Саёҳат хотиралари

Саёҳат хотиралари
63 views
14 October 2016 - 6:00

anakkale_1914Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(11)

42-рақамдан мобаъд
(Истанбул хотироти сўнгра ёзилур)

19 шаъбон — 21 июн франсуз попури-ла зиёрати Қуддуси шариф ва барои Шом учун Байрутға азимат этдим. 3-мавқеъ 9 сўм. Ваъд аз зоҳр соат 5 ҳаракат этди. 2 соат юрармиз. Ҳануз Истанбул шаҳриға муттасил хоналар, кўйлар мавжуд. Яъни ўнгда Истанбул шаҳри ва сўлда Осиё қитъаси сузулунур. Бўғоз ичинда оқ чодирлик балиқчи қайиқлари хеле кўб бўлуб, денгиз қушларидек гашту гузор этмакдадурлар.

Оқшом денгиз юзи ойдинлик ила гўё кумуш қопланди. Ва поёнсиз кумуш мавжлари ичинда парахўдимиз сузулур. Маркаби баҳриямизға яҳудий, турк, араб, туркистоний, насоро, хулоса, Байтул Муқаддасни(нг) ҳар диндан ҳожилари бордур.

Бир неча туркистоний биродарлар аёл ва болалари ила ҳажға борарлар ва тўрт оила Фарғона халқидан ҳижрат этиб кетмоқдадур. Парахўдға бизни(нг) Туркистон аёлларини(нг) аҳволи ниҳоят қаттиқ ва асафликдур*. Бу ҳанжор* ила аёлларни судрамоқ ва аларни аёқлар остида ва парахўдни энг ямон жойларида сахламоқ, «дум»лариға ўралтуруб, парахўд нардбонидан йиқитмоқ… гуноҳдур. Ҳамда аларни боиси кулфат ва азийят ва касалликлари бўлур. Бу бечора аноларимизни бу ҳолат ила келтурулмаса, яхшидур. Фаранжи-чоршофлари бўлсун, бу «дум» — «қуйруқ»лар нимаға керак? Қирқилсун бу думлар, токи азийят ва меҳнатлари озайсун.

Баъзи ҳожиларимизни киссалариға оқчалари бўлуб, сарф этмасликлари ва ялғондан, биз мискин, деб ҳаммол ила ва бир-икки ғуруш расм олатургон, карантин ва бандар* маъмурлари ила урушуб юргонлари боиси таъсифдур*. Баъзилари бир ой муқаддам Туркистонға пишурилгон сассиғ гўштлар еб, касал бўлурлар. Ҳаво иссиғ, маа фиҳи* қази ва от гўшти еярлар. Бир қисми нонни қаланфурға ботуруб устидан чой ичиб, охири қабзият ва касал бўлур. Қошғарий ҳожи афанди қариндошларимизни касал ва ифлослиги кўб кўрунур. Бу сўзларни айтиб, ислоҳ этмак керакдур.

Кун чиқар. Чаноққалъа бўғозидан чиқармиз. Парахўд турди. Турк маъмурлари муойяна* ва таҳқиқ* этиб, жавоб бердилар. Тўпларни оғзи бизға мутаважжиҳдур. Бир неча ҳарбий парахўд ҳам бор. Тўпларнинг оғзи аждардек очуқ ва устинда тўпчилари-да бордур. Денгиз остинда мино, яъни жаҳаннам мошиналари-да бордур. Парахўдимиз бандардан ўтуб, ҳанграб-ҳанграб йўлиға давом этди. Энди Оқ денгиз, яъни Баҳри абязи мутавасситдамиз*.

Чошт* бўлди, Ядалла жазирасиға етдук. Бу Жазира Юнон ила Турк аросинда мутанозеъ фий-йадур*. Осиёйи Усмонидан бу жазира тор бўғоз ила ажралгандур.

22 июн, соат 6. Измир кўрунди. Кўрфази узундур. Измирдан бир қайиқ келиб, минасиз жойлардан парахўдни Измирға яқин олиб борди. Бир неча ҳарбий парахўдлар-да бордур. Шаҳарда эликтрикли трамвай ва шаҳарни юқори тарафиға чиқилатурғон осонсур—элеватўр[1] йўли бордур. Атрофи боғчалик ва обод бир шаҳардурки, Истанбулни Ускудор қисмиға темур йўл ила марбутдур. Бу замон устимизда бир турк тайёраси учуб, муаллақ урмоқда ва ердагилар «Яшасун…» садоси-ла гурламоқдадур.

Парахўдимиз ишини тамом қилса ҳам турпил-миналардан қўрқуб, оқшом юролмай қолди. Измирға етмасдан денгиз каноринда мустаҳкам ҳарбий қалъа-да бордур. Измирға 500 минг қадар халқ бордур атрофи илан.

Эртаси кун чиқгон сўнгра парахўдимиз юрди. Бир оздан сўнгра Сақич жазирасиға етдук. Бу-да Осиёйи Усмониға ниҳоят яқин ва баъзан ораси икки минг қадам қадар бўлиб, Туркия ила Юнон орасинда мутанозеъ-ан фий-йадур.

Туркиянинг катта парахўдлари келгандан сўнгра бу жазиралар устинда уруш бўлуши муқаррардур.

Попурда бир неча Мадинаи мунавваралик араблар-да бордур. Бириси ҳарами шарифни(нг) муаззини эмиш. Сурушдум, ул деди: «Ҳарами шарифи набавийда 150 мударрис, 200 дан фазла* имом ва хатиб бўлуб, аксарини ойиға 216 ғурушдан, сўфийлардан қирқини 120 ғурушдан ва қолмаларини озроқ вазифалари бор экан. Ал-он ҳарами шарифи набавий эликтрик ила танвир* топилиб, боблар, миноралар ва дару деворни оқшомлари минглар ила чироғлар ва ҳам ҳадис ва калимоти шарифани чироғ нурлари ила ёзиб, танвир қилдурар эмишлар, яъни ҳарами шариф бир жаннатдурки, инсонни чиқгони ва кўз айиргони келмайдур.

Ё хайра ман дуфинта фит-туроби аъзам,
Фатоби мин тайбаҳунно алқоъ ва-л-окам.
Нафси фидоъи лиқабрин анта сокиниҳи.
Фиҳи-л-фаофу ва фиҳ-л жду ва-л-карам.[2]

Бадавийлар ал-он темур йўл нафъини билиб, хурсанд эмишлар. Ҳатто, Макка йўлиндаги бадавийлар аросинда темур йўл устинда талош бор эмиш. Яъни ҳар бири бизни тарафдан ўтсун дер эмиш.

Мадинаи мунавварада араб шиъалари бўлуб, аксари қассоблик ва деҳқонлик ила машғул ва масжидлари йўқ эмиш. Мадинаи мунаввара шаҳри темур йўлдан сўнгра обод бўлуб, катта бўлмакда ва муҳожирлар ҳар тарафдан кўпаймоқда эмишлар. Мадинаи мунавварада бино қилинатургон дорулфунунға араблар яхши кўз ила қарар эмишлар. Ва Туркия ҳукуматиға муҳаббатлари яна зиёда бўлган эмиш. «Ан-назофату мин ал-иймон»[3] эди.

Аммо бизларда эмдилик ҳолда, назофат юзда бир кишиғадур. Парахўддагиларни аксари, балки ҳаммаси нос, попирус, чилим чекар. Ҳар тараф дуд, бадбўй ва ифлослик. Темур йўлда бу бадбўйлик яна зиёда бўлар. Денгиз иккигина қадам экан.

Яна пўстхўрда*, пиёз ва узум пўчоғи ва бошқа нимарсалар ила биз ҳожиларни атрофимиз тўладур.

(Бақияси бор)

«Ойна» ж., 1914 йил,
43-сон, 1030—1034-бетлар.

(Давоми бор)

*
Асафлик – таассуфланарли
Ҳанжор – йўл, усул
Бандар – порт
Таъсифдур – афсусланарли
Маа фиҳи – шундай вазиятда, шунга қарамай
Муойяна этмоқ – кўздан кечирмоқ
Таҳқиқ – текшириш
Баҳри абязи мутавасситдамиз – Ўрта денгиз
Чошт – чошгоҳ
Мутанозеъ фий-йа – низо, жанжалли ҳолат
Фазла – кўп, ортиқча
Танвир – ёритиш
Пўстхўрда – пўчоқ

[1] Эскалатор демоқчи.
[2] Маъноси: ушбу туфроқда дафн этилган, эй Сиз табаррук, фазилатли, улуғ инсон. Бу жой (Сиз туфайли) хушбўй (бинобарин), файзлидир. Сиз ётган қабрга жонни фидо этмоқ (ҳар нарсадан) афзалдир. (Чунки) бунда поклик, улуғлик, шараф бордир.
[3]Тозалик иймондандир.