Қалбинг, жисминг ёлғиз Оллоҳ дер…

Қалбинг, жисминг ёлғиз Оллоҳ дер…
93 views
20 October 2016 - 7:00

umayyad-mosque-damascusМаҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(14)

45-рақамдан мобаъд

Шом шаҳрининг асл оти Дамашқдур. Шом исмининг асли «Шоъмун» бўлиб, арабий сўл, яъни чап маъносини ифода этгувчи ва Яман қитъаси муқобилинда, яъни Ҳижози мағфират тарозға нисбатан чап тарафда воқеъ бўлган мамлакатға араблар тарафидан берилган бир исмдур.

Бутун мамлакатни «Барои Шом—Сурия» ҳам аталиб, Нафс шаҳрини ўзини «Дамашқи Шом» аталадур. Ушбу шаҳр Қосюн ва Жабалушшайх тоғларининг этагидаги ҳаводор бир водий—сойға ва яшил боғчалар аросинда воқеъдур. Қосюндан инатургон Барди наҳрининг барроқ ва латиф-ул-ҳамимлик* муз суйи бир неча ариғлар ила шаҳар ва атрофини сувлайдур. Ушбу сувдан Шомни аксар ҳавли ва уйлариға фаввора ва таҳвили маъ* ила ҳатто, ошхоналарғача жорий сув келтургондур.

Шаҳарнинг бир қисми Имора ва бир қисми Салоҳия аталур. Шаҳарда уч-тўрт табақағача иморатлар бўлуб, ахийран йўл ва ободликиға ҳукумат ҳаракат этибдур. Шаҳар Сурия вилоятининг марказ ҳукумати бўлуб, Туркиянинг Осиёи Усмонияға биринчи шаҳридур. 200 минг қадар халқи бўлуб, 170 минг муслим ва бақияси рум, катўлик, прутистант, сурёний ва олти минг қадар яҳудий бўлуб, бу халқнинг барчаси хоҳ мусулмон ва ғайри мусулмони арабий сўйлайдурлар.

Шаҳарға 300 қадар жомеъ ва кўб эски мактаб ва бир неча эски мадрасалар бордур. Янги мактаблар бўлса, шундан иборатдур: ҳукуматнинг Мулки эъдодий*, Мулки аскарий*, Мулкияъи рушдийя*, Аскарияи рушдийя, Султони туркий, Султони арабий ва яна бир неча ибтидоия мактаблари бордур. Ҳукуматнинг яна бир «Мактаби санойеъ»*и ва ики катта кутубхонаси бордур. Нафс шаҳрида бир неча матбаа ва 2-3 жарида чиқар. Халқ ва жамият тарафидан идора қилинатургон арабий ва Ислом низоми мактаблари ушбудур: Ватан эъдодийяси, Мадраса ут-тараққии рушдийя, Иттиҳоди* рушдийя, Савқ ут-Тийн рушдийя, Мадраса уш-шарқия рушдийя, Таълим ул-ватания рушдийя ва яна булар учун бир неча ибтидоия мактаблар, шаҳарда мусулмон араблардин ажзаъхона – аптик бор. Ва ҳар ерда мусулмон дўқтурларнииг лавҳалари кўрунур. Мусулмонлар қўлинда муз фабрикаси, тамбоку* ва попирус, нажжори ва садафкори йиғоч ишлари фабрикаси, ипак фабрикаси, ҳарир боқи фабрикаси ҳамда шиша фабрикаси бордур. Жомеъларининг биринчиси ва балки Макка, Мадина ва Қуддус ҳарамларидан сўнг шарафлик ва музайян жомеъи —«Уммавиййа жомеъи шарифи»дур.

Шаҳарга кирган кунни(нг) эртаси зиёратиға мушарраф бўлдум. Бу жомеънинг асл еринда эски бир маъбад ёинки бутхона бор эканки, сўнгралари калисоға табдил ва хароб бўлуб экан.

Хулафои Уммавиййадан Валид бин Абдумалик бин Марвон тарафидан санаи ҳижриянинг авваланчи юзинда ушбу назирсиз жомеъи шариф бино қилинган ва дунёнинг биринчи музайян ва санъатлик жомеъидурки, мухтасар ва сатҳий суратда муҳтарам хонандалар учун кайфиятидан ёзармиз.

Аввалан ҳар тўрт тарафи баланд тоқу равоқлар айлантургон ва мармар сайқал берилган тошлардан бино қилинган катта бир мураббаъ ва мустатил* ҳарамга кирилур. Ҳарамни(нг) ичи тамоман сайқал берилган мармарлар ила фарш бўлуб, сафоси ва тозалиги муболағасиз, сут тўкулса, яламоғи мумкин даражададур.

Ҳарамни(нг) барча тарафи бозор ва раста бўлуб, ҳар тарафидан бир неча дарвозалари борки, ҳарамга киратургон хоҳ аёл ва эр бўлсун кафш ва этикларини суғуруб кирарлар. Ва ҳар тарафинда доимо баввоб* ва хаддомлари* бордур.

Ман калушни чиқриб этик ила ҳарамга кирдимки, орқамдан ўн қадар араб болалари эргашиб, «Ахлаъ, ё ҳожи, ҳарам», деб безор этдилар. Охири, чиқармоқга мажбур бўлдум. Уч тарафи равоқ ва бир тарафи масжиди муштамил*. Ҳарамни узунлиги 240 газ, эни юз газ бўлуб, ўртаси мармар саҳндур. Ва саҳн ўртасинда ҳаштсу бир мармар-фаввора шодурвонлик жорий ҳавз бор. Ва ҳарамни ҳар тарафинда бир неча фавворалик, вузуъ* маҳаллари бордур. Асл жомеъи шариф ушбу ҳарамни қибла ва тўлоний тарафинда бўлуб, нафси жомеъ* ичининг тули 210 газ, арзи* 58 газ бўлуб, масжидли ичинда якпора қирқ дона мармар стун бордур. Ҳар бир мармар стунлар яна мармар равоқлар ила бир-бирига марбут бўлуб, яна бу равоқларни ҳар бири устида ажойиб суратда икки донадан равоқлар ясалиб, онинг устинда масжидни саҳфи бино қилингандур. Масжидни тўрт тарафи ердан 8 газ юқоригача деворлар мусайқал, гулдор ва жавҳардор оқ ва кўк ва қора аъло жинс катта ойинадек жилолик самоқ* ва мармарлар ила бино қилиниб, бу мармарлар ундай устолик ила бир-бирига васл қилинибдурки, дарзини топмоқ мушкулдур.

Узунлигн 4-5 газ, эни 2-3 газ мармарларни устига қозма ва қабартма мунаббат*, исломий гиреҳ ва нақшлар қозилиб, бизни мамлакатда ганч устинда деворларга намоя, меҳроб, ироқи, муқарнас, мунаббат, морпеч…* қилганларидек, рахом* устига ажойиб нақшлар ўткарибдурларки, инсонни ҳар бир тош ўзига парастиш* этар даражасигача тасхир этар. Ҳар на қадар диққат этсанг, ул тошлардаги мусулмон санъати ул қадар ортиқча жилва этар, гўёки ҳар бир тош бир санамдур. Стун бошлиқлари у қадар санъатликдурки, кўрмагунча инонилмайдур. Масжиди шариф деворининг қалинлиги 4 газ бўлуб, қибла тарафидан бозорга қараган музайян бир эшиги бордур. Масжидға 2 меҳроб бўлуб, ҳар бирининг баландлиги 8 газча бўлуб, меҳробларни икки тарафинда ва ичинда ҳамда устинда мармар ва жавоҳирлик мусайқал тошлар устиндаги қозма ва қабартма нақшлар инсонни дучори ҳайрат этар. Бутун меҳроб ва атрофидаги тошларга холис олтун қабартмалар ила оят ва ҳадислар ёзилган садаф, ақиқ, зумуррад ва забаржад тошларидан чархи ишлаб, мармарлар устинда мош ва нахуддан бошлаб данак катталигигача майда, шундай музойиқ ва кошинкорилар этганки, ўзбекча сўйлайин, бир табоқдай жойига бир соат қараган ила кўруб тамом қилолмайсан. Инсон ўзини бир олам ҳунар, бир дунё санъат ичинда кўруб, аввалги мусулмонларнинг дин йўлинда этгон сайъи ва қилгон ихлосларининг ҳамда ҳунар ва нафис санъатда этган тараққийларининг ва сарф этган пул ва ғайратларини ўйловига ғарқ бўлуб, кўзи тинар ва ҳеч нимани кўрмас даражасига келур.

Е раббий! Мусулмонлар ва у бадавий араблар бу қадарми аҳли санъат бўлдилар? Илоҳо, бу на хориқадур*. Бир сўз ила тамом этайин. Роқими ҳуруф ҳинд, эрон ва испаниё жомеъларидан бошқа ислом оламининг барча жомеълари зиёратига мушарраф бўлдум ва аммо жомеъ Уммавиййадек зийнатлик ва осори нафислик бир жомеъ кўрмадим. Ёнимда амиркойи насоро бир сайёҳ бўлуб, турк бир таржумонн-да бордурки, соатлар ила ушбу меҳроб ҳузуринда эди. Бироз сўйлашдук. Ул деди: «Ҳинд, Испаниё, Эрон, ва Туркияни, хулоса, Ҳижоз ва Хитойдан бошқа бутун Шарқ оламининг жомеъларини ва осори пафисасини кўрдум. Аммо бу жомеъдаги араб санъатининг бошқача мазийяти* бордур. Италиё ҳайкалтарошликда дунёда биринчидир. Аммо арабларнинг маънойи саҳиҳи* ила бу диний «ҳайкал»лари—меҳроб ва минбарни кўрсатиб дер: «Ҳар бир санъатни мувофиқидур. Санъати нафиса ила жазбийяти руҳония қувватлари бир бўлуб, инсонға турфа ва ажойиб таъсир этар. Ва бир ҳафтадан бери ҳар куни келиб қарайман, яна аввалгидан зиёда нафис ва яхши кўрунур…»

Ана, бир амрикойининг сўзи.

Уммавиййа жомеъинда икки меҳроб бўлуб, бириси нисфи шимолининг нисфинда, дигари масжидни том ярминда воқеъ бўлуб, бу меҳробни 6 газ фосиласида* йигирма қадар зиналик ва эшик ила чиқилатургон, ҳар тарафи музайян, муттало, мунаҳҳаш ва ўймакори забаржад рангидаги раҳомлар ила шабакаланган* ажойиб дилфиреб ва сеҳромиз рангоранг самоқлардан бино ҳилинган бир минбари шариф бўлуб, устинда чаҳортарк* мунаққаш бир қубба ва анинг устинда муттало бир қубба ва онинг устинда «олтун ҳилол» қўюлгандур.

Ўртадаги меҳробни сўл тарафинда масжид ичинда музайян самоқ ва мармарлардан бино қилинган ширин ва латиф, ниҳоятда санъатлик бир қубба бўлуб, ичи ҳазрат Яҳё алайҳиссаломнинг марқади шарифларидур. Яна меҳробни сўл тарафиндаги деворинда Ҳуд[1] ва Ҳизр алайҳиссаломнинг маҳоми мубораклари бордур. Масжиднинг қиблаға муқобил тарафи, яъни намоз ўқуганда орқа тараф, асл бинода фақат очиқ равоқлардан иборат экан. Аммо ал-он равоқларни аксари беркилиб, 4-5 равоқға асл вусъатиға мувофиқ катта эшиклар ўтқурулубдур.

Масжидни ери аъло ва мусайқал мармарлар ила мафруш экан. Ал-он қимматлик ҳасирлар* ила ўртулуб, устинда Истанбулдан юборилган энг катта ва рангоранг 130 дона пат, асл қолин солинғандур. Масжидни ҳар биринда садафкори санъатлик ажойиб кўп адад лавҳлар ва устинда Қуръони карим ва Ҳадиси шариф китоблари қўюлган, ҳар ким ўқумоқдадур.

Масжиди шарифнинг қандил ва шамдон тоқимлари тун ва хеле зариф бўлуб, эликтрик ила танвир қилиниб, оқшоми чироғ нурлари у мусайқал мармарлардан акс этиб, яна ажойиб ҳусн пайдо этиб, ғариб кайфиятда жисму жонға таъсир этар.

15 сана муқаддам шаҳарға воқеъ бўлғон бир ёнғин масжидға сироят* қилиб, сақфиға зарар келтуруб экан-ки, ҳозирги уст пўшиши ажойиб суратда санъатлик йиғочлардан бўлуб, ҳар навъ ранглар ила ниҳоят зебо ва девориға ёқишиқ кайфиятда нақшлангандур. Таъмири халойиқ ва ҳукумат тарафидан бўлубдур.

Ҳарам атрофинда уч катта минора бўлуб, бири минораи байзо* ва ҳазрати Исо алайҳиссаломни нузуллариға мансубдур. Ҳарам саҳнида уч ерда қори ва муаззинлар учун бино қилинган мақсуралар бордур. Масжид ичиға кирсанг, ҳар нимарсадан сиво* бўлуб, руҳоният ва олий ҳисларға ва равшан бир мозийнинг саҳҳор* таъсири ила маҳвият даражасиға келиб, мажбурона убудият саждасиға кетарсан. Ва Оллоҳи зулжалол даргоҳиға ўзунгни кўруб, лоҳутий* бир ҳолат рўй бериб, дунёни унутарсан, қалбинг, жисминг ёлғиз Оллоҳ дер.

(Субҳони зи-л-мулк вал-малакут)

(Бақияси бор)

«Ойна» ж., 1914 йил,
46-сон, 1095-1101- бетлар.

(Давоми бор)

*
Латиф-ул-ҳамимлик – қайнар булоқ
Таҳвили маъ – сув келтириш воситалари
Мулки эъдодий – давлат тайёрлов мактаби
Мулки аскарий – давлат аскария мактаби
Мулкияъи рушдийя – давлат ўрта мактаби
Мактаби санойеъ – санъат (ҳунар) мактаби
Иттиҳод – бирлашув
Тамбоку – тамаки
Мустатил – тўғри бурчакли
Баввоб – қоровул
Хаддомлари – ходим, хизматчи
Муштамил – ўз ичига олган
Вузуъ – таҳорат
Нафси жомеъ – жомеънинг ўзи
Арз – ер; эн
Самоқ –деворнинг қуйи учун ишлатиладиган оқ тош
Мунаббат – ёғочга ўйиб ишланган нақш
Морпеч – илонсўқмоқ, ёлғизоёқ йўл; ўймакор нақшнинг бир тури
Рахом – мармар
Парастиш – эътиқод, ихлос
Хориқа – фавқулодда ҳол
Мазийяти – устунлик
Саҳиҳ – соғлом, беҳато
Фосила – оралиқ масофа
Шабакаланган – тўсилган
Чаҳортарк – чорқирра
Ҳасир – бўйра, бордон
Сироят – таъсир
Байзо – оқ
Сиво – халос
Саҳҳор – сеҳрлар
Лоҳутий – илоҳий

[1] Ҳуд — Яҳуд.