Расмий ўзбек матбуотининг қолип иборалари ижтимоий тармоқларда масхара қилинмоқда

Расмий ўзбек матбуотининг қолип иборалари ижтимоий тармоқларда масхара қилинмоқда
40 views
23 October 2016 - 11:43

Facebook.Com ижтимоий тармоғида бир гуруҳ ўзбекистонликлар республика оммавий-ахборот воситаларида ишлатиладиган қолип ибораларни масҳара қилишмоқда. Аслида 2016 йил 13 октябрь куни Sof.Uz сайтида эълон қилинган “Ўзбек ОАВсининг учқур иборалари” сарлавҳаси остида берилган мақола (http://sof.uz/uz/news/show/2680) шу куннинг ўзида муаллиф Шукуржон Исломов томонидан Facebook.Com тармоғига ҳам қўйилди. Мақола атрофидаги барча баҳсу-мунозаралар на шундан сўнг бошланиб кетди. 

Ушбу материалда Шукуржон Исломов расмий ўзбек матбуотида ишлатилавериб, сийқаси чиққан қолип ибораларнинг баъзиларини келтирган. Жумладан, муаллиф “юртимизнинг қай бир гўшасига борманг…”, “мустақиллик шарофати билан…”, “биз ёшларга берилаётган имкониятлардан фойдаланиб…”, “…устувор йўналишларидан экани алоҳида таъкидланди”, “байрам шукуҳи кезиб юрибди…” каби баландпарвоз иборалар рўйхатини келтирган.

Мақола Facebook.Com ижтимоий тармоғида қизғин мунозараларга сабаб бўлиб, фойдаланувчиларнинг кўплаб шарҳларини тўплаган. Уларда тамроқ фойдаланувчилари муаллиф Шукуржон Исломовнинг назаридан ва мақоласидан четда қолиб кетган қолиплардан талайини келтиришган. Масалан, Musannif Adham деган фойдаланувчи: “Юртбошимиз ташаббуслари билан…” қолиб кетибди-ку!”, – дея изоҳ қолдирган.

Мустақил журналист Bobomurod Abdulla ўз изоҳида: “Маънавий таҳдидлар, оммавий маданият хуружи, манқурт ва манфур кимсаларнинг кирдикорлари, мустақиллигимизни кўра олмайдиган ватангадолар, сўқирлар, тубанлар…” каби қолипларни эсга солган.

Қолган фойдаланувчилар эса “Эндиликда мазкур технология сабаб жахон бозорида ракобатбардош булган, сифатли махсулот ишлаб чикарила бошлади…”, “Ривожланишни янада чуқурлаштириб, такомиллаштирувчи бир қатор изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда..”, “Fusunkor go’shalar”, “Пировард натижада, минтакимизда биринчи булиб,”, “Ilmiy marifiy anjuman bulib utti” ва бошқа штамп-ибораларни мисол тариқасида келтиришган. 

Сўнгра эса мақоланинг Facebook.Com даги ўқувчилари мазкур ибораларни ўз материалларида қўллайдиган журналистларни танқид ва масхара қилинганлар. Хусусан, Bobomurod Abdulla бир изоҳида: “Мана шу маддоҳлар тўтидай сайравергач менда ШУКУҲ деган сўзга аллергия пайдо бўлди”, – деб ёзган. Davronbek Fayzulloyevich Parmonov деган фойдаланувчи эса: “ТВ да mute ни босиб қўйиб ҳам нима дейилаётганини бемалол аниқлаб олсак бўлади =D ёд бўлиб кетган)))”, – дея изоҳ қолдирган.

ЎХҲ хабарлар бўлими