Латиф манзаралар

Латиф манзаралар
146 views
16 October 2016 - 6:00

sl_1914_d008_evening_in_the_harbour_of_beirutМаҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(12)

43-рақамдан мобаъд

23 саратон эртадан оқшома қадар Осиёйи усмоний ерларини чап тарафимизга олиб, бинафшаранг сув саҳросини поёнсиз мавжлари орасидан сузулармиз. Ҳар замон бир жазира ва баъзан балиқчи қайиқлариға учрармиз. Эрта бирлан тулуъ ила баробар икки қулочғача балиқларни бир-бири ила ўйнашгани ва бу ҳур ҳайвонларни ҳаракати шоён тамошадур.

Парахўдимиз 24 июн Рўдус жазирасиға турди. Бир италён дўхтури одамларни муайяна учун, суруклаб* бирин-бирин олдидан ўткарди. Италён пулиси нардбонға турар ва ондан рухсатисиз бир киши жазираға оёқ босмас. Тураблис маҳорабаси вақтинда 12 жазирани Усмонлидан забт этиб эди, буларнинг биридур.

Италённинг икки ҳарбий фўлодлик парахўди жазирани қўруқлаб турубдур. Парахўдға бир неча кафказлик черкас мусулмонлар ҳажи шарифға кетарлар. Русча ва черкасчадан бошқа тил билмайдурлар.

Русча: «Сан насоромисан?»—деб сўрадим. У қадар оташин бўлдики, кўзлари ила мани ерди. Жавобиға: «Чаркас ҳамаси мусулмон, христиони йўқ, билмаюрмисан?»—деди. Сўнгра ман узр истадим.

25-саратон Қибрис жазирасини ўтдук. Бу туркларники эди. Энди инглиз тасарруфиндадур. Икки кундур ҳам иссиғ, ҳамда туш вақти бир оз фўртана ўлур.

Икки қариш узунликда пишакдек катта бир каламушни попур хизматчилари қувадурлар. Каламуш одамлар ва юклар устидан қочар, тутуб бўлмайдур. Қуватургон хизматчиларни адади кўпаиди. Ани ҳар тарафдан иҳота этдилар. Қаҳрамон каламуш охири йўл топиб, ип нардбондан юқори чиқди. Хизматчилар-да орқасидан чиқди. Қаламуш бошқа тарафдаги 20 газлик ип нардбондан тушуб, парахўд ичиға қочиб қутулди. Матрослар-да лабини ялаб қолди.

Бу кун 5-кундур, парахўдғамиз. Ҳар ким зериккан. Оқшом соат 11, Байрут соҳилиға етдук.

Байрутни ҳар тарафи чароғон, эликтрик нурлари мазар жазб этар.

Парахўдға ётдук. 26-июн эрта бирлан қайиқ ила чиқдук. Траблис муҳорабаси вақтида италёнлар ботургон бир турк парахўди шаҳардан юз қадам денгиз ичинда ҳануз ётар.

Бир соат тавқиф этдук. Оташ ароба ҳозирланди. Ўлтуруб Шоми шарифға жўнадук. Бир-икки кичик тунел ва тош кўфруклар остидан ўтуб, икки тарафи боғчалик ерлардан кечармиз. Ҳама ток, зайтун, анор, хурмо, анжир, патак анжир боғчаларидур.

Экинжойларға ҳар уч газға бир тут ниҳоли ўтқурулубдур. Ҳар йил бир-икки дафъа тутларни шохи ўрулуб, ипак қурти ва ё ҳайвонотға берилур экан. Барги аларға туъма* ва чўби ўтун бўлур. Тутни фақат танаси қолиб, экинға соя солмас. Мундай тут ва ости экин майдонлари ниҳоятда кўпдур, бўш ер йўқ. Боғлар темур йўлға у қадар яқинки, меваларни оташ ароба устида узмоқ мумкиндур.

Иккинчи мухаттадан Жабали Лубнон айалат* мумтозасиға кирармизки, бу ер насоро араб бир бек тасарруфиға бўлуб, Туркия ҳукуматиға тобеъдур. Халқи араб насородур. Бир оз мусулмон-да бор. Ҳамаси араб либосиндадур. Оташ ароба доимо баланд тоғларға эгри- бугри йўллардан чиқар. Темур йўлни ўртасинда яна соат чархидек дандоналик бир темур хати борки, вагонларни сахлайдур. Бутун Жабали Лубнон қишлоқ ва қасабалари хуш ҳаводур. Тоғларни тепа ва ямоч ва сойларинда ёйилган ва яхши ерларинда аъло сайфия* боғ ва уч-тўрт табақалик тош оврупойи иморатлар бино қилингандурки, Миср тарафиндан бойлар келиб, ёзни мунда ўткарарлар. Мева-да кўп.

3 соат юруб, тоғ туннелларидаи ўтуб, Жабали Лубнон ҳудудидан чиқдук. Эмди Шом ерлариғамиз. Очиқ бир водий. Ҳар тарафи боғча ва экин ер, ҳар навъ мева ва чашма сувлари ниҳоятда кўп. Араб болалари мева сотарлар ва бизни Туркистондек меваси арзон, ери қизил кесакдек қизилдур. Салқин ва соф бир ҳаво ютармиз. Токларни аксари, балки ҳамаси лалми ва токларни бир-икки қулоч тана-зирнаги бўлуб, учидан шоха қўюлган, яъни токлар ерға ётган дарахтдекдур.

Бир икки мухатта бу кенг водийдан ўтуб, яна оқ ва қизил ранг тоғлар орасига кирдук. Тарафайн* баланд тоғлар, ўртасидан бир наҳр* оқар. Наҳрни икки тарафи муттасилан боғчалар, кўй ва қишлоқлар, беш-ўн мухатта бу латиф манзаралардан ўтармиз. Музлик сув чашмалари. Араб болалари чашмалардан тўғри сув олиб мусофирларға сунар. Биз-да бахшиш берармиз.

Шомга икки мухатта қолди. Шом сайфиялари ва кибор халқи учун қилинган жавлонгоҳ ва қаҳвахоналар умумий ва табиий боғчалар орасидан кетармиз.

Хулоса: баланд тоғларни ямочиндаги боғча ва ўртасиндаги шаффоф наҳрлар орасидан ўтуб, Шоми шариф шаҳрининг мухаттасиға етдук.

 «Ойна» ж.,1914 йил.
44-сон, 10451048-бетлар.

(Давоми бор)

*
Сурукламоқ –
тўпламоқ
Туъма – таом, овқат
Жабали Лубнон айалат – Лубнон тоғлик вилояти
Сайфия – экинзор, ёзги жой
Тарафайн – икки тараф
Наҳр – дарё, оқар сув