Саёҳат хотиралари. Дамашқ

Саёҳат хотиралари. Дамашқ
23 views
25 October 2016 - 7:00

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(15)

46-рақамдан мобаъд

Уммавиййа жомеъи ҳарамнинг бир тарафинда машҳур Султон Салоҳиддин Айюбийнинг қабри бордур. Бу жомедан бошқа 999 санаи ҳижрияда Синон пошо тарафидан бино этилган жомеъ Синония ва яна Дарвешия жомеъи, Жомут-тўбо ва бошқа жомеълар ниҳоятда зийнатлик ва ери аъло гиламларида тўшалган, ажойиб қандиллар осилган ва ҳар бири бир подшонинг катта боргоҳидек дабдабалик жомеълардур.

Дамашқ, аш-Шомнинг Солиҳия қисми асл Шомға эликтрикли қўша трамвай ила рабт берилган ва Шом марказиға 30 дақиқалик йўлдур.

Шайхул акбар Муҳийиддин Арабий ҳазратлари ва яна кўб салоҳанинг* марқади шарифлари шундадур.

Солиҳия — Салоҳиянинг устиндаги Қосюн тоғинда баъзи пайғамбарларнинг зиёратгоҳлари бордур. Салоҳиянинг ўн минг қадар халқи ва аъло бир неча жомеъ ва бозорлари бўлуб, атрофи бутун боғистон ва жорий сувлардур.

Муҳйиддин Арабий зиёратгоҳининг устинда олий бир иморат ва муҳмал* зардўзи пўшишлар бордур. Мадхалинда* ушбу байт ёзилгандур:

Қутб-ал-ақтоби[1] жаҳон ҳазрати Муҳйиддинким,
Рубъи маскунда* деюр ҳазратина: «Ҳазрат шайх!»
Хотами* аҳли вилоятдур у ғавс-ил аъзам
Шарқу ғарби, на ажаб, тутмиш эса шуҳрат шайх.
Бир замондан бери аркони тазалзул* ўларақ,
Манҳадам* ўлмаға майл этмиш эди турбат шайх.
Этдилар сарф нуқуд* ҳимам* аксар ашроф*,
Боис файз дукун ўлмоқ уза хидмат шайх.
Ўлди бу мазжаи олийи муқаддас маъмур,
Этди таъмир ҳақиқатда ани қудрат шайх.
Бандаи хос, зиёли бу иша қилди қабул,
Айлаюб волийи Сурияни ҳиммат шайх.
Хоки иксир эдар, албатта, нигоҳи караминг,
Мазҳари файз назар қил мани, ё ҳазрат шайх[2].
(1294)

Шайхул акбар даҳмасинда доимо зиёратчи кўп ва даҳма атрофинда мармар ва аъло бир ҳавли ва бир тарафинда ниҳоятда зийнатлик мармар бир жомеъи шариф ва ҳавли ўртасинда мусайқал тошлар ила бино этилган катта бир фаввора бордур.

Даҳма хорижинда катта бир ғурабо ошхонаси мавжуд бўлуб, фуқароға доимо ҳукумат тарафидан мажоний таом (чулон) берилур. Биз бориб ушбу чулондан тановул этдук. Чулонхўрларни(нг) адади 200 қадар эди. Баъзилар табақ-табақ олиб кетмоқда эди. Зиёратдан чиқиб, ароба ила 6 чақирим боғчалар ичидан кетиб, Думор, Рабвоҳ сайронгоҳларини тамошо этдук. Шомнинг марказидан ҳар тарафиға 2 хат эликтрик трамвай ила кетар ва ҳар ердагидек бу трамвай белжикларникидур*. Байрут ила Шом аросинда 12 соатлик темур йўли немис ширкатиға бўлуб, 2-даражаси 4 сўм 60 тийин, 3-си 3 сўм 20 тийиндур. Шомдан яна бир темур йўл Ҳалаб тарафинда ишламоқда ва ушбу йўл Бағдодғача ишланмоқда ва немислар қўлиндадур. Шомдан яна бир темур йўли Ҳайфоғача узайиб, Ҳижози мағфират Тароз темур йўлиға қўшулуб, бу йўл туркларни ўз қўлиғадур.

Шомда 5-6 катта қаҳвахона ва театрхоналар ва 3-4 синаматўғраф хоналар бўлуб, яхшигина оқшом ҳаёти бордур. Марказда бир сайронгоҳ ва анча яқин музайян ва темур панжаралик «Уммат боғчаси» бордур.

Қаҳвахоналаринда маскарот қисмидан йўқ. Фақат чой, қаҳва, норгила, музлик ва ширин-шарбатлар ва таом ва эркак хонанда ва мусиқилар бўлуб, яна бир қисминда булар устинда мусиқий дасталар ила аёл раққоса ва хонандалар бордур.

Йўл ва бозорда озгина мастлик зоҳир бўлса ҳам ҳукумат ҳибс этар экан. Ҳатто, зоҳирий майхона йўқ дедилар. Шом, Миср ва бутун Туркия мамлакатиға синаматўғраф ва мусиқи ҳам рақслик қаҳвахоналар соат ўндан сўнгра очилур эканки, сабаби, оқшом намозининг риояси ва дигари кеч бўлуб, шоядки халқ оз бориб, беҳуда масориф озайсун. Оқшом намози ҳам бир оз тоъхир* ила ўқулуб, намоздан сўнгра ваъз ва саловатхонлик хейле чўзулур. Бизларникига ўхшаб фақат бир намоз эмасдур. Истанбул ва Миср масжидларидек Шом масжидинда ҳам аёллар намозға келар эканларки, Муҳйиддин Арабий ва Уммавиййа ҳам Синониййа жомеъларинда дасталар ила муслималар келиб, намоз ўқумоқда ва баъзиси 3-4 лаб саҳн ва ё масжид равоқларининг кунжида ўз уйидек тикиш тикиб ўлтургани кўруладур, аммо фаранжи илан.

Шомға бадавий ва шаҳарий арабларнинг ҳар қисми мавжуддур. Масалан, шаҳар халқининг аксар ёшлари оврупойи либос ила фақат бошлариға турк «фас» идур. Оддий шаҳар халқи қадима узун ва тор араб жуббаси ва бошинда кичик салла бўлуб, устидан Оврупонинг палтусини кийибдурки, қисқа палтў остидан бир аршин қадима либос чиқиб турубдур. Уламо жубба ва або* иладурлар.

Қишлоқ араблари бошиға ипаклик ва ё пахталик катта рўймоллар солиб, устидан қаро жундан ва ё устинда гулоба тўнлик чилтор боғлайдурлар.

Ушбу қарс ва чилтор бир сўмдан 50 сўмғача бордур. Устидан киядургон жун або муслиҳлари-да 3 сўмдан 100 сўмғача бордур.

Шомни ипаклик атлас ва олача ва ип матолари энг аъло бўлуб, бир либослиги 2 сўмдан 30 сўмғача бордур. Мунда қаттиғ йиғочларға садаф ва нажаф* тоши ва ақиқ ишламалик уй асбоблари, яъни мебел, курси, сандал, ойна, миз* — устул, дастчўп — полка, диван, лавҳ, ниҳоят санъатлик ромка — чорчўбалар ва сепоялар кўб ишланиб, Оврупо ва Амриқоға кетар экан.

Миср чорсуси, Ҳамидия чорсуси ниҳоятда зийнатлик бўлуб, усти, темур ва шиша ила ёпилган ва ичинда минглар ила дўкони бордур.

Саҳро ва бодиядан келган қир ранглик иштонсиз аёл ва эркак арабларға ва ғазал ўқуб, доира чолиб оқча жамлайдургон қиз ва эр, бадавий болалариға учралур. Шаҳарий ва фақир араб хотунлари ҳам сатр* ила бўлуб, аммо масиҳи* ва жўробсиз* оёқ ила яғоч кафш кийиб тақирлаб кетарлар. Баъзи араб хотунларининг эшакға Оврупо хотунларидек яктарафа ўлтуруб, эшак чоптурғонлари ажойибдур. Бизникилар бўлса, йиқилиб маъюба бўларди.

Қишлоқдан нимарса келтуруб сотадурғон араб хотунлариға ҳам кўб учралурки, ҳар ким иззат ва ҳурмат ила аларға муомала қилиб, «Ё сати-ё саййадати, ё ҳарам»[3], деб нидо этарлар.

Шаҳардан хориж 3-4 эшакға мева ва ғалла ортиб, ҳайдаб келиб турғон муслималар кўзға учралур. Ва ондан тарбуз сотиб олдук.

Шомни(нг) ёш эрлари тамоман сақолларини қириб, мўйлабини қўюбдурлар. Бошларини(нг) тепа сочини олиб, атрофини озгина қўюбдурлар. (Бизға атрофини олиб, тепасидан хитойча кокул қўюлгандек). Муллолариға бироз сақол бор. Яҳудийларнинг икки чеккасиға ингичка ва бир қаришдан зиёда узун кокули бордур.

Тўй ва маъракаға исрофлари оз бўлуб, иқтисодға риоят этгувчидурлар. Қаҳвахоналардаги сарфиётлари оз бўлуб, чилим чекатургонлари «аъло шоми тамоку» ларини ёнлариға юргузуб, қаҳвачи норгиласиға* солиб чекадурлар.

Кўчалариға ва ҳар ерға лимўнат ва ҳар навъ лазиз музлик шарбат ва дўндурмалар кўп бўлуб, катта бир қадаҳи 2 тийиндур.

Шаҳар ичинда бир мураббаъ аршин ер 10 сўмдан 100 сўмғача ва яқин боғчаларнинг 7 мураббаъ гази 10 тилло экан.

Шом ва Қуддусдаги қадима шаҳари араб насоро ва яҳудийларнинг хотунлари ҳам сатр ила юруб, аммо қишлоқларға хоҳ мусулмон ва ё бошқа бўлсун сатр йўқдур. Сурия ва Шомнинг мусулмон, насоро ва яҳуд халқи тамоман араби сўзлаб, хат ва ҳатто, ибодатию инжил ва исмлари ҳам арабийдур. Араб маданияти, араб салтанати мундаги ҳар навъ халқни ўзиға жазб этиб, аммо 1300 санадан бери асло буларни ақида ва виждони миллийлариға тасарруф этмайдурки, бул Қуръони каримни бошқаларнинг дину виждонининг озод қўйганидан ва умарои исломиянинг ғайридинларни ҳимоя этганларидандур. Ал-он Сурия арабларининг бир қисми туркларға яхши кўз ила қарамайдурки, бул оврупойиларни(нг) таъсиридан экан. Аксар халқи ва турклар тарбият этиб ўқутганлари туркларни яхши кўруб, турклар таназзул этса, бизни(нг) ҳам заволимиз ва оврупойиларға маҳкумиятимиз бўлур, дер эмишлар…

Маркази Дамашқи аш-Шом бўлган Сурия вилоятининг ери 100 минг мураббаъ километру ва барча халқи 2 милйўн 300 минг қадар бўлуб, дин жиҳатинча тақсимоти ушбудур:

Аҳли ислом 140 000 Мутовала 70 000
Насоро 70 000 Исмоилий 165 000
Армани ғриғўрий 100 000 Армани прутестани 22 000
Бобий ва баҳоий 4 600 Язидий 160 000
Яъқубий 45 000 Даразий 200 000
Артузкас 30 000 Тобеини калисо юнон 16 000
Нимору 400 000 Малаки 150 000
Армани катўлик 40 000 Лотини 48 000
Сурёний ва калдоний 68 000 Яҳудий 140 000

(Бақияси бор)

 Ойна” ж., 1914 йил,
47-сон, 1120-1125-бетлар.

(Давоми бор)

*
Салоҳа – солиҳлар қисми (панели) га зийнат
Муҳмал – бемаъни
Мадхал – кириш жойи
Рубъи маскунда – қуруқликнинг тўртдан бири
Хотам – муҳр
Тазалзул – зилзила
Манҳадам – хароб
Нуқуд – нақдиналар
Ҳимам – ҳимматлар
Ашроф – улуғлар
Белжиклар – белгияликлар
Тоъхир – секинлик
Або – енгсиз устки жун кийим
Миз – стол
Сатр – парда (паранжи)
Масиҳи – маҳси
Норгила – чилимга ўхшаш нарса

[1]Қутб-ал-ақтоби — қутблар қутби.
[2]Шайх Муҳиддин ибн ал-Арабий (1165—1240) тасаввуф илмининг, хусусан, «ваҳдати вужуд» таълимотининг асосчиларидан, асли андалузиялик (Испания).
[3] Ё сати-ё саййадати, ё ҳарам — эй, муҳтарама аёл.