“Баҳодирлардек елиб-югуриб айлансинлар…”

“Баҳодирлардек елиб-югуриб айлансинлар…”
39 views
24 October 2016 - 6:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 103

(давоми)

Шаҳар бўшагани хабари Расулуллоҳга етгач, Қасво номли туяларини миниб, бутун саҳобалар атрофларини қуршаган ҳолда Маккага кирдилар. Жиловларида Абдуллоҳ ибн Равоҳа, олди-орқаларини ўраган аскарлар ушбу оятни қичқиришиб ўқишар эди:

«Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, садақо ваъдаҳу ва насаро абдаҳу ва аъазза жундаҳу ва ҳазамал аҳзоба ваҳдаҳу».

Маъноси: «Бир Аллоҳдан ўзга Яратгувчи йўқдур. Ваъдасини чинга чиқарди. Қули Муҳаммадга ёрдам берди. Анинг аскарини азиз қилди. Аҳзоб урушида кўп аскарни ёлғиз ўзи енгди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳар ичига кирганларида Макка мушриклари Қайнуқў тоғи устида қараб туришган эди. Мушриклар ўзаро гапиришар эди: «Мадина халқининг кучлари кўп йўқдур. Чунки улар безгак, иситма бўлган кишилардур. Бугун Байтуллоҳни шундай одамлар келиб тавоф қилишдилар, қараб турайлик».

Бу сўзни Расулуллоҳ англадилар эрса айтдиларким: «Мўминлар Байтуллоҳни тавоф қилиб айланганларида баҳодирлардек елиб-югуриб айлансинлар. Шу учунким, аларнинг кўзларига аскарларимиз кучлик, ҳайбатлик бўлиб кўрингай».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтуллоҳни тавоф қилиш олдида ридоларини остидан олиб ўнг қўлларини елкалари билан очиқ қўйдилар. Буни кўриб барча саҳобалар ҳам шундоқ қилишиб, Расулуллоҳ айтганларидек, баҳодирона юришиб Байтуллоҳни тавоф қилишга турдилар.

Тоғ бошида қарашиб турган мушриклар мусулмонларнинг тавоф қилишидаги баҳодирона юришларини кўришиб, кўнгилларига ваҳима тушди. Саҳобаларни дастлаб кўрганларида буларни Мадина безгаги қонларини сўриб, куч-қувватларини қўймаган, дейишган эди.

Байтуллоҳни бу хилдаги тавоф қилганларини кўришгач, ул ўйлаганлари пучга чиқди. Мана шундан бошлаб ҳажга борган кишиларга Каъбани биринчи тавоф қилишларида уч марта айланганларича баҳодирона юришлари суннат бўлиб қолди. Исломнинг беш асосидан биттаси ҳажга боришдир. Бой кишиларга умри ичида бир марта ҳаж қилиш фарз бўлди. Бошқалар эса боришга ихтиёрлидурлар. Шароити бўлатуриб қудрати етган кишилар узрсиз умри ичида ҳаж қилмай қолсалар, Расулуллоҳнинг марҳамат қилишларича, ундай одамлар исломиятдан ташқари қолгайлар.

Қирқ беш йилдан бери биз Туркистон мусулмонлари асорат остида қолиб, ўз ватанимизда ғариб бўлганлигимиздан бу улуғ диний вазифамизни бажаролмай келамиз. Илм, фан кундан-кунга кўтарилиб, маданият энг ўсган давр ҳисобланган ХХ асрда инсон оламининг бир томони онгсизлик даврининг натижаси бўлган мустамлакачилар асоратидан қутилаётган бўлсалар, иккинчи томондан онглик ваҳшийлар чангали остида эзилиб, қайта бошдин қуллик даврига кирмоқдадур. Бунинг сабаби, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек, бу оламнинг ҳаёти тубсиз денгиз устида қалқиб юрган кемадаги халқ кабидур. Кема аҳллари эса унинг қайси қаватида ўлтирган бўлишига қарамай, «кемага тушганларнинг жони бир» дегандек, кеманинг қай ери зарарланган бўлса, уни тузатиб туришлари албатта зарур. Агар ундай қилмай, ҳар ким ўзи ўлтирган қаватигагина қараб, шунигина назарга олсалар, бошқа қаватларининг бузилиб тешилиши билан ишлари бўлмаса, бундай тешилган кема ичида ўлтирган кишилар, қайси қаватида бўлишдан қатъи назар, бир куни ҳалок бўлмасдан қолмайдилар.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳри ичида уч кун туриб, хавф-хатарсиз ибодат маросимларини ўтказдилар. Ўтган йили кўрган тушлари эрса тўғри чиқиб, Худо тарафидан келган ваҳий эканлигига гумон қолмади.

Бу муддат ўтгандан кейин шаҳар ташқарисида турган Қурайш мушриклари Амр ибн Суҳайлни юбориб, Маккадан чиқиб кетишларини сўрадилар. Шартномага мувофиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан шул куни Маккадан чиқдилар. Ҳазрати Ҳамзанинг Амома деган сағир қизлари Маккада қолган эди. Расулуллоҳ Маккадан чиқаётганларини кўриб, орқаларидан эргашиб йиғлагани турди. Ҳазрати Али буни кўриб:

— Ўз амаким қизини мушриклар ичида етим қолдириб, нечун ташлаб кетгайман? — деди ва дарҳол ул қизни кўтариб олди. Кажава ичида ўлтирган Пайғамбаримизнинг қизлари ҳазрати Фотимага:

— Ол буни, амакингнинг қизидур, боқиб олгаймиз,— деб топширдилар.

Шу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиққанларича соғ-саломат Мадинага келдилар. Сўнгра Ҳазрати Али, акалари Жаъфар, Пайғамбаримизнинг асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳориса — бу учовлари ўртасида қиз устида талаш пайдо бўлди.

Даъволашиб Пайғамбаримизнинг олдиларига келдилар. Ҳазрати Али айтди:

— Ё Расулаллоҳ, бу қизга ҳаммадан мен ҳақлиман, амаким Ҳамзанинг қизидур, яна Маккадан бу қизни мен ўзим келтирдим, — деб айтди.

Зайд ибн Ҳориса туриб:

— Ё Расулаллоҳ, бу қизга мен ҳақлиман, чунки бу менинг дўстим ва дин қариндошим қизидур. Мен анинг васийси эрурман, менга топширинг, ўзим тарбият қилурман, — деди.

Анда Жаъфар айтди:

— Ё Расулаллоҳ, бу қизга икковидан ҳам мен яқинроқ эрурман. Ҳамза ибн Абдулмуталлиб менга ҳам амаки бўлур, бунинг устига, бу қизнинг холаси менинг никоҳимдадур — деди.

Сўнгра Расулуллоҳ қизни Жаъфарга ҳукм қилиб айтдилар:

— Кишининг холаси ўз онасидек меҳрибондур.

Шунинг учун шариат ҳукмида ўғил-қиз етим болаларни боқишга ота қариндошлари қолиб, она қариндошлари ҳақлик бўлди.

Шу билан қизнинг жанжали тамом бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Алига қараб:

— Эй Али, сен мендан эрурсан, мен сендан эрурман, — дедилар.

Сўнгра ҳазрати Жаъфарга боқиб:

— Ўзинг ҳам, хулқинг ҳам менга ўхшайди, — дедилар. Кейин Зайд ибн Ҳорисага қараб:

— Сен бизнинг укамиз ва дўстимизсан, — дедилар.

Бундан мақсадлари буларнинг кўнгилларини овлаб, руҳларини кўтариш эди. Расулуллоҳнинг бундай улуғ илтифотли сўзларини англаб, бек суюниб кетдилар. Ҳақиқатда учовларидек яқин жонфидо киши йўқ эди. Шу билан ҳижратдан етти йил ўтиб, саккизинчи йил кирди.

(давоми бор)