Шоми шариф

Шоми шариф
23 views
18 October 2016 - 7:00

sl_1914_d149_court_and_livan_of_a_damascus_residenceМаҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(13)

44-рақамдан мобаъд

Шоми шариф мухаттасига индим. Бир неча туркистоний, бухорий, эроний ва араб даллол ва нўмирўтел хизматчилари атрофимни олдилар. Ҳар бири юкларимга қўл узатмоқда ва юкларни олмоқ учун бир-бири ила сўкушмоқда ва ҳар бири тумшуқунгни остига суқулуб ўз манзилиға сени таклиф этиб, бошқасининг манзилини ёмонламоқдадур. Чарчаган кишини яна кулфат бериб, номулойим ҳаракатлари нерв-асабингга тўқинадур. Ўн қадар бу мусофирлар сайёдини ҳар бири ила ғовға этиб, қўлларидан нимарсаларни тортиб олиб, ҳаммолга кўтартуруб, аробаға қўюлди.

Яна орқангдан қолмайдурлар. Бириси дер: «Ман эроний ва санга ҳамшаҳардурман, сени ўз манзилимға олиб бормоқға ҳаққим бор».

Ман дедим: «Фақат кулоҳим эронийдур». Маа фиҳи атрофингдан кетмайдурлар.

Дедим: «Сизлар бу мамлакатға келиб шу қадарми одамгарликдан чиқдингиз?..»

Сўз таъсир этмас. Бири ароба ичиға, дигари аробачи ёниға минди.

Ман дедим: «Ҳеч бирингни ўтелингға бормайман, модомики сизлар бу қадар адабсизлик қиларсиз». Қулоғига олмас.

Ароба жўнади. Аммо арабода икки нафар ҳожи сайёди. Аробачиға дедим: Бу иккисининг ўтелига кетма. Балки шаҳарнинг ўртасинда ва энг аъло бир ўтелға ҳайда. Аробачи арабча: «Бол-раис-ва ал-а айн»,- жавобини берар. Бир хейли ҳайдади. Бирисининг ўтели олдидан ўтдук. Аробани сахлаттурди*. Нимарсаларни ўз ихтиёри ила тушурмоқчи. Лоилож қўлум ила, шамсия ила ўтелчининг туркистоний хизматкорини урдум, азбаски ҳайвонча этиб сўкмоқ ҳам кор этмайдур. Бошимға салла, эйнимда жома йўқлиги анинг шарридан* қутултирди. Агарда ҳожи либоси ила бўлсанг, бу нобакор даллолларни бандаси бўлдунг-кетдинг.

Бироз нари кетиб аробачи ёниға ўлтурган арабнинг ўтелиға индим.

Дорус-сурур ўтели 3 табақалик, боғча ва фаввора ва ҳар нав гулистонлик таомхона ва чойхоналик, усти шиша ва ости мармар фаршлик аъло бир ўтел. Чиқиб кўрдум. Мани хоҳлайдургон ҳужра йўқ. Ўтелдан чиқиб қарасам, аробадаги юк устинда ушбу ўтел хизматчиси ила бошқа бириси урушубдур. Пўлис ҳозир бўлуб, мудохала қилмоқда.

Пўлисдан сўрадим, мусулмон мулки ва мусулмон ижорасиндаги 3 табақалик ости мармар, усти шиша аъло бир ўтел кўрсатди. Ангилтара ўтели мусаффо, карават ва асбобликдур.

2-табақадан бив ҳужрани етти ғуруш, яъни 6 тийинга олиб кирдим. Ўтел ходимлари ва ҳамшаҳар даллолларни мухаттада ҳожиларға бературғон азийятлари таҳаммулдан зиёдадур.

Шоми шариф ўтеллари аъло ва арзондур. Таом ва мевада арзон. Ўтелларға фаввора ва деворлар орасиндан ҳожатхона ва ошхоналарда мил ила келтурулган жорий сувлар доимо бордур. Ҳар ўтелда мажоний совуқ ҳаммомлар ва аъло таомлик ошхоналар ва ҳар ҳужраға сув ва мажоний собун ва сутдек ётоқ пардалар ва дастмоллар ва карават устинда оқ турун (пашшахона), эликтрик чироғлар, хулоса, асбоби истироҳат мукаммалдур. Миср, Истанбул, Шом ва Байрут нўмералари арзон ва энг аъло ва мукаммал ва ялғуз кишиға бир уйи бир ярим сўмдан 50 тийинғачадур. Баъзи уйға 3—4 карават борки, 20 тийиндан 50 тийинғача ҳар каравати ижараға берилур.

Ҳожилар учун дуруст манзилға кирмоқ муҳим масаладур. Даллоллар сўзиға кириб, кир ва тахтаканалик жойларға бормоқ дуруст йўқ. Аммо бу қадари борки бизни баъзи ҳожилар давлатлик бўлсалар ҳам таблик, ифлос, мажоний такя ва ёинки ниҳоят арзон, мурдор ерларни таржиҳ* этарлар. Бизни ҳожилар йўлда аксариятан у қадар кир бўладиларки, дуруст ўтелларға борганда ҳам қўймайдурлар.

Шоми шарифда мажоний такя ҳам бордур. Одам бошига 15 тийин оладургон жойлар-да бор. Даллолларни ҳожи овламоғи бутун аскала* ҳам вагзолларда жорийдурки, бу овчиларни(нг) аксари, балки ҳаммаси ўзимизни бухорий, туркистоний сарсари ҳамшаҳарларимиздур. Табиий, ичларинда тўғриси-да бор, аммо аксари каззоб ва алдовчидур. Ҳожиларни шайтанат этиб*, баъзан Истанбул ва ё Шомдан Макка ва ё Миср учун тижорат моли олиб берарлар. Ватанға савғо олиб борарсиз, деб ҳожиларни оғур қилиб мол олиб берарлар. Ҳожиларға лозимки, қайтишға кераклик нимарсаларини олсалар ва ҳожиларни доимо қушдек енгил бўлушлари лозим. Ҳар ердан нон ва таом топилур. Тўрбаларға қоқ нон ва талқон кўтармоқ кулфатдур.

Бир-да пул масаласи бор. Ҳар бир ҳожиға лозимки, мамлакатидан ёниға юз сўм сақлаб, бошқасини бонкаға бериб, Одис, Севастопўл, Ботум, Истанбул, Байрут, Шом (Дамашқ), Қуддус (Иерусалим), Қоҳира, Искандария, Пўрт Саид, Жидда шаҳрларидан истаганимча оларман, деб бонкадан аккердитив исминдаги ҳаволанома коғаз олсун, бу тақдирға бонка ҳар бир минг сўмға 3 сўм қадар масриф* олур. Ва ҳам берилгон пулға бонка фойда берар. Олган куниғача пулни бонкаға беришға паспуртдаги исмини айнан бехато ёздурмоқ керак. Қўли бор одамни қўлининг намунасини тейишли бонкларға аввалан юборилур. Пул эгаси, масалан, Истанбулдан бориб олмоқчи бўлса, яна қўл қўйдуруб, аввалги қўл ила солиштуриб кўрадурлар. Агарда қўли бошқа чиқса, пул берилмайдур, балки тафтишға берилур. Ва ҳамда пул эгасининг қўлига бир дафтар ва бир тахта бланка коғаз берилур. Бу коғазлар ила бошқа одам борса, оқча ололмайдур. Агарда пул эгаси ўлса, оқча ҳамроҳларға ва ё даллол ва байтул мол*ға қолмасдан варасаға* тегадур. Ва ҳам ўғридан хотиржам бўлуб, ҳожи тинч бўладур. Аммо зинҳор бировни коғази ила бошқа киши бонкадан пул олмоқчи бўлмасунки, тергов ва ҳибсға тушуб, ҳаждан ва йўлдан қолиб жазо чекар. Туркия ва ёинки хорижия бонкалари ё коғаз оқча ва ёинки оқча бозорининг нархи юзасидан ҳожи талаби бўюнча Туркия олтуни ва ёинки франсуз, англис ва ёинки Миср олтун ва ё қоғаз оқчасини берарларки, ҳар ерда ўтар. Аларни синдургонда бонкаларға синдурмоқ қерак. Чунки саррофлар* саррофини кўб олур. Ва ҳам тезобға* солинган ноқис* олтунларни берарки, кам юрар.

Шоми шарифда келган ҳожи афандилар «Қуддус» ўтелиға тушсалар, мамнун бўлурлар. Мухаттаға ва шаҳарға яқин, пиёда бормоқ-да мумкиндур.

(Бақияси бор)

«Ойна» ж., 1914 йил,
45-сон, 10771081-бетлар.

(Давоми бор)

*
Сахлаттурмоқ – тўхтатмоқ
Шарр – ёмонлик
Таржиҳ – афзал
Аскала – пристан, порт
Шайтанат этмоқ – фириб бермоқ
Масриф (масориф) — исрофгарчилик
Байтул мол – давлат хазинаси
Вараса – меросхўрлар
Саррофлар – пул алмаштирувчи
Тезоб – азот кислотаси
Ноқис – нуқсонли, қалбаки