Менга қўйилган айблар сохта

Менга қўйилган айблар сохта
91 views
22 October 2016 - 15:48

Сафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(28-қисм)

Ўн саккизинчи боб

Зинапояга етганда қўриқчи бошини шарт ўгириб орқасига боқди. Сўнгра панжара гардишидан ушлаб, пастга эгилиб қаради. Ҳеч ким йўқлигига ишончи комил бўлгач, тутқунга:

– Тўхтанг! – деди.

Пастга икки қадам босган Баҳром деворга орқа ўгириб тўхтади. Ўнг оёғи зина юқорисида, чап оёғи эса  бир поғона пастда турарди. Ўнг тиззаси ярим букик турган бечоранинг оёқларининг жони қочиб, кишанланган қўллари қалтираб кетди. Қўриқчининг муддаоси не эканин била олмай, лаҳзаларда минг бир хаёлларга борди.

– Буларнинг ҳеч бирига ишонманг! – деди қўриқчи. – Пулларингиздан умидингизни узинг. Қайтиб ҳеч бир одам билан пул ҳақида гаплашманг, сизни бунақада ўлдириб юборадилар!

Шунда Баҳром елкаларига бошини энгаштириб, қичишаётган юзидаги ярасини кийимига ишқамоқчи бўлган эди, уддалай олмади.

Ортиқ кутишни истамаган қўриқчи:

– Гап шу ерда қолсин, тезроқ юринг! – деди уни қисталаб.

Қуёш тиғида турган машинанинг ичи қайнарди. Бошқалар учун нафас олиш машаққатга айланган бир чоқда, Баҳром ўз ёғига ўзи қовурилиб борарди. Қўрққанга қўша кўринади, деганларидай, у йўл бўйи қўриқчининг сўзларини ўйлаб кетди. Манзилга етгунча ҳам миқ этиб оғиз очмади. Қулоқларида қўриқчининг огоҳлантириши янграрди.

Машина прокуратура ҳовлисида тўхтади. Эшиги очилгач, ташқаридан танни яйратадиган салқин ҳаво бостириб кирди. Мусаффо ҳаводан тўйиб нафас олганда, у ичкари ҳаддан зиёд исиб кетганини сезди. Тердан жиққа ҳўл бўлиб, танасига ёпишган кўйлагини кўтариб елпинди. Хорижда ишлаб чиқарилган йўлчи машина, сидирға темирдан ишлангани боис, сал иссиқдан ёнса, хийла совуқдан музлаб кетарди. Устига-устак тутқунларнинг ёппасига сигарет тутатиши машина ичини ўчоқхонага айлантириб юборганди.

Тутқунларнинг қўлларига кишан солиб, прокуратуранинг иккинчи қаватига олиб чиқдилар. Етти тутқунни бир томонга, Баҳромнинг ўзини бир томонга қўйдилар. Бугун унинг терговчиси элдан бурун етиб келганди. Унинг овозини эшитган Баҳром бўйнини чўзиб, қабулхонага бўйламоқчи бўлди.

Шунда:

– Олдингга қараб тўғри тур! – деган қўриқчининг пўписаси эшитилди.

У бошини хам қиларкан, бир ўзини битта қўриқчи қўриқлаётганини пайқади.

Тутқунлар ўтган кунги тартиб бўйича туман прокурори Дурматов қабулига бирин-кетин кириб-чиқа бошладилар. Уларнинг кириб-чиқишлари учун бир дақиқа етарли эди. Ҳибсга олишга рухсат бериш жараёни прокурор билан терговчи ўртасида ниҳоясига етарди. Жараёнда на бир адвокат ва на бир ҳуқуқ ҳимоячиси кўринмас, барча расмиятчиликлар хўжакўрсинга амалга ошириларди. Бу ишлар фуқароларни чалғитишдан бошқа нарсага ярамайдиган бир удум эди, холос. Гаров пули тўлаб ёки гаров пули эвазига бирор нарса қўйиб, судгача очиқда юриш учун ҳам гаров пулига нисбатан бир неча баробар катта пора беришга тўғри келарди. Пора олмаган прокурор ҳеч қачон тутқунни гаров пули эвазига судгача очиқда қолдирмасди. Бу прокурорнинг хатоси ёки очкўзлиги ёинки қонунларни атайлаб бузиши орқасидан содир этилмасди. Бу амалдаги тузумнинг эҳтиёжи, Мустақиллик йилларида такомиллаштирилган мукаммал бир тартиб эди.

Олий Мажлисда тайёрланиб Сенатда қабул этилган қонунлар омма кўзида намойиш учунгина ярарди, холос. Мустақил қонун ҳимоячилари, халқаро ва нодавлат ташкилотлар, фуқаролар тарафидан эркин назорат этилмаган ҳар қандай мамлакатда бу кабиларнинг рўй бериши оддий бир ҳол эди. Бунинг ажабланадиган жиҳати йўқ. Ҳукумат бошида ўтирган раҳбарлар буни жуда яхши тушунадилар. Табиий бошқарув асосига қурилган тузум афзалликларини улар жуда яхши билсалар ҳам, қўлларидан келмайдиган ишга уриниб, ҳокимият жиловини олдириб қўйишдан кўрқардилар. Шу учун шармандаларча бўлса ҳам мансаб курсиларида ўтирган ҳолда жон бериш уларга маъқул кўринарди. Миллат танасига битдек ёпишган бу қатлам раҳбарларда на уқув ва на бир сабот бор, аммо демократия ниқоби остида коммунистча бошқарувни танлаган ва давом эттираётган эди улар. Бу маккорона услуб халқни эзиш ҳисобига вақтинчалик яшаб туришнинг энг қулай ва жирканч услуби бўлиб, жамиятни кундан-кунга ҳаракатсизликка ва танбалликка олиб келса, давлатни зулм билан ушлаб турган мустабидларга ҳар сонияда умр бағишларди.

Деворга қараб ҳайкалдай қотиб турган Баҳром кимнингдир ҳар тарафдан айланиб ўзини томоша қилаётганини илғаб қолди. У хира пашшадай ўз атрофидан айланаётган бу кимсанинг кимлигини билмай ҳайрон эди. Бу кимсадан ҳайиққан қўриқчи карис қассобнинг пичоғини кўрган итдай думини кетига сиққанди. Баҳром унинг ночорлигини сезди ва пишиллаб олаётган ҳар бир нафасини  санай бошлади. Унинг пишиллаган нафаси тўқсон уч марта кириб-чиққач, ўчиб қолди. Бехосдан рўй берган бу ҳолатдан ажабланган Баҳром бошини сал қийшайтириб, кузатаётган кимсанинг янаям ўзига яқинлашган шарпасини сезди. Қўриқчини шамдай қотишга мажбурлаган бу кимсанинг кимлигини билиш жуда қизиқ эди. У кўз қирини ташлаб, ғалчадан келган, паст бўйли, бақалоқ бир нусхани кўрди. Унинг хотиржам нигоҳи ўқдек қадалганда Баҳром кўзини олиб қочиш ўрнига унинг кўзларига бир нафас тик боқиб турди. Таниш туюлаётган кимса унинг оёғидан бошигача синчковлик билан разм сола бошлади. Беҳаёларча боқаётган кўзлари бозорга тушган молнинг нархини пастга уришга чоғланган безбет даллолдай беписанд эди. Баҳром ҳам шу лаҳзаларда, харидорлар талашаётган молдан фарқли ўлароқ, мамлакатнинг онгли фуқароси сингари ўзини эркин ҳис этишга тиришарди. Аслида эса, очликдан болалари ўлиб қолмаслиги учун қўшнисининг битта товуғини ўғирлаган отага олти йил қамоқ жазоси берилган мамлакатда фуқароларнинг бир бурда қотган нон ёнида эгасиз итча ҳам қадри йўқ эди.

– Орқангга бир нима кириб кетдими? Нима учун тўғри ўтиролмасдан, жилпанглайверасан? – деган қўриқчининг овозини эшитмагунча, у таниш туюлаётган кимсанинг ғойиб бўлганини сезмади.

Нусха осмонга учдими, ерга кирдими, ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолди. Унинг ҳар не бўлганда ҳам, прокурорнинг олдидан чиқиб келганига Баҳромнинг ишончи комил эди. У зинапоядан чиққан бўлганида Баҳром оёқ товушлари яқинлашмасдан пайқаган бўларди.

У қўриқчининг дашномига яна бошини хам этиш билан жавоб қайтарди.

Таниш туюлаётган кимсани қаерда кўрганини зўр бериб эслаб, ахири топди.

…Баҳром Мелиснинг ундови билан Нозима Мунисни туман миллий хавфсизлиги идорасига бошлаб борганди. Уларни Мелиснинг яқин ҳамкори, Шерзод деган узун бўйли, тобутдаги ўлик сингари совуқ ва қарашлари ҳиссиз бир ходим кутиб олганди. Ўшанда бу кимса эшикдан мўралаб, Шерзодни олдига чақирганди. Шерзод қайтиб чиқиб, у кимсанинг бошлиқ эканлигини айтиб, Мелиснинг ўзлари тўғрисидаги маълумотларни аллақачонлар унга етказганини сўзига илова қилганди. Жабрланувчи қолиб, Баҳром чиқиб кетганди ўшанда…

 У миясининг ёзиб сақлаш қобилиятидан кўра, кўзидаги сақлаб қолиш хотирасига кўпроқ таянарди. Эшитганларини эслаб турмаса ёки ёзиб қўймаса, вақт ўтиши билан уларни асл ҳолича тиклаши қийин кечарди. Кўзига тушган қиёфаларни эса ўн йиллар ўтиб ҳам хотирасида қайта тиклай оларди. Ҳозир ҳам, кўзлари хотирасига таяниб, шуури кенгликларидан керакли маълумотларни излади. Мияси яширган қоронғи бурчакдан излаганини топди ҳам. Ғалати кимса туман миллий хавфсизлиги бошлиғи бўлиб, исми-шарифи аён эмасди. Хотираси алдамаса, уни Мелис хоразмлик деганди. Балким бошқачароқ бўлиши ҳам мумкин. Инсоннинг қаердан экани унчалик аҳамиятли эмас, ким экани муҳим, алабатта.

Ҳеч қанча ўтмасдан, зинапоялардан иккинчи қаватга кўтарилаётган қадам товушлари эшитилди.  Баҳром бошини буриб, миллий хавфсизлик ходими Шерзод билан Мелисни кўрди. Шерзод илоннинг қарашига ўхшаш совуқ назарини соя каби Баҳромга бир югуртириб, қабулхонага кириб кетди. Орқасидан келаётган Мелис ҳам, юриш суръатини сусайтирмасдан, Баҳромга билинар-билинмас бош ирғаб ўтди.

– Ичингда шайтонинг борми, ифлос? – деган қўриқчининг сўзлари қулоқларига кириши билан Баҳромнинг кетига кетма-кет тушган икки тепки унинг кўзларини мошдек очиб қўйди.

Йиқилиб тушмаслик учун у ўзини зўрға ўнглаб, тишларини қисди. Озурда қовурғалари зирқираганда, чинқириб юборишига бир баҳя қолди. Буларнинг ҳар биттаси билан тенг бўламан деган кимса калтакнинг зарбидан ўлиб кетарди. Шунинг учун ҳам у индамасдан, дамини ичига ютишни маъқул деб билди. Оғриқ ўтиб кетгач, у ичида Мусурмонни бўралатиб сўкиб, аламидан чиқди. Қўриқчи ҳалиям бир нималар дея минғирлаб уни ёзғираётганди. Баҳром нима ёмон иш қилганини тушунмасдан, қўлидаги кишанга урилган “чехия” деган ёзувни ўқиркан, “бариси эшак мия, одам бўлмайди булар”,  деб ўйлади.

Мелис Шерзодни етаклаб келганини кўргандан сўнг, у адвокатнинг сўзлари чинлигига ишона бошлаганди. Қамалишни истаётган кўнглида озодлик шабадалари эсиб, кўзлари олдидан болалари ўтганини сезмай қолди. Қайта уйғонган умид учқунлари уни саробдай авраб, кўзларини кўринмас дурра билан боғлаб қўйганди. Тутқунликдаги ҳар дақиқа – сеҳргар ҳиндунинг икки бошли илони каби товланиб, сонияларда минг турли эврилишини у ҳали тушунмасди. Одам тўрт девор ичига тушгач, фикрлари нақадар жиддий бўлмасин, феъли айниб, қарашлари баҳорнинг беқарор шамолларидай ҳар томонга қараб эсиб туради. У чиқишга тешик қидиргандан кўра,  нажот қидириши зарур эди. Мустақиллик бахш этолмаган нажотни қамоқхоналардан топса бўларди. Дўппи тор келганда, муҳим нуқтага чекиниш ғалаба олиб келишини ҳамма ҳам билавермасди. Кимса, ҳар қанча доно бўлганда ҳам, ўзи  мансуб миллат нуқтаи назаридан, камдан-кам ҳолларда ташқарига чиқарди.

 Тутқун учун вақт, бир жиҳатдан, йиллар каби чўзилса, иккинчи жиҳатдан, шиддат билан ўтарди. Вақт ихтиёрига бор измини топшириб қўйган бечораларнинг вақт ҳукми билан яшашдан ўзга чоралари қолмасди. Поёнсиз уммонларда тўфонлар ҳамласига дош беролмаган кемалар писта пўчоғи каби тўлқинлар чангалида қандай ўйнаса, тутқунлик вақт дасти билан юракларни худди шу сингари ўйнатарди.

Қабулхонадан долонга чиққан терговчи қўриқчига:

– Қурбоновни олиб киринг! – деди-да, орқасига қайтиб кириб кетди.

Баҳром прокурор ҳузурига ҳозирланаётганда, Шерзод билан Мелис қандай суръатларда кириб келган бўлсалар, шу суръатларда хонадан чиқиб кетдилар. Уларнинг ўзларини тутишлари ўтган асрнинг 30-йилларидаги НКВДнинг чарм камзул кийган комиссарларидан фарқланмасди. Мурдабашаралигидан фахр туядиган Шерзоднинг қутсиз нигоҳини бўкиб ўлган ҳўкизнинг кўзларидан ажаратиш амри маҳол бўлса, оқ-сариқдан келган Мелиснинг масхарабозбашара турқи ҳамиша пишган калладай ишшайиб турарди. Унинг суюқоёқ хотинларнинг кўзларига монанд қўй кўзларидан жиддийлик қидириш беҳуда эди. Қалби шуни мудом ҳис этиб турадиган Баҳром нима учун унинг сўзларига лаққа тушганини ҳечам тушунмасди.

Баҳром хонага киргач, адаши туман прокурори Баҳром Дурматовни дарров таниди. Унинг ҳам ўзини таниганига шубҳаси йўқ эди.

Икковларини илк учраштирган сабаб ғалатилиги билан эсда қолган…

…Ўшанда 1999 йил, қиш ўрталари эди. Ширин уйқуда ётган Баҳром босиб-босиб чалинган қўнғироқ овозидан уйғониб кетди. Бемаҳалда келган меҳмонлар ўзининг қишлоқдошлари экан. Бошларига тушган бир кулфат юзасидан кўмак истаб келишипди. Оллоқули аканинг тиббиёт институти бешинчи босқичда ўқийдиган ўғли Ғуломқодир бир аёлнинг номусига тажовуз қилишда айбланиб қамалиб қолипди. Отасининг сўзларига кўра, у аёл билан рози-ризоликда қўшилган эмиш.

Оллоқули аканинг гапидан хулоса чиқаришга шошмаган Баҳром иш соатлари бошланиши билан миршабхонадан Ғуломқодирнинг ишини олган терговчини излаб топди. Терговчи билан гапи қовушиб, Ғуломқодирни чиқаришнинг йўл-йўриғини сўради. Терговчи ишни прокуратура ходими Баҳром Дурматов назорат остига олганини айтди.

Баҳром ўзини таништириб, Маҳмуд исмли терговчи юборганини айтганда, прокуратура ходими уни яхши қаршилаб, ҳадиксирамасдан,   очиқчасига суҳбатлашди.

У шотахтанинг тортмасидан елим пакет чиқариб:

– Мана бунинг ичидагилар экспертиза текширувлари тасдиқлаган ашё-далиллар! – деди. – Жиянингиз саккиз йилга қамалади.

Келишишнинг иложини қидирган Баҳром:

– Жияннинг қамалмаслиги учун нима қилиш керак? – деб сўраганда Баҳром:

– Бунинг ҳеч қандай чораси йўқ, – деб жавоб қайтарди.

Унинг гаплари жиддийдек туюлаётган бўлса-да, кўз қарашларидан келишмоқчилиги кўриниб турарди. “Ўлимдан бошқасининг иложи топилади” деган гап бекор айтилмаган, деб ўйлади Баҳром.

‒ Бола жувонмарг бўп кетмасин, илтимос. Иш ҳал бўлса, биз қараб турмаймиз. Мушук офтобга бекорга чиқмайди, ахир!

– Ўзингиз қаердан бўласиз? – деб Баҳром томонидан ташланган савол икки ўртадаги тўсиқни олиб ташлади.

Баҳром:

– Тўрткўлнинг туркманларидан бўламан! – деганда, у:

– Э, ўзимизнинг дойилардан экансиз-ку. Мен ҳам Самарқанд, Қашқадарё томонлардан дегандай, ўша ёқларданман! – деб ўрнидан ирғиб туриб, қайта бошқадан қўл бериб сўрашди.

У “дойилардан экансиз-ку” деганда ўғизларни назарда тутган эди. “Дойи” ўғуз уруғларига нисбатан бошқа минтақаликлар томонидан кўп ишлатиладиган атама бўлиб, адабий тилда “тоға” деган маънони англатарди.

Ижтимоий тизим пора бериб, пора олишга мослаштирилгани билан, пора бериш ҳам, пора олиш ҳам осон битиб кетаверадиган иш эмасди. Энг қизиғи, прокурор Баҳромнинг марҳум устозига яқин таниш чиқиб қолди. Ва у қўлидан келган ёрдамни аямаслигини айтди.

Унинг:

– Қанча мўлжаллаяпсиз? – дейиши Баҳромни заррача ҳайрон қолдирмади.

– Йигитнинг отаси қарз-қавала қилиб, мол-ҳол сотиб, “кўк”идан битта топиб келипди! – деди у.

Пора олиш-бериши одатда Амриқо валютасида амалга оширилади. Оллоқули ака доллар нималигини билмаслигини Баҳром яхши билса-да, белига боғлаб келган тугундаги пулни долларга чақиб тахминан шунча маблағ бўлишини хомчўт қилган эди.

– Битта билан иш битмайди. Иш судгача судралса, ҳукмнинг ҳар бир йили ҳисобига биттадан бериб ҳам болани чиқаза олмайсизлар. Раҳматлик аканинг ҳаққи-ҳурмати, сиз ўшанинг яримини олиб келинг, иш битади.

Ҳар не бўлганда ҳам Оллоқули ака тўрт минг доллар бера олмаслиги аниқ эди.

– Отаси бор молини сотиб, йиққани шу! – деди Баҳром. – Мен ҳам у ёқ-бу ёқдан қарз кўтариб, битта топаман. Ғуломқодир қамалиб кетса ҳам, ортиқча бир тийин топишнинг иложи йўқ.

Тортишса, шундан ҳам қуруқ қолишини ўйлаган прокуратура ходими:

– Бўпти, “лой”ни Маҳмудга бугундан қолдирмасдан олиб бориб беринг! – деди.

Баҳром тушдан кейин икки минг долларни бериб, Ғуломқодирни чиқариб олди.

Ғуломқодир ўшанда уятдан бошини кўтаролмай:

– Ҳаммаси ёлғон, туҳмат қилдилар. Ҳеч кимни зўрлаганим йўқ! – деган тўртта сўзни тўтига ўхшаб қайта ва қайта такрорлашдан чарчамасди.

Бу ишнинг уюштирилганини терговчининг сўзсиз иқроридан англаб чиққан Баҳром унга ҳеч қандай эътироз билдирмади…

Ўша манзара Баҳромнинг кўзлари олдида худди бугунгидай турипди. Маҳмудга пулни олиб борган Баҳром, унинг хонасида сариқдан келган, ўттиз  ёшларда бўлса ҳам, шарти кетиб, парти қолган бир аёлни кўриб қолди. Терговчи унга ўзларини ёлғиз қолдиришни айтди, аёл ташқари чиққач:

– Жиянингиз номусига теккан аёл мана шу бўлади! – деди.

Терговчининг гапидан Баҳром беихтиёр пишқириб кулиб юборди. Терговчининг, куладиган гап бўлмади-ку, дегандай ҳайрон боқиб турганини кўриб:

– “Ҳурлиқо”ни чалпакка ўраб, бол суриб ташласа, ит емайди-ку! – деди.

Ўшанда Маҳмуднинг ўзи ҳам хохолашдан ўзини тия олмаган эди.

Бу нарса Оллоқул ака билан ўғлининг эътирозлари ҳақ эканига лўнда жавоб эди.

Ўғли қутқарилгандан сўнгра, Тўрткўлга қайтиб кетган Оллоқули ака Баҳромнинг қарзини қайтариш учун қозиқдаги охирги молини сотмоқчи бўлди. Тақдир экан, у билан хотини Ойгул янгани бозорда Сотим чўлоқнинг беш яшарлик буқаси сузиб ўлдириб қўйди. Ғуломқодир институтни ташлаб, бир этак сағир қолган укаларини боқиш учун қишлоққа қайтиб кетди. Оғайниларидан минг доллар қарз кўтарган Баҳром эса, тўрт томонга итдай югуриб, бир ярим йил деганда қарзидан зўрға қутулганди ўшанда…

Ҳозир ўша кунларни ёдга оларкан, Баҳром қадарнинг яна бир янги ўйинига дуч келиб турганини ҳис этди: келиб-келиб унинг тақдирини бугун жиноий йўллар билан мансаб курсисига эришган бир кимса ҳал этади! Адолат ва диёнат тарозисини у ушлаб турипди. Эгри  узилган ўқ мўлжалга тўғри тегмаганидай, бу одамнинг қарори нечоғли аҳамиятли? Бу нарсани изоҳлашга ҳожат йўқ!

Баҳром хона ўртасига келиб тўхтади. Шотахта атрофини “г” шаклида ўраб савлат тўкиб ўтирганларга бир қур назар солиб чиқди. Тўғрида туман прокурори Баҳром Дурматов ўтирарди. Унинг ўнг томон пастида, биз ўзини таниб, исми-шарифини тополмаган “жаноб”имиз, туман миллий хавфсизлиги бошлиғи, “жаноб”имиздан кейинда прокурор ўринбосари, унинг ёнида носқовоқдай кичкина бошини эгиб терговчи турарди.

Баҳромнинг кўзлари кўзларига тушиши билан ўзини таниганини ҳис этган прокурор:

– Нима учун буюк устоз шаънига нолойиқ ишлар билан ўралашиб юрипсиз? – деб сўради ундан.

Унинг таниганини тан олишдан бошқа чораси йўқ эди. Баҳром ўзини танитмоқчи бўлиб, “нодон”лиги орқасида “эски ишни” қўпол тарзда эслатганда, ҳамтовоқлари наздида кимсан, Дурматовдек пишиқ-писмиқ кимса таваккалчига ўхшаб қолиши ҳеч гапмасди. Унинг бу билан мансаб поғонаси бир зина пастга тушмаса ҳам, номига нолойиқ бўларди.

Икки кун ичида, бошидан кечирган кўргуликлар туфайли, гапирмасликни ўзига шиор қилган Баҳром, нима бўлса бўлди, деб ҳимояга ўтди. Модомики прокурорнинг ўзи бости-бости этган ишига шама қилаётган экан, тағин ёрдам бермоқчи, деган алдамчи туйғу унинг қалбини илондай авраб, хаёлини чирмовуқдай ўраб олди.

– Менга қўйилган айблар сохта, бу ишларнинг ҳеч бирини қилмаганман! – деди у.

(давоми бор)