Бу сиёсий тузум эмас, мафия тузумидир!

Бу сиёсий тузум эмас, мафия тузумидир!
20 views
12 October 2016 - 12:29
Ёдгор Обид

Ёдгор Обид

Ҳаммамизнинг ҳам баданимизда ўзбекона ҳовлиқмалик касаллиги бор! Тўйдан олдин ноғора чалишни яҳши кўрамиз…

Ҳатто ўз вақтида йилда икки – уч марта Ислом Каримов ҳам “амнистия” эълон қилиб турганини унутдик шекилли! Энди унинг издоши ҳам “амнистия” эълон қилибди.

Одатда, ҳарбир янги келган ёки келадиган “БОШИ” ўзини шу йўл билан кўрсатиб қўйишга уринади. Бу галги Мирзиёнов эълон қилган “амнистия” фақат ҳарфлари билангина фарқ қилади! Диққат билан ўқимай туриб, байрамни ва тантанали “қайтиш” тарғиботларини бошлаб юбордик. Асосан кимлар бу тарғиботларга зўр бераётганларига диққат қилинглар…Улар – аввалдан ҳам ҳукумат тепасидаги мустабидларнинг сиёсатларини гоҳ пардалироқ кўринишда, гоҳ очиқчасига қўллаб келаётган “десант”лар холос… Улардан ташқари, баъзи ишонувчан, соддадил дўстларимиз ҳам йўқ эмас ва бу ҳам табиий ҳол…

Эътибор беринг, Мирзиёнов энг аввало турли иқтисодий жиноятлари, порахўрликлари ва тўғридан – тўғри ўзига хос “мафия” тузиш ҳаракатида бўлганлари учун қамалган ўзининг эски сафдошларини чиқарди ва иш жойларига қайтарди. Эндиги ҳаракатида ҳам шунга ўҳшаш молиявий – иқтисодий жиноятлари учун қамалганларни озод қилиш назарда тутилган “амнистия” ҳужжатини парламент муҳокамасига топширган.

Унинг бу иши менга Сталин ўлганидан кейин Маленков эълон қилган амнистияни эслатди. Ўшанда ҳам кўплаб ўғрилар, қароқчилар тўда – тўда озодликка чиқиб, мамлакатда безорилик, ўғрилик, қароқчилик, қотилликлар роса авжига чиққан эди….

Ўшалардан иккитасини ўз кўзим билан кўрганман. Сирдарё районида, “Велико – Алексеевсий” номли қишлоқ бозори йўлида бири – бир бозорга келганнинг эшагини, бири бошқа бир деҳқоннинг отини тортиб олиб, ўзларини отиб ташлаган, бири отга, бири эшакка миниб, йўл бўйи тўғри келганни отиб кетаберган эди… Ўшанда Сафар ота исмли бир колхоз дала мудирини ҳам отиб кетишган. Мен болалик йилларим у одамнинг болалари билан ўртоқ эдик ва уйларига тез – тез бориб турардим… Раҳматлик Сафар отани ҳамма “Сафар ота” деб атарди, Ҳурмати баланд эди. Миллати қозоқ бўлганини кейинроқ билганман…

Кейинроқ, ўша отиб кетган безориларни ҳалқ тутиб олиб, “оломон” қилганлари ҳам кўз ўнгимда!

Сиёсий қарашлари, инсоний ва диний эътиқодлари учун қамалганлар чиқарилмаган…Уларнинг ҳарбири озодлиги учун кейин ҳам узоқ йиллар кураш олиб борилган ва “оқлаш” жараёни то етмишинчи йилларга қадар чўзилган эди!

Бу сиёсий тузум – сиёсий тузум эмас, ҳокимиятни эгаллаб олган жиноятчилар тўдалари ўзлари учун мослаб, ўрнатиб олган мафия тузумидир!

Ёдгор Обид

Манба: Facebook.com