Ўзбекистонда вазирлик йиғилишида 30 мулозим оммавий изза қилинган

Ўзбекистонда вазирлик йиғилишида 30 мулозим оммавий изза қилинган
52 views
25 October 2016 - 14:31

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 22 октябрь кунги кенгайтирилган ҳайъат мажлисида “эскича бошқарувдан воз кеча олмаган” 30 нафар мулозимга интизомий чора кўрилган. Манбанинг айтишича¸ бу мулозимлар барчанинг олдида турғазиб қўйилиб, вазирнинг дашномларига нишон қилинган.

Шанба куни Ўзбекистон давлат консерваторияси мажлислар залига йиғилган 500 га яқин Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимида ишлайдиган ходимлар кўз олдида вазирликнинг 30 ҳодими оммавий изза қилинди.

2016 йил 9 ойлик якунларига бағишланган кенгайтирилган вазирлик ҳайъат мажлисида қатнашган ва исми айтилмаслигини истаган вазирлик мулозимининг билдиришича бу мулозимлар дам олиш масканларини қуриш билан боғлиқ муаммода айбли деб топилишган:

– Буларни 500 кишини ўртасида тикка қўйиб роса тергашди. Вазирни ўзи дашном қилишни бошлаб берди. Булар бўйниларини эгиб туришди. Одамни раҳми келадиган аянчли манзара эди. Уларни 894та 189та дам олиш маркази ташкил қилганликда айблашди¸ – дейди исми сир қолишини истаган мулозим.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги бошқа манба ҳам бу маълумотни тасдиқлаб¸ бу мулозимлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган тафтишлар ортидан жазоланганлигини билдирди:

– Тафтишда камомад юзага чиққан. Бундан ташқари бу мулозимларни исми Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига келиб тушган шикоятларда ҳам ўрин олган. Вазирлар Маҳкамасининг 178 –қарорига кўра маданият масканлари яратиш учун 200 миллиард сўм ажратилган. Айнан шу пул билан боғлиқ муаммо чиққан. Бу 30 мулозим фақат изза билан қутулса ҳурсанд бўлади. Менимча уларни устидан жиноий иш очилса ҳайрон бўлмайман¸ – дейди вазирликдаги бошқа бир мулозим.

Шунингдек, “Озодлик” радиоси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига қўнғироқ қилиб мулозимларнинг оммавий изза қилингани юзасидан изоҳ сўраган.

Ўзини вазирнинг маданият ишлари бўйича ўринбосари Фотих Жалоловнинг ëрдамчисиман дея таништирган мулозим “эскича бошқариш усулларидан қутула олмаётган ҳодимларга интизомий жазо қўлланди ” дея изоҳ бериш билан кифояланган.

Ўзбекистонда раҳбар ҳодимлар ўзларининг қўл остидаги мулозимларни ҳақоратлаши одатий тус олгани айтилади.

ЎХҲ хабарлар бўлими