Майфаъа воқеаси

Майфаъа воқеаси
27 views
17 October 2016 - 5:00

madina-nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 100

(давоми)

МАЙФАЪА ВОҚЕАСИ

Яна шу йилнинг Рамазон ойида Ғолиб ибн Абдуллоҳни бир юз ўттиз одамга бошлиқ қилиб, Майфаъа қабиласига бориб чопул (ҳужум) қилишга буюрдилар.

Бу ер эрса Нажд ноҳиясида бўлиб, Мадинага саккиз кунлик йўл эди. Туюқсиздан бориб аларни босдилар. Душман бошлиғи урушда ўлдирилди. Қолганлари эса ҳар ёққа қочиб йўқолдилар. Алардан қолган мол-чорваларни бутунлай ҳайдаб Мадинага келдилар.

Шу урушда Расулуллоҳнинг асранди ўғилларининг ўғли Усома ибн Зайд Наҳяк ибн Мирдос устига ҳужум қилди. Қилич урар чоғида омон сўраб: «Ла илаҳа иллаллоҳу», деди. Қўрққанидан айтадур деб, омон бермай уни ўлдириб қўйди. Мадинага келгач, бу воқеани Расулуллоҳ англадилар. Усомани чақириб:

— «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини нечук ўлдирдинг? Энди «Ла илаҳа иллаллоҳ»га нима жавоб берасан?—дедилар.

Анда Усома:

— Ё Расулаллоҳ, ўлимдан қўрқиб буни айтгандур,— деди.

Расулуллоҳ:

— Эй Усома, кўксини ёриб кўрмадингму, ростми, ёлғонми билур эдинг, — дедилар.

Бундан огоҳланиб дарҳол Усома тавба қилиб, истиғфор ўқиди.

«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни қандай қилурсан?» деб бу сўзни яна уч марта айтдилар.

Ҳазрати Усома бу ишдан қаттиқ хижолатга қолиб: «Кошки Исломга энди кирган бўлсам, бу қилган гуноҳим кечирилар эди», деди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу гуноҳ каффоратига Усома бир қулни озод қилсин», деб буюрдилар. Ўлик эгаларига ўзлари хазинадан хун-товон тўладилар.

Саллаллоҳу алайҳи васаллам.

(давоми бор)