Одамлар ўзлари ишонганларига ишонгилари келади

Одамлар ўзлари ишонганларига ишонгилари келади
40 views
17 October 2016 - 20:28
Сирожиддин Толибов

Сирожиддин Толибов (Ислом)

Айтингчи энди биз киммиз?

1. Ҳикоя

Россияда қулликка тушиб қолган ўзбек йигити йиғламсираб телефон қилди.

Илтимос, мени қутқаришга ёрдам беринг, деди телефонга шивирлаб. Уни “қулдорлар” эшитиб қолишидан қўрқарди.

Нима бўлганини сўрадим.

Бир неча ЙИЛ олдин келиб, кавказликлар эгалик қилган фермага ишга киради. “Ўшандан буён на ойлик бор ва на дам олиш куни. 14-16 соатлаб ишлайман, нормани бажармасам, ўлгудай қилиб калтаклашади, илтимос, ўтиниб сўрайман, мени бу ердан қутқаринг!”.

Дарҳол тез ҳаракат қилиш кераклигини тушундим. Унга жойингизни айтинг, полицияга телефон қиламан, қутқаришади, дедим ўйлаб ўтирмай.

Йигитнинг жавоби мени ҳайратга солди: “Акажон, илтимос, шу милисабозлик қилмасак, улар барибир ёрдам беришмайди,” деди умидсиз оҳангда.

“Унақада қандай қутиласиз?” дедим асабийлашиб. “Пешанада борини кўрамиз ака!” Йигит ҚУЛЛИККА рози эди.

* * *

2. Ҳикоя.

Бугун Косонда пахтага ётоққа чиқарилган Чироқчи касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси директоридан ўласи қилиб калтакланганини айтиб беришди. Сабаби пахтага чиққан талабалар уйларига қочворипти.

Ўқитувчини эътиборсизликда айблаган директор уни тупроққа белаб тепкилайди. Ҳодиса ҳамманинг кўз ўнгида бўлади. Ўқитувчи икки кун қон сияди. Орқасининг момоталоғи чиқиб кетган.

Отаси билан гаплашдим. “Энди айби ўзида, – деди отаси ўғлини урганнинг ёнини олиб. – Бир икки шапалоққа ўлиб қолмайди!”.

“Ўғлингиз буйраги ишдан чиқсачи ё, Худо кўрсатмасин, ўлиб қолсачи?” – сўрадим отадан. “Ўлмайди, Худо хоҳласа” – деди ота бамайли хотир.

Ўйланиб қолдим: Бош эгиб яшаш, ҳақсизликни сукут билан тан олиш фазилатми? Биз киммиз ўзи?

* * *

Одамлар ўзлари ишонганларига ишонгилари келади

Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда Каримов ёмон эди, лекин Мирзиёев яхши, деган риторикага дуч келаяпман.

Рости гап, ўзларини ойдин деб билган кимсаларнинг унутувчанлиги, аниқроғи, унутишга бўлган иштиёқи мени жуда асабийлаштиради.

“Мирзиёевни яхши деб турайлик, зора яхши бўлса…”

“Мирзиёевни яхши деб турайлик, балки ростанам яхши бўлса”

“Мирзиёевни қўллаб-қувватлайлик, ҳаммаси зўр бўлади”….

Шу қабилдаги қабиҳ жумлаларни ўқисам, бисотимда бор ҳақоратни ишлатаман.

Уларга савол бергим келади: Алишер Соиповни отиб кетганлар қайси режимга хизмат қилганди? Самандар Қўқоновнинг 24 йилдан буён қамоқда ўтирганини билишадими? Обид қори Назаровни бошига ўқ узганлар қайси тузумнинг итлари эди? Хорижда қулдек ҳақсиз кўча супурган, қоровуллик қилаётган, танасини сотаётган миллионлаб инсонларни қайси режим сиғдирмади ватанга?

Каримов эди, Мирзиёев ҳаммасини изга туширади, деб баҳона қидирманглар зинҳор!

Мирзиёев нияти яхши бўлса бордир, лекин, унутманг, У – УЗУРПАТОР! Конституцияни оёқ ости қилган, Каримов ҳокимиятига 2003 йилдан буён раҳбарлик қилган инсон!

Майли, у Каримовга қарши чиқишга ожиз бўлган бўлиши мумкин, лекин БУГУН, ҳеч бўлмаса, “ОТАМ каби эди, унинг НУРЛИ ЙЎЛИДАН ҚАЙРИЛМАЙМИЗ”, демасин!

Уни кетини ўпа бошлаганларга эса бир гапим бор: одамлар ўзлари ишонган нарсаларига ишонгилари келади! Демак, сизнинг ишончингиз РИЁга қурилган.

Сирожиддин Толибов (Ислом)

Манба: Facebook.com