Умратул қазо воқеаси

Умратул қазо воқеаси
107 views
21 October 2016 - 7:00

madina-nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 102

(давоми)

УМРАТУЛ ҚАЗО ВОҚЕАСИ

Юқорида ёзилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг олтинчи йили Умра ибодатини қилиш учун Мадинадан Маккага борган эдилар. Мусулмон кишиларга, қудрати етса ҳажга бориш фарз, умра қилиш суннатдур. Уч марта умра қилган бир ҳажнинг савобини топгай.

Бир кеча Расулуллоҳ туш кўрсалар, Маккага бориб саҳобалар билан умра қилдилар. Тушларининг тўғри келишида шак йўқ эди. Чунки пайғамбарларнинг тушлари эса ваҳий ўрнида бўлур. Лекин қайси йилда бўлишини билмадилар. Шу йили бўлғайму деб, умид билан Расулуллоҳ бошлиқ бир минг тўрт юз киши Мадинадан чиққан эдилар. Маккага келсалар, Қурайш мушриклари бу ишга тўсқинлик қилишиб, Байтуллоҳни зиёрат қилишга йўл қўймадилар. Икки орада узоқ тортишишлар бўлгандан сўнгра, беш моддалик шартнома тузиб, Ҳудайбия сулҳи қилинмиш эди. Анинг биринчи шарти эрса, келаси йили Расулуллоҳ шу кишилари билан Маккага келиб, бу йили қилолмаган умранинг қазосини қилғайлар.

Мусулмонлар шаҳар ичига зиёрат учун кирганларида Макка мушриклари уч кунгача шаҳар ташқарисида тургайлар. Мана шу сулҳнома бўйича бир йил ўтгандан кейин олдинги йили умрага боришган бир минг тўрт юз киши билан Маккага қараб йўлга чиқдилар. Ўтган йили бормаган одамлардан ҳам қўшилиб аскар сони икки мингга етди.

Булар ичида юз кишилик Башир ибн Саъд қўмондасида отлиқ аскар ҳам бор эди. Сулҳномада қурол кўтармаслик шарт қилинган бўлса ҳам, аскар учун керакли қуролларини бирга олмоққа буюрдилар.

— Шартимизга кўра, Макка шаҳрининг ичига кирганимизда ёлғиз қиличдан бошқа қурол кўтармаймиз. Соқлиқ юзасидан бошқа қолган яроқ-жабдуқларимизни шаҳар ташқарисида қолдирайлик. Аскарларимизнинг бир бўлуги уни сақлаб турсинлар. Агарда душман томонидан бирор турлик хиёнат сезилар эрса, у чоғда ани ишга яратқаймиз, — дедилар.

Расулуллоҳнинг бу қилган ишлари барча умматларига, айниқса, аскар бошчиларига катта ибрат бўлиб, уруш кунларида қанчалик соқ бўлиши керак эканлигини билдирди. Чунки Расулуллоҳ шу пайғамбарлик даври — йигирма уч йил ичида айтган сўзлари, амал қилган ишлари эрса бутун умматлар учун икки дунё, давлатини топиш йўлларини ўргатиш эди.

Шунинг учун Худо Қуръонда айтгандур: «Лақод кана лакум фи расулиллаҳи усватун ҳасанатун», яъни, «Расулуллоҳнинг айтган сўзлари, қилган ишларида мусулмонларга яхшиликка улгу бўлғудек кўп фойда бордур».

Бундан бошқа ҳам шу мазмунда келган оятлар Қуръонда кўпдир. Агар, биз мусулмонлар, шу йўлда келган оят, ҳадисларнинг бирортасига амал қилган бўлсак эдик, бугунги кунда исломий, инсоний ҳақларимиздан мундоғ ажраб қолмас эдик. Энди нима чора қилгали бўлур, иш вақтидан ўтди.

Қачонлардан бери йиғилиб ётган ёзуқларимиз энди бошимизга етди. Аллоҳнинг улуғ қудратидан ўзгага умид этарлик ўрин қолмади. Йўқ эса Исломдек дини бор, Ҳақ юборган Муҳаммад алайҳиссаломдек пайғамбари бор, кўкдан тушган Қуръондек китоби бор бир миллат ҳеч қачон бундай хор-зорликка қолиши мумкин эмасдур.

Чунки Аллоҳ айтмишдур: «Инналлоҳа ла юғаййиру ма биқавмин хамма юғоййиру ма бианфусиҳим»

Маъноси: «Аллоҳ таоло бир қавмга берган неъматни ўзгартирмайди, қачонки, у неъматнинг шукрини қилмасалар, анинг қадрига етиб яхши кутмасалар, ул чоғда неъматдан ажрагайлар, давлатлари қўлларидан кетгай».

Бу оятнинг мазмунича, ўзимиздан ўтмаган бўлса эди, ҳеч қачон ватанимиз, давлатимиз қўлимиздан кетмас эди. Бу қайғулик қиссани гапириш бу жойга сиғмаганликдан, яна ўз сўзимизга келайлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу сафарга чиқар чоғларида Мадина масжидининг эшигида туриб, ўтган йили қазо бўлган умра нияти билан эҳром боғладилар. Мусулмонлар ҳаж ёки умра қилмоқчи бўлсалар эҳром боғлагайлар, яъни кўйлак, танбол ўрнида икки лўнгини бирисини белдан тубанга боғлаб, яна бирисини орқа елкага ташлаб туриб ҳаж ёки умра қилмоқ учун ният қиладилар. Шу чоғда «Лаббайка» қичқириш шартдур.

Расулуллоҳ эҳром боғлаганларида саҳобалар ҳам Пайғамбаримизга эргашиб барчалари «Лаббайка» айтишдилар. Мадинадан бир манзил юриб Зулхулайфа деган жойга келганда, қоровуллик қилиб отлиқ аскар олға юрсин, деб буюрдилар. Макка шаҳри яқинида Марризаҳрон деган бир жой бўлиб, қоровул аскарлари шу ерга етганларида, Қурайш аҳлидан бир қанча кишилар буларга қарши чиқдилар. Бу хилда сайланган қуроллик отлиқ аскар келишини кўриб, уларга қўрқинчлик тушди. Тезликда қайтишиб, бу ишдан Қурайшга хабар бердилар. Алар эрса, ўз раисларидан Микраз ибн Ҳафсни бошчи қилиб бир неча кишини Расулуллоҳга юбордилар. Булар Батну Яъжуж деган жойга келишганда Расулуллоҳга йўлиқиб:

Эй Муҳаммад, кичиклигингдан бери шу ёшга етгунча ҳеч бир хиёнат ишини сендан кўрмаган эдик. Энди бу қандоқ ишдур, ўртамиздаги аҳдномамиз қарши устимизга қуроллик аскар келтирмишсан? — дейишди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Эй Микраз, Қурайш устига қурол кўтариб кирмагаймиз. Ўшал сулҳномада қандай шартлар қўйилмиш бўлса, албатта, унга риоя қилгаймиз, — дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ ўзлари Марри-Заҳрон манзилига тушиб, яроқ-жабдуқлар устига Авс ибн Хавлони бошчи қилиб икки юз киши қўйдилар. Шу билан ҳар икки томон ҳам бир-бирларига ишонишиб қолди.

Сулҳнома бўйича Қурайш халқи шаҳарни бўшатиб уч кунгача ўзлари ташқарида туришлари шарт эди. Шунга биноан мушриклар Маккани бўшатиб, шаҳар ташқарисига чиқишиб турдилар. Лекин Исломнинг шон-шавкатини кўришга кўзлари йўқ эди. Душманларимиз Байтуллоҳни тавоф қилишиб юрганларида, унга қараб туриб қандай чидар эканмиз, дейишди.

(давоми бор)