“Экстремист” деб кимни айтиш мумкин?

“Экстремист” деб кимни айтиш мумкин?
127 views
19 October 2016 - 18:15
Ёдгор Обид

Ёдгор Обид

Келинг, ўйлашиб кўрайлик…

Биз кўпинча ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ёки қўлидан келганича ҳимоя қилишга уринаётган ватандошларни ҳукумат матбуоти ( аслида, матбуотнинг “ҳукуматники” дейишда ҳам ғалатлик бор. Матбуот туб маънода эркин бўлиши, ҳукуматга мансуб бўлмаслиги керак) ва бошқа ҳукумат одамлари томонидан “экстремист”ликда айбланаётганига кўзимиз тушади…

Ҳукумат эса, тинч аҳолининг, ватандошларнинг тинчини бузиб, уйларига қуролланган ҳолда бостириб киради, пахта теримига зўрлик билан ҳайдаб чиқаради, уйларини, квартираларини тинтув қилади, истаган нарсаларини “конфискация” қилади, яъни, тўғри маънода, тортиб олади. “Нимага бундай қиласизлар? Нима айбимиз бор?” деб сўрашнинг ўзи давлатга ва давлат одамларига қаршилик кўрсатганлик бўлади ва қамоққа олинишига имкон беради…

Ҳамманини уйида намоз ўқиши ёки ўқимаслиги ҳам назорат остида…

Ҳар қадамда очиқдан очиқ пора талаб қилиниши, “порасиз ҳам иш битириб бўладими?” деган гаплар оддий ақидага айланиб қолгани ҳақида гапирмай қўяқолайлик…

Деярли ҳарбир оддий меҳнаткаш устидан назорат ўрнатилгани ҳам…

Булар ҳақида оғиз очиб гапириш, ҳақиқатни айтиш – жиноят!

Бунинг учун қамоққа олишлари мумкин.

Ҳудди шу сабаб билан қамоқхоналарда йиллаб азоб чекиб ётганлар қанча…

Бундай ҳукумат зўровонлигига, тазъйиқларига, мутлоқ беайбларни жазолаганлари ва жазолаётганларига истаганча мисоллар келтириш мумкин…

Ана, энди, дўппини қўлга олиб, ўйлаб кўрайлик…Тўғри маънода “экстремист” деб кимни айтиш мумкин? Ўз ҳақ – ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уринаётганларними ёки ҳукуматнинг ўзиними?!

Масалан, “Ўзбекистонда – экстремист ҳукумат ҳукмрон” деган жумла тўғри бўладими?

Сўраб қўйгим келди…

Ёдгор Обид

Манба: facebook.com