Ўзбекистонда бензин нархи 35% га ошди

Ўзбекистонда бензин нархи 35% га ошди
109 views
23 October 2016 - 16:37

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг қарори билан мамлакатда автобензин нархлари 23 октябрдан бошлаб бирданига 35 фоизга кўтарилган. Шу йилнинг ўзида ёнилғи нархи иккинчи бор кўтарилди. Қарор Ўзбекистонда автобензин таъминотида муаммолар борлигини амалда эътироф этади.

Вазирлар маҳкамасининг 22 октябрда қабул қилган “Автобензин чакана нархининг ўзгариши тўғрисидаги” 360-сонли қарорга мувофиқ, Аи-80 русумли автобензиннинг 1 литри – 2 800 сўм, Аи-91, Аи-92 ва Аи-93 русумли автобензинларнинг 1 литри – 3 000 сўм ва Аи-95 русумли автобензиннинг 1 литри – 3 300 сўм этиб белгиланди.

Айни пайтда, Ўзбекистон ички бозорини нефть ва газ билан таъминлашга масъул “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бундан буён бутун мамлакат бўйлаб “бензин нархи бир хил” бўлишини эълон қилди.

“Ўзбекнефтегаз” бензин нархи кўтарилишини очиқча эълон қилмаган эса-да, “бир хил” нархнинг белгиланишини Ўзбекистонда “автобензин таъминотида бўлаётган узилишлар”, “баъзи ёнилғи қуйиш шахобчаларида автобензиннинг устама нарх билан” ва вилоятларда “чайқов нархда сотилаётгани” билан изоҳлади.

Янги нархлар Ўзбекистонда автбензин жорий йилнинг ўзида иккинчи бор қимматлаганини англатади.

Шу йил 1 январдан бошлаб бир литр бензиннинг нархи 45 сўмга кўтарилиб, Аи-80 бензинининг литри учун янги нарх 2075 сўм (аввалги нархи — 2030 сўм эди), Аи-91 учун эса 2280 сўм (2235 сўм эди) қилиб белгилаган эди.

Ўзбекистонда автобензин нархининг кескин кўтарилиши аҳолига бензин етказиб бериш тобора муаммога айланиб бораётган бир манзарада кузатилмоқда.

ЎХҲ хабарлар бўлими