда айтмишдур: «Ва лан яжъалаллоҳу лил-кофирийна алал муминина сабилан».

Маъноси: «Кофирларга ҳаён (фойда), мўминларга зиён бўлғудек ишни Аллоҳ ҳеч қачон қилмайди».

Бу сўзнинг ҳақлигида ҳеч шакимиз йўқдур. Лекин бу кунларда ҳақиқий мўминларнинг топилишлари гумондир. Қуръоннинг айтишича, хорликка бўйсунмоқ, кофирга қул бўлмоқ йўқдур.

(давоми бор)