Матбуотимиз тирилади…ми?

Матбуотимиз тирилади…ми?
85 views
16 October 2016 - 6:30

uzbek-gazetalariЭркинлик – Фармон ёки Қарор билан жорий қилинмайди. Тўғрироғи, бу мумкин бўлмаган бир ишдир. Жамиятнинг эркинлашуви табиий жараёнлар ичида кечади.

Шу кунларда кўпчилик мамлакатимизга бироз “тоза ҳаво” киргани ҳақида гапирмоқда, ҳаяжонланмоқда. Бироқ ҳаяжонланишга ҳали эрта. Битта “Вертуал қабулхона” бутун бир миллатнинг муаммосини – ҳар куни “эшик тақиллатиб” турган 10 мингта шикоятчининг дардини ҳар доим ҳам ҳал этиб беролмайди. Демак, биз эркин ва демократик жамият қуриш ниятимиз бўлса, Сўз эркинлигига, Матбуот эркинлигига эҳтиёж туямиз. Лекин айни пайтда бу соҳада ҳеч қандай ўзгариш қилиб бўлмайди. Чунки соҳа бутунлай ўлиб қолган! Матбуотнинг ўлганига 15 йилча вақт бўлди. Яъни, Матбуот ва ахборот агентлиги қошидаги “Давлат сирларини сақлаш инспекцияси” тугатилганидан кейин Матбуот “ўлди”! Шу инспекция тугатилмасидан олдин “давлат сирлари” унчалик кўп эмасди. Тугатилгач, “давлат сирлари” кўпайиб кетди. Натижада, матбуотимиз бўғилиб “ўлди”.

Эндиликда ана шу матбуотни тирилтириш мавриди келди. Бу хайрли ишга қўл уришдан олдин эса битта иш қилиш керак: соҳадаги кадрларни 100 % алмаштириш керак! Бизда битта газетанинг тепасига чиқиб олган Бош муҳаррир 15-20 йилсиз тушмайди. Газета шахсий томарқасига айланиб кетади. Агар бир амаллаб “тушириб” олсангиз, 1-2 йилда бошқа нашрнинг “елкасида” кўрасиз. Мисол учун, Ўзбекистонда “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Қишлоқ ҳаёти” деган газеталар бор. Ўқиганмисиз? Нимасини ўқигансиз? Ва нимасини ўқийсиз? Ҳар куни Бош Вазирнинг “Вертуал қабулхона”сига минглаб шикоятлар ёғиляпти. Нега “Халқ сўзи”га бормайди? Ахир у ўз номи билан Халқнинг Сўзи-ку?! Юртимизнинг қайсидир бир чеккасида ноҳақликдан азият чекаётган одамлар қачонгача “Вертуал қабулхона”га мурожаат қилади? Унда бу газеталарнинг кимга кераги бор?

Хуллас, Матбуот соҳасини, айниқса, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси фаолиятини тубдан ўзгартириш, ислоҳ қилиш ва малакали кадрлар қўлига бериш фурсати етди!

Алишер Назар

Манба: www.facebook.com