Қамоқ сен учун нажот йўли

Қамоқ сен учун нажот йўли
128 views
17 October 2016 - 7:00

Сафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(27-қисм)

У аслида бош терговчининг бошқарма бошлиқлиги курсисига ўтиришини кутаётганди. Жамшид бугун туманга бош бўлса, эртага шаҳарни бошқарарди. Адвокат унинг орқасидан мўмайгина ақча ишлаб бой бўлмоқчи эди. У ичиб олиб Баҳромга валақлаган бу гаплари ўз бошига бало бўлишидан қўрқарди.

Адвокат ўзининг “Жамшид яқинда бошлиқ бўлади. Бошлиқ бўлгач, яна ҳам кўп пул ишлагиси келади. Унга ҳамиша ишончли одамлар зарур” деган сўзларини эсларкан, ўзига гўр қазиб қўйганини тушуниб вазиятни юмшатиш мақсадида:

– Қайси ҳайвон сизни бу аҳволга солиб қўйди? – деди.

Унинг терговчи каби бўлиб ўтган ишлардан тўлиқ хабари борлигига заррача гумони йўқ Баҳром:

– Сиз ўйлаётганингиздек, мени ҳеч ким калтаклагани йўқ, машинадан тушаётиб туртиниб кеттим! – дея хотиржам жавоб қайтарди.

Гапнинг асосий мавзуга тақалишини истамаган адвокат уни чалғитиш учун овозини янада юқори кўтариб:

– Яширманг, сизни калтаклашган! – деди. – Қўрқмасдан, тўғрисини айтишингиз лозим. Мен улар устидан прокурорга арз қиламан. Улар мамлакат қонунларини менсимайдиган бўлиб қолганларми ҳали?

У фойдасиз гаплар билан авраб турса, Баҳромни исталган вақтда прокурор олдига олиб чиқиб кетишларини яхши биларди. Унинг жонсараклиги сабабини англаб турган Баҳром вақтни бой бермаслик мақсадида:

– Мени бугуннинг ўзидаёқ бу ердан олиб чиқинг. Қўлингиздан келмаса, кечгача ўн беш минг долларни уйимга олиб бориб, ўғилларимга санаб топширинг! – деди кескинлик билан.

Баҳромнинг шунга ўхшаш гап қилишини адвокат кутган бўлса ҳам, қулоқ-чаккасига тарсаки еган одамдай, жойида бир замон қотиб қолди. Бақанинг кўзлари сингари бўртиқ кўзлари кўзойнак остидан бақрайиб, оғзи ўз-ўзидан очилди-да, томоғига тиқилган тили зўрға айланиб:

– Масала ҳал бўлган! – деди талмовсираб. – Кеча сизни шаҳар бошқармасига олиб кетганларидан бир оз ўтиб Жамшиднинг хонасида йиғилдик. Жамшид туман прокурори Баҳром Дурматов билан гаплашадиган бўлди. Миллий хавфсизлик ходими Шерзод деган йигит билан Мелис бугун прокурорга кириб ишингизни битиради. Чиқиб кетадиган бўлиб турипсизу, гапираётган гапингизга қаранг. Атторнинг қутисида йўқ нарсаларни тинтиб топасиз-ей!

Ўзини чалғитиш учун айтилаётган бу гапларнинг таги пучлигини тушуниб турган Баҳром:

– Мен сизга ҳам, Мелис билан Жамшидингизга ҳам, прокурорингизга ҳам ортиқ ишонмайман. Авровларингизга лаққа тушиб ёш бола сингари алданганим етади! – деди.

– Яхши ният қилинг! – деди адвокат. – Одамзотнинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзга фаришталар омин дер эканлар. Ниятингиз ёмон бўлганидан сўнг, Тангри сизга яхшиликни раво кўрмайди-да.

Унинг гапларидан ғазаби қўзиган Баҳром ўзига мутлақо ярашмаган тарзда қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Яра-чақа босган башараси баттар хунуклашди. Адвокат унинг ақлдан озганига энди чиндан ҳам ишониб, дипломатини кўтарганча қўриқчига яқин борди.

Ўрнидан ирғиб турган қўриқчи:

– Ўзингизни босинг, ака! – деди Баҳромга. Бу жой ҳайвонот боғи эмас.

Кулгидан тўхтаган Баҳром кишанли қўлларини пешонасидан тушириб:

Ҳа, бу жой ҳайвонот боғи эмас, лекин мен ҳайвонман! – деди. – Мени маймун каби ўйнатяптилар. Булар мени қаматмасдан қутқариб оламиз деб ҳалол меҳнатимга олган уйимни туя қилдилар. Тагимдаги машинамни соттирдилар. Ота-онам, хотиним, болаларим олдида, қариндошлар ва қўни-қўшнилар олдида субутсиз қилдилар, бебурд этдилар. Яна жанобларининг Тангри ва фаришталар ҳақида оғзини кўпиртириб гапиришига ўласизми? Одамзот шунча ҳам безбет бўладими? Нима дейишни ҳам билмасдан қолар экансан...

Унинг ҳали ақлдан озмаганидан ичида хафа бўлган адвокат:

– Бугун чиқариб оламиз деб айтдим-ку! – деди унга. – Сизга тағин нима ёқмаяпти, тушунмаяпман.

Барча нарса… тушундингизми, ҳаммаси ёқмаяпти! – деди Баҳром. – Чунки бу ваъдаларнинг чўпчаклигига кеча тунда тўлиқ иқрор бўлдим. Очиғини айтганда, мен қамалишни хоҳлаяпман, ҳа-а, қамалишни хоҳлаяпман! Қулоқларингиз тўғри эшитяпти, қамалишни хоҳлаяпман!

Соғлом ақлга сиғмайдиган сўзларни эшитган адвокатнинг кўзлари катта-катта бўлиб очилди. Ҳали унинг ақлдан озмаслигини ўйлаб хато этганини англагач, чиндан-да Баҳромнинг руҳиятида касалик аломатлари бошланганига гумони қолмади.

– Қамалишга ҳамиша улгурасиз! – деди у. – Биз берган ваъдамиз устидан чиқиб, сизни бу жойлардан қутқариб, бола-чақангиз қўлига соғ-омон топширайлик. Жуда қамалгингиз келаётган бўлса, кейин қамалаверасиз, қўлингизни ушлаб турган одам йўқ.  

 Баҳром ўзининг аҳволига тушган ҳар бир кимса сингари қамалишга маҳкум эди. Буни ўзи ҳам идрок этарди. Мудҳиш йўлдаги машаққатларни англаш, сабабоқибатларни ўрганиш аслида унинг кўп йиллик орзуси бўлиб, уни амалга оширадиган кун келганди. У энди Мустақиллик йиллари қатоғонлари ва қийноқлар ҳақида китоб ёзади. Кўз билан кўриб ёзилган асар таъсирли ва ҳаётбахш бўлади, ўзликни топишда восита бўлиб хизмат қилади. Машаққатли ва шарафли ишни уддалай олса, кўҳна Турон ҳудудларида ҳеч кимга насиб этмаган вазифани амалга оширади. Битилажак китоб “тўрт юз йиллик истибдод”, “жаҳолат” ва “маърифат”га бағишланади. У “жаҳолат водийси”да содир этилаётган разилликларни бор бўйбасти билан тасвирлайди…

Жуда олиб чиққингиз келаётган экан, сизга нима халақит бераяпти? – деди у адвокатнинг башарасини янаям яқинроқдан кўргиси келиб.

У бир нима дейишга андиша қилаётган оқил одамдай, кўзларини қисиб, мўйловини ликиллатдида, мийиғида кулди. Сўнгра кўзойнаги устидан тикилиб:

– Сиз, сиз халақит беряпсиз, Баҳромжон! – деди.

– Мен қандай қилиб халақит беришим мумкин? – деди Баҳром. – Тутқун бўлсам, қўлларим кишанда бўлса?! Бирор кимсани кўролмасам, бирор кимса билан гаплаша олмасам?!

– Пулни қайтар, дейсиз, қамалгим келиб қолди, дейсиз! Ўйланмасдан айтилган ҳар сўз эркин ҳаракатга руҳий зарба бўлишини тушунасизми ўзи? Қудратжоннинг олдида оғзингизга келганини қайтармаяпсиз. Адвокат “Қудратжон” деганида қўриқчига қайрилиб, қўлларини кўксига қўйди. Бу билан Баҳромнинг бемаъни қилиқлари учун ундан узр сўраган бўлди. Тағин Баҳромга ўгирилиб, гапида давом этди: – Қудратжон яхши укамиз. Ундан бошқа одам бўлганда, барчасини оқизмай-томизмай Жамшидга етказарди. Шундай бўлса борми, озод бўлиш нари турсин, тириклигингиз савол остида қоларди. Кечаги азоб-уқубатлар буниси олдида ҳолва бўларди…

Адвокатнинг билиббилмай оғзидан гуллаб қўйган сўзлари Баҳромнинг кўзларини мошдай очди. У тунги воқеалардан хабардорилигини ўзи фош этиб қўйди. Бояги анойиликларининг бариси, атайлаб қилинганлиги билиниб қолди. Баҳром буни сезаётган бўлса ҳам, барчаси шу чоққача гумон эди. Демак, бош терговчи Жамшид Рахмонов, бошқарма бошлиғи ўринбосари Кандиёр Кажалиев, Мелис, прокурор, адвокат ва терговчининг бу ишда сиртдан бўлса ҳам ўзаро ҳамкорлиги бор эди. Мақсад риёкорлик йўли билан  бойлик орттириш эди. Баҳром навбатдаги қурбон эди, холос!

Йўқотилган нарсадан воз кеч. Қамоқ сен учун нажот йўли, талашсанг, ажал чангалига тушасан”, деган фикрни адвокат шама билан бўлса-да Баҳромга етказди. У буни тушунди. Энди у адвокат йўриғига юриб, қамалиб чиқади. Бу танлаган йўлига деярли мос тушади. Йўқотадиганларидан топадиганлари, эҳтимолки, кўпроқ бўлар…

Шунда ўзини қуёшли кунда дор остигача судраб келган Мелис ва унинг шериклари қиёфаси унинг кўзлари олдидан ўта бошлади. Ўзининг қанчалар галварс бўлганини англаб, юрагига тикан санчилгандай, кўкраги зирқираб кетди.

У қўрқаётганлигини билдирмаслик учун кўзларини қўлидаги кишанга тикиб:

– Шамшод ака, мен қизишиб кетипман, узр! – деди. – Жамшид билан Мелиснинг мени ташлаб қўймасликларига ишонаман.

Унинг чекинганини кўрган адвокат:

– Бу бошқа гап. Сиз фаросатли йигитсиз, бу гапни Жамшидга етказсам, ярашади! – деди.

Чорасиз Баҳром денгизда адашган кема каби ҳимоясиз ва ночор эди. Уни дўст деб юрган кимсалари пайдо этган шамоллар қайси томонга ҳайдаса, у ўша томонга сузарди. Уни осуда оқим кутадими ёки тўфонлар, ҳеч ким билмасди.

Қамалиши аниқ бўлгач, бошида туриб, ўзини мақтаётган адвокатнинг гаплари бу қулоғидан кириб, у қулоғидан чиқиб кетди. У адвокатга, “кеча нега ортимдан етиб бормадинг ёки бугун прокурорга бориб, айбсизлигимни исбот қил”, дегандан наф чиқмаслигини энди яхши биларди…

(давоми бор)